Китоб савдоси: қўшимча қиймат солиғи, “Чўлпон” нашриёти нега ёпилди, китоб сотиб ололмаётган талабалар


Сақлаш
02:40 / 31.05.2022 1376 0

Китоб мутолаасининг инсон тафаккури, дунёқарашини шакллантиришдаги ўрни беқиёслиги ҳақида таъкидлаш ортиқча. Аммо китоб бадиият маҳсули бўлса-да, у ҳам товар. Хўш, бугунги кунда мамлакатимизда китоб савдосининг аҳволи қандай?Бу ҳақда мухбиримиз ноширлар, китоб савдоси вакиллари ҳамда китоб дўкони сотувчилари  билан мулоқотда бўлди.

 

Азим БОБОНИЁЗОВ, “Ўзбекистон” НМИУ бош муҳаррири

 

Мамлакатимизда китоб савдоси зўр йўлга қўйилган, бу борада ишлар аъло даражада деёлмаймиз. Нашриётлар, китоб савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорларни ҳозир бир муаммо ташвишга солмоқда. Бу ҳам бўлса китоб савдоси учун қўйилаётган 15 фоизлик қўшилган қиймат солиғидир. Ушбу солиқ китоб таннархи ошишига олиб келади, ўзи шундоғам қиммат китоблар яна қимматлашиб, харидорни бездириб қўяди.

 

Китоб савдоси ва китобхонликни ривожлантириш учун энг аввало, болалар адабиётига эътибор қаратиш, уни кучайтириш лозим. Болалар учун нашр этилаётган китоблар ва даврий нашрларга субсидиялар, енгилликлар бериш даркор. Бозор иқтисоди, рақобат шароити болалар нашриётлари ва нашрларини “синдириб” қўймасин. Лекин афсуски, синдириб қўяётган ҳоллар учраяпти. Масалан, туппа-тузук ишлаб турган “Чўлпон” нашриёти ёпилиб кетди. Болалар даврий нашрларининг эътибордан четда қолаётгани ҳам китобхонликнинг илдизига болта уради. Чунки болалар китоб ўқишгача жараёнда даврий нашрларни ўқишни ўрганиши лозим.

 

Шаҳзод НАЗАРОВ,”Ўзкитобсавдо” таъминот МЧЖ директори

 

Мен 2015 йилдан буён китоб савдоси соҳасида ишлайман. Кузатишимча, кейинги 4-5 йилда китоб савдоси сезиларли ўсди. 2017 йилда конвертация очилди, ноширлик фаолиятида ҚҚС олиб ташланди. Қисқа фурсатда туманларда 200 та ахборот кутубхона очилиши, ўтказилаётган нуфузли танлов ва фестиваллар, вилоятларга уюштирилаётган китоб карвонлари ҳазилакам иш эмас. Тахминимча, 2018-2019 йилларда минг номдан ортиқ янги китоблар савдога чиқди. Лекин 2020 йилда қайтадан жорий этилган ҚҚС ҳамда пандемия туфайли соҳадаги ишлар орқага кетди. Корхонамизнинг пойтахтдаги деярли барча нашриётлар билан шартномаси бор. Вилоятларда ўнга яқин китоб дўконимиз ишлаб турибди. Улгуржи нархда нашриётлардан китоб харид қилиб, баҳосини кўп оширмасдан аҳолига сотаяпмиз. Муаммоларга келсак, эндиликда китоб дўкони ҳам ҳамма бошқа дўконлар қатори аукционда сотилмоқда. Лекин аукционга қўйилган китоб дўкони билан озиқ-овқат дўконини тенг қўйиб бўлмайди. Негаки, китоб дўконига қараганда озиқ-овқат дўконига кўпроқ мурожаат қилишимиз табиий ҳол. Ҳамманинг хам китоб дўконига эҳтиёжи йўқлигини назарда тутиб, кимошди савдоларида китоб дўкони очаётган тадбиркорга преференциялар берилиши керак.

 

Яна бир нарса, Навоий кўчасининг “Чорсу”га туташ китоб дўконлари асосан ЯТТларга қарашли. Дўкон ижараси ойига 500 долларни. сотувчига ўртача 2,5 - 3 миллион сўм ойлик маош тўланишини назарда тутсак, демак ЯТТ ойига камида 20-30 миллион сўм фойда кўриши лозим. Бунча фойда кўриш учун дўконнинг савдо айланмаси ойига 100 миллион, йилига 1 млрд 200 миллион сўм бўлиши лозим. Шундан келиб чиқилса, дўкон 15 фоизлик ҚҚСга тортилишга мажбур. Лекин бунда даромадни солиқдан  яшириш ҳолатлари мавжуд бўлиб, ЯТТлар узоғи билан БҲМнинг тўрт барвари миқдорида солиқ тўлайди. Уларга асло ҳасадим йўқ, лекин бозорда ҳаммага бир кўзда қараш, бир  хил имконият бериш лозим ва шарт. Акс ҳолда, адолат тарозиси бузилади.

