Нуктадонлик йўли


Сақлаш
22:19 / 24.05.2022 1209 1

Кўзинг оч, ётма, ғафлатдан ўсон, миллат, ўсон миллат!

Топар сан бирла авлодинг омон, миллат, омон миллат!

Абдулла АВЛОНИЙ

 

Орадан 10–15, балки 50–60 йил ўтар, ўшанда ортга назар солиб, Ватанимиз тараққиёти, фарзандларимиз фаровон ҳаёти учун нима қилдик, деган савол ҳар биримизни ўйлантириши  табиий. Бугун Президентимиз барчамизни Учинчи Ренессанс сари руҳлантирмоқда. Бу йўлда олдимизга катта мақсадларни қўйганмиз. Лекин яна савол туғилади: Учинчи Ренессанс учун қанчалик ҳисса қўшяпмиз? Ҳеч қурса виждонимиз олдида шу саволларга жавоб беришга бурчлимиз.

 

Бу каби уйғоқ саволлар юрт келажагига бефарқ бўлмаган барча илм аҳлини қийнаётганига иймонимиз комил. Зотан, давлатимиз раҳбари ҳар бир ишга, ҳар бир соҳага илм­-фан мезонлари асосида ёндашиш лозимлиги, маърифатли жамият барпо этиш ғояси давр талаби экани, илм бобида жидду жаҳд ва муттасил изланишлар билангина мутараққий давлатлар қаторидан жой олиш мумкинлиги, тараққиётнинг бошқа муқобил йўли йўқлигини уқтириб келмоқда. Алҳол, бу кундек равшан ҳақиқат эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаётир.

 

Энди эса нега бу саволлар бизни ҳозирданоқ ўйлантириши кераклиги хусусида гаплашсак. “Янги Ўзбекистон руҳи” билан яшаётганимиз – бугунги ислоҳотлар даврида ҳар ишга, ҳар соҳага илм-фан нуқтаи назаридан ёндашиш талаб этилмоқда, маърифатли жамият барпо этиш ғояси юксак тараққий этган давлатлар қаторидан жой олишимиз, ижтимоий­-иқтисодий тараққиётга эришишимиз кераклиги, бошқа муқобил йўл йўқ эканини англатмоқда.

 

Аммо биз тарих ғилдираги айланиб туришини, ўтмиши буюк эл, албатта, яна буюк бўла олишига дунёни қачон ишонтирамиз? Ахир, дунё илмига шу замин бешик бўлгани, бу эл фарзандлари битмас­-туганмас мерос қолдиргани аён­-ку! Қолаверса, ҳақиқат шуки, Жалолиддин Румий айтганидек, Туронзамин ҳамиша илм-фан ва маданият бешиги бўлган ва бўлиб қолажак.

 

Албатта, Туронзаминда илм­-фан ва маданият ўз-­ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ, бунинг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари, унга туртки бўлган қатор омиллар бор.

 

Ислом ва унинг туб илоҳий­-фалсафий моҳияти бизнинг заминда илм-фан ривожига объектив омил сифатида хизмат қилган бўлса, ҳукмдорларнинг илм­-фан фидойиларини қўллаб­-қувватлагани, уларга шарт­-шароит яратиб бергани, маблағни аямагани субъектив омил ўлароқ тараққиёт учун энг муҳим асос бўлди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ёзганидек, мусулмонлар қадимги илмларни жуда ривожлантирди. Ўзларидан аввал маълум бўлмаган илмларни кашф этди. Уларнинг дорулфунунлари оврўполик толиби илмлар учун доимо очиқ эди. Оврўполик подшолар мусулмонлар диёрига даволаниш учун борар эди. Оврўпонинг уйғониши ва тараққиётининг асосий сабабчилари ҳам мусулмонлардир.

 

Бу Уйғониш даври Туронзаминда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Фарғоний, Форобий, Юсуф Хос Ҳожиб, Кошғарий, Замахшарий, Бухорий, Термизий, Мотуридий, Насафий каби буюк аждодларимизни етиштириб чиқарди ва улар IX–XI асрлардаги Биринчи Ренессанс ҳодисасига замин яратди.

