
Ҳар қандай бадиий асар, энг аввало, индивидуал ҳодиса. Бу индивидуаллик каттароқ насрий асарларда яққол кўринади. Шеърда эса унинг ўзига хос руҳий ҳолати, илк марта ишлатилаётган ташбеҳлар, кўчимлар, метафоралар, образлар, деталь ва тафсилотлар – фақат ўша шоиргагина тегишли бўлган алоҳидаликни кўрсатиб туради. Шоир шу халқнинг тилида, шу халқнинг қадриятлари асосида, шу халқнинг илми ва донолигига таяниб анъанавий шеъриятни давом эттирар экан, шу анъанавийлик доирасида ўзининг индивидуал ташбеҳлари, метафораларини яратади.
Осима – Абдували Қутбиддиннинг ўзбек шеъриятига олиб кирган индивидуал бадиий топилмаларидан бири:
Сендан кўрган куним, Осима,
Сендан неки топган бўлсам, тасалли.
Бир қошиқ қонимдан кечган гулхайри
Ўзингсан, жабримга
Сабринг масаллиқ.
Ғамзада шаҳримда қуёшим ўзинг,
Ивирсиб қоқилсам, сен кўтаргувчим.
Қўйнимда авайлаб юрган юлдузим,
Осимам,
Ҳолим билгувчим.
Шеърнинг биринчи бандида мурожаат бор. Худди шоир кимгадир мурожаат қилаётгандек. Иккинчи бандда ҳам Осима билан боғлиқ ҳолат гарчи изоҳловчи-изоҳланмиш муносабатига ўхшасада, шоир бу йўлни тутмайди. Яъни, ҳолатни «Осимам – ҳолим билгувчим» шаклида бермайди. Бу ерда ҳам мурожаат қилади.
Замонавий шеъриятимизда мурожаатга қурилган шеърлар кўп. «Кўнгил, сен бунчалар нега, / Кишанлар бирла дўстлашдинг?» (Чўлпон), «Юрак, сенсан менинг созим» (У.Носир), «Қачон халқ бўласан, сен, эй оломон?» (А.Орипов), «Қолган бўлса бирор зил тош, / Болам, кучим етмагандир...» (У.Азим), «Ўтинчим тепамда йиғлама узоқ, / Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ» (М.Юсуф) каби сатрлардаги мурожаатлар шу шеър доирасида айтилади ва аксарият ҳолларда бошқа шеърларда такрорланмайди. Абдували Қутбиддининг «Осима»га мурожаати эса бир неча ўнлаб шеърларида такрор келаверади. Ушбу мурожаатларда баъзан умид, баъзан таскин илинжи, баъзи ҳолларда эса тўғридан тўғри аёл кишига қарата айтилиши (исмга яқин) ҳолатлари ҳам учрайди:
Осима!
Бизга ёт теварак — човут,
Атроф қисирлайди.
Қисади — панжа,
Юпунсан, кийгали совутинг йўқми,
Жирканчдир исканжа.
Бу ерда Осимага мурожаат билан биргаликда бир бутунликни ҳис қилиш ҳолати ҳам бор: теварак – човут «сенга ёт...» эмас, «бизга ёт...». Шоир ўзини ҳам Осиманинг ёнида ифода қиляпти. Шу билан бирга, Осимани асраш, уни «жирканч исканжа»дан эҳтиёт қилиш истаги ҳам бор.
Осима!
Товонинг қони оқдими,
Шимирган майсанинг ранги алвондир.
Ранжлисан. Бекинсанг юпанчинг йўқми?
Бурдсиз замондир.
Яна Осимани эҳтиётлаш, авайлаш, эркалаш ҳолати давом этяпти. Лирик қаҳрамон ва у мурожаат қилаётган образ билан бир бутунлик ҳосил қилинганини ҳисобга олсак, бу ерда кўнгилнинг исми – Осима. Мазкур шеърда кўнгил метафорик ҳолатда Осимага айланиб кетяпти.
