“Oyina.uz”нинг бугунги меҳмони – Ҳалима Жуманиёзова Америкадаги илк ўзбек журнали асосчиларидан бири сифатида ўзбек адабиётининг жаҳонга танилишига муносиб ҳисса қўшиб келяпти. Қаҳрамонимиз билан ижодини океанортида давом эттиришига сабаблар, “Маконим” нашрининг мақсадлари ва фарзандлар муваффақияти, юрт соғинчи ҳақида суҳбатлашамиз.
– Ассалому алайкум, Ҳалима опа. Суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат! Аввало, Америкага кетиш ҳикоянгиз ва бугунги фаолиятингиз ҳақида айтиб берсангиз.
– Қаранг, Америкада яшаётганимизга ҳам ўн бир йил тўляпти экан. Йиллаб бошқа юртда истиқомат қилиб келаётган бўлсак-да, ватанимизни ҳамиша кўнглимиз тўрида ардоқлаб яшаймиз. Хоразмга туташ Тўрткўлида туғилиб ўсдим. Тақдир тақозоси билан ҳозир Америкадамиз.
Беш фарзандга таълим-тарбия бериб, вояга етказгач, нафақага чиқдим. Шундан сўнг тўнғич ўғлим ёнига – океанортига келдик. Бошқа дунё, бошқа муҳит, ўзгача одамлар орасида ҳам яшаб кўрдим. Дилшодбек Теннесси университетини тамомлагач, бизларни ҳам чақириб олди. Ёш улғайгач, дунёни кўришнинг гашти бошқача бўларкан. Дастлаб кўникиш қийин бўлди, албатта. Сабаби, бир шароитдан иккинчи шароитга мослашиш осонмас. Лекин ҳаётимдан, бошқа олам-у одамлар билан танишганимдан мамнунман.
Фарзандларимнинг муваффақиятидан кўнглим кўтарилади. Дилшодбек “Мусаффо” компаниясининг асосчиси. Ўзбекистонда ҳам филиал очиб, 50 дан ортиқ ёшларни иш билан таъминлаган. Яна 50 дан ортиқ мамлакатдаги дастурчи, маркетолог ва иқтисодчиларнинг бошини бириктирган. Асосий идораси Флорида штатида жойлашган. Иккинчи ўғлим Беҳзод ҳам тадбиркорлик билан шуғулланади.
Қизим Дилноза эса Лондондаги университетда магистратурани тамомлади. Беш йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритмоқда. Дилафрузга келсак, мен каби маънавий-маърифий соҳада ишлаяпти. Дилдора қизим журналимизнинг Ўзбекистондаги мухбири.
Қувонарлиси, ўн бир неваранинг бахтли бувисиман. Ҳаммаси ҳаётда ўз ўрнини топиб келяпти. Қирқ уч йиллик ҳамроҳим – меъмор, архитектор Озод Жуманиёзов билан кексалик гаштини суряпмиз. Айтиб ўтишим керак, у киши Замахшарий ва Беруний бобомизнинг мақбаралари лойиҳалари ҳамда Хива шаҳрини таъмирлаш лойиҳаси бўйича ишлаган. Лойиҳалаш институтида бош архитектор ва кейинчалик филиалнинг бош директори бўлиб фаолият юритган.
Аммо ҳамма нарсага эришдим, энди дам оладиган пайт келди, демайман. Доим янгидан янги марраларни кўзлайман. Нью-Ёрк шаҳрида фаолиятимни давом эттиришга интилдим. Пандемия шароити бўлишига қарамай, “Маконим” газетасига асос солганмиз. Бугун ушбу нашр устида ишлаяпмиз, янги лойиҳаларга қўл уряпмиз.
– Америкадаги ижтимоий ҳаёт, яшаш тарзидаги биздан фарқли жиҳатлар бўйича кузатишларингиз билан ўртоқлашсангиз?
– Нью-Ёрк шаҳридаги 200 дан ортиқ миллатлар орасида ўзбекистонликлар ҳам ўзаро тотувликни сақлаб яшаб келмоқда. Биласизми, бир-бирига ҳурмат кучли бўлган жойда, албатта, биродарлик бўлади. Қўни-қўшниларнинг – бошқа халқ вакилларининг қадриятларига эҳтиром билан қараймиз, улар ҳам бизга шундай муносабат қилади. Ватандан минглаб чақирим йироқда яшасак-да, она тилимизни, динимиз аҳкомларини набираларимизга сингдиришга интиламиз.