 

XIV-­XV асрларда Иккинчи Ренессанс дея аталадиган давр ҳам ўзига хос воқелик ҳисобланиб, бунда объектив шарт­-шароитдан кўра, субъектив омиллар муҳимроқ ва кўпроқ роль ўйнагани гувоҳи бўламиз. Амир Темурнинг олиму фузалоларга юксак эътибори, олий мадрасалар бунёд этилиши, умуман, маданият ва маърифат негизига қурилган бунёдкорлик сиёсати ва давлат бошқаруви Иккинчи Ренессанс юзага келишига туртки берди.

 

Мулоҳаза қилиб кўрилса, ҳар икки Ренессанс моҳиятан бир­-бирини тўлдирувчи, чуқур мантиқий изчилликни ўз ичига олгани билан характерланади. Унда диний ва дунёвий илмларнинг уйғунлик, муштараклик касб этганига гувоҳ бўласиз. Маърифий ислом булоғидан сув ичган аллома боболаримиз илму ирфон боғини гуллатди, дунёга устозлик қилди.

 

Илмга муҳаббат исломдан мерос бўлиб келаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, Қуръони каримнинг “Мужодала” сураси 11-­оятида “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”, дейилса, “Зумар” сураси 9­-оятида “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” дея марҳамат қилинган. Бу ояти карималар илм кишисининг мақом­-мартабаси Ҳақ ҳузурида қанчалар юксак эканини тасдиқлаб турибди.

 

Шу боис, агар биз бугун яшаётган кунимизни илм-­маърифат, мустаҳкам эътиқод, юртга садоқат руҳи билан тўлдирсак, келажак авлод ундан тўйиб озиқланади ва биздан оғринмайди. Бир сўз билан айтганда, бугунги тўғри ҳаётимиз ва унинг мазмуни, керак бўлса, руҳияти авлодларимиз тақдирини белгилаб беради. Биз илмли, маърифатли, маданиятли, бағрикенг, ҳалол, сахий бўлсак, келажак авлодимиз ҳам худди шундай бўлади.

 

Агар биздан Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун ишни нимадан бошлаш керак, деб сўрасалар, ҳеч иккиланмай зиёлиларимизни, олимларимизни уйғотишдан, деб жавоб берган бўлар эдик.

 

Инсон қачонки уйғоқ бўлса, ҳушёр бўлади, атроф­-муҳитда содир бўлаётган ўзгаришлар, хоҳ у самовий бўлсин, хоҳ моддий ёки номоддий, сезади, англайди, бирга иштирок этади ва баҳо беради, янги-янги фикрлар, ғоялар шаклланади. Бир сўз билан айтганда, инсон интилади. Интилиш тараққиёт мезони.

 

Яқин 6-­7 йил олдинги тарихимизни эсласак, таҳлил қилсак, бутун бошли Фанлар академияси ёпилиб кетишига сал қолганига, қанча-­қанча илмий­-тадқиқот институтлари ўз фаолиятини тўхтатганига, уларда ишлаётган олимлар давлат маблағисиз, фақатгина танловда ғолиб топилган грантлар эвазига яшайдиган ҳолатга келганига гувоҳ бўламиз. Агар грант танловида ғолиб топилмаса, олимларнинг шўрига шўрва тўкилгани ҳам рост. Олим бўлгунча, савдогар бўлсам нетарди, деб илмий фаолиятдан воз кечиб кетган кўп олимларни биламиз. Ахир бу эртак эмас, ҳақиқат­-ку. Хўш, нега Ўзбекистон илм­-фани шундай оғир кунларни бошдан кечираётган бир пайтда етакчи олимларимиз ҳаракатдан кўра, жимликни афзал кўрди? Мамлакат тараққиёти илм-фан ривожи билан ўлчанар экан, улар нега бонг урмади?