Осима – шоир яратган идеал образ. Ўша идеал образ фақат унинггина хаёлларида, демакки, унинггина шеърларида мавжуд. Бу ерда шоир ва у яратган идеал образ бир бутунликни ҳосил қилади, деганимизнинг сабаби ҳам шунда. Мана шу ерда Осима образига юкланган сирнинг жилвалари кўрина бошлайди. Идеал образ, метафорик ҳолатда анъанавийликдан чиқиб, тўла индивидуалликка ўтади. Инсон тафаккуридаги воқеликнинг эстетик идеалга айланиш жараёни индивидуал метафора сифатида бўй кўрсатяпти.
Осима орқали Абдували Қутбиддин ўз идеалини яратмоқчи бўлган, десак, бу идеал фақатгина шоирнинг эмас, тилдан тилга, қондан қонга, наслдан наслга ўтиб келаётган мезонларнинг умумлашган ифодаси дейиш мумкин. Бу ифодани эса шоир умумлаштирган. Унинг индивидуаллиги айнан мана шу ерда.
Кўзимдан ўпиб қўй, Осима!
Сенга олма бергум мағз-мағзи олтин.
Тишласанг, тишларинг ҳаммаси тилла,
Лабларинг ёлқин…
Бу ерда ҳам Осима – ундалма. Иккинчи сатр эса ушбу ундалманинг метафорик ҳолатда келаётганини билдиради: «Сенга олма бергум мағз-мағзи олтин». Адабиётда ошиқнинг маъшуқага олма тутиши ҳолати кўп учрайди. Шеърда айтилаётган олма эса оддий олма эмас, унинг «мағз-мағзи олтин». Айнан Одам Атонинг Момо Ҳаввога мева тутиши тасвири бадиий адабиётда у ёки бу ҳолатда кўп такрорланади. Ана шу мева тутиш ҳолатининг бадиий адабиётда олмага йўғрилиб кетганини ҳисобга олсак, ўзбек халқ қўшиқларидаги олма турлича рамзий маъноларни – муҳаббат, севги изҳори, ана шу изҳордаги ишончни ифодалаб келиши ҳам табиий тасаввур ҳосил қилади.
Юқоридаги мурожаатда Осима метафорасида Момо Ҳаввога нисбат берилиши билан мазмун янада теранлашади. Аммо Момо Ҳавво – бу мумтоз адабиётда ҳам, замонавий шеъриятда ҳам такрор-такрор гавдаланадиган образ, тимсол. Бироқ Осима тимсол бўла оладими? Агар шу моҳиятдан келиб чиқилса, бир образнинг бошқа бир образга ўхшатилиши ҳам метафорани ҳосил қилади. Момо Ҳавво метафорик ҳолатда Осимага кўчяпти. Яъни бу тимсол метафора бўлиб Осимага айланяпти.
Осима Абдували Қутбиддиннинг ўнлаб шеърларида такрор келаверади, дедик. Такрорнинг ҳам алоҳида хусусияти шундаки, Осима орқали бошқа аёлларга, бошқа образларга мурожаат йўқ. Бирор бир жойда Осиманинг таърифи ҳам келтирилмайди. У Абдували Қутбиддинга хос бўлган сиқиқ метафорали шеърларнинг ичида ўзи ҳам метафорик ҳолатда бўй кўрсатади. Осима орқали бошқа аёлларга, бошқа образларга мурожаат йўқ, деганда тўғридан тўғри мурожаатни назарда тутяпмиз. Гарчи ушбу образ қатнашган баъзи шеърларда худдики аёл кишининг исми айтилиб, унга мурожаат қилингандай кўринсада, шеърнинг моҳияти мазкур маишийликдан анча баландда эканлиги кўринади.
Масалан:
Сендан қафас ҳиди уфурар нечун?
Сендан чирқиллайди қайғу, ваҳима.
Агар жоним керак бўлса, ола қол,
Фақат,
Йиғлама, Осима...
