Чемпион бўлолмаган болалар ва майдон чеккасидаги қиз – футболчилар шеър «ёзганда»


Сақлаш
09:48 / 20.06.2025 10 0

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига чиққани, 34 йиллик орзунинг ушалиши ва саралаш босқичининг охирги турида Қатар терма жамоаси билан кечган фантастик ўйин кўп фикрларни уйғотди. Бир пайтлар шоир акаларимиздан бири «Миллат футболининг даражаси унинг адабиёти билан тўғри пропорционал» деганди. Бу бироз баҳсли фикр бўлсада, жон бордек. Қанчалик олифта ифода бўлмасин, терма жамоа миллат умумруҳининг микро кўринишини ўзида ифода қилади. Шу жиҳатдан ҳам ўзбек футболи ҳақида сўз юритиш бевосита миллат ҳақида фикрлашга айланиб кетади одатда. 

 

Футболга адабий мотив сифатида қараш яна кўплаб хулосаларга йўл очади. Ўзбек шеъриятида шундай асарлар борки, унда лирик қаҳрамон бевосита футбол билан шуғулланади ёки у ҳақда ўйлайди. Бу шеърлар бугун футболчиларимиз шарафига битилаётган мадҳномалар ёки мамлакатнинг спортга бўлган эътиборининг қофияга солинган ифодаларидан иборат эмас. Уларда лирик қаҳрамон тамоман эстетик кўриниш касб этади, шоир ўз лирик кечинмаларини қаламга олади бу шеърларда.

 

Анвар Обиджон. «ПИДБЎЛ»

Ўзбекистондаги илк футбол жамоаси 1912 йилда Қўқон шаҳрида тузилган. Лекин жараён қандай кечгани кўпчиликка аён эмас. Фарғона водийсига жойлаштирилган ўрис ҳарбий гарнизонининг аскарлари хизматдан бўш вақтлари футбол мусобақалари ўтказиб туради. Қўқонлик йигитлар бу жараённи кузатиб, ўйин қоидаларини ўрганиб олишади. Майдон масаласи ҳал қилинсада, тўп топиш қийинчилик туғдиради. Чунки рус ҳарбийларидан тўп сотиб олиш жуда қимматга тушарди. Шунда қўқонлик косиблар ўзлари чарм тўп ясашни уддалайдилар. Аммо уни ҳаво билан тўлдириш имкони бўлмагани учун ичига латта-путталар солинади. Кейинчалик ҳарбийлардан ҳақиқийси ҳам сотиб олинади. Шундай қилиб, ўлкамизда футбол деган спорт тури ёйила бошлайди.

 

Бу жараён ҳақида шеъриятда бирор сатр қораланганми, деган савол бизни ўйлантирди. Қарангки, айни шу давр ҳақида битилган бир шеърга дуч келдик. Анвар Обиджон қаламига мансуб «Камбағалбоп Гулматий» номли ҳажвий шеърий туркум 20-аср бошларида яшаб ўтган Гулмат исмли шоир тилидан ёзилган бўлиб, муаллиф гўёки унинг девонини янги имлога табдил қилиб эълон қилади. Ҳажвий девоннинг 37-рақамли «Пидбўл» ғазали «1984 йилдан тикланди» деб кўрсатилишига кўра, шеър ёзилган санаси шу йилда экани англашилади. Шоир футболнинг яралиш тарихи ва ўрис заминига кириб келишини шундай таърифлайди:

 

Инглиз отлиғ бир оролча тарқатибдур, қаранг, пидбўл.

Ўйнар эрмиш эмди қўрқмай Рўсиё-ла Фаранг пидбўл.

Яраслўвда сотиб пашмак тутилдим бу тамошшога,

Кангул очмоқ эди аҳдим, мани қилди тажанг пидбўл…

 

Бу жамоа ҳозир Қўқонда фаолият юритаётган «Қўқон-1912» клубидан буткул фарқ қилгани шубҳасиз. Илк ўзбек футбол клуби «Мускоманда», яъни «мусулмонлар жамоаси» деб аталган. Чунки у маҳаллий мусулмон йигитлардан тузилган илк футбол жамоаси эди. Улар асосан рус гарнизони жамоалари билан ўйнаган.