 

Замон шундай эди, узоқ йиллар мудроқлик кайфияти ҳукм сурди. Шу боис, бирлашиб ҳаракат қилишдан кўра, жараённи тинчгина кузатишни афзал билгувчилар кўп эди. Ўзимиз ҳам бирорта мард чиқиб қолар, деб овуниб ўтирганимизни бугун айтсак тўғри бўлар. Яна билмадим-у, лекин бу вазиятга замонни айбдор қилиб кўрсатиш хатодир. Балки давлат ўз тараққиёти ривожи учун улардан сезиларли наф кўрмагандирки, тизимни давлат томонидан молиялаштиришни қисқартириб, ўз кунини ўзи кўрсин, деган хулосага келгандир. Биз у даврни муҳокама қилиш фикридан йироқмиз.

 

Ўзбекистон илм­-фани шундай кунларни бошдан кечираётган бир пайтда сиёсий иқтидорга келган Шавкат Мирзиёев юртимиз зиёлилари, олиму фузалоларига алоҳида эътибор қаратди, қийин аҳволда қолган илм-­фанни янги юксалиш ўзанига бурди. Хуллас, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон тарихида янги даврни бошлаб бериш учун майдонга чиқди. Янги Ўзбекистонни барпо этиш масаласи давлатнинг бош мақсадига айланди. Балки бу гаплар баландпарвоз туюлар, аммо ҳақиқат.

 

Албатта, янги Ўзбекистонни қуриш осон кечмайди, унинг ўзига хос қийинчиликлари бор. Бу йўлда Президентимиз Соҳибқирон Амир Темур каби давлат ишларини юритишда олиму фузалолар, мамлакатнинг улуғ арбоблари билан маслаҳатлашиб иш юритганидек,  2016 йил 30 декабрь куни юртимиз илм­-фан вакиллари билан учрашди.

 

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад олимларни ҳар томонлама қўллаб­-қувватлаш, илм-­фанни ривожлантириш давлатнинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлашдан иборат эди. Шундай бўлди ҳам. Президент олимларга берган ваъдасини бажарди, тизим тўлиқ давлат томонидан молиялаштиришга ўтказилди. Грантлардан олинадиган қўшимча даромадлар жойида қолди. Бир сўз билан айтганда, олимларга илмий тадқиқотлар билан хотиржам шуғулланиш учун барча шароитлар яратилди.

 

Давлат раҳбари илм-­фан вакилларига қаратган бундай юксак эътиборга жавобан биргина нарсани истади, у ҳам бўлса давлатимиз тақдирига, унинг келажагига бефарқ бўлмаслик.

 

Эндиги марра ана шу ишончга муносиб бўлиш. Шу ҳақда мулоҳаза юритиш чоғи кишини баъзи саволлар ўйлантиради. Нега Ўзбекистондан Нобель мукофоти лауреатлари чиқмайди, нега коинотга чиқиш йўлини бизнинг ота-­боболаримиз яратиб қўйган бўлса­-да, биз коинотда эмасмиз? Алгебра, математика, физика, кимё, тиббиёт, астрономия каби фанларга тамал тошини қўйган аждодларимиз бўлса­-ю, бу фанлар ютуғи бизнинг номимизда эмас?

 

Ёки XIV асрда Амир Темур Шаҳрисабзда бунёд этган, атиги бир дона шам билан қиздирилган ҳаммомнинг сиру синоатини билиш учун бугунги кунгача нафақат ўзимизнинг олимлар, балки ривожланган давлатлар мутахассислари ҳам бош қотираётганидан хабаримиз бор-ку! Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, бироқ унинг ворисийлигини таъминлаш ҳам керак-­ку ахир. Мана Президентимиз, халқимиз биз, олимлардан нимани кутмоқда!

 

Айтмоқчимизки, янги Ўзбекистонни қуриш ғояси ўз ўрнида ва ўз вақтида илгари сурилди. Чунки эртага кеч бўлар эди. Шиддат билан ривожланаётган Ғарб, Узоқ Шарқ мамлакатлари, охирги йилларда тараққиёт чўққисини забт этаётган араб давлатлари... Бир сўз билан айтганда, бизнинг жонажон юртимиз, агар ўз тараққиёт йўлини қайта кўриб чиқмаса, Марказий Осиёда турмуш даражаси ўртача бўлган юрт сифатида тарих саҳифасига муҳрланишига оз қолган эди.

