Нега сен қўзғолмайсан, Миллатим?! – Шўролар мамлакатини ларзага солган опа-сингил Муҳаммедовалар


Сақлаш
19:09 / 18.05.2022 1172 0

Азизлар, бу гал Москвада ўқиб, Шўролар мамлакатини ларзага солган опа-сингил Маҳбуба ва Матлуба Муҳаммедоваларнинг Ватан ва миллат ишқида кечган ёрқин ҳаёти, айни пайтда аянчли қисматлари ҳақида ҳикоя қиламан.

 

Асли тошкентлик муаллим Нурмуҳаммад Дадамуҳаммедов тақдир тақозоси билан Марғилонга бориб жадид мактаби очади ва болаларга хат-савод, илм-фан сирларини ўргата бошлайди. Унинг турмуш ўртоғи Марҳаматхоним ҳам саводхон, оқила аёллардан эди. Нурмуҳаммад Дадамуҳаммедов хонадонида бирин-кетин Маҳбубахон (1908), Матлубахон (1911), Фатхулла (1914) ва Мақсудахон (1918)лар дунёга келди. Марғилоннинг машҳур жадид муаллими бўлган Нурмуҳаммад Дадамуҳаммедов фарзандларининг тарбиясига алоҳида эътибор билан қаради. Илк саводни уйида ўзлаштирган қизлар жадид мактабининг энг олди ўқувчилари бўлиб таълим олдилар.

 

Маҳбуба Муҳаммедова аввал Тошкентдаги хотин-қизлар билим юртида таҳсил олди. 1925 йил Москва шаҳрига бориб ўзбек маориф институтига ўқишга киради. 1930 йил Тошкентга қайтган Маҳбуба Муҳаммедова 1931 йил Германияда таҳсил олиб қайтган таниқли кимёгар олим Саттор Жаббор билан оила қуради. Бу хонадонда ҳам бирин-кетин фарзандлар Ўрхон, Ўзхон ва Дилбархонлар дунёга келади. Маҳбубахон Саттор Жабборнинг таклифи билан Техника институтига ўқишга кириб, илмий изланишларни ҳам бошлаб юборади. Оила меҳнатидан хушвақт, бахтидан сармаст яшаётган бир вақтда шўро тузумининг машъум “Катта қирғин” кампанияси эшик қоқади. 1937 йил 8 январь куни ТошМИ доценти Саттор Жаббор қамоққа олиниб, узоқ давом этган қийноқ ва таҳқирлардан сўнг 1938 йил 9 октябрь куни отиб ташланади. Турмуш ўртоғи Маҳбуба Муҳаммедова ҳам 1938-1939 йилларни бирор айбини англамаган ҳолда қамоқда ўтказди. Маҳбуба Муҳаммедова турмадан чиқиши билан фарзандларини топиб, тарбиясига киришди. Ҳатто, уруш йилларида Тошкент текстил комбинатида директор ўринбосари даражасига қадар кўтарилди. Тунни тун, кунни кун демай меҳнат қилди. Аммо инсоний қиёфасини йўқотган мундирли малъунлар тез-тез муштипар онани безовта қилиб туришар эди. Ҳатто, 1959 йил, Саттор Жаббор оқланганидан кейин ҳам Маҳбуба Муҳаммедова шўро тузумининг ишончини қозона олмади. У турмуш қийинчиликлари туфайли касалликка чалиниб, 1978 йил 28 сентябрда вафот этди. Шунга қарамай у ўзбек миллатига профессор Ўзхон Жаббордек, техника фанлари номзоди Ўрхон Жаббордек забардаст олимларни тарбиялаб, камолга етказиб берди. Уларнинг хизматлари, ихтиролари эса кейинги мақолаларимизга мавзу бўларлик...

 

Маҳбуба Муҳаммедова нинг синглиси Матлуба ҳам ўз замонасининг иқтидорли ёшларидан эди. Матлуба 1926 йилгача Қўқон билим юртида таҳсил олди. 1927 йил ўқишини Тошкентдаги аёллар билим юртига кўчириб, сўнг опасининг изидан Москва шаҳрига ўқишга йўл олди. Матлуба Москвадаги ўзбек маориф институтига ўқишга кирди. У ерда машҳур шоир Чўлпон, Боту, Шокир Сулаймонлардан шеърият сирларини ўрганди. Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон, Абдулҳай Тожиевлар мулоқотидан баҳраманд бўлди. Матлуба, айниқса, ўзбек талабаларнинг маърифий кечаларида Чўлпоннинг ватанпарварлик мавзусидаги оташин шеърларини ўқиб, ўзи ҳам шу мавзуда шеърлар ёзиб жуда машҳур бўлиб кетади. Унинг бу шуҳрати СССР чегараларидан чиқиб Европа матбуотигача бориб етади. Берлинда таҳсил олган ўзбек талабаси Саттор Жаббор 1929 йил ёзган “Куртулиш йўлунда” асарида “... ёшларнинг Чўлпон таъсириди эканлигини ва Москва тарбиясининг муваффақиятсизлигини 17 ёшли ёш коммунист Матлуба Муҳаммад хонимнинг шу шеъриндан ўқиб биламиз:

 

Халқимга!

Мудом Чорнинг қўл остида кўп эзилган, Миллатим!

Озодлик йўлинда вайрон бўлган, Миллатим!

Чор билан қонли урушда йиққан, Миллатим!

Чор ўрнига бошқа зулмлар келгани чоғда,

Нега сен қўзғолмайсан, Миллатим?!...

