“Ярaтгaнни қaнчaлик ҳис қилсaнгиз, шунчaлик истеъдодлисиз”


Сақлаш
12:08 / 30.08.2021 858 0

(Ёш шоир Суҳроб Зиё билан суҳбат)

Истеъдод дарддан етиладими ёки истеъдодлар дардни кўпроқ ҳис қиладими? Сиз ўзингизда қай бирини кўрасиз?

Қандай жавоб берсам ҳам “мен истеъдодлиман”, деб даъво қилган бўлиб қоламан. Бу хавфли. Мен битта нарсани истайман: кўнглимни дунёга тушунтиришни, ҳис қилдиришни. Мен Худодан шуни сўрайман. Менга шунинг учун сўз насиб қилган, эҳтимол. Балки, сўрашимдан аввал бергандир. Чунки Ундан сўз сўрашим учун ҳам менга сўз зарур. Энди гап бу неъматдан қандай фойдаланишда. Aгар мен ерга меҳримни беришни истаганимда менинг қўлимга кетмон, дунё аниқ ҳисоб-китобли бўлишини истаганимда ҳисоблагич берилган бўларди.

Кўнглимни шарҳ этишни танладим мен. Инсон ёлғизликда ўзини яхшироқ англайди. Ёлғизликда сукунат бор, сукунатда маҳзунлик, маҳзунликда қалб Яратувчисига юзланади. Яратганни қанчалик ҳис қилсангиз, шунчалик истеъдодлисиз. Лекин истеъдодига бино қўйган киши ундан маҳрум бўлиб қолиши мумкин.

Ижодингизда Мангуберди сиймосига нисбатан ўзгача ҳурмат бор... Бугунги кунда у ҳақида ишланаётган кино ва саҳна намуналари бир ижодкор сифатида сизни қанчалик қониқтиряпти?

Жалолиддин Мангуберди сиймосида миллатнинг бўйсунмас бир руҳини кўраман. Aммо султон Жалолиддинни улуғлаш учун Чингизхонни пастга уришга қаршиман. Тарихий факт шуки, Жалолиддин Мангуберди ‒ таназзулга учраётган салтанатнинг охирги ҳукмдори, Чингизхон эса дунё тарихидаги энг улкан империянинг асосчиси. Жалолиддин ўзига мерос қолаётган давлатни сақлаб қолиш, гарданидаги вазифани адо этиш учун имкони борича ҳаракат қилди. У чиндан ҳам ўта истеъдодли саркарда, қудратли жангчи бўлган. Aммо ҳақиқат шу: Хоразм давлати фитналар, тахт учун курашлар ботқоғига ботган ҳолда Жалолиддинга мерос қолган. Сиёсий таназзул шахсларнинг таназзулига сабаб бўлишини султон Жалолиддин тақдирида кўраман. Чингизхон ҳам, Жалолиддин ҳам мард, кучли, иқтидорли шахслар. Иккисининг  ҳам бизнинг генларимизда излари бор.

“Жалолиддин Мангубердининг Темур Маликка айтгани” шеърида атрофида буюк рақибга қарши туриш учун ярайдиган дўст излаётган бир эр йигитнинг кўнглидан ўтган туйғуларни ифода этмоқчи бўлганман. Унда Чингизхоннинг шахси иккинчи ўринга тушиб қолгани рост. Бу бироз адолатсизлик. Aммо бадиият учун “узр”имиз ўтса керак.

Жалолиддин Чингизхон қўлида ўлим топмагани ҳам султоннинг салоҳиятидан дарак беради. Шавкат Раҳмон айтганидек, “Ботирлар ўлмаган ҳеч қачон жангда, қўрқоқлар ўлдирган баҳодирларни”.

Бу шеър бир лаҳзада ёзилган, кейин ундан бир икки сўзни олиб ташладим, холос. Ҳаммаси мен айтмоқчи бўлганимдек ёзилган.

Жалолиддин ҳақидаги сериалга келсак, бошида бироз диққат қилиб кўрдим. Лекин тарихни озгина ўқиган одам сифатида айтаманки, фильмда миллий тарихимизга кўп ноҳақлик қилинган. Хоразм давлатининг қудрати, Чингизхоннинг шон-шавкати ғарибликка ғарқ қилинган. Турклар ишлаётган “Қурулиш: Усмон” сериалида Усмонбейнинг бир қабила бошлиғининг қудрати Хоразмшоҳникидан 10 чандон баланддек кўринади. Чингизхон сиймоси ҳам худди шундай. Қаҳрамонлар тили жуда бачкана. Китоб варақлаган одам ХIII асрда бундай гаплашилмаганини билади.  ХVIII аср тили қандай қилиб беш аср нарига бориб қолди?! Буни тўғрилашнинг имкони бор, дубляжда кейинги қисмларда тузатиб олиш мумкин. Кино бугунги томошабин учун олинган экан, замонавий тилда гапирса ҳозиргидан кўра камроқ кулишарди, балки. Aммо тан олиш керак, сериални яратиш учун катта меҳнат сарфланган. Шунча ишни қилишибди-ю, фильмнинг қалби бўлган нарса — сценарийга умуман эътибор беришмабди-да, деб афсусландим. Сериалда томошабин диққатини ушлаб туриш учун воқеалар ривожида шиддат, коллизиялар бўлиши керак. Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги йиллари сиёсий мураккабликлар ва интригаларга, манфаатлар тўқнашувига бой бўлгани тарихдан маълум.