 

Денгиз йўли йўқ, қўшни давлатлардаги нотинч ижтимоий­-сиёсий ҳамда иқтисодий вазият, халқнинг умиди сўниб бораётган бир шароит Президент зиммасига ниҳоятда масъулиятли вазифаларни қўйди. Бу ҳам ташқи, ҳам ички сиёсатда туб ислоҳотларни талаб қилар эди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси, журъати билан бу мушкул вазифа уддаланди. Қисқа муддатда ён қўшнилар билан муносабатлар тартибга солинди. Яхши қўшничилик тамойили асосида дунё ҳамжамияти ҳайратланадиган даражада изчил ва бардавом алоқалар ўрнатилди. Чегаралар, савдо йўллари очилди, фуқароларнинг кириш­-чиқиш масаласида муаммо қолмади. Янги Ўзбекистон раҳбари қўшни мамлакатлар етакчилари билан қисқа муддатда ўзаро тил топиша олди.

 

Бу сиёсат давом этажак. Чунки Марказий Осиё илдизлари туташ халқлар яшаган яхлит макон. Шу боис, халқларимиз тарқоқликдан кўра, ўзаро аҳил-иноқ ва борди-­келди билан яшашни афзал билади. Шавкат Мирзиёевнинг бу масаладаги оқилона сиёсати ва унинг натижасини нафақат Ўзбекистон халқи, балки Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ҳам доим эслаб юради.

 

Юртимизда янги Ўзбекистон ғояси асосида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширила бошланди, натижалар узоқ куттирмади. Мақсад аниқ, нишонга отилган ўқ аста-­секин мўлжалга тега бошлаганини сезган халқимиз ўз Президентидан бундан­-да катта натижаларни кутади. Ислоҳотлар қисқа муддатда ижобий натижаларини бера бошлади.

 

Ҳар бир ишга илм билан ёндашиш талаби қўйилаётган ислоҳотлар шаҳарлардан ҳудудларга қишлоқлар ва маҳаллаларга кўчди. Давлат бошқарувининг вертикал тизими тўлиқ ишга тушди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида улкан лойиҳалар амалга оширила бошланди. Олис қишлоқларда ва маҳаллаларда аҳоли энди ўз давлати ривожи сароб эмас, балки тез суръатларда қад кўтариб бораётганига гувоҳ бўлиб яшашни ўрганди. Статистик рақамлар ўтган 6 йил ичида Ўзбекистонда ўртача умр кўриш 2­-3 йилга узайганини кўрсатмоқда. Албатта, буларнинг барчаси чуқур ўйланган ва амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир.

 

Шунинг учун бўлса керак, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс воқелигига гувоҳ бўлган бу замин учинчи марта ҳам шу тарих миллатимиз тақдири билан боғланишига, уни амалга ошириш мумкинлигига ишонди. Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси жаранглади.

 

Бир ҳақиқатни асло унутмаслигимиз даркор, Мовароуннаҳр диёри қайсидир жангларда, савашларда мағлуб бўлган бўлиши мумкин, аммо илм ва маърифатда асло мағлуб бўлмаган. Чунки юртимиз доимо дунё илм­-фани маркази бўлган ва бўлиб қолажак. Бу диёрдан биз юқорида муборак номларини келтириб ўтган буюк зотлар, мутафаккир-­олимлар, соҳибқирон-­подшолар, ҳукмдорлар етишиб чиққан ва дунёни бир эмас, бир неча марта ҳайратланишга мажбур қилган.

 

Аслида юртга унча-­мунча инсон раҳбарлик қила олмайди. Кимгаки шундай тақдир насиб этса, бу Яратганнинг хоҳиш-­иродаси. Бизнинг вазифамиз эса Президентимизга ҳар томонлама кўмаклашиш бўлмоғи лозим. Тўғри, кўмакнинг турлари жуда кўп. Маҳаллангизни севинг, унинг ободлигига бефарқ бўлманг, юртингизни ардоқланг, унинг ривожига бир яхши сўз билан бўлса­-да, ҳисса қўшинг. Бу ҳам бир кўмак. Ўз мамлакатингиз тақдирига бефарқ бўлманг, зеро, яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди.

