Амир Умархон ва Нодирабегимнинг “Хон” тахаллуси билан шеър ёзган ўғли


Сақлаш
17:28 / 20.06.2025 11 0

Жаҳон ва миллий адабиётимиз тарихида эр-хотиннинг шоиру шоира эканига мисоллар кўп. Лекин оилада, ота-онадан ташқари, фарзанднинг ҳам етук шоир бўлиши ноёб ҳол. Қўқон адабий муҳитининг ёрқин вакилларидан бўлмиш Амир Умархон ва Нодирабегимнинг ўғли Муҳаммад Алихон (тахминан 1803/06 – 1842 йиллар) ҳам “Хон” тахаллуси билан шеърлар битган. Унинг Алишер Навоий ва Муҳаммад Фузулий ижодига ихлоси баланд бўлган (қаранг: Россия ФАнинг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институти фонди, D400 рақамли қўлёзма, 3а-б-варақ).

 

Муҳаммад Алихон икки улуғ шоир ижодини халқ орасида кенг тарғиб қилишда ибратли ташаббуслар кўрсатган. “1889 йилда унинг махсус фармойиши билан “Хазойин ул-маоний” 300 нусхада кўчиртирилиб, хонликнинг турли шаҳарларига жўнатилган” (Жўрабоев О. Хон адабий меросига доир. “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали. 2017 йил, 6-сон. 127-бет).

Хоннинг шу кунгача аниқланган ижодий мероси юзга яқин шеър ва бир неча мактубдан иборат. Ўзбек тилида ғазал ва мухаммас, форс-тожик тилида эса рубоий ва фард ёзган. Бизгача етиб келган адабий мероси ичида мустақил асарлар қаторида Навоий, айниқса, Фузулийга эргашиб ёзилган татаббуъ ва тахмислар алоҳида ўрин тутади. Хон Фузулийнинг “Сайр қил, кўрким, гулистоннинг на обу тоби вор, / Ҳар тараф минг сарви сарсабзу гули сероби вор” (Муҳаммад Фузулий. Қалб гавҳари. Тошкент, “Hilol nashr”, 2014. 114-бет) деган матлаъ билан бошланадиган ғазалига Хон “Дизмаки, мужгона чашмим гавҳари сероби вор, / Кўйида ёри нисор этмакка хуш асбоби вор” (“Хон адабий меросига доир”, 128-бет) деб жавоб ёзган. Фузулийнинг “Ул паривашким малоҳат мулкининг султонидур, / Ҳукм онинг ҳукмидур, фармон анинг фармонидур” (“Қалб гавҳари”, 110-бет) деб бошланувчи ғазалига Хон татаббуъ боғлаб, мақтаъда “Ўтлиғ оҳи тожи зардур, қон ёши тахти равон / Бу чашм бирла маломат кишварининг Хонидур” (“Хон адабий меросига доир”, 129-бет) дейди. Озарбойжон шоири ёрни “малоҳат мулкининг султони” деса, Хон “маломат кишварининг хони” дея ўзининг ижтимоий мавқеи ва тахаллусига ишора қилган ҳолда нозик сўз ўйини қўллайди.

 

Хоннинг бу каби муваффақиятли чиққан татаббуълари талайгина. Фузулийнинг “Карам қил, кесма соқий...” сўзлари билан бошланадиган ғазалига Хон тахмис ҳам боғлаган. Асос ғазал 9 байт, Хон фақат 5 байтдан фойдаланиб, мухаммас яратган. Баъзи парчаларни таҳлил қилсак:

 

Фиғонким, жисмими поймол қилди ақди халхоли,

Бирахти дуди савдо бошим узра анбарин холи,

Банга маълум эмаз ул кўя душти кўнглим аҳволи,

Сабо, кўйинда дилдоринг надур афтодалар ҳоли,

Бизим ердин келурсан, бир хабар вер ошнолардан.

 

Мумтоз адабиётда ошиқ аксар ҳолларда сабо – майин шамол орқали маъшуқа билан хабарлашади. Лекин Фузулийнинг лирик қаҳрамони сафдошлари – дилдор кўйида афтода бўлган ошноларидан хабар олгиси келиб сабога мурожаат қилмоқда. Нега? Чунки ишқ йўли ниҳоятда оғир, яна ҳалокатли ҳам. Бу йўлда фақат ҳамдард ошиққина ошиқнинг тафтини олади. Ўша ҳамдардлардан бири Хоннинг лирик қаҳрамони бўлиб, Фузулийнинг лирик қаҳрамонига ёрнинг “ақди халхоли” – оёғига тақилган тақинчоқ тугунидан поймол бўлгани, “анбарин” – хушбуй қора холи бошида қора тутун пайдо қилгани ва натижада кўнгли номаълум ҳолатга тушганидан фиғон қилади. “Оғунинг шифоси – оғу” деганларидек, бу фиғон фузулиёна дардга хонвор тасалли бўлади ва у қалбда бир қатим нурдай висол таманноси – орзусини уйғотади:

 

Дили зоримда ясонгач анбарин мўлар таманносин,

Дегил: “Тарк этмаким гулрух санамлар зулфи савдосин”,

Сани ҳиндинг-ла мушкулдур қатлиму дардим мудовосин,

Дема зоҳидки: “Тарк эт сиймбар бутлар тамошосин”,

Баниким, қутқарар Тангри сотошдурмиш балолардан.

