Қарийб ярим асрлик журналистлик фаолиятим давомида аёллар мавзуси ёзувларимнинг асосий йўналиши бўлди. Шу сабабданми, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари саҳифаларида эълон қилинган юртимиз хотин-қизлари тақдири билан боғлиқ хабар, мақола, суҳбат, очеркларни алоҳида диққат, қизиқиш билан ўқийман. Кейинги бир йил ичида оммавий ахборот воситаларида, каттаю кичик йиғинлар минбарларидан ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган юртдошларимизнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи, имконият ва интилишлари ҳар томонлама ўрганилиб, уларнинг моддий ва маънавий муаммолари ҳал этилиши учун кўрилаётган чора-тадбирларнинг ижобий натижалари ҳақида ўқиш, эшитиш, кўриш биз учун оддий ҳолатга айланиб қолди. Мамлакатимизнинг олис ва марказий ҳудудларида яшовчи хотин-қизлар тақдирига бирдек эътибор қаратилаётгани; уларнинг ўзлари телеэкранларда, газеталар саҳифаларида ҳаётларидаги кескин бурилишларнинг қувончли натижалари ҳақида сўзлаганларида, бошқача қувонаман. Тўғриси, аёлнинг оиласи, фарзандлари тинч-хотиржамлиги, моддий таъминланганлиги билан боғлиқ шодликларниям, ташвишларниям ҳис этиш учун аввало аёл-она бўлиш керак. Зеро, айни масалалар қандай ҳал этилганлиги жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳолатини – тараққиёти даражасини белгилайди.
Газеталар хабар беради: “Косон туманининг “Месит” маҳалласида яшовчи Гулистон Боражабова ҳеч қаерда ишламас, турмуш ўртоғи ҳам ишсиз эди. Тўрт нафар фарзанд... “Аёллар дафтари”га киритилган Гулистонга қисқа фурсатда 30 миллион сўм кредит берилди. Товуқхона учун ижарага жой топилиб, гўштга мўлжалланган жўжалар сотиб олинди, бугун уларнинг сони 2500 тага етди.
– Турмуш ўртоғим, ўзим, болаларим, барчамизга иш топилди, – дейди она қалби қувончга тўлиб. – Рўзғоримизга барака ва ободлик кирди... Қўни-қўшнилар, бозордаги тадбиркорлар пархез гўштга буюртма беришяпти...” – бундан бир йилгина олдин моддий муаммолар гирдобида қолган рўзғорини ҳалол меҳнат билан тўкину фаровон этиш, эл-юрт бойлигига ҳисса қўшиш имконияти берилган эру хотин ва уларнинг тўрт фарзанди қувончини, кунларни бағри бутунлик билан қарши олишаётганини ҳис этганинг сайин, қалбинг шукронадан нурланади.
“Беш фарзандимдан бири ногирон, оилавий шароитимиз оғир эди, – дейди сирдарёлик Тожинор Намозова. – Шу боис мени “Аёллар дафтари”га киргизишди. Баҳорда қизим Дилбар билан бирга “Ёшлар дафтари”га киритилган Нигора Муродова пойтахтда ўқиб келишди. Улар сартарошликни ўрганиб, озодалик ва гигиена, мижозлар билан муомала қилиш маданияти, ҳатто психологиядан ҳам сабоқ олишибди. Чўлибўстон қишлоғимизда “Гўзаллик салони” очилди, қизлар унда ишлашяпти. Болаларимнинг иккитаси олий ўқув юртида шартнома асосида ўқийди, давлатимиз улардан биттасининг шартнома пулларини ҳам тўлаб берди...”
“Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 1-босқичда “Аёллар дафтари”га киритилган 3167 нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилди. Ўрганишларнинг иккинчи босқичида эса 1305 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари»га киритилди. Яқин вақтларда уларнинг ҳам ҳаётида ижобий ўзгаришлар бўлиши учун чора-тадбирлар кўрилмоқда...” бу каби хушхабарларни ўқирканман, беихтиёр хотирамга ўқдек қадалиб қолган манзара, воқеалар ёдга тушаверади:
...1987-йили меҳнат таътили пайтида (“Саодат” журналида ишлардим) Марғилонга онамнинг олдиларига борган куним Санобар исмли аёл ёнимга келди. Шаҳарга туташ туманнинг бир колхозида яшовчи бу жувон каттаси ўн бир, кичкинаси бир ёшга ҳам тўлмаган беш қизнинг онаси экан. Эри ўғил фарзанд кўриш илинжида бошқа хотинга уйланиб олибди-да, Санобар билан қизларини ҳайдаб чиқарибди. Кузнинг салқин кунлари бошланган, уйидан бадарға қилинганлар кенг пахта даласи ўртасидаги эшиксиз, ромсиз дала шийпонида яшаётган эканлар. Она кичкинасини олиб ҳар куни чўлга пахта теримига кетар, дала шийпонида қолган қизлар ўн бир ёшли опанинг қарамоғида... Ўшанда таътилимнинг охирги кунигача шу муштипарларга бир бошпана қилиб беришларини сўраб туман райкоми, ижроқўмига, колхоз раисига; масалани қонуний ҳал қилиб беришларини сўраб туман суди (Санобар судга ариза берган экан), прокуратурасига; аёлни қўллаб-қувватлашларини илтимос қилиб ўша пайтдаги қишлоқ совети, хотин-қизлар қўмитасига бир неча марталаб қатнагандим. Уларнинг ҳаммаси битта жавоб беришганди: “Гарчи уйни Санобар эри Иброҳим билан биргаликда қурган бўлсалар ҳам, ҳовли қайнотанинг номида. Шунинг учун биз Санобарга ёрдам беролмаймиз...”