 

Мускоманда – 1912 

 

Шу ерда бир жиҳат аҳамиятли. Футбол дунёнинг турли минтақаларида турли даражада қадрланади. Мисол учун Бразилия аҳолиси учун у миллий қадриятга айланиб улгурган бўлса, Африка халқлари учун қашшоқликдан чиқишнинг энг тезкор йўли сифатида қаралади. «Эл классико» номини олган икки испан клубининг мумтоз рақобати эса футболдан кўра чуқурроқ илдизларга эга. Испания қироллик оиласи ҳомийлигидаги «Реал Мадрид» ва мамлакатнинг автоном ҳудуди бўлмиш басклар яшовчи Каталония жамоаси «Барселона» ўртасидаги рақобат салтанат эгалари ва халқ вакиллари кураши, ҳукмронлик ва озодлик тарафдорлари қарама-қаршилигига бориб уланади. Айни шундай «ал-мумтоз» баҳси ўзбек футболига ҳам бегона эмаслигини илк футбол мусобақалари мусулмон-ғайридин, мазлум-золим, оддий халқ-босқинчи ҳарбийлар рақиблигида ўтганида кўрамиз.

 

Мусулмон йигитларнинг омадли юришлари футболнинг халқ орасида оммалашиб кетишига сабаб бўлди. Бу эса тўп ва футбол оёқ кийими (бутса)га эҳтиёжни ошириб юборади. «Мускоманда» аъзолари ака-ука Рўзимат ва Исмоил Ниёзовлар косибликда тажрибага эга эди. Улар тез орада тўп ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Футбол тўпининг маҳаллийлаштирилиши жуда омадли кечади ва ҳатто Россиянинг ўзидан 400 та тўпга буюртма олинади. Анвар Обиджон ўша давр кишисининг кўзи билан футболга баҳо берар экан, шундай хулосага боради:

 

Тарқаса биз тарафларға, қўрқаманки, аё Гулмат,

Ўшни Шошга рақиб айлаб қилур элни гаранг пидбўл.

 

Шоир ва унинг ажабтовур лирик қаҳрамони башорат қилганидек, бу йил жаҳон чемпионати учун кечган саралаш баҳсларидаги Ўзбекистон-Қирғизистон терма жамоалари ўйинлари бутун Марказий Осиё халқлари диққат марказида бўлди.

 

Усмон Азим. «ГАРРИНЧА»

Катта авлод вакиллари учун Гарринча номи яхши таниш. Асл исми Мануэл Франсиско дос Сантос бўлган Бразилия терма жамоаси футболчиси, мамлакат футбол тарихида Пеледан кейинги иккинчи ўринга қўйиладиган истеъдод эди. Аммо унинг аянчли тақдири бутун дунё ишқибозларини ларзага солганди. Бу ларза Усмон Азим ижодида ҳам бўй кўрсатган. Шеър Гарринчанинг гол уриш жараёнининг бадиий тасвири билан бошланади. Унинг голдан кейинги кечинмалари, дарвоза тўри карахтликда силкиниши, ишқибозлардан бири шляпасини бурдалаб отиши, ҳимоячининг ғижиниб қараши, «мағлуб ғазаблар»ни кўришдан безган футболчини дўстлари Пеле ва Диди табриклаб елкасига қоқиб қўйиши... Шоир стадион манзарасини шундай чизади:

 

Рақиб ечолмагай хаёлида ҳам

Менинг алдашларим калаваларин.

Даҳонинг ўйини ҳамиша улкан,

Санъатдир даҳонинг ғалабалари…

 

Бу бандда муаллиф футбол майдонидан юқорилайди. Сўз санъатга бориб уланади. Бир оёғи туғма калта бўлган Гарринча майдонда сеҳргарлик қилиб юрар экан, ҳакамнинг ҳуштаги жаладай бошига ёғилади. Гарринча йиқилади, лекин тўп унда: «Гарринча осон ўлмайди». Аммо реалда жароҳатлар ва тартибсиз ҳаёт футбол даҳосининг заволига айланади, У Пеленинг соясида қолиб кетади. Шеърда лирик қаҳрамон футболчи эмас, исталган санъаткор бўлиши мумкин ва унда футбол буткул метафорага айланади. Шоир учун шеър қандай аҳамият касб этса, Гарринча учун футбол шундай маънога эга:

 

Футбол! Мени асра шу футбол ҳаққи!

