Социологлар оиланинг мустаҳкам бўлиши эр ва хотиннинг касбу корига ҳам боғлиқлигини таъкидлайди. Халқаро илмий тадқиқотлар хулосасига кўра, эркаклар актриса, раққоса, қўшиқчи, аёллар эса ҳайдовчи, сотувчи, педагог каби касб эгалари билан оила қуришни унчалик истамас экан. 19 фоиз аёллар эса турмуш ўртоғи қандай касб эгаси бўлишининг аҳамияти йўқлигини айтган. Дунё бўйича турли миллат эркаклари асосан рафиқаликка шифокор, ҳамшира, менежер, иқтисодчи, ҳуқуқшунос аёл-қизларни афзал кўрар экан.
Америкалик олимлар ўрганишганида узоқ йиллар бахтли ва иноқ яшаган оилаларнинг соҳиблари асосан қишлоқ хўжалиги инженери, ветеринар ва ўқитувчилар экани маълум бўлган.
Редфорд университети психологи, доктор Майкл Амот оилавий ажралишларга касбларнинг таъсири борасида ўтказган кенг кўламли сўровномаси натижасига кўра, кўп мулоқот талаб қиладиган, стрессга бой ишлар оилавий муносабатларга таъсир ўтказмай қолмайди.
Энг хавфли гуруҳга раққос ва хореографлар кирган – 43,05 фоизи оиласини сақлаб қола олмаган. Иккинчи ва учинчи ўринларни бармен (38,43 фоиз) ва уқаловчи (массажчи)лар (38,22 фоиз) эгаллаган. Юқори ўнталикда, шунингдек, ҳамшира, психолог, шоумен, телемаркетолог, официант, оқсоч, ошпаз ҳам бўлиб, уларнинг ҳар беш нафаридан бири ажрашиб кетар экан.
Тиббиёт соҳаси вакилларидан офтальмолог, дантист ва ортопедлар орасида ажралишлар нисбатан кам. Сайёҳлик фирмаси агентлари, ёзувчилар, полициячилар ва руҳонийлар орасида эса бу кўрсаткич 16 фоиздан ошмайди.
Эксперт Натан Яунинг хулосасига кўра, қуйидаги ўн касб эгалари орасида ажралиш кўп учрар экан: казино бошқарувчиси, бармен, стюардесса, оператор, мардикор, телемаркетолог, завод ишчиси. Шунингдек, эр-хотин топаётган маош ҳам низоларга сабаб бўлиши мумкин. Аксарият эркаклар рафиқаси ўзидан кўп ойлик олишини истамайди. Аёллар учун эса даромаддан кўра эрининг ўзидан ақлли бўлиши муҳим.
Ўзбекистонда мазкур танлов қандай? Бир неча ўн йиллар илгари уйда ўтирадиган, ўқимаган қизларга талаб кўпроқ эди, ҳозирда эса йигитлар ҳам, қайноналар ҳам имкон қадар ўқиган ёки ҳунарли қизни келин қилишга интилмоқда.
Oyina.uz юртдошларимиз фикрини ўрганиш мақсадида ижтимоий тармоқларда ўтказган “Турмуш ўртоғингиз қайси касб эгаси бўлишини истайсиз?” мавзусида сўровномада мингдан ортиқ киши қатнашди.
Йигитларнинг жавоблари ҳисоблаб кўрилганида қуйидаги фоизлар қайд этилди:
1. Ўқитувчи (29%)
2. Уй бекаси (20%)
3. Тиббиёт ходими (18%)
Кўриб турганингиздек, эркаклар асосан муаллима ва ҳамшираларни афзал кўришмоқда. Шунингдек, ҳеч қаерда ишламай, уйда фарзанд тарбияси ва рўзғор юмушлари билан банд бўладиган қизларга ҳам ҳар беш йигитдан бири уйланишга тайёр.
Юқори ўнталикдан қория, ошпаз, дизайнер, боғча тарбиячиси, чевар, олима, шоира ҳам ўрин олган. Аёллар орасида нисбатан кам учрайдиган спортчи, дастурчи, дипломат, психолог, архитектор, космонавт каби жавоблар ҳам қайд этилган.
Сўровномада қатнашган қизларнинг жавоблари ўрганиб чиқилганда улар учун энг муҳими – касбий форма (тиббий, ҳарбий...) экани маълум бўлди. Демак, натижалар:
1. Шифокор (25%)
2. Ҳарбий (11%)
3. IT мутахассис (10%)
4. Тадбиркор (9%)
5. Ҳуқуқшунос (9%)
Банкир, олим, учувчи, инженер, ижодкор кейинги ўринларни эгаллаган. Олим, сартарош, архитектор, қори, ошпаз, спортчи, ўқитувчи эркакларга эса талаб нисбатан камлиги маълум бўлди. Детектив, файласуф, ҳакер каби камёб касб эгаларига ҳам қизиқиш билдирилган.
Сўровнома иштирокчиларининг айримлари касбнинг умуман аҳамияти йўқлиги, муҳими, яхши инсон бўлиши лозимлиги, касб инсонни эмас, инсон касбни безаши ҳақида ёзишган.
Ўзбекистонда оилавий ажрашишлар сабаблари суриштирилганда асосан характернинг тўғри келмаслиги, моддий етишмовчилик, учинчи шахснинг аралашуви, бефарзандлик каби омиллар тилга олинади. Психологлар икки ёшнинг бир-бирига феъл-атвори мос тушишида касбларнинг ўрни муҳимлигини таъкидлайди.
Эр-хотин бир-бирининг касби ҳақида маълумотга эга бўлиши, қизиқиш билдириши, фикр алмаша олиши, мажбуриятларини қабул қилиши, ҳечқурса касбини ерга урмаслиги жуда муҳим. Инсон ҳаётда севимли иши билан шуғулланса ва буни турмуш ўртоғи ҳам қўллаб-қувватласа, оилавий муҳитга ижобий таъсир этмай қолмайди. Бу эса нафақат ўзларининг ҳаётида, балки фарзандларининг келажагида муҳим роль ўйнади.
Нодира ИБРОҲИМОВА
оyina.uz
Фото: Холида Мусурмонова
Суратда: ЎзЖОКУ талабалари
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