 

Китоб ишлаб чиқариш, сотиш катта тармоққа айланган бўлса-да, ҳамманинг бошини қовуштирадиган ягона тизим йўқ. Юзлаб корхоналар, минглаб одамлар, муаллифлар, таржимонлар ишлаётган соҳага бўлаётган бундай эътиборсизликка мени ҳайрон қолдиради. Бугун  уларнинг фаолиятини мувофиқлаширувчи ташкилотга  ўта эҳтиёж бор.

 

Даврон УЛУҒМУРОДОВ,  “Firdavs-Shoh” нашриёти директори

 

Нашриётимиз фаолият бошлаганига уч йилдан ошди. Ўтган йили турли жанр ва мавзуларда 50 дан зиёд номдаги китобларни чоп этдик. Бу кўпми ёки оз? Ҳар ҳолда, хусусий нашриёт учун ёмонмас. Китобларнинг аксарияти буюртмачилар ёки муаллифлар маблағи ҳисобидан бўлди. Китоб савдоси ҳақида гапирсак, онгимизга китоблар қиммат деган тушунча муҳрланиб қолган. Айтингчи, ошхонада бир коса овқат 30-40 минг сўм бўлса, битта китобнинг қиммати бир коса овқатча бўлмасинми? Демак китоб нархини сунъий равишда арзонлаштиришдан мантиқ йўқ.

 

Кўпчилик китобхонлар камайиб кетди, деган гапга ёпишиб олган. Бу фикрга қўшилмайман. Ўтган йили ўзим ўқиган, ҳозирда укам ўқитувчилик қилаётган мактаб кутубхонасига тахминан элликтача китоб совға қилдим. Укамнинг айтишича, ўша куниёқ ўқувчилар ҳамма китобни талаб кетишган.

 

Муҳими, китоб  бозорида ғирромлик бўлмаслиги керак. Баъзан меҳнат қилиб, меҳнатга куйиб қолиш ҳоллари учраяпти. Нашриёт жамоаси не машаққат билан бир неча ой меҳнат қилиб тайёрлаган қизиқарли, харидоргир китобдан(ёки ПДФ вариантидан) тайёр нусхани шартта кўчириб, бир кунда хоҳлаганча тиражда китобни чоп этиб, бозорга чиқараётган “қўлбола” нашриётлар пайдо бўлаяпти. Бу китоб асл(оригинал) нусхадан айтарли фарқ қилмасада, анча арзон. Бундай ҳоллар китоб савдосини издан чиқаради. Бунинг назоратини қилиш керак. Китоб савдосини яхшилашнинг энг мақбул йўлларидан бири тарғиботни кучайтириб, тиражни кўпайтирган маъқул,деб ҳисоблайман.  Шунда китоблар нархи янада арзонлашади.

 

Зоир УМАРОВ, “Ҳувайдо” китоб дўкони мудири

 

Китоб савдоси соҳасида  узоқ йиллардан бери ишлаб келаман. 2017 йилдан кейин китоб савдоси жуда жонланди. Лекин китобхонликни давлат миқёсида кенг тарғиб қилиб,савдони жонлантириб турганимизда, бирдан китоблар нархи ошиб кетди. Китобхонлик бўйича дунёда анча давлатлардан орқада эканимиздан кўпчилик хабардор. Чиндан ҳам сотилаётган ва ўқилаётган китоблар адади аҳолимиз сонига таққослаганда жуда кам. Дўконимизга олий ўқув юртлари талабалари кўп келиб туради. Аксарияти китоб нархи қимматлигидан сотиб ололмайди. Тўғрида, талаба 500 минг сўм стипендияга кун кўрадими, китоб сотиб оладими? Баъзан ўқиб келиш учун бир-икки кунга китобларни  уларга ўқишга бериб юбораман. Китоб тарғиботини компаниябозликка, хўжакўрсинга айлантирмасдан мунтазам давом эттириш керак. Китоб савдоси талаб бўлган вақтда керакли таклифни бера олса, китоблар контенти ривожлантирилса, қизиқарли, бадиий жиҳатдан юксак китоблар кўпроқ чиқса, китобхонлар сони тобора ошаверади.

 

Муаллифдан: Ёппасига китобхонликни кўтариш, китоб савдосини кучайтириш нафақат давлат, балки бутун миллатнинг диққат-эътиборида бўлгандагина китоб савдоси изга тушади. Бу ўринда биронта ҳолатга иккинчи даражали деб қараш катта хатолик бўлади. Бугун мактаб ёки олий ўқув юрти талабаларининг умуман китоб ўқимаётгани, жаҳон адабиёти у ёқда турсин, ҳатто миллат адабиёти билан таниш эмаслиги ўта хавотирли. Хўжакўрсинга кўргазмалар, китоб карвонларини ташкил этиш, шунчаки ҳисоботларни тўлдириш эмас, миллат китобхонлиги ҳақида қайғуриш, амалиётга ўтиш даври келди. Токи бола кеча-кундуз телефонга ёпишиб жаҳолат ботқоғига ботмасдан, китобга ёпишиб маърифатга интилсин.

 

                                                                      Абдумажид АЗИМОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17371
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//