Адабиёт
Мирзо Бедилнинг “Қаноти йўққа қафас торлик қилмайди”, деган ҳикмати бор. Туйғусиз, қалбсиз, ҳурриятсиз кишилар қанотсиз қуш кабидирлар. Билъакс, шоирларнинг қанотлари катта-катта бўлади. Қафас тугул, баъзида осмонларга сиғмайди...
...Ҳалима опа 2012 йилнинг июнида Бухорода инсульт билан йиқилди. Кейинроқ уни Тошкентга олиб келишиб, 16-касалхонага жойлашганида кўргани бордим. Ҳарна, палатага киришга рухсат беришди. Опа каравотда ётар, бутунлай ҳолдан тойган, ҳорғин қабоқларини зўрға кўтариб, титроқ овозда тутилиб-тутилиб, аранг сўзларди. Мени шунда бир нарса ҳайрон қолдирган. Ҳалима опа шундай аҳволда ҳам шеърият ҳақида гапирар ва мендан: “Адабиётда қандай янгиликлар бўлаяпти?” деб бот-бот сўрарди. Унинг шеър ўқигиси келарди, ўқтин-ўқтин ёниқ сатрларни такрорларди. Гарчи шоир каравотда ҳолсиз ётса-да, унинг қалб қанотлари парвозда эканини илғаса бўларди.
* * *
Айни дақиқаларда Абдулла Ориповнинг Ҳалима Худойбердиева ҳақидаги “Жонфидолик” деган мақоласини ўқиб ўтирибман. Мақола номининг ўзиёқ кўп нарсаларга ишора беради. Шоиранинг ҳаёти ва ижодига бир сўз билан берилган энг муносиб баҳо бу! Жонфидолик... 10 та товушнинг бирикувидан ҳосил бўлган бу сўзнинг айтилиши жуда осон, ярим нафасда айтасиз-қўясиз. Лекин амали жуда қийин, умрни, қон ва терни, азоб ва машаққатларни, сабот ва матонатни талаб қилади.
Абдулла Орипов бу мақолада ўз дарду изтиробларини Ҳалима Худойбердиеванинг дарду изтироблари билан уйғун тарзда ифодалаган. Бу икки ака-сингил қалбидаги армонлар, туғёнлар, исёнлар, нолалар ва фарёдлар миллат руҳининг овозидай кескин жаранглаган. Бу икки ака-сингил суронлар, таъқиблар, тўзонлар ичида ҳам ўз шеърларида ўзбек кўнглини ифодалаган, ўзбек руҳини намоён қилган. Ҳалима опанинг Абдулла акага бағишлаган шеърида шундай сатрлар бор:
Энди шундай. Курашларга белни маҳкам боғлармиз,
Дил топамиз. Айру-айру элни маҳкам боғлармиз,
Тўғон бўлиб, элга келар селни маҳкам боғлармиз,
Тиклагаймиз халқни! Кураш – ором бўлсин, оғажон,
Тиклолмасак шоир номи ҳаром бўлсин, оғажон!
Бу ўтли мисраларни у мустақиллик арафасида 1991 йилнинг 5 апрелида ёзган. Бу шоирлар аллақандай майда-чуйда, куйдирмажон ҳисчалар билан эмас, шундай катта туйғулар билан яшаганлар. Бу туйғулар халқнинг асрий армонларига жонтомирлардай боғланиб кетган.
Абдулла Орипов шундай ёзади: “Мен Ҳалима Худойбердиева ижодини, унинг шоир юрагини даврнинг доимий таранг торларига ўхшатган бўлардим. Чунки бўлиб ўтган, ўтаётган ҳар бир ҳаётий жараёнлар бу юракдан ўз акси садосини топиб бормоқда. Гоҳ мунгли, гоҳ забардаст, гоҳ тасдиқловчи, гоҳ инкор этувчи... умуман бу йўлларда у ўзининг ўчмас изларини қолдириб бормоқда деб айтишга ҳар жиҳатдан ҳақлимиз. Жонажон Ватан шаъни, эрки хусусида гап кетганда, ҳеч иккиланмай, азиз жонини гаровга қўйиб, қўлига қалам оладиган ижодкорлардан деб биламан мен уни”.
