Тасаввур қилиб кўрганмисиз, 20 йилдан сўнг дунё экологик манзараси қандай бўлади? Инсониятнинг ҳаёт тарзи қай тарзда ўзгариши мумкинлиги ҳақида-чи? Ҳозирги анъаналаримиз қай даражада ўзгариши мумкин деб ҳисоблайсиз? Шуниси аниқки, ер сайёрасининг экологик вазияти ўтган асрга нисбатан мисли кўрилмаган даражада ўзгаришга юз буриши атроф-муҳитнинг таназзулига сабаб бўлувчи муаммоларни ҳам вужудга келтирди.
Дунё бўйича 184 давлатдан бўлган 15 мингдан ортиқ олимларнинг “Инсониятга иккинчи огоҳлантириш”и “BioScience” журналида эълон қилинди. Ушбу мақолада таъкидланишича, озон туйнукларининг пайдо бўлиши, сув ва ҳавонинг ифлосланиши, ўрмонларнинг кесилиши, тупроқнинг ориқланиши ҳамда инсониятнинг атроф-муҳитга аралашуви – ерда биотерроризмнинг вужудга келишига сабаб бўлган. Тадқиқотчилар фикрича, ердаги ифлосланишда нобуд бўлаётганлар сони чекиш сабаб юз берадиган ўлим миқдоридан бир ярим баравар, ОИТС, сил ва безгакдан вафот этаётганлардан уч марта кўп экан.
Ушбу экологик тангликнинг келиб чиқиш сабабларини аввало, IT ютуқларининг шахсий, гуруҳий манфаатларга бўйсундирилиши оқибатида ақл-идрок иккиламчи моҳиятга айланиб қолганлиги, қолаверса, инсон-жамият тизимидаги ўзаро маънавий муносабатларнинг табиатга нисбатан қўлланилмагани билан изоҳлаш мумкин. “Ҳозир табиатнинг ўзи бизга ишорат бермоқда – ўз ҳақимизда қайғуриш учун, аввало, табиатга ғамхўрлик қилишимиз керак” (Shavkat Mirziyoyev. Yangi O’zbekiston strategiyasi. To’ldirilgan ikkinchi nashri. – Toshkent: “O’zbekiston” nashriyoti, 2022. 313-bet).
Ҳозирги вазият экологик қадриятларнинг янгича фалсафий асосларини шакллантиришни муқаррар масала сифатида қўймоқда. Шу маънода, В.И.Вернадский, К.Э.Циолковский каби олимларнинг назариялари инсон-жамият-табиат тизимидаги қарама-қаршиликларни бартараф этишга имкон беради. Улар ердаги ҳаётни космик нурланиш ҳосиласи сифатида эътироф этиб, инсон ва табиат мутаносиблигига эришиш табиий тараққиётни барқарор сақлаб қолиш омили эканлигини таъкидлашган. В.И.Вернадскийнинг ноосфера концепцияси моҳияти: “табиатни инсон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартириш, ундаги мувозанат ҳолати инсониятнинг мақсадга йўналтирилган фаолияти орқали сақланиб туради, булар – инсон томонидан онгли равишда яратиладиган табиий муҳит ҳолатидир” (Вернадский В.И. Биосфера и ноосфера / В.И. Вернадский. – М.: 2009. с. 400). Ушбу ғоялар моддий кучга айланиши учун табиатни мақсадли ва қадриятли англаш йўлида умумпланетар илмий тафаккурни ривожлантириш зарур
Эндиликда биосферанинг тақдири Ноосфера – Ақл соҳаси қандай йўналиш олишига боғлиқдир. Ноосфера даври инсониятдан инсон-жамият-табиат тизимида юзага келадиган барча нарса ва ҳодисалар фаолият йўналишини фақат ақл-идрокка таяниб белгилашни тақозо этади. Бизнингча, ноосфера назарияси айни пайтда экологик қадриятларнинг янги тизимини шакллантиришда назарий-услубий асос бўлади. Бугун табиат билан боғлиқ муаммоларнинг ортиб бораётгани, унинг инсон ва жамият олдидаги қадрини янада оширмоқда. Табиатни қадрият сифатида англаш – инсон ва жамиятни ўз-ўзини қадрлаш билан баробардир. Ушбу тенденцияни умумпланетар онгда қарор топтириш орқали инсон маънавий борлиғи билан боғлиқ қадриятлар тизимида табиат “яшаш воситаси” сифатида эмас, балки умумбашарият орзу-мақсадларига элтувчи “макон” кўринишида намоён бўлади.
Мамлакатимизда экологик муаммоларнинг олдини олишда “2019–2028 йилларда Ўзбекистонда биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси” ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилмоқда. Унга кўра:
– биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланиш;
– экологик тизимларни муҳофаза қилиш;
– озик-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
– аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
– мамлакат барқарор ривожланишини таъминлаш учун 2030 йилгача Миллий стратегик мақсадларни белгилаш устувор вазифа сифатида қўйилди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан 2021 йил 31 декабрда “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ижтимоий онгда экологик қадриятларнинг шаклланишида муҳим қадам бўлди. Ҳужжатга мувофиқ, Давлат экология қўмитасига 2022 йил 1 декабрга қадар Экологик кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.
Ушбу ислоҳотлар халқимиз тафаккурида янгича экологик маданиятни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Экологик маданият бир нечта омиллар натижаси ўлароқ шаклланади ёхуд юзага келади: табиатга муҳаббат, табиат ҳақидаги билим ва тасаввурлар, кўникмалар, экологик тарбия, қадрият ва анъаналар экологик маданият шаклланишига сабаб бўлади. Айниқса, глобал экологик муаммолар инсониятни бўғма илондек чирмаб олган бугунги кунда экологик онг ва экологик маданиятни шакллантириш ва уларда атроф-муҳитга нисбатан рационал ёндашув кўникмасини ҳосил қилиш масаласи улкан аҳамият касб эта бошлади, деб ҳисоблаш ўринлидир.
Ҳозирги вазият воқеликдаги экологик муҳитни соғломлаштиришга хизмат қиладиган янгича экологик қадриятлар тизимининг фалсафий асосларини шакллантиришни муқаррар масала сифатида қўймоқда. Табиатни муҳофаза этишга йўналтирилган янгича қадриятларнинг шакланишида энг муҳим омил ушбу соҳада аждодларимиз асрлар давомида ҳурмат қилиб, ўз турмуш-тарзининг таркибий қисмига айлантирган анъана ва урф-одатлар бўлиши мумкин, улардан бугунги кун амалиётида ўринли фойдаланиш инсон-жамият-табиат тизимидаги қарама-қаршиликларни бартарф этишга имкон беради.
Ўтган аср инсониятга жуда кўп имкониятлар берди. Биз ушбу имкониятларни субъективлаштириб ядровий қуролланиш ҳамда атроф-муҳитни ифлослантиришга алмаштирдик. Эндиликда эса “инсон табиат қонунлари ижодкори” деган тамойил ўз умрини яшаб бўлганини англаган ҳолда, инсоният табиат қонунларига бўйсуниб яшаши лозимлиги дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда.
Элёржон ОРИПОВ,
Қўқон ДПИ катта ўқитувчиси
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