Маза-матрасиз тадбирвозлигу бир уюм ҳисоботми ёки билимдон авлод – бизга қай бири керак?


Сақлаш
19:06 / 18.05.2022 1366 2

Мактаб таълими тажриба-синов майдони бўлиб қолган. Рейтинг тизими (ўқитувчи салкам ҳисобчига айланган эди), сўнгра баҳолаш системасининг яна ўзгариши, педагогнинг иш юкламалари ва устама, тоифа учун курашлар, айни кунларда эса аттестация синовларидан эсон-омон ўтиб олиш ташвиши ўқитувчиларни ҳар доим саросима ва ҳадиклар ичра ишлашга мажбур қилмоқда.

 

Халқ таълими вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2018 йил 20 августдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ умумий ўрта таълим муассасасининг педагог ходимлари учун бир ставка миқдоридаги иш юкламаси қуйидагича белгиланди:

 

·         1–4-синфларда – ҳафтасига 18 соат;

·         5–11-синфларда – ҳафтасига 20 соат.

 

Шунга мувофиқ ўқитувчилар дарсдан ташқари белгиланган соатларда бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар, иқтидорли ўқувчилар билан алоҳида машғулотлар олиб бориши, фан тўгараклари ташкил этиши, ота-оналар билан ишлаши лозим.

 

 

Бугун қайси мактабда педагогик юклама виждонан адо этилмоқда?

 

Бу савол пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида яшовчи Ноила Шорасулова каби кўплаб ота-оналарни ўйлантиради:

 

– Фарзандим 4-синфгача инглиз тилини яхши ўзлаштира олмади. Ваҳоланки, мактабларда инглиз тили 1-синфдан бошлаб ўқитилади. Бошланғич синфда ўқитувчилар баҳога сахий бўлишади. Аммо 5-синфда қарасам, чорак баҳоси 3 чиқибди. Ҳатто, ҳарфларни танимайди. Кейин репетиторга бердим. Икки ойда бола ҳарфларни таниб, ўқишни бошлади. Ҳар дарсда ўқув маркази ўқитувчиси янги сўзлар ёдлатади, грамматикани осон тарзда ўргатади. Болам яхши ўзлаштира бошлади. Аммо чорак баҳоси яна 3 чиқди. Мен мактабдаги инглиз тили ўқитувчиси билан боғландим. “Наҳотки ўқувчингизда ўзгариш бўлганини сезмадингиз. Ўқув йили бошида ҳарф танимасди, ҳозир ўқияпти, гапира бошлади. Машқларни бажара оляпти”, дедим. Ўқитувчи эса “Болангизнинг баҳоси шу”, деди. Ахир, фарзандим яхши ўзлаштиролмаётган экан, ўқитувчи у билан дарсдан ташқари ҳар хил қизиқарли методлар асосида қўшимча ишлаши керак эмасми? Мен ҳам мактабда ишлаганман, педагогик юклама деган нарса бор. Ўқувчининг оқсаётган томонларини ўқитувчи вақтида аниқлаб, у билан дарсдан ташқари машғулот олиб бориши керак. Бунинг учун уларга ҳақ тўланади. Агар ҳар бир ўқитувчи педагогик юклама учун ажратилган соатларни тўлақонли адо этганида биз ота-оналар болаларимизни овора бўлиб репетиторга бермасдик. Мактабда юзага келаётган бўшлиқларни бугун ўқув марказлари, репетиторлар тўлдиряпти. Кўпгина мактаб ўқитувчиларининг ўзи репетиторлик қилади. Яъни дарсда яхши ўзлаштиролмаётган ўқувчини дарсдан ташқари вақтида пулга ўқитади.

 

Ноила Шорасулованинг эътирозлари ўринли. Аммо аксариятимиз бу ўринли эътирозларга аллақачон кўникиб бўлганмиз. Албатта, ўқитувчилар орасида фидоий, ўқувчи билимини масъулият билан ўстиришга эътибор қиладиганлар ҳам талайгина. Аммо бўш ўзлаштирувчи ўқувчига текинга қўшимча дарс ўтадиган ўқитувчилар жуда оз. Иқтидорлилар билан ишлаш ўқитувчига бугунги кунда фойда келтиради. Сабаби, ўқувчиси фан олимпиадалари ва турли танловларда ғолиб бўлса устозга устамалар ёзилади, мукофотлар берилади. Бу албатта, яхши. Ўқитувчи қанча рағбатлантирилса, таълимда ўсиш кўзга ташланади. Аммо... бўш ўзлаштирувчилар билан ким ишлайди?

 

 

Ўқитувчиларни ҳам эшитайлик!

 

Эҳтимол, бу борада ўқитувчиларнинг ўз ҳақиқатлари ва айтар гаплари бордир. Педагогик юкламага етарли ҳақ тўланадими? Нега аксарият ўқитувчилар унга совуққонлик билан қарашади?

