Пулсиз ҳам бизнес бошлаш мумкин – брендга айланаётган қўғирчоқсоз билан суҳбат


Сақлаш
00:05 / 28.05.2022 1562 1

Ҳар йили жаҳонда 3 миллиарддан ортиқ ўйинчоқ ишлаб чиқарилади. Афсуски, 60 фоизининг сифати назоратдан четда. Фарғоналик ҳунарманд Садоқат Мирзаева эса 2016 йилдан буён экологик тоза, замонавий ва миллий қўғирчоқлар тайёрлайди. “Art house sadosh” МЧЖ Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Японияга буюртма асосида ўйинчоқлар етказиб беради. Маҳсулотларини халқаро онлайн савдо платформалари орқали хорижликлар сотиб олишмоқда. Ҳунарманд бугун амалга ошираётган ишлари ва келажакдаги режалари ҳақида Оyina.uz мухбирига сўзлаб берди.

 

 

 

Йилига 2 мингдан ортиқ буюртма тушади

 

Қўғирчоқларимни уч хил услубда: ип ва синтепон, пахта ва ёғоч, пластмасса каби хомашёлардан ишлаб чиқараман. Дастлаб турли рангдаги иплардан фойдаланиб, қўғирчоқнинг оёғ қисмидан бошлаб тўқийман ва ичига синтепон соламан. Мижоз талабига кўра либос ранги ва тури танланади. Юмшоқ қўғирчоқларим замонавийлик ва миллийликни мужассамлаштирган. Уларга “Садош” номини берганман. Интернет орқали хориждан, ўзимизнинг вилоятлардаги тадбиркорлардан йилига 2 мингдан ортиқ буюртма тушади.

 

Ўйинчоқларимиз болалар ўйнаши учун хавфсиз. Уч йилдан буён мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун 4 мингдан ортиқ қўғирчоқ тайёрлаб бердик. Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддиларининг асосий мақсади келажак авлодни миллий руҳда тарбиялаш ва ўзбек урф-одатларини болаликдан онгига сингдиришдир. Бизнинг маҳсулотларимиз шунга хизмат қилади.

  

 

Ўзимизникилар миллий ўйинчоқларни сотиб олмайди

 

Юртимизда ёғочдан миллий қўғирчоқлар ясовчи ҳунармандлар кўп. Аввал устага бош қисмини тайёрлатаман. Симдан инсон шаклининг хомакисини ясаб, мато билан ўрайман, ичини пахта билан тўлдираман. Шогирдларим билан бирга адрас, атлас, шойи каби матолардан либослар тикамиз. Бошига ироқи нусха дўппи кийдирамиз.

 

Хорижлик саёҳларга ҳамда интернет бозорида ёғочдан ясалган миллий қўғирчоқларимиз кўпроқ сотилади. Асосан Тўмарис, Алпомиш, Зумрад ва Қиммат, Нодирабегим, Увайсий каби тимсоллар кўринишини яратаман. Лекин маҳаллий аҳоли бундай ўйинчоқларни деярли сотиб олмайди.

 

 

Ота-оналар замонавий персонажлар ясаб беришимни сўрайди

 

Ипдан тўқилган миллий ва замонавий кийинтирилган ўйинчоқларим узоқ муддат хизмат қилади. Уларни кир ювиш машинасига ҳам солиш мумкин. Лекин...

 

Ҳозир фарзандларимиз телеканаллар ва интернетда трендга чиққан АҚШ, Европа, Россия мультфильмларини томоша қилиб улғайишмоқда. Шу боис кўпчилик ота-оналар замонавий персонажлар ясаб беришимни сўрайди. Натижада замонавий қўғирчоқларни ҳам кўпроқ тайёрлашга мажбурмиз.

 

Бугунги техника асрида келажак авлоднинг миллий қадриятларимизга ҳурматини китоб мутолааси билангина асраб қолиб бўлмайди. Визуал ва виртуал имкониятлардан кўпроқ фойдаланишимиз керак. Афсуски, буни ҳамма ҳам англайвермайди.

