“Ўлдирса ҳам, ош ўлдирсин” – нотўғри овқатланиш бўйича пешқадам халққа айланиб бормоқдамиз


Сақлаш
17:35 / 13.05.2022 1444 1

Ўзбекистон аҳолиси нотўғри овқатланиш бўйича жаҳонда юқори ўринларда турар экан. Мазкур тадқиқот натижаларига эътироз билдира олмаймиз, албатта. Кейинги йилларда юртдошларимиз юрак-қонтомир, қандли диабет хасталигига кўп чалинмоқда. Кундалик ҳаётда атрофдагиларимиз мисолида кўриб-билиб юрибмиз.

 

Дунёда ҳар йили 11 миллиондан зиёд инсон айнан нотўғри таомланиш оқибатида вафот этади. Бу эса кашандалик қурбонларидан бирмунча кўп дегани. Таомномада мева-сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар камайиб бориши организмнинг макро ва микро элементларга тўйинмаслигига сабаб бўлмоқда. Хўш, овқатланиш борасида айнан қандай хатоликларга йўл қўйяпмиз? 

 

Шаҳноза ЖУМАНОВА,

диетолог:

 

– Кўпгина хасталиклар сабаби – ортиқча вазн экани ҳеч кимга сир эмас. Семириш қандай пайдо бўлади? Нотўғри овқатланиш, камҳаракатлилик, стресс оқибатида. Бугунги инсон фаолиятида жисмоний меҳнат улуши камайиб, ақлий меҳнат ҳиссаси кўпайиб бормоқда. Сарфланмаган калория эса организмда ёғ тўпланишига олиб келади. Шунинг учун кунига ярим соат бадантарбия ёки спортга вақт ажратиш айни муддао бўлади.

 

Овқат қанчалик ёғли ёки ширин бўлса, одам ўзини шунча қулай ҳис қилади. Ҳар қандай тушунарсиз вазиятда чайнаш учун бирор нарса излашга мойиллик кучаяди. Тадқиқотларга кўра, аёллар кўпинча стрессни енгиш, эркаклар эса зерикишдан қутулиш учун таомланишга муккасидан кетадилар. Хуллас, ортиқча овқатланишга мойилликни тана эмас, мия келтириб чиқаради. Агар бу борада меъёрни билмасангиз, таомланиш кундалигини тутинг. Ўзингизга хос тўғри овқатланиш тартибини танлашингиз керак.

 

 

 

Раҳматуллоҳ ДОНИЁР,

журналист:

 

– Туркияга келиб амин бўлдимки, қардошларимиз ёғли овқатлардан кўп ейишмайди, хамирли таомларни хуш кўришмайди, ҳазм оғир маҳсулотлардан узоқ туришади. Шунинг учун бўлса керак, ошқозон-ичак, жигар хасталиклари нисбатан сийрак учрайди. Асосийси, қорин қўйган эркаклар ва семириб кетган аёлларга камдан кам дуч келасиз.

 

Бизда аксарият эркаклар чойхонага қатнайди, гап ўйнайди. Тўйлар, амру маъруфлар, эҳсонларнинг саноғи кўп. Деярли ҳамма йиғинда ош тортилади: “Умрингдан бир кунинг қолса, ош е”, “Ўлдирса ҳам, ош ўлдирсин”. Шу тўкин дастурхонлар учун қанча вақт, қанча маблағ сарфланади. Бунинг устига, қанча асаббузарлик, қанча исроф…

 

Узоқ йиллар Самарқанд давлат университетида турк тилидан дарс берган, ўзбек халқининг ҳаёти, маданияти ва турмуш тарзини яқиндан ўрганган ёзувчи Шароф Йилмаз “Регистон” телеканалига берган интервьюсида шундай деган эди:

 

“Мен ўзбекларни жуда яхши кўраман, қалбимнинг тўрида бу халқ учун алоҳида жой бор. Лекин бир одатини ҳеч ўзимга сингдира олмадим: меҳмондўстликни ҳадидан ошириб юборишади, овқатланадиган вақт бўлмаса ҳам, қорин оч бўлмаса ҳам, қўша-қўша таом олиб келаверишади, дастурхон атрофида соатлаб ўтиришади. Бу жуда ёмон! Асосий ғами еб-ичишдан иборат бўлган, қимматли вақтини таомланиш маросимларида ўтказадиган миллатдан буюк авлодлар етишиб чиқиши қийин”.