Ҳақ гап. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида миллат бошидан не кўргуликларни ўтказган бўлса, бу қайғулар Ҳалима Худойбердиева шеърларида ўзбек оналарининг аламли нидосидай акс-садо берди. Унинг 60–70-йиллардаги пахта далаларида қулларча меҳнат ҳақидаги (“Элим, сени муте кўрсам, Кўздан қолай, кўзим куйсин”), 80-йилларда ҳарбий хизматга уйдан ўйнаб-кулиб чиқиб кетиб, темир тобутларда қайтган ўзбек ўғлонлари ҳақидаги (“Сор ўғиллар туғиб, улғайтиб, Олдирасан, калхатга токай”), “Ўзбеклар иши” тамғаси остидаги бутун бир халққа туҳмат ва ҳақоратларга қарши исёнкор мардона шеърлари (Эгилган бошларимга туҳмат тожин кияркан, Ўз манқуртларим гоҳи эл ризқини қияркан”), “Ўш-Ўзган фарёди“ дафтаридан “Унутганнинг куйсин икки дунёси” каби туркумлари (“Фитна тиғ санчди тик, кўкси тоғларга, Ит тегди сут ҳидли қизалоқларга”) бунга далилдир. У эрксиз элнинг қайғу ташвишларини, мазлум миллатнинг дардларини ўз қалбининг оғриғи деб ҳис этар ва бундай вазиятда бефарқликни жиноят деб биларди.
Бул кун кимдир ўйнаса
Доғ устида ўйнайди.
Доғ-дарахти зардоб ранг
Боғ устида ўйнайди.
Қандоқ сўлмай қиёғи,
Куйиб кетмай оёғи,
Нақ юракнинг устида,
Оҳ устида ўйнайди.
***
Ҳалима опа бундан 57 йил аввал 18 ёш вақтларида ўз қалби билан шундай бир битим тузган ва бу битимни шеърда қуйидагича ифода қилган эди:
Япроқлар тўкилар, кўзларимда нам –
Сўнгги шитирлашлар... ўкинаман жим.
Демак қачонлардир тугайсан сен ҳам,
Тингунингча куйла, куйлаб қол кўнглим.
Катта йўл бошида турган бу ёш қалб кейин узоқ йиллар меҳр-муҳаббат билан ёниб куйлаб ўтди ва ўз қўшиқларини абадиятга муҳрлади. Шунинг учун ҳам, куйлаган кўнгилга ўлим йўқ.
Унинг ҳар бир шеърида тирик бир руҳ ҳаракат қилади. Шу боис Ҳалима опанинг шеъри билан юзма-юз келганингизда унинг ўзи билан юзма-юз келасиз. Ҳар бир шеъри бир ўқишдаёқ, мудраётган қалбларни уйғотиб юборади. Бу руҳ қайдан? Бу шиддат қайдан? Бу куч қайдан? Бу ҳикмат қайдан?
Она элим, дўстингга дўст-у,
Душманингга хавфу хатарман.
Жилғалардай чулдираб ўсдим,
Илдизингдан келган хабарман.
Шу буюк илдиз сабаб, унинг шеъриятида ватан бор, тупроқ бор, эл ва авлод бор. Кейинги пайтларда ватансиз, ерсиз, муаллақ шеърлар кўпайди. Буни бошқача, яъни “Ватан!” деб албатта ёзиш керак экан-да, деб тушунмасинлар. Гап шундаки, ичингда ватан қайғуси борми, бас, бу қайғу севги ё янтоқ ҳақидаги шеърингда ҳам барибир қандайдир сирли шаклда кўриниш бераверади, 25-кадр каби кўринмасдан онг остида ўз фаолиятини олиб бораверади. Баъзан “Ватан” сўзи юз марта қайтарилган шеърда ҳам Ватаннинг ўзи бўлмаслиги мумкин. Инсоннинг ботинида Ватан туйғуси устувор бўлмаса, унинг бошқа туйғулари ҳеч қачон бутун бўлмайди. Чунки одамнинг олтмиш икки минг томирининг уриши – севгисию нафрати, шодлигию қайғуси, аждодию авлоди, меҳрию қаҳри, болалигию кексалиги, ҳаётию ўлими шунга боғланади.