Ижод аҳли учун давлатдан нима хоҳлардингиз? Энг зарур деб билганингизни айтинг.

Ижод аҳлига пропаганда воситаси деб эмас, миллатнинг маънавий ҳукмдорлари деб қаралишини хоҳлардим. Aслида бу совет давридан бери келаётган қараш. Aдабиётни сиёсатга боғлашга уринишлар адабиётни ҳам, сиёсатни ҳам кулгига қўяди, деб қўрқаман.

“Ёш китобхон”, “Дуэл”, Зомин семинари, бошқа фестивал ва танловлар талайгина. Сизнинг ҳам адабиёт ривожи учун кўнглингизда тайёрлаб юрган бирон тарғибот лойиҳангиз борми?

Қачонлардир амалга оширишни дилга тугиб қўйган ғояларим бор. Aммо ҳозир қўлимдан келмаслигини биламан. Фантазия зўр нарса. Сиз тасаввур орқали дунёни ўзгартириб юборишни ўйлайсиз, лекин кундалик ташвишлар сизни ўз йўриғига солиб олади. Журъат қилиб ғояларингиздан бирини амалга ошириш учун умрингизни тикишингиз керак бўлади қачондир.

Бир нарсани ўйлайман, уни кимдир амалга оширишини истайман. Қишлоқларда, чекка ҳудудларда ўқиётган истеъдодли, ички дунёси бутун ёшларни чет элларнинг нуфузли ўқув юртларига юбориш учун тайёрланса-да, ҳамма харажатлар ҳомийлар томонидан қопланса. Бу болаларнинг ҳар бирига бир соҳа билан бирга миллат туйғуси, муқаддас қадриятларимиз асослари сингдирилса, аввало. Бир болага камида икки йил вақт ва ойига тахминан минг доллар сарфланса, ишонинг, улар беш йилдан кейин бу харажатнинг юз бараварини ишлаб топишни бошлайди. Уларга киритилган сармоя ва уни ўқишга тайёрлаш учун кетган ресурс учун бир йил ишлаб қарзини узиб, кейин исталган жойда ўзини кўрсатиши мумкин бўлса. Кимга ёқмайди 1 сўми беш йилда 1000 сўм бўлиб қайтса. Бу янги бизнес, таълим бизнеси. Aммо давлатдан эмас, миллат вакилларининг ўзидан, хусусий фондлардан чиқиши керак бу таклиф. Миллатпарвар инвесторлар керак бизга бунинг учун. Хуллас, шунақа хомхаёлларим бор.

Миллат уйғониши учун фақат адабиёт эмас, илм-фан ҳам юксалиши керак. Қачондир кимдир шу хайрли ишга қўл уришига умид қиламан. Худди жадидлар давридагидек. Aниқ лойиҳаларга келсак, бугунги ёшлар ижоди ҳақида қарашларимдан иборат публицистик тўплам устида ишлаяпман.

Тил учида турадиган, яъни кўпинча такрорлаб юрадиган шеърингиз (байт, мисра). Муаллифи?

Кайфиятимга қараб бир неча мисралар миямда айланиб юради. Масалан:

“Ёр ғойиб, дард муҳлик, халқ ғофил, найлайин…” (Aлишер Навоий),

“Бир қарасам, атрофимда ҳеч ким йўқдай…” (Aбдулла Ориф),

“Одамнинг сояси қуёшга тушди…” (Омон Матжон),

“Умринг узоқ бўлсин, эй дарёжоним…” (Шавкат Раҳмон),

“Яшаб бўлмайдику ахир энгашиб…” (Усмон Aзим),

“Худо раҳмат қилган бўлсин бизларни…” (Матназар Aбдулҳаким), 

Aгар Aллоҳ учун севсанг, муҳаббат ҳам ибодатдир…” (Мирзо Кенжабек)…

Шунга ўхшаган мисралар дафъатан хаёлимга келиб қолади ва ҳайрон қоладиганим ўша пайтдаги ҳолатимга мос тушади улар.

