Олқинди сўзининг ўз ва кўчма маънолари – у бугун истеъмолдан чиқиш арафасидами?


Сақлаш
20:22 / 23.05.2022 1153 0

Кир ювилавериб кичрайиб қолган кирсовун ёки ейилиб кетган қумқайроққа нисбатан ОЛҚИНДИ деймиз. Шунингдек, “олқиндидай...” деганда кўчма маънода кичик нарса тушунилади. Кир ювиш воситалари, ҳаёт тарзимиз ўзгарган сари бу сўз ҳам, агар янги маъно товланишлари билан истеъмолга қайтарилмаса, ҳадемай мутлоқ унут бўлиши мумкин.

 

Қадимда эса олқинди ва унга ўзакдош сўзлар анча фаол бўлган, хусусан, буни Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида келтирилган мисолларда ҳам кўриш мумкин: “алқїндї – тамом бўлди, тугади. Алқїндї нӭң – нарса бутунлай тамом бўлди, тугади. Ӭр алқїндї – одам ўлди, тугади, йўқ бўлди (алқїнур, алқїнмақ)” (ДЛТ. I. Т. 1960. 255-бет). Шунингдек, “Девон”да бу сўзнинг феъл шакли “алқтї” (бошқа бир ўринда “алқдї”.: ДЛТ. III. Т. 1963. 449-бет) шундай изоҳланган: “алқтї: ол таварїн алқтї – у молини йўқ қилиб юборди” (ДЛТ. III. Т. 1963. 425-бет).

 

Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ҳам бу сўзга бир неча ўринларда дуч келамиз:

 

“Нэчә тэрсә дунйа түгәр АЛҚЫНУР”.

Маъноси: “Қанча мол-дунё йиғмагин, термагин, у тугайди, олқинади” (ҚБ. Т. 1971. 78-бет).

 

“Алқїндї” – “тугади, тугаётган” дегани бўлса, унинг зидди, бўлишсизлик шакли: “алқинчсиз” ҳам “битмас, туганмас” маъносида қадимда кенг истеъмолда бўлган. Мисол: alqїnčsїz tükätinčsїz – битмас-туганмас. Alqїnču эса – ўлаётган, ўткинчи демак (ДТС. М. 1969. 37-бет).

 

Бу сўз этимологияси ҳақида луғатларда маълумот мавжуд эмас. Бизнингча, “алқ-” ўзаги қадимги туркийдаги “тугамоқ, ўлмоқ, ўлдирмоқ...” каби кўплаб маъноларга эга бўлган “өл” архетипига бориб тақалади. Қадимги “өл” эса – ҳозирги тилимиздаги “ўл-”, яъни барча туркий тиллардаги “ўлмоқ”, “ўлим” сўзлари негизи. “Этимологический словарь тюркских языков” луғатида келтирилишича, ҳунгар олими Г.Вамбери “өл” архетипининг “ўлмоқ” эмас, “ўлдирмоқ” маъноси қадимда бирламчи бўлган, деган фикр билдирган. Бунга мисол қилиб олим мажор (ҳунгар) тилида “өл-”нинг “ўлдирмоқ” маъноси сақланганлигини келтиради. Чунки мажор тилига бу сўз қадим замонларда ўзлашган (ЭСТЯ. I. М. 1974. 526-бет).

 

“Өл-”нинг “ўлдирмоқ” маъноси нафақат мажор, балки мўғул тилларида ҳам сақланганлиги Г.Вамбери фикрини қувватлайди. Хусусан, “Мўғулларнинг сирли тарихи” ёдгорлиги 157 параграфида “ўлдирмоқ” маъносида қадимги мўғул тилидаги “alaju” сўзи ишлатилган. Бу борада Бобур ҳам “Бобурнома”да қизиқ маълумот келтиради. Маълумки, Бобурнинг кичик тоғаси Аҳмадхоннинг лақаби Олачахон бўлган. Бобур буни шундай тушунтиради: “Олачанинг важҳи тасмияси муни дерларким, қалмоқ ва мўғул тили била ўлтургучини “олачи” дерлар. Қалмоқни неча қатла босиб, қалин кишисин қирғон учун “олачи” де-де касрати истиъмол била Олача бўлубтур” (Б. Шарқ”. 2002. 40-бет).

 

Шундай қилиб, “алқ-” феъли, бизнингча, худди “тол+иқ+моқ”, “йўл+иқ+моқ” сўзлари каби, мазкур “өл-” ўзагига “-қ” феъл ясовчи қўшимчасини қўшиш йўли билан дастлаб “ал+иқ+моқ” шаклида ясалган. Бирор феълга мазкур “-қ” (“-иқ”) қўшимчаси қўшилганда феъл ўзагидан англашилган маъно бироз юмшайди, қиёсланг: “оёғим толди” – “оёғим толиқди”. Шу каби “олқимоқ”, “олқинди” сўзлари ҳам ҳали бутунлай тугамаган, аммо тугаётган маъносида қўлланилган. Дейлик, қадимги туркийда ўлим соати, киши ўлаётган, сўнгги дақиқаларини яшаётган пайт – alqїnču öd ибораси билан ифодаланган. Ҳозир ҳам шу боис тугаётган, аммо бутунлай тугаб улгурмаган кирсовун, қайроқ кабиларни ОЛҚИНДИ деймиз.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//