«Сендан қафас ҳиди уфурар нечун?» – бу одатда инсонга бериладиган нисбат эмас. Бу ерда айтилаётган қафас ҳиди уфурадиган нарса нима ёки у қандай объект? Ўзи қафаснинг ҳиди қандай бўлади? Қафас ҳиди – бу ерда рамзий ҳолатда. Тутқунлик, асирликнинг қафас ҳиди шаклида ифодаланиши кейинги сатрга йўл очади: «Сендан чирқиллайди қайғу, ваҳима». Тутқунлик, қафасдан ҳадик қайғуни, ваҳимани етаклаб келяпти. Кўнгилда озодликка, эркинликка ташналик бор. Шу ташналик қафасни, тутқунликни, қайғуни рад қиляпти. Ана шундай ташбеҳлардан кейинги банднинг сўнги мисраларини инсонга нисбатан айтилаётган гап дейиши мушкул:
Агар жоним керак бўлса, ола қол,
Фақат,
Йиғлама, Осима...
Йиғлаш инсонга хос хислат бўлсада, Осима, дея инсонга мурожаат этилмаётганига амин бўламиз. Шеърнинг кейинги банди бу фикрни ҳам рад этади:
Етти гул ҳуснингни томоша қилсин,
Етти қуш сени деб чексин дарду ғам.
Тила тилагингни, кўзим кўр бўлсин,
Фақат,
Йиғлама, Осима.
Ушбу бандни тўлиқ аёлга таъриф, уни эъзозлаш, қадрини баланд кўтариш, деб айта оламиз. Шеърнинг кейинги бандларида ҳам ушбу ҳолат қисман бўлсада, давом этади. Аммо сўнгги бандда яна кўнгилга, руҳга мурожаат тасвирланади:
Дунёнинг боши нур, охири ғорат —
Тушга бораяпмиз, қўлда гулсават,
Мен унга туш ва бахт соламан ғалат,
Йиғлама, Осима!
Фақат...
Қўлда гулсават билан тушга бораётган, ана шу гулсаватнинг ўзига ҳам туш ва бахт солинган ҳолат. Дунёнинг боши ва охири ҳақидаги тасаввурлар, туш ва ҳуш ҳақидаги тасвирлар Осиманинг инсонга нисбатан муносабат эмаслигини кўрсатади. Шоирнинг «Ушмундоқ» шеъридаги ҳолат ҳақида ҳам аёлга нисбат берилаётганини айтиш мумкин, бироқ бу – юзаки қараш. Хусусан, шеърнинг қуйидаги бандига эътибор қаратамиз:
Осима,
Аларга кўп ҳам инонма,
Улар қуш кўмганлар хиёбонларга.
Қумлари зарланган
Бўлса ҳам бордир,
Лек ҳаром ўрмалар товонларида…
Ушбу сатрларда гарчи гап «хиёбонларга қуш кўмган», «товонларида ҳаром ўрмалаган»лар ҳақида кетаётган бўлсада, «уларга инонма», – дея инсонга мурожаат қилинаётгандек туйилади.
Осима,
Сен ҳақсан,
Мен тугаб ботдим,
Бу қисса сўнгида, шудир қасида.
Гўзал борлиғимни майдалаб сотдим,
Йўғимни қайтардим
Ўз эгасига…
Мурожаат этилаётган образга нисбатан: «Сен ҳақсан», – дейилиши билан икки инсон ўртасида диалог бўлгани, нималарнидир гаплашгани, бу суҳбатда қандайдир эътирозлар бўлганлиги англашилади. Ушбу банддаги «қисса сўнги», «борлиғини майдалаб сотиш», «йўғини Ўз эгасига қайтариш» ҳолатлари ҳам инсоннинг турли вазиятларини кўрсатиб беради. Бу тасаввурлар эса ўқувчини яна шеърнинг бошига қайтишга мажбур қилади:
Осима,
Не қилай кўнглим ушмундоқ,
Бир чети осмону, бир чети тупроқ
деб бошланган шеър инсоннинг моддий ва таъбир жоиз бўлса, маиший тасаввурларидан анча баланд эканини кўрсатиб туради. Шу ўринда Осима исмининг луғавий маъносини ҳам келтириб ўтиш жоиз. Манбаларда бу сўзнинг маъноси «қўриқланган, ҳимояга олинган» ёки «иффатли» тарзида келтирилган. Демакки, исмнинг ўзида ҳам бирмунча мавҳумлик бор. Ушбу образ қатнашган ҳар битта шеърда унга маълум бир юк юкланади. Сир мана шу ерда очила бошлайди:
Ичикдим. Соғиндим сени, шекилли,
Тонгим ранги сариқ, хаста кундузим.