 

Шу юртда сиз ва биз бирга истиқомат қилиш бахтига мушарраф бўлган эканмиз, бир-­биримизга билдирилган баъзи танқидий фикрларни тўғри қабул қилишни ҳам ўрганайлик. Аслида ҳаммамизнинг мақсадимиз улуғ, ниятимиз пок. Халқимиз, давлатимиз бой бўлсин, элимиз фаровон яшасин, фарзандларимиз соғлом ва бақувват, руҳияти тетик ўссин, ота-­оналаримиз бахтимизга бор бўлсин каби эзгу ният, эзгу мақсад ва эзгу сўз ила яшаяпмиз. Ниятни эзгу қилганга яраша қадамларни ҳам каттароқ ташлаш керак. Айниқса, тақдир кимгадир олимлик мартабасини туҳфа этган бўлса, улар бу неъматни халқ манфаати учун сарфлаши керак.

 

Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш катта гап, бу ғоя ўзида улкан мақсадларни мужассам этиб турибди. Биз ўз мақсадимизни айтдик, дунё эшитди. Улар кузатмоқда, қани нима қилар экан, эплай олармикин, мақсадига эриша олармикин, деб. Бир ҳақиқатни унутмаслик даркор биз бу мақсад йўлида мағлуб бўлишга ҳаққимиз йўқ. Ҳозир олий таълим муассасаларида ишлаётган оддий ўқитувчининг ойлиги 6-­9 миллион сўмдан кам эмас, илмий даражаси бор қатлам эса 10 миллиондан 20 миллион сўмгача маош олади. Фанлар академияси ва унинг таркибидаги тармоқ илмий-­тадқиқот институтлари, таълим, илм-­фан тизимига кирувчи вазирлик, идоралар раҳбар ва ходимлари ҳам анчагина юқори коэффициентли маош олмоқда. Бошқа вазирлик, корхона ва идоралар раҳбарлари ва ўринбосарларининг ижтимоий ҳимояси ҳам давлат томонидан ҳимояланган. Ойлик иш ҳақимиз йилдан-­йилга ошиб, турмушимиз яхшиланиб бормоқда. Бугун пиру бадавлат бўлиш амалга ошмас орзу эмас.

 

Аммо жидду жаҳдимиз суст, сезилмаяпти. Нега биз ҳам Президентимиз қайғурганичалик қайғурмаймиз, нега танбеҳ берганидан сўнг “энди кўзим очилди, энди ишлайман” кайфиятига ўтиб олганмиз? Нега давлатимиз раҳбари бизга берган ваколат ва имкониятлар, қолаверса, ишончни оқлаш учун масъулият билан ёндашмаймиз? Давлатнинг юкини биргина Президент елкасига юклаш тўғрими, адолатданми?!

 

Шунча қийинчиликлар бўлишига қарамай, юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш ҳаракати бошланди. Президент, ихтисослашган ва ижод мактабларининг тезкорлик билан бунёд этилиши, ривожланган мамлакатлардан профессионал мутахассислар жалб қилиниши, халқаро фан олимпиадаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ёшларимиз сафи йил сайин ортиб бораётгани, ақл спорти шахмат бўйича халқаро мусобақаларда ғолибликни бермай келаётган ўғил-­қизларимиз сони кўпаяётгани, ўз кашфиёти билан дунё танловларида муносиб ўринларни эгаллаб келаётган фарзандларимиз Учинчи Ренессанс пойдеворининг илк нишоналари ҳисобланади.

 

Бу йўлдаги ишларимизни бир кун ҳам сусайтиришга ҳаққимиз йўқ. Аксинча, кунма-­кун, керак бўлса, соатма­-соат ўз устимизда ишлашимиз, янги-­янги марраларни кўзлаб ҳаракат қилмоғимиз лозим.

 

Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш учун маърифатли жамият маконини барпо этиш лозим бўлади. Чунки бу икки тушунча ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, бири иккинчиси натижасида шаклланади ва такомиллашиб боради. Агар давлат маърифатли жамият барпо этиш йўлида бўлса, ривожланиш жараёни тезлашади. Чунки муҳит шунга мос равишда шаклланса, илғор мақсад ва ғояларга эришиш осон кечади.