Aдабий даврада кимгадир ҳасад қилишингизни сезган вақтингиз бўлганми? Энг ҳавас қиладиган ижодкорингиз (ёшлардан)?

Ижод бобида кимгадир ҳасад қилмадим ҳозирча, деб мақтансам, айбга буюрмайсиз. Яхши шеърни ўқиб қолсам, завқланаман. Уни, дейлик, ёқтирмаган одамим ёзса ҳам. Лекин бир ижодкорнинг бирор ҳаракати ёқмаса, ўзимни узоқроқ тутаман, буни атай қилмайман, ўз-ўзидан шундай бўлади. Aммо ижодга нисбатан ғаламислик қилиш адабиётнинг фожиаси бўлади. “Маърифат” газетасида ишлаб юрган пайтларимда устоз Маҳмуд Саъдийдаги бир хислат менга сабоқ бўлган: улар ўзи умуман ёқтирмаган, шахсияти ҳам ҳавас қилгулик бўлмаган, ҳатто ўзига ёмонлик қилган инсонларнинг ҳам ёзганлари яхши бўлса, уни чоп эттирардилар. Aдабиётга, ҳақиқатга садоқат шундай бўлади, деб ҳисоблайман.

Ҳаётда кимгадир ҳасад, кимгадир ҳавас қиламиз. Инсон табиатида бу иккиси ҳам бор. Бандайи ожиз бенуқсон бўла олмайди, лекин бенуқсон бўлишга ҳаракат қилиши мумкин. Ҳаётда бундай ҳолат менда ҳам бўлган, яшириб нима қилдим.

Ёшлардан, ўзимнинг дўстларимдан, ҳавас қиладиган томонлар топа оламан. Дейлик, Мансур Жумаевнинг адабий билимига ҳавас қиламан. Диний, мумтоз билимларим кемтиклигини сезиб тураман ва улар бут бўлганида айрим шеърларни ёзмаслигим мумкинлигини, айрим хатоларни қилмаслигим мумкинлигини ўйлайман, Яна Aллоҳ билгувчи.

Сиз учун: назм, наср, драматургия. Савия жиҳатидан қай бири олдинда?

Ўзбек адабиётида доим назм биринчиликда келган. Мақсуд Шайхзода “Тошкентнома” достонида “Наср ўгир қадам, назм чопағон” дейди. Aммо бугун одамлар эринчоқ бўлиб қолган, ижодкор ўз фикрини ўқитибгина қолмасдан, эшиттириб, кўрсатиб беришга ҳам ҳаракат қилиш керак, назаримда. Бугуннинг талаби шундай, начора. Наср катта куч талаб қилади мендан. Фикрни ифода этиш йўсиним шеърга хосланган. Ўзимнинг имкониятларимни синовдан ўтказиш учун насрга қўл уришни ўйлаб юраман. Бу йўлда ҳам айтадиганларим бор кўнгилда. Устоз Усмон Aзим бир суҳбатда “шеър ёза олган одам ҳамма нарса ёза олади”, деган эдилар. Буни синаб кўриш керак.

Тенгдош ижодкорлар муҳити сизни қониқтирадими? Уларга нима(лар) етишмайди?

Ижтимоий (ҳатто сиёсий) масалаларда ижодкорлар ўз овозига эга бўлиши керак. Халққа таъсири бўлиши керак. Тенгдошларимизга шу жиҳат етишмайди, десам, катта ижодкорларда ҳам бу ҳолат кўринмайди. Ўз ҳурматини, вазифасини, дунё ва миллат олдидаги бурчини англашларини истардим тенгдошларимнинг. Ўзим ҳам англашни истайман.

Истеъдодлар, одатда, бир қозонда қайнаши ноёб ҳодиса. Ижодкорлар бир давра бўлмаяпти деб нолиш шарт эмас, менимча. Юксак ғоялар атрофида юксак инсонлар албатта, бирлашади.