Пандемия пайти юртдошларимиз mahalla.uz ташкилоти ташкил этилди. Одобнома, адабиёт, маънавият бўйича дарслар ўтказилади, турли тўгараклар йўлга қўйилган. Муаммолар юзасидан ҳуқуқшунослар маслаҳат бериб боради.
Юртдошларимиз бир жойга жамланиб, миллий байрамлар – Наврўздан тортиб Мустақиллик тантаналаригача нишонлаймиз. Тез-тез қўнғироқлашиб, гап-гаштаклар ҳам қилиб турамиз. Тўй-ҳашамларда, байрамларда бирлашамиз. Ўзбекистонликлар орасидаги тожиклар билан ҳам қариндошдек бўлиб кетганмиз.
Аммо туғилиб ўсган юртимга меҳрим чексиз. Интернет саҳифаларимда Ватан ҳақида кўп тўхталаман. Шунда бир нарсани қайта-қайта эътироф этаман. Буюк шайх Бағдодий айтганлар, “Сен менга туғилган жойинг ҳақида гапир, мен сенга кимлигингни айтаман”. Бегона мамлакатларда инсонлар бир-бири билан танишаётганда исмини эмас, кўпроқ туғилган ўлкасини айтишади. Баъзида Ватан ҳақида ортиқча сўзга ҳожат қолмайди – бутун вужудимда соғинч дарахти бўлиб улканлашиб бораётганини ҳис қиламан.
– Чет элда ўзбекистонлик бўлиш нимани англатади? Ўзлигимиз ва миллий қадриятларимиз чет элда қандай синовларга учрайди?
– Қадриятлар юзасидан ҳеч қандай синов йўқ. Урф-одатларимизни ҳар қадамда эслаймиз. Ахир қон-қонингга сингиб кетган нарсани қандай унутиш мумкин. Тўғри, ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ. Аммо Америкада ҳар бир ўзбек бу борада бир-бирига кўмаклашади. Масалан, неваралар туғилганда Ўзбекистондан бешиклар келтирилди, тандир олиб келиб, нон ва сомсалар ёпилди… Келажак авлодга ўзбекона анъаналарни ўргатишга масъуллигимизни доимо англаб турамиз.
– Америкада эришаётган ижодий ютуқларингиз юртдошларимизни ҳаваслантиради, албатта…
– Ҳозир кўпроқ маънавий-марифий ишлар билан бандмиз. Бўш вақт бўлди дегунча ижодга шўнғийман. Орзулар, умидлар, йиллар давомида йиғилган хотиралар, атрофимдаги одамлар билан мулоқотлар – ҳаммаси мени ёзишга чорлайди.
Қалб ҳазинликни, ёлғизликни истаган пайтда ижод ҳамиша ҳамроҳ бўлади. Ҳозир хотиралар ёзяпман. Пиримқул Қодиров, Жуманиёз Жабборов, Матёқуб Қўшчонов, Абдулла Орипов билан учрашганман, суҳбатлар тайёрлаганман. Улар ҳақида шеърий хотиралар ёздим, насиб бўлса китоб ҳолида чоп этилади.
Эски дафтарларда қолиб кетган шеърлар, достонлар – барчасини оққа кўчиряпман. Ўн йилдан буён бир неча тўпламларим нашрдан чиқди. “Амазон” интернет дўконида сотувга қўйилган. Профессор Қосимбой Мамиров шеърларимни инглиз тилига таржима қиляпти. “Ватан ифори” ва “Соғинч дафтари” деган китобларим у кишининг таржимасида чиқди.
Айни пайтда “Сеҳрли диёр” китобимнинг янги нашрлари тайёрланяпти. Америкада кузатганларим, кўнгил кечинмаларим қоғозга туширилган. Орзуларим бир-бир ушалиб келаётганидан қувонаман.
– Ўзбекистондаги ижодкорлар билан ҳам ҳамкорлик қилиб турасизми? Америкада миллий адабиётимизни ўқишадими?
– Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Матназар Абдулҳаким, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Мирзо Кенжабек шеърларини севиб ўқийман. Бугунги ўзбек адабиётининг ёрқин вакилларидан Қутлибека Раҳимбоева, Ҳалима Аҳмедова, Хосият Рустамова, Шарифа Салимова, Сирожиддин Саййид, Минҳожиддин Мирзо, Одил Икром, Иқбол Мирзо асарлари шахсий кутубхонамдаги энг қадрли китобларимдан. Насрда Хайриддин Султон, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Қўчқор Норқобил, Нурали Қобилнинг янги китоблари чиқишини алоҳида кутаман. Ўзбекистондан келаётган дўст-у ёрлар ҳам янги нашрлардан менга илиниб олиб келишади. “Китоб дунёси” газетасининг интернет саҳифаларини кузатиб бораман. Ватандаги адабий нашрлар билан ҳамкорлик қилишга, улар орқали бугунги ўзбек адабиётини кузатиб боришга интиламан.
– “Маконим” нашри ҳам ана шундай эҳтиёж маҳсули бўлса керак, ўқувчилар томонидан қандай кутиб олинди?
– “Маконим” Америкада ўзбек тилидаги ягона нашр ҳисобланади. Бош муҳаррир Дилдора Салоҳиддин, мен бош муҳаррир ўринбосари ва Севара Ҳалилова маркетолог сифатида биргаликда шу ишни бошладик. Газетамиз ҳозирда ўз муштарийларига эга. Уларни обуначи деёлмайман, чунки ўзбеклар кўпроқ яшайдиган ҳудудлардаги дўконларга, супермаркетларга, барча штатлардаги ўзбеклар жамиятларига тарқатилади.
Америкада миллатдошларимизни кўплаб учратишингиз мумкин. Биз яшайдиган Нью-Ёрк шаҳридаги Бруклин мавзесида ҳам минглаб ўзбеклар бор. Улар учун газетамизда турли янгиликлар, мақолалар билан бирга ибратли ҳикоялар, исломий ўгитлар, қизиқарли мавзуларда материаллар бериб борамиз – буларнинг барчаси ўзбекона менталитетимизга хослигини эътиборга оламиз.
2022 йилдан газетани 60 саҳифадан иборат журналга айлантирдик. Ўнлаб штатлардаги ўзбеклар жамиятларига, жами 40 та ташкилотга етказиб бермоқдамиз. Масалан, Филаделфиядаги ўзбеклар жамияти ҳар янги нашр чиққанида атайин келиб олиб кетади. Айтиб ўтишим керак, журнални муштарийларга текин етказиб беришда Ўзбекистоннинг Нью-Ёрк шаҳридаги Бош консулхонаси катта ёрдам бермоқда.
Америкада ўзбек тилида газета-журнал чиқариб, муштарийларга етказишда кўплаб қийинчиликлар бўлиши табиий эди. Анчагина сарф-харажат, катта меҳнат ва, албатта, жасорат ҳам керак. Бу билан ўзимизни қаҳрамон чоғламоқчи эмасман, лекин биз бу машаққатли ва шарафли ишни уддаладик.
– Америкага бориш, яшаш ва ишлаш бўйича маслаҳатларингиз?
– Биринчи келганимда луғат билан юрганман. Теннесси штатида “McDonald’s” ёрлиқларини ёпиштириб туриш билан шуғулландим. Етти ой шу ерда америкаликлар билан мулоқот қилдим, тилни ўрганишимга бу катта ёрдам берди. Тил билсангиз, иш топиш осон – кутубхоналарда, савдо марказларида бемалол ишласангиз бўлади, даромади яхши. Ҳеч бир нолиган одамни кўрмадим. Қонун-қоидага риоя қилдингизми, орзуларингизга эришаверасиз.
Америкаликлар ажойиб халқ – очиқкўнгил, самимий. Мустақиллик байрамларимизда улар ҳам иштирок этади, бизнинг қадриятларга ҳурматини кўриб, рости, қувонаман. Америкада яхши яшаш учун тартиб-интизомли, тўғрисўз, маънавиятли бўлиш, тилни ҳурмат қилиш ниҳоятда зарур.
Зулхумор ОРИФЖОНОВА
суҳбатлашди.
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