Иҳраб қуёш чиқар, ўқчиб ой шўрлик,
Осима —
Сен кимнинг қизи!
Нега шоир дастлабки учта сатрда ўзининг оғир руҳий ҳолатини тасвирлаяптию, сўнг бирдан Осимага мурожаат қиляпти? Мурожаат қилганда ҳам, ўша оғир руҳий ҳолатга боғлиқ ҳолатда эмас, «Осима – сен кимнинг қизи?», – деяпти. Сариқ тонгда, хаста кундузда яшаётган, қуёшлари иҳраб, ойлари ўқчиб чиқадиган оламдаги руҳий ҳолатда банднинг сўнгги сатрларидаги савол қанчалик ўринли? Бу саволларга жавоб топиш учун шеърнинг давомини ҳам кўриш керак:
Кўрпага буркансам, кўрпа илвирар,
Ёстиққа ёпишсам, илвирар ёстиқ.
Ўй менга сиғмайди, уй менга сиғмас,
босириқ — босириқ…
Зириллар борлиғим юрсам, йўл кўнмас,
Қояга тирмашсам, пучмаяр қоя.
Қарғасам, қарғишим дуога ўхшар,
воооя…
Осима – қисмат измидан чиқолмаган, аммо кўнгил майлидан ҳам умид узмаган, ҳам одамдек гуноҳкор ва забун, ҳам малаклардек хаёлий бир образ. Шоирнинг руҳий ҳолати банддан бандга, сатрдан сатрга мавҳумлашиб, таъбир жоиз бўлса, оғирлашиб бораверади. Шеърдаги зич метафораларни бемалол таҳлил қилиш мумкин. Бироқ биргина Осима метафорасини изоҳлаш учун шунинг ўзи ҳам етарли.
Ичикдим. Соғиндим сени, шекилли,
Хўрлигим келтирар ғалати гина.
Нимага одамлар шод, ҳуррам, мамнун,
Бизлар одаммасми,
Осима?!
Айнан ана шу сўнгги сатрда Осиманинг кимлиги бир қадар англашилгандек. Биринчи банддаги «Осима – сен кимнинг қизи?» сўроғи биргина бу шеърга тегишли эмас. Умуман, бошқа шеърлардаги осималарнинг моҳияти англанади бу ерда. Илвираган кўрпа, илвираган ёстиқ, ўйга ҳам, уйга ҳам сиғмаётган ошиқ ҳолати. Ҳатто қарғиши ҳам дуога йўғрилиб кетадиган ошиқнинг Осимага муносабати шу ерда янада очиқланади. «Бизлар одаммасми, / Осима?!». Ошиқ ҳам, маъшуқа ҳам ҳеч кимга ўхшамайди, улар бу ернинг одами эмас.
Осима – хаёлнинг бир четида узоқ йиллар милтиллаб турган туйғуларнинг сурати. Ёки ўша туйғулар сийратнинг суратланиши. Осима – Абдували Қутбиддин шеърлари доирасида рамзий маъно касб этаётган, тимсолий мазмунга йўғрилиб бораётган метафорик образ.