...1988-йил 1-май куни сурхондарёлик Зебо исмли ёш аёл (қўлида бир ойлик чақалоғи бўлган)нинг ҳовлисига қўшнилари – маҳаллада алоҳида мавқели оила аёллари (улардан бири ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси, яна бири болалар шифокори эди) бостириб кириб қўлларига кирган нарсаларни синдирадилар, янги экилган экинларни пайҳонлайдилар, Зебони кўчага судраб чиқиб, яланғоч қилиб калтаклайдилар. Бу воқеанинг тафсилоти узун, аччиқ саволлари кўп... Кўзимдан кетмайдиган лавҳаларидан бири: Зебонинг шикояти бўйича мен хизмат сафарида бўлганимда, аёл айни масалада вилоят ички ишлар бўлимига ариза берган, лекин хат жавобсиз ётган экан. Ички ишлар бўлимига бирга бордик, масъул ходим қабулига кириш учун хат-хужжатни тўғрилагунимизча бизнинг ташрифимиз кўпчиликка маълум бўлган шекилли, ичкарида узун йўлакдан ўтиб борарканмиз, ҳамма эшиклар қия очилиб, улардан Зебони очиқ-ошкор кулгу-мазах билан кузатаётган қиёфалар кўринарди. Кейин... эри ҳам ташлаб кетди, бу жувоннинг учта боласи деярли йўлларда катта бўлди: Республика Олий суди, прокуратурасига қатнади. “Опа, бу идораларда менинг овозимни эшитишлари билан эшикларини қулфлаб оладилар”, дер эди Зебо. Аввалига туман ички ишлар бўлимида воқеанинг гувоҳи бўлганларнинг хатлари йўқотиб ташланди, юқори ташкилотлардан ҳам ёруғлик чиқмади...” “Халқ сўзи” газетасида айни воқеа ҳақида икки марта босилган танқидий мақолаларимиз ҳам бесамар кетди. Охир-оқибат мен: “Зебо, болаларингизни қийнаб Тошкентга келаверманг, қўлингизда бўлган озгина пулингизни уларнинг еб-ичишига сарфлаб сабр қилиб туринг-чи”, дейишга мажбур бўлганман.
Шундан кейин... адашмасам, 2000-йилларнинг боши эди. Тошкент марказий кўчаларидан бирида кетаётсам, рўпарамдан кимдир “Опа!” деб югуриб келиб қучоқлаб олди. Зебо! Унинг кўзлари кулар, озғин юзларига ёш қуйиларди: “Катта ўғлим ўқишга кирди, юридик институтга қабул қилинди, опажон!” – ўша лаҳзаларни эсласам, ҳамон дийдамга қувонч ёшлари тўлади. Сал муддат ўтиб иккинчи ўғлиям институт талабаси бўлди. Қаранг, битта одамнинг қувончи оламларни жо этиши мумкин бўлган бағрингизга сиғмайди. Мустақиллик қалбини, ҳаётини, умр йўлларини нурлантирган; қора меҳнатдан бошқасини билмай адолатсизликдан эгилган бошларини кўтарган; истиқлол шу она Ватанга азиз фарзанд эканини англатган, шукрона ва фахр туйғуларини дилига солган Зебо, зеболар, эҳ-ҳе, миллион-миллионларни ташкил этади, иншааллоҳ.
...Ўйлаб қарасам, мустақиллик давригача юртимизда етти ёшдан етмиш-саксон ёшгача бўлганларнинг ҳаммаси иш билан таъминлангандек эди: аҳолисининг қарийб саксон фоизи қишлоқ хўжалиги, аниқроғи, пахта билан шуғулланган мамлакатимизда эрта баҳордан кеч кузгача омма пахта меҳнатига боғлаб ташланганди. Ғўза яганаси, чопиғи, чеканкаси, пахта теримига аҳоли ёппасига жалб этилар, гўдаклар – пахтазор чеккасидаги тутларга тортилган беланчакларда, мактаб ёшига етиб-етмаганлардан ўсмирларгача онасига ёрдамчи. “Онасига ёрдамчи” дейишимнинг боиси шуки, табелчилик, сувчилик, терилган пахтани тортиб олиш, пахтани қуритиш ва пахта пунктига топшириш ишлари эркаклар зиммасида, униб чиққан ғўза парваришидан ҳосилини йиғиб олгунча бўлган жараёнларда заҳарли дориларга бўктирилган далаларда асосан хотин-қизлар, болалар “жавлон уришарди”. Ва яна ажабланарлиси... йил охирида пойтахтнинг катта саройларидан бирида ўтказиладиган “Ҳосил байрами” тантанасига йиғилган гурас-гурас эркаклар орасида адашиб қолган қизғалдоқлар каби саноқлигина аёлларни кўриш мумкин эди.