 

– Бир вақтлар ўқитувчилар дарс ўтар, дафтар текширар, синфга ҳамда кабинетга раҳбарлик қилар ва шунга маош олар эди, – дейди Андижон туманидаги 38-мактаб ўқитувчиси Музаффар Исмоилов. – Кейинчалик кабинет мудирлиги учун пул тўланмайдиган бўлди. Таълимда юклама деган нарса чиқди. Унга кўра, энди ўқитувчи турли тадбирларда, танловларда, олимпиада ва билимлар беллашувида ўқувчиларининг иштирок этгани, ободонлаштиришдаги ҳиссаси, мажлисларда қатнашгани, дарсни таҳлил қилгани, конспект ёзгани, матбуотда мақола чиқаргани, тўгарак ўтгани, навбатчиликда тургани, имтиҳон олгани, иқтидорлилар ва бўш ўзлаштирувчилар билан алоҳида ишлагани каби ишларга ҳам ҳақ тўланадиган бўлди гўё. Аслида-чи?

 

Муаммони оддий арифметик усул билан ечайлик. Бир соат дарс учун ўқитувчига 4000 сўм берилади, деб ҳисоблайлик. Уни иккига бўлишди. 2000 сўм ўтилган дарсга, қолган 2000 сўмнинг 92,5 фоизи юклама учун тўланадиган бўлди, яъни сопи ўзидан чиқарилди. Шу тариқа юклама қўшилиши билан ойлик ошиши ўрнига 3,75 фоизга камайди. Юклама учун қўшимча маблағ ажратилмаган. 4000 сўм 6000 сўм бўлиб қолмаган. Аксинча, маош камайиб, иш кўпайган. Ўша йилларда юкламани бажаришга кўп куч ва маблағ сарфланиб, папкалар кераксиз қоғозлар билан тўлдирилди. Қоғозбозлик 2018 йили кескин қисқартирилди, алоҳида журнал юритиш ҳам бекор бўлди. Касб-ҳунар мактабларида журнал юритиш ва қоғоз тўлдириш жараёнлари эса ҳамон давом этмоқда.

 

 

“Педагогик юклама?.. Ахир тадбирлардан ортмаяпмиз-ку”

 

– Педагогик юклама тўлақонли бажарилса, бу яхши, – дейди Термиз шаҳридаги 13-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Гулчеҳра Ашурова. – Кўп йиллик ўқитувчиларда фидойилик деган тушунча бор. Улар қониқарли ҳақ тўланмаса ҳам, ўқувчининг билим даражаси сустлашаётганига қаттиққўллик билан қараб, жиддий шуғулланишади. Аммо ёш ўқитувчиларда келажак авлод олдидаги масъулият тушунчаси йўқолиб бораётгандек. Ўқувчи билан дарсдан ташқари пайтларда текинга шуғулланишни исташмайди. “Юклама учун ҳақ тўланмайди” ёки “Тўланаётган ҳақ қониқарли эмас”, дейишдан олдин ўйлаб кўрайлик, биз ўзи юкламани бажаряпмизми?! Бажармаяпмиз, десак ҳам хато бўлади, лекин асосий вақтимиз педагогик юкламанинг тадбирбозлик йўналишига кетяпти. Чунки бугун ҳамма ташкилот мактабга эгалик қилишни хоҳлайди. Ҳар куни тадбир ёки унга тайёргарлик ишлари билан бандмиз. Охирги вақтларда тадбирлар шунчалик кўпайдики, ўқитувчи дарсдан ташқари фан тўгараги ўтиши, иқтидорлилар ёки бўш ўзлаштирувчилар билан алоҳида ишлашга вақт тополмай қолди. Ҳар куни қайсидир ташкилот ўқувчиларимизни тадбирга олиб кетади. Унинг орқасидан ўқитувчилар овора, дарслар бузилган, тадбир учун костюм, деталлар, йўл кира ва ҳоказо харажатлар ўқитувчининг чўнтагидан кетади. Энди ўқитувчи ўзи истаса ҳам, педагогик юкламани тўлиқ бажара олиш имкониятидан маҳрум. “Заковатбозлик”, иншобозлик, тадбирбозликдан бўшамаяпмиз. Бисёр бўлса бол ҳам беқадр, дейишади. “Заковат” интеллектуал ўйинлари ёки ўқувчиларнинг фикрлашини ўстиришга хизмат қилувчи ҳар хил мавзуларда иншо ёзишлари жуда яхши, аммо улар хўжакўрсинга, фақат ҳисоботларни тўлдириш учун, керагидан ортиқ даражада кўпайиб кетиши ўқувчиларни бездириб қўйяпти. Энг ёмони, дарслардан қолишяпти. Ҳақиқий билим олиш жараёнига путур етяпти.

 

 

Нега мактаблар ўқув марказларидек билим беролмайди?

 

Бу ҳақда кўп гапирамиз, кўп ўйлаймиз. Мактаб ўқитувчилари билан суҳбатда бўлсангиз, бунинг сабаблари топилади. Ҳар куни ўқувчини етаклаб тадбирга югураётган, аттестация дарди билан дарсни ҳам унутаёзган ўқитувчи қандай қилиб самарага эришсин?!