Наҳот, хатоларга кунларим боғлиқ?

Умрим – юзга ногоҳ тушган тарсаки,

Ям-яшил майдонда қолди даҳолик!

 

Гарринча

 

Гарринча – ўз тақдирини изига сололмаган даҳо. Адабиёт олами қанча «гарринчалар»ни кўрди? Энди у стадионга қайта кира олмайди. Ўйинларини кўриб эсидан оғган томошабинлар энди унга қўл силтайди. Гарринчанинг таржимаи ҳоли Усмон Азимни шу учун ҳам таъсирлантирган, натижада шоир дунёнинг нариги томонида тўп тепиб ўтган даҳони бадиий образга айлантириб, ўзбек шеърияти фуқаролигига қабул қилган! Усмон Азим Бразилия футболининг вице-қироли ҳақида эмас, гўёки ичкилик сабаб ўз ҳаёти ва ижодини барбод қилган бир шоир ҳақида сўзлаётгандек. У эса стадион – адабий жараён атрофида кезиб юради, энди бу майдон уни тан олмаслигини ўйлаб изтиробга тушади.

 

«Гарринча – футбол» бирикмасини «шоир – адабиёт» ёки «инсон — ҳаёт» дея талқин қилиш мумкин ва шеърнинг ҳар бир бандида бу ўзини тўла оқлайди. Гарринча стадионга қараганда, сафдошлари Пеле ва Дидининг далдасини сезади. Усмон Азим мансуб адабий авлод ҳам ўзбек адабиётига айни футболда Пеле ва Гарринчалар порлаган пайтларда кириб келган. Бу авлоднинг ҳам ўз Пеле ва Гарринчалари бўлган. Шу сабаб ҳам шоир «футбол ва адабиёт» ассоциатив боғламини муваффақиятли тасвирлайди, ўқувчи сезимларини қитиқлайди. Футбол ва адабиёт мухлислари учун бирдек тушунарли бўлган шеърга шундай нуқта қўяди:

 

Мени танимайсан, қилмайсан парво,

Қўй мени… тегрангда бироз кезаман.

Ахир, сени кўрсам, елкамда ногоҳ

Пеле ва Дидининг қўлин сезаман.

 

Сирожиддин Саййид. «ЧEМПИОН»

Сирожиддин Саййиднинг бу шеъри автобиографик характерга эгалиги билан фарқ қилади. Шундай бўлса ҳам футболга метафорик маъно юкланган. Футболда чемпион бўла олмаган болаларнинг ҳаётда ҳам «чемпион» бўла олмагани айтилади:

 

Бизлардан бўлмади ҳеч ким чемпион,

Спортни тарк этди болалар кўпи.

Ҳануз мени қийнар у стадион,

Ҳануз мени қийнар у футбол тўпи.

 

Лирик қаҳрамон учун футболдан кўра, у берган ҳислар, у туфайли уйғонган хотиралар қадрлироқ. Футбол, шунингдек, армон ва соғинч мотивлари билан уйғун келади. Футбол ҳақидаги хотиралар майдон ичидан унинг четига кўчади:

 

Ҳануз мен қўмсайман майдон четида

Чемпион бўлишим истаган қизни.

 

Шу икки сатрдан кейин муаллиф яна ўзининг собиқ командадошлари қисмати ҳақида ўйлайди. Чемпион бўлиш учун елиб-югурган болалар гоҳ ғолиб, гоҳида мағлуб келаверишади, аммо чемпионлик қўл етмас манзиллигича қолади:

 

Ҳайқирди радио, телевизорлар,

Кўкларга кўтариб Пелеларини.

Таъзирин берарди ота-оналар

Футбол, деб югурган болаларини.