 

Ўқирман хаёлида ҳамдард ошиқлар суҳбат қилаётгандек бўлади. Гўё бири (Хоннинг лирик қаҳрамони) иккинчисига (Фузулийнинг лирик қаҳрамони) қараб “Зор дилимда “анбарин мўлар” – хушбўй қора сочлар таманноси уйғонса, эй зоҳид, сен “Гулрух санамларнинг зулфи савдосини тарк эт” деб айтма” деган каби бўлади.

 

Хон учинчи мисрада нега айнан “ҳинд” сўзини қўллаган? Мумтоз шеъриятимиз, жумладан, Навоий ижодида ёр сочи ранги важҳидан ҳиндга қиёсланади. Масалан, “Зулфинг очилиб орази дилжў била ўйнар, / Ҳинду бачае шўхдурур су била ўйнар” (Алишер Навоий. Бир пари пайкар ғами. Тошкент, “Шарқ”, 2006. 82-бет) деган байт бежиз ёзилмаган.

 

“Ҳинд” сўзи ёрнинг қора сочига тааллуқлилигини билдик, лекин унинг мисрадаги “дард” ва “мудаво” – даво сўзларига нима алоқаси бўлиши мумкин?

 

Тахминимизча, Хон қадимдан Ҳиндистонда ривожланган ҳинд табобатига ишора қилган ҳолда “зоҳид” – дунёвий ноз-неъматлардан воз кечиб, фақат ибодат билан машғул бўлганларга қарата бундай демоқда: “Эй зоҳид, ёрнинг қаро зулфи – мен учун дордир ва у мени қатл қилиши муқаррар. Бу дардга сенинг ҳинд миллатига мансуб энг маҳоратли табибинг ҳам шифо топа олмайди. Бас, менинг ҳалок бўлишим аниқ экан, кумуштан гўзалларни томоша қилишимга моне бўлма. Зеро, Тангри менинг бошимга солиб, ҳолдан тойдирган бу балолардан гўзалларнинг висолидан бошқа нима қутқариши мумкин?!”

 

Тахмиснинг навбатдаги бандига юзланамиз:

 

Дагил беҳуда манзур этдугум ул кўй тамкини,

Ки дуфроғи-ла равшан этмишам чашми жаҳонбини,

Гар истарсен сиришким селини дафъ этмак ойини,

Табибо, хоки кўйи ёрдиндур ашк таскини,

Биза орттурма заҳмат, кўз ёшитур тўтиёлардан.

 

Ушбу бандда ҳинд табобати мавзуси дардманд ошиқларга доим соғлиқ истаб насиҳат қиладиган “табиб”га уланади. Аммо ишқ дардидан бегона табибнинг насиҳати ошиққа ёқмайди. Шу боис ошиқ унинг ҳар қандай ғамхўрлигини рад этади. Бу сафар ҳам шу ҳол такрорланиб, табиб ошиққа ёрнинг “ул кўй тамкини” – оғир, таҳликали кўчасига киргани “беҳуда” эканини билдиради. Ошиқ эса ёр кўчасининг туфроғи сабаб унинг кўзи янада равшан тортганини, аксинча, табиб кўзёш селини бартараф қилмоқчи бўлса, маъшуқ кўчаси хокини кўзга суришига монелик қилмаслигини, зеро, маҳбуб пойининг тутиёси кўз нурига нур қўшишини таъкидлайди.

 

Мусулмон оламида ҳар қандай гўзал суҳбатлар дуо билан якунлангани сингари, ушбу тахмиснинг сўнгги бандида илтижо руҳи устувор:

 

Банга, эй чархи кажрафтор, жавру қаҳр оз айла,

Дамодам ўдлуғ оҳим шуъласиндан ахтар оз айла,

Паривашларга Хонтек нағмаи “Ушшоқ” соз айла,

Фузулий, нозанинлар кўрсанг, изҳори ниёз айла,

Тараҳҳум умса айб ўлмаз гадолар подшолардан.

 

Фузулий ижодига ота-онаси сингари муҳаббати чексиз бўлган Хон мазкур тахмисида буюк озарбойжон шоири анъаналарини ўзига хос тарзда давом эттириб, асос ғазалдаги манзарани ўқувчи кўз ўнгида янада рангин ва таъсирчан гавдалантиришга эришган.

 

Рустам ТУРСУНОВ,

мустақил тадқиқотчи

 

“Тафаккур” журнали, 2024 йил 4-сон.

Хоннинг Фузулийга тахмиси” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18887
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//