Ҳалима опа камтарлик билан бир тўртлигида шундай ёзади:
Менам ўз-ўзимча роз айтдим, кетдим.
Не айтдим? Ўзимга хос айтдим. Кетдим.
Бу дунёга келиб бор қилган ишим –
Бир икки сўз айтдим. Рост айтдим. Кетдим.
Аслида шоирнинг ҳақиқати ҳам, моҳияти ҳам шу экан-да! Ҳалима опа буни жуда яхши билган. Шоир бир сўз айтиб кетса ҳам рост айтиб кетиши керак. Шоир битта жумла сўйласа ҳам, бу жумлада унинг қалби уриб туриши керак. Ўтган тузум давридаги том-том, жавон-жавон шўрлик китобларнинг фожиаси ҳам шунда. Вақти келиб ўлимтикка айланган, мадҳиябоз, қулликни шарафлаган бундай хоин китоблардан бир арава ўтин авло бўлиб қолгани ҳам рост. Баъзан эски кутубхоналарда мустабид мафкуранинг супургиси бўлган шундай китобларга дуч келиб қоласиз. Кутубхоначилар бу китобларни қаерга қўйишни билмайдилар, худди Абуладзенинг “Тазарру” филмида ўликни кўмиш муаммо бўлганидай.
***
Унинг шеърлари шу даражада табиийки, уларда ҳар бир сатр “юракнинг энг чуқур еридан” отилиб чиқаётганини айни сатрнинг ўзи далиллаб туради. Бу шеърларнинг илдизлари халқнинг жон томирларига бориб туташади. Шунинг учун шоир ўзи ва халқи ўртасида турадиган изоҳкаш-даллолга муҳтож эмас.
Тунда тундай ботганларга менинг гапим йўқ,
Руҳдан айру шод танларга менинг гапим йўқ.
Бахти лим-лим бу тириклар ғамни танимас,
Мен дардимни ўтганларга сўзласам керак.
Элим деган фиғонлари ҳаволаб кўкка,
Оломондан илгарилаб, лаб босиб чўққа,
Қалқон бўлиб келаётган балога, ўққа,
Бир қадамга ўтганларга сўзласам керак.
Дардим нолон кутганларга сўзласам керак.
***
1990 йилда Ҳалима опа билан Боёвутга, туғилган қишлоғига борганман. Шоиранинг онаси, қариндош уруғлари билан узоқ гурунглашдик. Ниҳоятда самимий, ҳалол, дўнг одамлар. Ҳаммаси Боёвут даштларидай кенгфеъл одамлар. Ҳалима опага оналик қилган холаси – Қаршигул момонинг қиёфасида туркий оналар тимсоли аён кўриниб турарди. Момо Ҳалима опанинг болалик ўсмирлик йиллари ҳақида гурунг берди: “Бир китобни ўқий бошладими, бўлди, ҳамма нарсани унутарди, тандирдаги нонни ҳам, ўчоқдаги мойни ҳам. Баъзан тунги соат учларда уйғониб кетиб қарасам, Ҳалима ё ўқиб ё ёзиб ўтирарди. Мен уни ўзингни аямаяпсан деб қаттиқ койирдим. Лекин бу қизни шаҳдидан қайтариб бўлмасди”.
Ўшанда Ҳалима опа билан пахта даласида ишлаб юрган хотин-қизлар олдига борганмиз. Унинг бу аёллар олдида ҳижолат бўлаётганини сезганман. Гўё Ҳалима опа “Мен булар учун нима қила олдим”, дегандай қийналарди, ўзини айбдордай сезарди. Шундай сўзи ўткир, шаҳдли шоира бу аёллар олдида ҳаяжонланиб тутилиб қолаётгани билиниб турарди. Гўё уларнинг олдида қарздордай, офтобда куйган бу чеҳралар олдида, қабарган қўллар қошида ғамгин бўлиб, ўйга толиб қолган эди... Ҳалима опа...