Фольклоршунос олим Шомирза Турдимов адабиётдаги бирор бир ўхшатиш тимсолий мазмун касб этиши учун қуйидаги босқичларни ўтиши лозимлигини айтади:
ўхшатиш - метофра - рамз- тимсол - инкор/тадсиқ
Бу ерда образ аввал ўхшатиш бўлиб келиши кўриняпти. Яъни «-дек», «-дай» қўшимчалари, «каби», «сингари» сўзлари билан қўшилиб, ўхшатувчи сўз ўхшатилмишнинг маълум бир хусусиятларини акс эттиради. Сўнгра ўхшатувчи ва ўхшатилмиш сўзлари яхлитланиб, матнда ўхшатувчи сўзнинг ўзи қолади ва у метафора (истиора)га айланади. Метафора эса бора-бора матн талаби ёки жараён заруратидан келиб чиқиб, рамз сифатида кўрсатилади. Рамз эса вақтлар ўтиб тимсол даражасига кўтарилади.
Ҳозирча Осимани Абдували Қутбиддин шеърлари доирасидаги (индивидуал) тимсол дея олмаймиз. Чунки тимсол даражасига бориш учун у, аввало, рамзий маъно касб этиши керак. Рамз бўлиши учун эса аввал метафорик ҳолатда бўлиши лозим. Осима метафорик ҳолатни ушбу образ қатнашган ҳар битта шеъри доирасида ўтаб бўлган. Яъни ўша шеърларнинг ҳар бирида мазкур образга у ёки бу мазмун юкланган. Умумий ҳолатда олиб қарасак, Осима – умид, таскин ва орзунинг яхлит ифодаси. Бу ифодани бир нечта ўхшатишларга асосланган, ўша ўхшатишлар яхлитланган метафорик образ дейиш мумкин.
Хўш, у қачон рамзга, қачон тимсолга айланади? Аслини олганда, у рамзга, тимсолга айланадими? Айланиши керакми? Ёки шеър доирасида қолишининг ўзи етарлими?
Шу ўринда яна Ш.Турдимов келтирган мисолга таянамиз. Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» асаридаги Жўломон дастлаб асар доирасидаги бадиий қаҳрамон эди. Асар воқеалари жараёнида у манқуртга айлантирилди. Бора-бора манқурт образи асардан ташқарига ҳам чиқа бошлади. «Асрга татигулик кун»даги манқурт энди фақатгина шу асар доирасида эмас, бадиий адабиётнинг бошқа намуналарида ҳам учрай бошлади, сўзлашувларда тилга олинадиган бўлди. Шу тариқа бора-бора рамзга айланди. Худди шундай Фарҳод, Ширин, Лайли, Мажнун образлари ҳам йиллар ўтиб-ўтиб тимсол даражасига чиққан образлардир. Ҳатто Алишер Навоийнинг ўзи ҳам Лайли ёки Мажнун образини тимсол сифатида ишлатгани кўринади. Чунки бу образлар Навоийга қадар ҳам тимсол бўлиб бўлган эди.
Энди Осиманинг рамз ва тимсол борасидаги тақдирига келадиган бўлсак, бу жараённи мазкур образнинг вақт ўтиб матн доирасидан чиқиши белгилайди. Худди Жўломон, Найман она, Лайли, Ширин каби. Ўшанда Осимани фақатгина Абдували Қутбиддин шеърлари доирасида эмас, умумий мазмундаги рамз ёки тимсол десак бўлади. Ҳозирча у индивидуал метафора.
Матн доирасидан чиқиши нима? Бу дегани Осима образи фақатгина Абдували Қутбиддин шеърларида қолиб кетмаслигини англатади. Албатта бу осон эмас. Чунки кейинги шоирлар орасидан кимдир бу образни ишлатадиган бўлса, камида А.Қутбиддин даражасига олиб чиқиши керак бўлади. Бўлмаса, ўзининг индивидул топилмаларини яратгани маъқул. Аммо санъатталаб, адабиётталаб, шеърталаб бу халқ ичидан Абдували Қутбиддиндай бутун шиорлар чиққан экан, Осимани ўша даражага олиб чиқа оладиган шоирлар яна чиқиши ҳам табиийдир.
Дадахон МУҲАММАДИЕВ,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