 

 

Шундай сўнг лирик қаҳрамон хотиралардан чекиниб, ҳозирги ҳаёти ҳақида ўйлайди. Аввал қушдай учиб юришига сабаб бўлган кеталар (оёққа боғланган қанот) ўрнига ҳаёт оғир пойабзаллар кийдиради. Бошқаларчи? Қани у чемпион бўлишга орзуманд болалар:

 

Чангларга беланган командам, қани

Чемпион бўлмаган футболчиларинг?

 

Улар учун ҳам футбол унут бўлган, бири тирикчилик ўрмонларида йўқолган, бири илк севгиси дардида майхоналарда «чемпион» бўлди, хуллас, ҳар ким тақдир билан муроса қилиб яшашга ўтди. Энди чемпионлик кураши пул топиш мусобақасига алмашган:

 

Биров пулдор бўлиб яшай бошлади,

Бировнинг бахтига етмай қолди пул.

 

Шеърда хотира ва бугунги кун қарама-қарши қўйилади, бу тазод эса шеърнинг ритмини белгилаб беради. Футбол – болалик, беғамлик, соф туйғулар тимсоли. Ҳаёт эса унинг акси. Шу учун ҳам лирик қаҳрамонга ҳаётдан кўра футболда чемпион бўла олмагани кўпроқ алам қилади. Шоир хотиралар қаъридан ўз жамоасини йиғиб, уларнинг бугунги ҳаётига назар ташлар экан, бир вақтда уни бошқа савол қийнайди:

 

Майдон чеккасида турган қиз, қани?!

 

Айни шу савол шеърдаги туйғулар тизгинини бирлаштиради. Аслида шу 11 нафар йигит фақат шу қизнинг олқиши учун чемпион бўлишни орзу қилишган, табассуми учун курашишган. Болалар ҳамон ҳаёт майдонида юраркан, хотираларни ёритиб турган қиз майдон чеккасида ҳам йўқ. Балки, «майхоналарда чемпион бўлган» жамоадош йигитнинг илк севгиси ҳам шу қиз бўлгандир… Хуллас, шеърнинг охирги сатри орқали футболнинг аслида етишилмаган севги, армон бўлган муҳаббат тимсоли экани англашилади. Бутун шеър шу бир мисра учун ёзилгани ва шеърнинг асосий мотивини белгиловчи «майдон чеккасида турган қиз» сюжет майдони чеккасида туриб ҳам ичкаридаги воқеаларга таъсир қила олгани асарнинг бадиий жиҳатдан муваффақиятини белгилаган.

 

Хуршид Абдурашид. Криштиану Роналдунинг Леонел Мессига ёзган мактуби

Катта авлод шоирлари ижодида Гарринча, Пеле, Марадона каби юлдузлар тилган олинган бўлса, ҳозирги давр ёшлар шеъриятида Роналду ва Месси эсланади. Бу икки «ўзга сайёралик» ўз фаолиятини якунлагач, уларнинг ўйинларини кўриб улғайган бизнинг авлод улар ҳақида ҳали кўп ёзишлари, шубҳасиз. Хуршид Абдурашид бу жабҳада илдамроқ бўлиб «Криштиану Роналдунинг Леонел Мессига ёзган мактуби» шеърини ёзди. Бутун дунё шу иккисини деб икки қутбга ажралган пайтда уларнинг ўзаро сирлашиши қизиқ кайфият пайдо қилади ўқувчида. Аммо бу ҳозирги ўқувчи учун муҳим бўлиши мумкин, кейинчалик унинг аҳамияти камаймасмикан?! Муаллифнинг Роналдуга нисбатан симпатиясини шеър контексти кўрсатиб турибди. Ўзидаги айрим танқид қилинган жиҳатларни ҳам футболчи оқлаб кетади:

 

Балки, ростдир мухлислар гапи,

Санъатимга керилишим бор.

Аммо она ватан шаъни деб

Сал кўз ёшга берилишим бор.

 

Роналдунинг футбол ҳақидаги Мессига айтаётган фикрлари фалсафийлашиб боради. У бу рақобат фақат футбол майдонидалиги, ундан ташқарида ҳам ҳаёт бор экани ҳақидаги мушоҳадаларга айланади:

 

Ўйла, ахир, майдонда мангу

Юлдуз бўлиб қололамизми?