  

 

Катта маблағсиз ҳам тадбиркорлик қилиш мумкин

 

Аҳоли орасида иш ўринлари камлигини, тадбиркорларга кредит ажратилмаётганини рўкач қилиш ҳоллари кўп учрайди. Эндигина иш бошлаганимда тикувчиликдан хабардорлигим қўл келган. Оддий матодан қўғирчоқлар тикканман. Ҳозир ҳам ушбу маҳсулотимизнинг харидори кўп.

 

Дастлаб қаттиқ қоғозга қўғирчоқнинг андазаси чизилади. Андаза мато устига қўйилиб, ўнтадан йигирматагача бичим қирқиб олинади. Кейин четлари тикилиб, ичига синтепон солинади. Харидор истагига қараб, миллий матоларимиздан либос кийдирилади. Мазкур маҳсулотимиз арзон ва сифатли. Бу билан пулсиз ҳам бизнес бошлаш мумкинлигини айтмоқчиман.

  

 

Қўғирчоқларимда ўзбек аёли сиймоси яшайди

 

Пластмассадан ҳам миллий қўғирчоқлар ишлаб чиқарамиз. Экопластчи тадбиркорларга ўйинчоқнинг ўлчам ва кўринишини белгилаб, буюртма қиламан. Ҳунармандлар митти дўппичалар тикиб беришади...

 

Қандай хомашёдан тайёрланганидан қатъи назар, қўғирчоқларга имкон қадар миллий тус беришга, адрас ва атласдан либослар кийдиришга ҳаракат қиламан. Улар орқали ёш авлод онгига азалий қадриятларимиз чуқурроқ сингишига ишонаман.

 

Шу ҳунар ортидан турли давлатларда ўтган фестиваль ва кўргазмаларда қатнашиб келяпман. Қаерга бормайин, қўғирчоқларим миллийлигимиз тимсоли бўлиб, бой маданиятга эга Ватанимизни тарғиб этади. Хорижликлар қайси юртдан эканимни сўраб, маҳсулотларимизга алоҳида қизиқиш билдиради.

 

Шаҳноза ТОЖИДДИНОВА

oyina.uz

 

1 Изоҳ

Жамила Шермухамедова

06:01 / 01.01.1970

Хар бир иш фаолиятида, биринчи новбатда, меҳнат орқали эришилган муваффақият етади! Қизимизга қойил қолмасдан ҳеч ҳам иложимиз йўқ! Айниқса миллий арнаментдаги, миллий қадриятларимиз ва либосларимиз орқали мингларча қўхирчоқларни, мехр ва дид билан , бизни ўзлигимизни, ғуруримизни, қадриятимизни, қўғирчоқлар орқади дунега тарғиб қилиб, ўзларини шарқона тадбиркорликларини амалга ошириб, бизни юзимизни еруғ қилиб, айнан тарихда ўз ўрнини , бугунги кунда ешларимизга намуна қилишлари, мақтовга, фахрга, ғурурга лойиқдир! Қизимиз қандай бўлмасин, миллий қўхирчоқларимизни , ўзимизни болажонларимиздаги , айноқса қизалоқларимизни дунеқарашига ижобий роль ўйнаетган миллий қўғирчоқларни ясайверинг ва кўпайтираверинг, сиз билан фахрланаман ва ғурурланаман, сиз еш қизларимизга, хотин- қизларга меҳнат, айниқса ҳалол меҳнат, миллий руҳни, миллий маьнавиятимизни , ясаетган ҳилма- ҳил қўғирчоқлар орқали тараннум этаверинг, чунки ўзим ҳам, айни сиз кашф қилган қўғирчоқларни ҳарид қилиб, барча фатандош қизларимизга, дўстларимизга, чет эллик қардошларимга ғурур билан тарғиб қиламан, ундан руҳий ва эстетик завқ оламан! Чет элни эмас,,ўзимизни гўзал атлас, адрас, ипакдан тайорланган матолардан, дўппиларию, жиякларидан тайороанган қўғирчоқларни ҳарид қилишларини жуда/ жуда истаб қоламан! Офаринлар қизим, сиз барча еш хотин- қизларимизга ибрат ва андозасиз! 🙏🙏🙏🙏🙏📕🇺🇿👏👏👏👏❤️✍️🇺🇿

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси