Адабиёт
Биринчи фарзандим туғилган пайт дўстим билан Қўқонда биринчи ва ягона интернет-кафе очиб, бир неча ой ўзим администратор бўлиб юргизиб, бир укамизни администраторликка қолдириб Тошкентга қайтиб келган вақтим эди.
Бу ерда бекор юрмаслик учун иш қидира бошладим. Ўша пайтларда “Частный сектор”, “Ташкентская неделя” деган эълон газеталари бўларди. Газетада эълон бериш бизнеси ўзига хос қизиқ бизнес эди. Бу ҳақда ҳам ёшларга бирор кун айтиб берарман.
Хуллас, газетадан иш эълонларини қарадим. “Офисда иш” деган эълонлардан бирига қўнғироқ қилдим. “Офисда ишлаш сизга ёқадими? Ёқса, фалон куни фалон соатда фалон жойга келинг. Фалончи орқали келдим, деб айтинг”, деди бир аёл.
Айтилган кун айтилган вақтда айтилган жойга бордим. Анчагина одам йиғилган экан. Навбат билан чақира бошлашди. Навбатим келди, мен билан телефонда гаплашган опани топдим. Нима ишлигини сўрасам, “Herbalife”, деди. Ҳафсалам пир бўлди. Чунки ўша пайтларда Herbalife қонуний таъқибдан қочиб, кўп марталаб номини ўзгартириб (Худди ҳозирги Beverlee номини Beleever га алиштиргани каби) юрган ва тармоқли маркетинглиги маълум бўлиб улгурган компания эди.
Кайфиятим тушиб кетганини кўрган опа Herbalife ҳақидаги гапларнинг ҳаммаси бўҳтонлигини айтиб, компания презентациясини кўриш учун сал наридаги каттароқ залга таклиф қилди. (Залга кириш пулли экан. Ишга кирса ҳам, кирмаса ҳам келганлардан пул олиб қолиш учун шу вазиятдан-да фойдаланишган экан шоввозлар.)
Ёнимда сўм йўқ, валюта алмаштиришга улгурмагандим. Опанинг ўзи мен учун пул тўлаб юборди. Қолганлар пул тўлаб кирди. Презентация бошланди.
Шу презентация шаклини кейинчалик деярли ҳар бир биоқўшимча сотадиган тармоқли маркетингчиларда кузатдим.
Биттаси чиқади, ўз ҳикоясини айтади. Ҳикоясига кўра, деярли ўлим ёқасидаги касал Herbalife маҳсулотларини ичиб тузалган ва ўзида кузатилган ижобий натижани бошқаларга ҳам етказишни ўз бурчи қилиб белгилаб олган бўлади. Экранда ўша нотиқнинг аввалги 150 кг лик, бир аҳволдаги расми ва ҳозирги ҳолати таққосланади.
Ҳайрон бўлган жойим, 10 тача нотиқ чиққан бўлса, уларнинг барчасида айнан бир хил ҳикоя такрорланди. Ҳаммаси бир ўлимдан қолган, ҳаммаси 100–150 кг бўлган, ҳаммаси Herbalife нинг “сеҳрли” маҳсулотлари билан гўзал ҳаётга қайтган. (Ичимдан буларга наҳотки бирорта соғлом одам ишга келмаган бўлса, деган гап ўтди).
Инсоннинг ичини чойнак билан таққослашди. Чойнакка тинимсиз чой қуйилиб, бўшатилавергандан кейин чойнакнинг ичи қорайиб кетишини, уни махсус химикат билан тозаламаса бўлмаслигини айтиб, “сизларнинг ичингиз ҳам шундай бўлиб ётибди, Herbalife буни тозалайди, бўлмаса бир неча йилда бизнинг аввалги ҳолимизга тушиб қолишинглар ҳам ҳеч гап эмас”, дейишди.
Ундан кейин экранда Женнифер Лопес, Майкл Жексон каби дунё миқёсидаги юлдузлар иштирок этган базмлар намойиш этилди. “Бу базм ва байрамлар бизнинг фалон даражадаги директорларимиз учун ташкиллаштирилган. Сиз ҳам шулар даврасида бўлишингиз мумкин”, деган гаплар билан йиғилганларни ҳаяжонлантиришди.
Буларнинг ҳаммаси моҳирона танланган сўзлар, скриптлар ва психологик трюклар билан амалга оширилдики, йиғилганларнинг кўпчилиги таъсирланмай қолмади.
Нью Йоркдаги базм орзусида, ҳаёлида миллионерга айланиб улгурган даврадаги инсонларга аввал ўзлари маҳсулотлардан бир курс фойдаланиши, кейин бошқаларга сотиши учун тахминан 300 долларлик маҳсулот таклиф қилинди.
Бир тадбирда қўрқитиш ҳам, ёлғон мисоллар, ўринсиз таққослар ҳам, инсоннинг орзу-ҳаваси билан ўйнашиш ҳам, ёлғон ваъдалар ҳам бўлди.