 

Биргина мисол. Сармоядор бирор ҳудудга маблағ олиб кирмоқчи бўлса, муҳитни ўрганади. Сарфланажак маблағ ўзини оқлайдими, шароит муҳофазаланганми, бозор талаби, инфратузилма мавжудми, логистика сиёсати қандай? Шу каби саволларга жавоб излайди. Талабга жавоб берса, қўрқмасдан пул тикади ва ўзини ҳам, ҳудудни ҳам ривожлантиради, бойитади. Энди жамият ҳам маърифат йўлида бўлса, илм­-фан ривожланади, мамлакат юксалади. Президентимиз бежиз 2022 йилги давлат дастурида “Янги Ўзбекистон маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш Миллий дастурини ишлаб чиқиш топшириғини бермади. Бу борада Республика Маънавият ва маърифат марказида ишлар якунланиш арафасида.

 

Умуман, биз фақат ва фақат эзгуликка, юртимиз тараққиётига қаратилган саъй-­ҳаракатлар тарафдоримиз. Мақсадимиз Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш учун бор имкониятларимизни сафарбар этиш.

 

Шундай экан, нажот илмда эканини унутишга асло ҳаққимиз йўқ. Буни давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида такрор­-такрор таъкидлаяпти. Бизнинг 35 миллиондан ортиқ бойлигимиз халқимиз бор. Ер ости ва ер усти бойликларимиз кўп. Лекин ана шу бойликлардан тўғри фойдаланиш, уларни кўпайтириш, ҳаётимизни янада гуллатиш учун ақл, куч, интилиш керак бўлади.

 

Иккинчи жаҳон урушидан қашшоқлик гирдобига ботиб чиққан Европа ва Осиёнинг бугунги қудратли мамлакатлари ҳам табиий бойликлари эмас, ўз халқи кучи, билими ва салоҳияти туфайли барча машаққатларни енгиб, юксак марраларга эришди. Биз ҳам бунга қодирмиз. Фақат ўзимизни, ҳаёт тарзимизни, қарашларимизни ўзгартирсак бас. Навбатдаги буюк Уйғонишга бизни фақат билим ва меҳнат етаклаб боради.

 

Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

раҳбарининг биринчи ўринбосари,

сиёсий фанлар доктори

 

Янги Ўзбекистон” газетаси, 2022 йил 21 май

101 (623)-сон.

1 Изоҳ

Shahboz Zaripov

12:01 / 01.01.1970

Birinchi navbatda, maktab o'qituvchilariga odamlarning munosabatini harbiylarga, diplomatlar, senatorlar, hokimlarga bo'lganidek yuksak ehtiromda bo'lishini ta'minlash lozim. Maktab ta'limidagi o'qituvchilarga imtiyozlarni ko'paytirish, huquqiy himoyasini kuchaytirish, kerak bo'lsa, o'qituvchiga qilingan qo'pol muomala va uning ta'lim-tarbiya borasidagi faoliyatiga o'zboshimchalik bilan aralashgan shaxslarni ma'muriy javobgarlikka tortish kabi choralarni joriy qilish lozim. Yaponiya deb og'iz to'ldirib havas bilan gapiramiz, lekin Yaponiyada maktab muallimiga imperatorga ko'rsatilgandek hurmat bilan qaraladi, bolalar katta bo'lsa, muallim bo'lishni orzu qiladi. Bizda hali bunday ma'naviy qarash to'la shakllanmagan. Yurtboshimiz boshchiligida islohotlar natijasida maktab ustozlariga e'tibor kuchaymoqda. Biroq ayrim hollarda ushbu siyosatga zid tarzda xalq ta'limi sohasi mutasaddilari tomonidan muallimlarga yangi-yangi shartlar, talablar qo'yilyapti. Avval boridan foydalanish kerakmasmi? 3-Renessansga yetishish uchun xalq ta'limi muallimlarini qo'llab-quvvatlashni kuchaytirish lozim. Yangi O'zbekiston -ma'rifatli jamiyat konsepsiyasining asosiga maktab o'qituvchilariga bo'lgan e'tibor qo'yilsa, maqsadga muvofiq bo'lardi.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17370
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//