 

 

Футболнинг шунчаки бир ўйин эканини муаллиф футболчи-лирик қаҳрамон тилидан баён қиларкан, ундан аввал ҳам, ундан кейин ҳам юлдузлар чиқаверишини айтади. Футбол қонуни – шу! Ҳаёт қонуни – шу! Футболчилар келиб кетаверади, фақат майдон қолади. Майдон эса дунёнинг ўзи. Шу майдонда ҳақиқий сир. Шу сирни шоирларимиз лирик қаҳрамонга айланган футболчилар орқали шарҳлаб беришади холос. Ҳар бири ўз қаҳрамони ва ўз талқини билан:

 

Кел, қўлни бер, тўп тепавериб

Заха бўлди шундоғам пошна.

Биз шунчаки ўткинчи, қолса

Фақат майдон қолади, ошна...

 

Мансур Жумаев. ФУТБОЛ (Таржимага муҳтож бўлмаган ягона шеър)

Мансур Жумаев адабий экспериментлардан чўчимайдиган шоир эди. Аммо бундай экспериментлар доим ҳам эълон қилинавермайди. Бу шеърни ўқиганимда футболчиларнинг исмидан мусиқийлик ярата олган муаллифнинг иши менда ижобий таассурот уйғотган. Шоир уни ижодий каналида эълон қилиб, бироз вақтдан кейин олиб ташлаганди. Ўзи изоҳлагандек «таржимага муҳтож бўлмаган» бу битик футбол шахсларининг умумий композициясидан иборат. Ҳар бир ном ортида бир тақдир бор. Дарҳақиқат, футболни тушунмаган киши учун бу тушунарсиз сўзлар уюмидан бошқа нарса эмас, лекин футбол мухлиси учун бу номлар турли миллатларнинг миллий терма жамоалари, футбол клубларининг ранг-баранг формалари, бетакрор голлар ва финтларни ўзи билан эргаштириб келади. Эксперимент шеър футболда садоқат тимсолига айлана олган италиялик афсона Тотти номи билан бошланади:

 

Тотти, Варди, Иан, Веа, Марта, Рио,

Омар, Игор, Лотар, Кака, Эйсебио,

Ди Стефано!

 

Сўзлар орасидаги ички мусиқа ҳам итальянча оҳанглар беради. Худди шундай кейинги бандлар ҳам шунчаки футболчи номларидан иборат. Шу холос. Бунинг нимаси шеър, дейсизми? Буни ўқиган дунёнинг исталган бурчагидаги футбол ишқибози ўз мамлакатига мансуб номни излайди ёки ўзи мухлислик қилган бирор юлдузни. Шу жараёнда шоир ўқувчини футбол оламига олиб кириб қўяди. Буюк номлар орасида адашиб қолган мухлис эса шеър ўқиётганини эсидан ҳам чиқариб, у номлар ва уларнинг мўъжизавий ўйинлари ҳақида ўйлай бошлайди. Бунда сир маънода эмас, сўзлар орқали ўқувчига юқаётган кайфиятда. Исталган матн ўқувчида лирик кайфият, сезимларини уйғота олдими, демак, унинг бадиий қиймати бор. Шу сабаб юқоридаги асарни ҳам шеър сифатида қабул қилиш мумкин.

Юқоридаги шеърий таҳлилларни умумлаштирганда, қуйидаги хулосаларга келиши мумкин:

 

1.     Ўзбек шеъриятида футбол асосий мавзулардан бўлмасада, турли даврларда унга мурожаат қилинган ва бу давом этмоқда.

2.     Шеърларда лирик қаҳрамон ишқибоз, антиишқибоз, футболчи ва шоирнинг лирик «мени» каби кўринишларда намоён бўлган.

3.     Футболчи лирик қаҳрамон сифатида шоир бадиий мақсадига хизмат қилади.

4.     Футбол, стадион, футболчи ассостиоатив аксарият ҳолларда равишда метафорик маъно касб этади.

 

Суҳроб ЗИЁ,

ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти докторанти

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18877
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//