Оташкада, ёнадир кўксим,
Куйдиради армонлар, чўғлар.
Энди мендай, аёлдай ўксиб,
Боёвутда шамоллар йиғлар.
***
Ҳалима опанинг бошидан кўп савдолар ўтди. Биз – укалари, сингиллари шундай пайтларда дард ва изтироб уни эзиб ташласа керак деб ташвишланганмиз. Ўша йиллари Ҳалима опа билан кўп гаплашганман. Лекин бирор марта ҳам унинг нолиганини кўрмаганман. Анча ғамгин тортиб қолган чеҳрасида қандай бўлмасин, ўша табассумини сақлаб қолишга уринар, ҳеч кимга, ҳатто яқинларига ҳам ҳеч нарсани сездирмас, ҳамма нарсага баланддан қарар, фақат шеърият билан яшарди. Шунча юкни кўтариб туриб, тағин бошқаларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди. Муҳими шундаки, дард ва изтироб уни синдиролмади, аксинча, янада юксалтирди, шеърларига айрича туғён ва куч бағишлади. Энг оғир пайтларда ҳам ярадор арслондай ҳайқириб, гулдураб яна майдонга чиқиб келаверди.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб,
Сиртдан майин жилмайган аёл!
Бу ҳайқириқ кўпларни чўчитар, кўпларга куч ва ғайрат бағишларди. Муҳими, у ҳар қандай ҳолатда Худога, Шеъриятга, Иймонга, Ватанга қараб бораверди. Унинг борар манзили аниқ эди. Чекинмади. Синмади. Ҳаётнинг ҳамма синовларига мардона жавоб бера олди.
Суратимда хушқилиқ, хандоним ўзим билан,
Сийратимда зулмату зиндоним ўзим билан.
Пишган кузги буғдойдай қушга таландим десам,
Шукриллаҳ, чин мағзим, чин доним ўзим билан.
Қушлар бирам чорлади, йироқ беҳишт, боғларга,
Кетмадим, жон қоришиқ маконим ўзим билан.
Тоабад яшаб келдим, энди кетгай то маҳшар,
Иймоним ўзим билан, виждоним ўзим билан.
***
Шундан сўнг 2017 йилнинг 17 майида Ҳалима Худойбердиева Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. Бу ҳодиса адабиётимизнинг катта байрамига айланиб кетган эди. Бу Фармон барча сўз аҳлини, адабиёт ихлосмандларини, бир сўз билан айтганда, элу юртимизни тўлқинлантириб юборди. Чунки, халқимиз Ҳалима опани яхши кўрар, унинг шеърларини ўз маънавий хазиналаридан бири сифатида эъзозлаб келарди. Шу билан Ҳалима опа яна катта давраларга, катта эътирофларга қайтди.
Бир пайтлар Озод Шарафиддинов шундай деган: “Ҳалиманинг шеърияти бизни бедорликка чақиради, виждонимизни уйғотади. Вужудимиздан лоқайдлик балосини сиқиб чиқаришга ёрдам беради. Бу шеърият кўп йиллар мобайнида кирланган руҳиятимизни поклашга ва бутлашга хизмат қилади”. Бу фикр ҳам Ҳалима опа шеъриятининг моҳиятини очиб беради. Унинг умр шоми арафасида ёзган шундай сатрлари бор:
Якун бер, ўзимни ўроқлашимга,
Яшин бер, чақмоқдек чарақлашимга.
Дўсти азиз, менга ишора етар –
Жоним куйиб, сени сўроқлашимга.
Ҳалима опа чин дилдан тилаган экан, унга якунни ҳам, яшинни ҳам берди, у чақмоқдек чарақлаб кетди.
Эшқобил ШУКУР,
шоир,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
“Янги Ўзбекистон” газетаси,
2022 йил 17 май 97 (619)-сон.
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