Ариза, маълумотнома, далолатнома, ...нома каби ҳужжатлар бизни ҳар қадамда тақиб этади. Раҳбарга мурожаат қилишда – билдиришнома, хатога йўл қўйсангиз – тушунтириш хати, ой якунида – ҳисобот... Ишимиз тушганида кўпчилигимиз намуна қидирамиз. Давлат тилида иш юритиш таомили ташкилот ва идораларда бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Бу бўйича қўлланма яратилганига эса ўттиз йил тўлган...
Ҳужжатлар қачондан пайдо бўлган?
Кишилик жамияти шакллана бошлаган даврлардан жамият аъзолари муносабатларда мунтазам қайд этиб бориладиган ҳолатларга дуч келган ва шу тариқа бугунги иш фаолиятимизда фойдаланиладиган ҳужжатларнинг илк кўринишлари юзага келган.
Бобилнинг милоддан аввалги 1792–1750 йиллардаги ҳукмдори Хаммурапининг адолатпеша қонунлар мажмуи, ундан қадимгироқ шоҳ Ур-Намму (милоддан аввалги 2112–2094 йиллар)нинг қонунлари ва шу каби бошқа манбалардаги ҳужжатлар бу тартибот масалаларининг тарихи узоққа бориб тақалишидан хабар беради. Ўтмишнинг турли даврларида ижод этилган ўрхун-энасой, сўғд, эски уйғур, араб ва бошқа ёзувларда битилган ҳужжатлар, ёзма манбалар бугунги кунда фанга маълум.
Ёрлиқ, фармон, нома, арзнома, васиқа, тилхат ёки мазмунан шунга яқин ҳужжатлар Шарқда X–XIX асрларда кенг тарқалган. Қосимжон Содиқовнинг “Эски уйғур ёзуви” китобида Тўхтамишхоннинг 1393 йили поляк қироли Яғайлага йўллаган ёрлиғи, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзонинг марғилонлик Мир Сайид Адҳам исмли шахсга 1469 йили берган ёрлиғи эслаб ўтилади. Демак, ёрлиқларнинг мазмуни хабар, тавсиф, фармойиш, билдириш, тасдиқлаш тарзида бўлганини англаш мумкин.
Ҳужжатлар ҳам тараққиёт босқичини ўтади ва бойиб борди. Ҳозирги кунга келиб фойдаланувчилар уларнинг турию мазмуни, ёзилиш тартибини намунасисиз адаштириб қўйиши ҳеч гап эмас. Маъно ва шакл жиҳатидан бир-биридан фарқланувчи ҳужжатлар корхона, ташкилот, муассасалар, умуман, меҳнат жамоаларининг фаолиятини мунтазам тартибга солиб туради.
Камчиликарнинг асосий сабаби...
“Бошқарув соҳасидаги камчиликларнинг асосий сабабларидан бири айни соҳа ходимларининг кўпчилигида назарий ва амалий тайёргарликнинг бўшлигидир, улар муассаса, ташкилот ва корхоналарда қабул қилинган ҳужжатлар билан йўриқлари, усуллари ва йўллари мажмуини етарли даражада билмайдилар”, деб таъкидлайди ҳужжатшунос А.С. Головач. Дарҳақиқат, бугун ҳар қандай идорадаги иш юритишнинг асоси мукаммал ва оқилона ташкил этилган ҳужжатчилик эканини исботлашга ҳожат қолмаган.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллик тантанасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”, дея такидлади ва шу куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти йўлга қўйилди.
Ягона андазаларни яратиш йўлида
Ўзбек тилининг қонун-қоидаларига риоя қилиб ёзилганда ҳужжатларнинг санаси “25 март 1985 йил” тарзида ёзилиши тўғрими? Рус тилида “25 марта 1985 года” ҳолатида ёзилиши иш юритиш ҳужжатларимизга совет тузумидан мерос қолган. Ўзбек тили табиатидан келиб чиқилса ва айни иборанинг ўзбек тилидаги маъносига эътибор берилса, “1985 йилнинг 25 марти” ёки “1985 йил 25 март” кўринишида ёзилиши керак.
Ҳужжатчиликнинг соф ўзбек тилидаги ягона андазасини яратиш ва булар билан боғлиқ атамаларнинг бир хиллигига эришиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири. Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан яратилган “Давлат тилида иш юритиш” қўлланмаси ушбу йўналишдаги кўпгина масалаларга ечим бўлди. Мазкур амалий қўлланма илк марта 1990 йили чоп этилган, кейинчалик бир неча бор тўлдирилган вариантда тақдим этилган. “Ўзбекистон” нашриётида 3 минг нусха чиққан энг янги нашрида аввалги хато ва камчиликлар тузатилган, ҳозирги амалиётда кўп қўлланилаётган ҳужжат намуналари киритилган. Хизмат ёзишмалари янада такомиллаштирилган. Луғат қисми янги атамалар билан бойитилган.
Қўлланманинг дастлабки бобларида иш юритиш ҳужжатларининг турлари, умумий услубий томонлари, идоравий иш юритиш тили, бошқарув ҳужжатларидаги зарурий қисмлар (реквизитлар), уларни расмийлаштириш, бланка талабларига тўхтаб ўтилган. Асосий қисмда иш юритишда энг кўп қўлланиладиган ҳужжатлар тавсифланган ва амалиётда қабул қилинган тасниф гуруҳлари ичида алифбо тартибида жойлаштирилган. Миллий анъаналардан келиб чиқиб, дунё ҳужжатчилиги тажрибаларидан фойдаланган ҳолда соф ўзбек тилида ягона андазаларни яратиш, иш юритиш билан боғлиқ атамаларнинг бир хиллигига эришишга ҳаракат қилинган.
“Давлат тилида иш юритиш” қўлланмаси ташкилот раҳбарлари, бошқарув фаолиятида бевосита ҳужжат устида ишловчилар, котиб-референтлар, кадр хизмати ходимлари, ҳисобчилар, адлия маслаҳатчилари, аудитор, менежерлар, қўйингки, ҳар бир ходимнинг иш столи устида бўлиши фойдадан холи эмас.
Наргиза ОДИНАЕВА
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