 

– Ўқитувчиларга ойлик устамаларни белгилаш мезонларининг ўзи нотўғри тузилган, назаримда, – дейди филология фанларига ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Ойсара Усанова. – Баҳолаш мезони 9 банддан иборат. Бандларни мазмунига кўра 4 та қисмга ажратиш мумкин. Биринчиси, бевосита таълим мазмунига тегишли 1-, 4-бандга жами 25 балл ажратилган. Иккинчиси, тадбирларни ташкил қилишга тегишли 2- , 3-, 8-бандларга жами 45 балл ажратилган. Учинчиси, иш стажи, малака оширганлиги ва синф раҳбари фаолиятга тегишли 5-, 6-, 7-бандларга жами 25 балл ажратилган. Тўртинчиси, ўқувчилар ва Кузатув кенгаш аъзолари фикри билан баҳолаш мезонига тегишли 9-бандга жами 10 балл ажратилган.

 

Ўқитувчи бир ўқув йилида 30-40 нафар ўқувчиси бўлган синфда ўртача сифат кўрсаткичини 86 фоиздан оширишга эришса 5 балл, тадбирда ўқувчиси (қанча ўқувчи сони қатнашиши белгиланмаган) 86 фоиздан юқори балл тўпласа 30 балл берилади.

 

Ўқитувчиларни рағбатлантиришнинг бу мезонлари оқибатида биринчи навбатда мактабларда тадбирбозлик ривожланади, таълим сифати янада пасайиб кетади. Ўқитувчи ўқувчилар билимини оширишга, сифат кўрсаткичини яхшилашга ҳаракат қилишдан кўра ўқувчиларининг тадбирларда иштирок этишига эътибор бера бошлайди. Синфда ўқувчиларнинг ўртача сифат кўрсаткичи пасайса, баллни тадбирлар орқали тўлдиришга ҳаракат қилади. Дарс учун вақт ажратмасдан, тадбирларга тайёргарлик кўришга вақт ва куч сарфлайди. Тадбирларни тайёрлайдиган мутахассисларни қўшимча маблағ ҳисобига (ота-оналар маблағи ҳисобидан) ўқувчиларни тайёрлашга жалб қилишга ҳаракат бошланади.

 

 

Тадбирлар дарс ҳисобидан бўлмасин!

 

Бу ҳали ҳаммаси эмас, ангренлик ўқитувчи Матлуба Насриддинованинг таъкидлашича, ҳатто таълим сифатини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ҳам мактабдаги дарсларни инобатга олмаган ҳолда ташкиллаштирилади.

 

Мана университетлар мактаблар билан ҳамкорликда ишлаяпти, – дейди Матлуба Насриддинова. – Мақсад таълим сифатини яхшилаш, аммо... Масалан, эртага мактабимиздан 30 ўқитувчи университетда ўтказиладиган семинар-тренингга олиб кетилиши айтилди. Эртага метод куни эмас. Ҳар бир ўқитувчида 5 соатдан дарс бор. Масофа узоқлигини ҳисобга олиб, 2 соат олдин йўлга чиқилади. Агар ҳар бир ўқитувчида 4 соатдан дарс бор десак, 30 нафари жами 120 соат дарс ўтиши керак. “Таълим сифатини оширишга” қаратилган семинар-тренинг ўқувчининг ҳақига хиёнат қилиш эвазига ташкил этилмаслиги керак-ку! Нима деб ўйлайсиз, бу аҳволда таълим сифати ошармикан?

 

Ҳа, бундай сабабларни ўрганганда хулосалар қандай бўлиши маълум. Таълим тизимида қачон хўжакўрсинга асосланган тадбирлардан воз кечилса, ўқитувчининг билимини синовдан ўтказиш ва баҳолаш мезонлари оптималлаштирилса, ўқитувчининг меҳнати муносиб рағбатлантирилса, шундагина сифат ва самарадорликка эришилади. Муаллимнинг вақти беҳуда тадбирлару югур-югурлардан холи бўлмас экан, у ҳеч қачон ўзига тегишли бўлган энг муҳим вазифа – ўқувчига билим ва кўникма бериш, уни ҳаётга, фикрлашга ўргатиш ишини маромига етказиб бажаролмайди. Шундай экан, ўйлаб кўрайлик, бизга қайси бири керак, тадбирлару улардан қолган бир дунё қоғоз ва расмлар уюмими ёки билимдон авлодми?

 

Зилола МАДАТОВА

2 Изоҳлар

Кодирова Угилхон Сотиболдиевна

12:01 / 01.01.1970

Ассалому алейкум,тадбирлар керак факат чоракдаги ораликда,ёш кадирларни савияси паст,услуб,метод билмайди бола психологиясини,педагогикани гапирмаса хам булади Олий года укитиш саёз.

Нодир

12:01 / 01.01.1970

Менимча бу ўқитувчи тўғрисини ёзган хақиқий холат шундай бўлиб қолди

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//