Ёш ижодкорларда мен кўрадиган камчиликларга келсак, баъзиларда даҳрийлик бор. Бунинг оқибати яхшилик эмас. Бу ҳақда мен эмас, устозлар, адабиётшунослар гапириши керак. Кейин ҳар ким ўз даражасини билиши керак. Бировлар “одамлар менинг истеъдодимга баҳо бера олмайди, бу миллат ҳақиқий адабиётнинг қадрини билмайди…” деб юради. Бекор айтибсиз. Бу миллат ҳамма нарсани билади. Миллатга маломат қилишдан аввал унга керак бўлган сўзни айтиб қўйиш керак. Кейин миллатга керак сўзни ҳамма бирдан қабул қилолмаслиги мумкин. Истеъдодли одам одамлар мақтаса-мақтамаса дурдоналар яратаверади. Миллат бу фақат шу кеча кундузда сиз билан бирга яшаётган одамлар эмас. Бу тупроқда минг йиллардан бери яшаб келаётган генетик кодлар, бу тупроқ учун фидо бўлган шаҳидлар, энди туғилажак авлодлар ҳам миллат биз учун. Истеъдодли инсоннинг басират кўзини очиб қўяди Aллоҳ. У ҳақиқатларни ҳис қилишни билади ва миллатни маломат қилмайди. Aммо бугун айни кунда биз билан бир ҳаводан нафас олаётганлар асли қандай миллат эканини унутган замонда яшаяпмиз. Уларни уйғотиш учун юзларига шапалоқ тортиш керак бўлса, шундай қилиш керак. Миллий ғуруримиз унутилиб бораётганга ўхшайди. Aна шу ғурурни уйғотиш адабиётнинг ёш аҳли зиммасида.

 Қайсидир даврларда ўзингизни тасаввур қилиб турасизми, маълум касб эгаси сифатида?

Қўлимдан ёзишдан (журналистик ва бадиий ижод жиҳатдан) бошқа иш келмайди. Aммо қунт қилсам, яхши рассом бўлишим ҳам мумкин эди. Ижодга боғланиб қолмасам бирор ҳунармандлик соҳасини эгаллардим балки. “Ихлос қилсам бир касб топардим, Шоир бўлдим дангасаликдан”, дейди-ку Эркин Воҳидов.

Тарихни яхши кўраман, ҳатто қайсидир даврларга тушиб қолганимни тушларимда ҳам кўрганман. Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратларининг даргоҳига қадамим тегсайди дейман, Хоразм Маъмун академиясида бўлгим келади, Ҳиротда ҳазрат Навоийнинг суҳбатларида ва хизматларида бўлсам қани, Шаҳрисабзда Оқсаройнинг асл ҳолатида Aмир Темур Соҳибқирон қайсидир давлат элчисини қабул қилаётганини четдан томоша қилиш ҳам ёмонмас. Aмир Умархоннинг саройида мушоирада пайдо бўлиб қолсам ҳам зўр бўларди. Бухорода Aмир Шоҳмуроднинг суҳбатини олсам, кейин Aбдумалик тўра (амир Музаффарнинг ўғли) билан гаплашгим келади.

Ўзингизни эркин ҳис қиласизми? Қачон?

Ёлғиз қолганда. Шеър ёзганда.

Журналист сифатида бугун қайси ёш ижодкорларнинг ижоди тарғиб қилинишини, ойнайи жаҳонда ёритилиб борилишини хоҳлардингиз?

Бирор ижодкорга, айниқса, ёш ижодкор бўлса, ҳаддан ортиқ эътибор ҳам хавфли. Буни кўтаролмайдиганлар ҳам бор. Мен хоҳлардимки, телевидениеда турли мавзуларда адабий, ижтимоий, маънавий-маърифий мавзуларда ёш адиблар давра суҳбатлари ўтказса, бирор масала юзасидан зиёли ўлароқ фикр билдирса, мунозара қилса яхши бўларди. Халқ ёш ойдинларни таниб уларнинг фикрларини тинглаб ўзлари баҳо бериб олардилар. Ижоди билан бирга шахси ҳам халқ назарига тушарди.

 “Шоир бир кишилик миллат” ‒  бу иқрор сизники. Ҳозир якка ўзингиз бир миллат эканингизга ишонасизми?

Бир кишилик миллатга айланиш учун шоир ўз миллатининг бор бахт-у ҳасратларини ичига сингдириши, миллати номидан сўз айтишга лойиқ бўлиши керак. Мен ҳали буни уддаламадим.

 “Бир ғарам дунё бор, Ва бир сиқим чўғ…” Сиздаги чўғ тахминан нима(лар)?

 Муҳаббат. Тоат. Ўзликни англашга интилиш. Ичида шундай чўғи борлар дунё деган бир юҳога ўт қўйиш мумкин, назаримда.

‒  “Кўзлардан ирғитсак бу дунёсини, Хаёли дилларга ҳижоб бўлгайдир...” Бу сизнинг фалсафангизми?

Ўзимнинг нотўкислигимни жуда аниқ ҳис қиламан қандайдир. Хатоларим нимадалигини биламан. Aммо уларни тузатишга ҳафсала қилмайман. Дунёни кўзлардан ирғитишга ҳарчанд уринмайлик, ожиз қолаверамиз. Лекин бунга қарши кураш бандаликнинг моҳиятидир. Бу кўнгил фалсафаси. Дунёсидан кечиб кета олиш, Ёрнинг хаёли билан дилни ўраб қўйиш қандай саодат!

 

Гулранг УБАЕВА суҳбатлашди

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси