Бедананинг овози – шоир Тилак Жўрани хотирлаб...


Сақлаш
23:12 / 30.05.2022 949 0

Биз ҳали биринчи курс бўлганимиз ҳам йўқ, 1982 йилнинг жазирама ёзи, абитуриентмиз, ВУЗгородок – Талабалар шаҳарчасидаги Тошкент давлат университети журналистика факультетининг ўша пайтда маълум ва машҳур 3-ётоқхонасида жойлашганмиз. Ҳар биримиз учун катта орзу бўлган журналистика факультетининг пасту баланди, ўр-қири бизга жуда қизиқ. Шуни сезгандек, факультетнинг юқори курс талабалари ҳар куни кечки пайтда, дим хоналардан ғира-шира ёритиладиган ҳовлига қочиб чиқиб, баланд чинорлар тагидаги тахта ўриндиқларда салқинлаб ўтирганимизда “журналистика факультетининг талабалари, филология факультетининг домлалари зўр”лиги тўғрисида “сабоқ” беришади, дарслар ҳам, тайёргарлик ҳам бир четда қолиб кетади. Ўшанда билганман, биз шеърларини ўқиган шоир Тилак Жўра факультетда таржима назарияси деган фандан дарс берар экан, Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комилов каби яхши ўқитувчи экан.

 

Катта курсларда эканимизда Тилак Жўра бизга дарсга кирди. Дарсларида зерикмасдик. Умуман қоғозга қарамасдан гапирарди. Сабоқни мавзуга оид шеърлар билан тўлдирарди. Шеърларни доим ёддан ўқирди. Нозим Ҳикмат, Рауф Парфи ижодидан кўп мисоллар келтирарди. Айниқса, Абдували Қутбиддин шеърияти ҳақида ҳаяжонланиб гапирарди. Назаримда, Тилак ака шеърни бироз шошиб, чучук талаффузда ўқирди. Ўша сабоқларда Тилак Жўра эътироф этилган шоир, моҳир педагог, айни пайтда зукко адабиётшунос олим ҳам экани аён бўлган.

 

5-курсда диплом ишини таржима назарияси фанидан олдим. Бунга ҳам Тилак ака сабабчи бўлди, у кишини ўзимга қандайдир яқин деб ҳисоблар эдим, шекилли. Ишимга Тилак ака раҳбарлик қилди. Диплом ишининг ўз масъулияти, ҳаяжони бўларкан. Бир неча тунларни бедор ўтказишга тўғри келди. Якунда ҳаммаси яхши бўлди. Диплом иши “5”га баҳоланди. Шу мавзуни давом эттириб “номзодлик диссертацияси”га айлантиришни, нуфузли олимлар – Нажмиддин Комилов, Тилак Жўра менга йўл-йўриқ кўрсатишларини айтишди. Лекин менинг ниятларим бошқа эди, шоир  бўлишни орзу қилардим.    

 

Бу пайтга келиб Тилак Жўрага кўпроқ “домла” эмас, “Тилак ака” деб мурожаат қилардик. Ўша йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг таржима назарияси кафедраси Миллий театр ёнидаги бир қадар тарихий бинода, университетнинг рус филологияси факультети таркибида фаолият юритарди. Шу кафедрада дўстимиз, шоир Ғулом Мирзо лаборант бўлиб ишларди. Тез-тез унинг олдига бориб турардик. Баъзида ҳурматли олимлар – Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комиловнинг суҳбатига сазовор бўлардик. Уларнинг орасида Тилак ака жайдарироқ эди, ўзини эмин-эркин қўйиб, бемалол гапирар, бирдан шарақлаб кулиб юборарди. Баъзан ўртадаги столга тўрт тийинлик гўмма уйиб қўйилгани ва баҳам кўрилгани кечагидек ёдимда.

 

Тилак Жўрани кўпроқ билганимиз сари у ватанпарвар шахс, ҳассос шоир сифатида намоён бўла борди.

 

Кейин, Ғайбулла Саломов домланинг ўғли билан боғлиқ кўпчиликка маълум воқеа содир бўлган пайтда Тилак ака жуда безовта бўлганини, қайғурганини, домлани аяшга астойдил уринганини кўрган эдик.   

 

Менга Тилак аканинг шеърда ўзини чегараламаслиги, чекламаслиги, мутлақо эркин қўйиши ва бу эркинлик ўзини оқлаши ёқади.

 

Тилак аканинг энг катта орзулари амалга ошди: Ватан озод бўлди. Шеърлари ўқиляпти. Китоблари чиқиб турибди.

 

Шоирнинг бахти ҳам шу бўлса керак...

 

Бедана

Шоир Тилак Жўра хотирасига

 

Ўлим қўйган тузоққа

Бедана тушиб қолди.

Қисматдан ҳам узоққа

Умр йўлини солди.

 

Қушми ё қуш шаклида

Шоир юраги урар.

Ерда, кўклар  тоқида

Овози учиб юрар.

                                                                                                                       Салим АШУР

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//