Қўзғол, ҳозир, марҳаматсиз қўл остида эзилма!

Қонингни заҳар қилиб соч! Бош кўтар, Миллатим!

Русиядан сурулиб келган чет руслар

Қачонгача бизни эзар, МИЛЛАТИМ!....

 

Матлуба Муҳаммад Хонимнинг, бу қаҳрамон турк қизининг бу гўзал шеъри Оврўпода бир неча карра қайта-қайта босилди… Бу воқеа совет давлатини шу қадар қиздирди-ки, бир неча ҳафта ўтиб Москвадаги Ўзбек ўрта мактабини ёпдилар!

 

Кўрилмоқдаки, бу кун Турк адабиёти Чўлпонлар етиштирмоқтадир...” деб ифтихорланади. Дарҳақиқат, унинг бу иши комсомол томонидан кўрилиб, миллатчилик деб баҳоланади ва уни ўқишдан ҳайдашадилар. Ҳатто, Москвада “Комсомолская правда” газетасида унга қарши махсус мақола чоп этилди. Кўп ўтмай Матлуба ариза ёзиб, ўзига қўйилган айбларнинг туҳмат эканлигини исботлаб, ўқишига тикланади. Бунга бир томондан Ўзбекистон ҳукуматининг аралашуви, иккинчи томондан Матлубанинг Италия элчихонасига фуқаролик сўраб мурожаат этиши ҳам сабаб бўлган эди.

 

Совет ҳукумати ўзбек маориф институтини ёпиб муаммога ечим топган бўлади. Матлубахон эса Тошкентга қайтмасдан Москвадаги мусиқа техникумига кириб ўқишини давом эттиради. 1929 йил ўзбек талабаларининг етакчиси Саид Аҳмад Назиров Матлубахонни Ленинград архитектура институти талабаси бўлган дўсти Восиқ Муҳаммедов билан таништиради.

 

1933 йил Тошкентга келган Восиқ Муҳаммедов Матлубага уйланади. Восиқ Муҳаммедов (19051938) ўз вақтида Мунаввар қорининг “Намуна” мактаби ифтихори, Фитратнинг “Чиғатой гурунги” иштирокчиси, “Кўмак” уюшмасининг фаолларидан бўлган. У 1922–1924 йиллар Москвадаги Шарқ меҳнаткашлари коммунистик университетини битириб келиб, 1924–1928 йилларда Ўзбекистон ҳукуматида масъул лавозимларда ишлаган. 1928–1932 йилларда Ленинград Архитектура институтининг архитектор-инженер йўналишида ўқиб қайгач, 1933-1934 йилларда Халқ комиссарлар совети қурилиш комиссиясига раис бўлган бўлса, 1934–1937 йиллар давомида Тошкент академик театри қурилишига бошчилик қилган. Дарҳақиқат, Восиқ Муҳаммедов ҳам ўз замонасининг тенгсиз йигитларидан эди. Восиқ Муҳаммедов ва гўзал Матлубахон ҳаётларининг энг ширин дамларига ҳам Сталин бошлиқ тоталитар тузум ўзининг жирканч панжасини солди. 1937 йил 17 декабрь куни қамоққа олинган Восиқ Муҳаммедов 1938 йил 5 октябрь куни отиб ташланди.

 

1938 йил 17 январь куни Тошкент тиббиёт институтининг 3-босқич талабаси Матлуба Муҳаммедова ҳам қамоққа олинади. 19 январь куни илк сўроқда у турмуш ўртоғининг давлат ва халқнинг олдида ҳеч қандай айби йўқлигини баён қилади. 1938 йил 21 февралда, иккинчи сўроқда опаси Маҳбуба ва унинг турмуш ўртоғи, Германияда таҳсил олиб қайтган кимёгар олим Саттор Жабборларнинг ҳам айбсиз эканлигини таъкидлайди. Бироқ, қўйилган бирорта айбловнинг исботланмаганига қарамай 1938 йил 17 май куни Тошкент вилоят суди томонидан Матлуба Муҳаммедова 10 йилга қамоққа ҳукм этилади. У ноҳақ жазони совуқ Сибирнинг Усольский лагерида ижро этди. Чидаб бўлмас даражадаги оғир меҳнат шароитида таҳқир ва азоблар остида дарахт кесди, қора иш қилди. 1940 йил 26 февралда Матлуба Муҳаммедованинг аризаси қайта кўрилиб, у оқланишга эришади. Ватанга қайтгач, уруш йилларида Тиббиёт институтини тугатди. Урушдан сўнг 1937 йил архитектура институтида талабалик йилларида қамалиб кетган укаси Фатхулла Воркутадаги қамоқхонадан оғир аҳволда қайтади. Матлуба укасини ўзи парвариш қилиш, даволаш учун Наманганга боради. Фақат Сталин вафотидан сўнггина улар Тошкентга қайтиб келадилар. Матлуба Муҳаммедова кўп йиллар халқнинг сиҳат-саломатлиги йўлида ҳалол меҳнат қилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. Бир пайтлар Ватан ишқида, истиқлол орзусида оташин шеърлар битган Матлуба Муҳаммедова Ўзбекистоннинг мустақилликка эришганини ўз кўзлари билан кўрди. Жиянларининг хотирасига кўра, миллат ҳурлиги, мамлакат мустақиллиги эълон қилинган кунларда у чексиз қувонч ёшларини тўккан экан. Матлуба Муҳаммедова 1998 йили Тошкент шаҳрида вафот этади...

 

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//