Бундан қирқ йиллар олдин бир суҳбатдошим ўсмирлик йилларидаги воқеани сўзлаб берганди: “Қиш бошланиб кетган, лекин биз – болаларнинг кийимларимиз жуда юпун эди. Илк баҳордан кеч кузгача колхоз даласида ишлаган отам билан онам йил охирида хўжалик томонидан аъзоларга бериладиган ҳисобот пулини кутишар, ундан бизга кийимлар сотиб олиб беришмоқчи эди. Ниҳоят, бир куни отам ҳисобот пули берилаётганини айтиб, хурсанд чиқиб кетди. Алламаҳалда шундай қиёфада кириб келдики, биз отам қаттиқ касал бўлиб қолдими, деб қўрқиб кетдик. У тикка турганича қўйнидан бир сиқим пул олиб, сандалнинг устига отди, эски 1 сўмликлар сочилиб кетди. “Мана бир йиллик меҳнатимиз учун чиққан отчёт пули, 30 сўм!” – отамнинг юз-кўзларига алам, фарёд тўлгандек эди...” (ўша даврнинг нарх-наволари бўйича ҳисобласак, айтайлик, 1 кило шакарнинг нархи 80 тийин эди. 30 сўм – 80 килоли 1 қоп шакарнинг пули).
Мустақиллик давригача оналар, болалар ўлими бўйича юртимиз иттифоқдош республикалар ўртасида йиллар давомида юқори ўринлардан бирини эгаллаб келди... – бу ҳолат, маълумотларни эслашнинг ўзи қанчалар оғриқли. Бугун ҳатто истибдод ҳукмрон бўлган ўша замонда шу адолатсизликлар, тенгсизликлар, зулм, камситишларга қандай бардош бериб яшаганимизни тасаввур этиш ҳам қийин. Ўша даврлардаги қораламалар, ён дафтарлардаги қайдларда фикримнинг далили бўлган аччиқ хотиралар шунчалар кўпки, баъзиларини айтишга тилинг ҳам айланмайдигандек...
Азиз ватандош, биз бир-биримизни мустақилликнинг ҳар бир янги тонги учун қутласак, шукрона келтирсак арзийди.
Яна газета хабаридан: “Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили 8-октябрда ва жорий йил 26-февралда ўтказилган видеоселектор йиғилишларида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Унга кўра, хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб, улар юртимиз аёлларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва шароитини ўрганишди. Натижада «Аёллар дафтари»га 430 275 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз киритилиб, бугунги кунда уларнинг барчасига у ёки бу жиҳатдан ёрдам берилиб, муаммолари ҳал этилишига кўмаклашилди”, – бу каби хабарларни ўқиганда беихтиёр ҳазрат Алишер Навоий муборак ҳадиси шарифга асосланиб ёмғирнинг дарё устига бориб ўз сувини тўкиши саховат эмас, балки унинг қақроқ ер устига сувини сепиши чин саховатдир, деган ҳикматларини эслайвераман. Бу хабарлар моҳиятида ётган ҳаётий ўзгаришлар ва уларнинг юз минглаб хотин-қизлар тақдири, қалби, интилишу эзгу тилакларидаги хосияти, аҳамиятини; мустақиллик ва бу бебаҳо неъматдан барча ватандошларимиз бирдек баҳраманд бўлишлари учун мамлакат ҳаётига жонкуярлик, жасорат билан раҳбарлик қилаётган муҳтарам Президентимизнинг жонажон халқимизга – ҳар биримизга самимий, қайноқ меҳр-муҳаббатини яна ҳам теран англай бошлайсан, қалбдан ҳис этасан, Аллоҳга шукр қиласан.
...Шу йил Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали йиғилишда наманганлик тадбиркор ака-укаларнинг онасига орден топширилган пайтдаги чақмоқдек лаҳза – Юртбошимизнинг фариштадек онахоннинг елкасини силаб унинг юзига қувонч, ифтихор, меҳру эҳтиром билан боққанлари қалбимга видеолавҳадек муҳрланиб қолди. Саховатли қалбнинг бу ҳарорати, нури Янги Ўзбекистоннинг барча қизлари, аёллари тақдирини бирдек ёритишга қаратилганини фазилатли қадамлар исботламоқда. Зеро, жисмонан ва маънан соғлом, илму маърифатли, маданиятли, маънавиятли, бахтли аёл саодатли оила ва камолотга интилувчи жамиятнинг пойдеворини яратади.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби (2021)
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