Тармоқ маркетинги нима, пирамида усулидаги сотув нималигини билмаган, бирор жойда ишламаган соддалар кўпчилик эди. Бир нечтаси ўша кунги тадбир қурбонига айланишди.
Тадбирдан кейин чиқиб кетаётганимда ҳалиги опа “компаниямизга қўшиласизми?” деди. Рад жавобини бердим. Бир оз баҳслашдик, мени ишонтира олмади ва мен кетдим.
Орадан йиллар ўтди. Меҳмонхонада ишлаб юрган давримда бир нотаниш компания конференц-зални ижарага олди. Тадбирдан хабар олиш учун залга борганимда ўша таниш “собиқ касаллар”ни кўрдим. Зални ижарага олган компания ўша Herbalife нинг янги очилган фирмаси бўлиб чиқди. Ўша опани яна кўрдим. Бизга биринчи учрашувда бойиб кетишимиз учун айтилган муддат аллақачон ўтиб кетган бўлса-да, биз мабодо ишга кирган бўлганимизда биздан юқорида турган бўлиши керак бўлган ўша “собиқ касаллар” ҳали ҳам ҳаётда айтарли бир нарсага эришмаган, ҳали ҳам бошқаларни алдаб юрган эди.
Кейинчалик Herbalife ёпилиб кетди. Ҳозир янги ном билан ишлаяптими, йўқми, билмайман. Булардан бошқа-бошқа яна бир қанча тармоқли маркетинглар пайдо бўлиб, йўқолди. Ҳозир ҳам бир нечтаси турли янги номлар ва бошқа маҳсулотлар билан фаолият кўрсатишмоқда. Шулардан бири Beverli.
Тармоқли маркетингда маҳсулот муҳим эмас. Иш принципи ҳар қандай маҳсулотни восита сифатида танлаб, ундан тармоқли сотиш усули яратиш ва ҳар доим пирамиданинг энг пастки қатлами ҳисобидан юқоридагиларга манфаат келтиришдир. Маҳсулот бирор биоқўшимча, бирор техника ёки сув филтри ҳам бўлиши мумкин. Муҳими, ҳамма жойда сотилмайдиган бирор маҳсулот бўлса бўлди. Кейин унинг рекламасига катта пул тикилади ва пирамида қуриш бошланади.
Пастки қатлам ё соддалик билан қармоққа илинади ёки мақсадли равишда ўзидан кейинги одамларни кўпайтириб, ўзи пирамиданинг юқорироғига чиқиб олиб, пастдагилар ҳисобидан фойда кўришни аввалдан кўзлаб ишга қўшилади. Биринчи тоифадагиларни содда, гўллар десак, иккинчи тоифадагиларни инсофсиз, деб аташ тўғри бўлса керак.
Тармоққа янги қўшилган одамнинг савдосидан уни тармоққа қўшган одам ва ундан ҳам тепадагилар фойда кўриб турадиган бизнесларнинг барчаси тармоқли маркетингдир.
Баъзилар “тармоқли маркетинг бу пирамида эмас” дейишади. Молиявий пирамида ва тармоқли маркетингдаги пирамида усулидаги фаолиятнинг фарқи шуки, молиявий пирамидада маҳсулот бўлмайди. Маҳсулот ўрнида “қимматли қоғоз” ёки бирор компаниянинг акцияси бўлиши мумкин. Тармоқли маркетингда эса маҳсулотдан фойдаланилади.
Тармоқли маркетинг бизнесига қўшилиб қолиш худди қиморда ютқизишга ўхшайди. Қиморда ютқизган одам ютқизган пулини қайта қўлга киритиш учун жонини бериб ҳаракат қилгани каби тармоқли маркетингга бошида бир неча юзлаб доллар пул тиккан одамлар ҳам сармоясига куйиб қолишни истамайди. Шу йўлда, керак бўлса, энг яқинларини ҳам тармоққа аъзо қилади.
“Бир зумда ўз бизнесингизга эга бўлинг! Фалон даражадаги директорга айланиб, Дубайда маза қилиб дам олиб юринг!” деган баландпарвоз гапларга алданманг. Тармоқли маркетинг ўлжасига айланманг ва яқинларингизни уларнинг домига тортманг.
Албатта, бу мақола шу ишларга аралашиб қолганларга ёқмайди. Изоҳларда табиий равишда эътирозлар билдиришлари мумкин. Мен сизларни тушунаман. Пулингиз куйган. Бу вазиятдан чиқиб кетишингиз керак. Ёки бошқаларни ўзингизнинг изингиздан тортиб, уларнинг устидан фойда кўриш сизга маъқулдир. Аммо, бу йўл тўғри йўл эмас!
Туркларда “Зарарнинг қаеридан ортга қайтсанг ҳам – фойда” деган мақол бор. Зарарни бошлаб қўйган бўлсангиз, ундан кейинги зарарга қараб кетаверманг. Тўхтанг. Агар бошламаган бўлсангиз, зарарни бошламасдан аввал тўхтанг! Ақлингизни ишлатинг. Яқинларингизни огоҳлантиринг!
Дилшод ОДИЛОВ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