 

 

 

Орифжон КОМИЛОВ,

педиатр:

 

– Болани тўғри овқатлантиришни ҳали туғилмасиданоқ, яъни ҳомиладор аёлнинг таомланиш рационини коррекциялашдан бошлаш зарур. Бошқоронғилик, токсикоз ва бошқа баҳоналар билан турли ароматизаторлар, консервантлар ва концерогенлар мавжуд овқатларни, газли ва энергетик ичимликларни истеъмол қилишга ружу қўйилади. Газли ва энергетик ичимликлар ҳомиладор аёл қони таркибидаги кальций ва фосфор элементларининг пешоб орқали чиқиб кетишига, бу эса туғилажак боланинг суяк ва асаб тизими етарлича шаклланмаслигига сабаб бўлади.

 

Гарчи онанинг кўкрак сути етарли бўлса-да, болага учинчи-тўртинчи ойдан мева шарбатлари, банан ва йогуртга ўхшаш қўшимча овқатлар бера бошлашади. Бу ҳам мутлақо нотўғри. Гўдак ҳаётининг дастлабки олти ойи давомида имкон қадар кўкрак сути билан озиқлангани маъқул.

 

Эмизикли аёлни қатъий парҳезда тутиш ярамайди. Эмишки, онанинг еган овқати боланинг ичини сурар эмиш. Минг афсуски, айрим тиббиёт ходимлари ҳам шу каби нотўғри тавсиялар беришмоқда. Аччиқ ва шўр, ҳайвон ёғи меъёридан ортиқ қўшилган овқатлар ейилмаса кифоя. Газли ва энергетик ичимликлар ҳам тавсия этилмайди.

 

Кейинги пайтда 1–5 ёшдаги болаларнинг кунлик рационида ароматизатор ва консервантлар бўлган нотабиий маҳсулотлар кескин кўпайиб кетди. Дудланган ва ярим дудланган гўшт, колбаса, сосиска каби егуликларни, шўр қоқ нон – кириешкиларни бериш, газли ичимликларни ниҳоятда кўп ичириш, рангли музқаймоқ ва ширинликларни едириш болаларда ошқозон-ичак, буйрак, асаб ва юрак-қонтомир касалликлари, камқонлик, авитаминоз ҳамда иммунотанқислик кескин кўпайишига сабаб бўлмоқда.

 

Фарзандларига ранг-баранг қоғозларда, ялтироқ ўрамларда қадоқланган сунъий, кимёвий овқат маҳсулотларини едираётган, газли ичимликларни ичираётган ота-оналарга қарата айтар эдимки, болангизга заҳар берманг!

 

 

Фозил ФАРҲОД,

ёзувчи:

 

– Кеча сузиш ҳавзасида Сардор деган йигит билан гурунглашиб қолдим. Аэропортда ишлар экан. Юртимизга келаётган 90 яшар япон сайёҳлари ҳақида гапирди. Кекса бўлишига қарамасдан чаққон ҳаракатланар, сафарда йўлдошсиз юрар экан. Сўнг умра ё ҳажга кетаётган 60 яшар ўзбеклар билан солиштирди: кўпчилиги семиз, сумкасини зўрға кўтаради, ёнидаги болалари ёрдамига муҳтож.

 

Мана, қаранг, икки миллат икки манзара. Энди ўзингиз ўйланг, ким тўғри яшаяпти? Қайси миллат узоқ умр кўряпти? Шунақа гап бор: японлардан кимдир 100 ёшда ўлиб қолса, ҳаммаси ёш кетди, деб йиғлашаркан. Бизнинг эса 100 дан биримиз 100 ёшга етамиз ё йўқ.

 

Январ ойи бошида мен ҳам 111 кило эдим. Шу пайтгача ҳеч қачон тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилмаганман. Бу ҳақда ўйламаганман ҳам. Қон босимим доимий 140/100 бўлиб қолганини билгач, бу ортиқча вазн сабабли эканини ич-ичимдан ҳис қилдим ва таомланишни тартибга солдим. Сув ичиш, кўкат, мева ва сабзавотлар ейишни кўпайтирдим, нонни камайтирдим. Кунига 10 000 қадам юриш ва уч-тўрт кунда бир марта 10001500 метр сузишни одатга айлантирдим.

 

Натижада 4 ой давомида 111 килодан 95 килога тушдим. Қон босимим ҳам 120/80 бўлди-қолди. Яшашга, ижодга иштиёқим ошди. Руҳиятим кўтарилди. Соғлом турмуш тарзининг таъмини тотдим. Ҳаётнинг бу томони жудаям ёрқин экан. Энди бир умр шундай яшамоқчиман. Насиб этса, японлардай 100 ёшдан ошмоқчиман.

 

Сиз-чи, азиз юртдош? Тўғри овқатланиш тартибига риоя қиласизми? Фикрларингизни изоҳда ёзиб қолдиринг.

 

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Oyina.uz

1 Изоҳ

Фозил Фарҳод

12:01 / 01.01.1970

Фикрларимизни эълон қилганингиз учун ташаккур.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//