Адабиёт
Жадидчилик ҳаракатининг тамал тоши жадид усули мактабларидир. Бу ҳаракатнинг асл мақсади миллатнинг ўзлигини танитиш, ижтимоий-сиёсий тузумни тубдан ислоҳ қилиш, миллат, Ватан истиқлоли эди. Ўтган асрларда не-не буюк алломаю олимларни тарбиялаб етиштирган анъанавий мактаблар орадан бир неча аср ўтиб, жаҳон тараққиётидан бутунлай узилиб қолган, бунинг устига мустамлака тузуми туфайли пароканда аҳволга тушган эди. Шунинг учун ҳам маҳаллий мактабларни тубдан ислоҳ қилиш, замон талабларига мос мактаблар, олий ўқув юртларини ташкил этиш жадид мутафаккирларининг асосий вазифасига айланган эди.
Бухоролик машҳур маърифатпарвар адиб, адабиётшунос олим, шоир ва драматург, Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг машҳур сиймоларидан бўлган Абдурауф Фитрат (1886–1938) “Баёноти сайёҳи ҳинди” (“Ҳинд сайёҳи баёноти”) асарида Бухоронинг илму маърифатни тарқатиш йўлидаги тутган мавқеи ҳақида шундай ёзади: “Бухоро қадимдан ғоят доно ва зукко бўлиб етишган, фузало аҳлини тарбиялаб, вояга етказган. Ҳар куни бир Ибн Сино, Форобий, Муҳаммад Исмоил Бухорий ва Улуғбек кабиларни жаҳонга ҳадя этиб, шу тариқа ўзининг шарафли довруғини жаҳон халқларининг қулоқларига зирак қилиб таққан”.
Аммо, XIX аср иккинчи ярмидан бошлаб Бухоронинг маърифат тарқатиш борасидаги мавқеи пасайган, мадрасаларда ўқитиш тизими эскириб қолган ва аниқ фанлар олиб ташланган, мутаассиблик ҳукмрон бўлиб, малакали ва илмли мутахассислар тайёрлашдан йироқлашган эди. Бир сўз билан айтганда, Бухоро илм масканлари тубдан ислоҳотга муҳтож эди.
XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошларида Бухоронинг илмий шуҳратини қайта кўтаришга, унга муносиб хизмат қилишга бел боғлаган атоқли маърифатпарвар адиблар, олимлар, давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиқди. Улар орасида илм-фаннинг турли соҳаларида меҳнат қилиб, ўз номларини абадиятга муҳрлаган Аҳмад Дониш, Шарифжон Махдум Садри Зиё, Мирза Абдулазим Сомий Бўстоний, Мирза Салимбек, Афзал Махдум Пирмастий Бухорий, Абдуллахожа Абдий, Ҳожи Азими Шаърий, Мирза Саҳбо Вобкандий, Ҳожи Муҳаммад Неъматулло Муҳтарам, Идрисхожа Рожий, Муҳаммад Сиддиқ Ҳашмат, Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат, Абдулвоҳид Бурҳонов Мунзим, Файзулла Хўжаев, Убайдулла Хўжаев, Мукаммил Бурҳонов, Усмон Хўжа, Отаулла Хўжаев, Абдуқодир Муҳиддинов, Мусо Саиджонов каби маҳаллий зиёлиларни кўриш мумкин.
Адиб ва маърифатпарвар олим Садриддин Айний ўзининг “Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар” асарида Бухородаги янги усул мактаблари ва фаолияти, унинг раҳнамолари хусусида батафсил маълумотларни келтириб ўтган. Хусусан, китобдан “Мактаб масаласи”, “Бухорода биринчи усули жадида мактабнинг очилиши”, “Мактабни ёпмоққа ҳозирланиш ва имтиҳон”, “Мактабнинг биринчи марта ёпилиши”, “Мактаб тўғрисида фатво ва мунозаралар”, “Рус ҳукумати собиқасининг Бухоро ислоҳоти ҳамда мактаб масаласига назар ва муносабати”, “1914 йилдаги ҳоллар ва мактаблар” ва “Мактабларнинг иккинчи допқир ёпилиши” номли бўлимлар ўрин олган. С.Айний ўз китобида янги усулдаги мактабларнинг Бухоро илмий муҳитида тутган мавқеи, маорифпарварлик ва тараққийпарварлик ғояларининг тарқалиши, таълим-тарбияни ривожлантириш ва юксалтиришдаги хизматлари хусусида батафсил фикр юритади.
Адибнинг фикрича, Бухоро инқилобининг юзага келиши ҳам мактаб масаласидан бошланган. Асарнинг “Илмий инқилобга ҳозирланиш” бўлимида таъкидланишича, Бухородаги дастлабки маърифатпарварлик ва тараққийпарварлик ғоялари машҳур хаттот ва тарихчи олим Аҳмад Махдум Дониш (1827–1897)дан бошланган. С.Айний Аҳмад Дониш билан шахсан учрашиб, унинг суҳбатидан баҳраманд бўлмаган бўлса ҳам, лекин унинг “Наводир ул вақоеъ” асари билан танишганлигини, бу асар унинг дунёқарашида катта бурилиш ясаганлигини айтиб ўтади.
Бухоро амирлиги ҳудудида илк усули жадид мактабини ким очган деган ҳақли савол туғилади. С.Айнийнинг эътирофига кўра, Бухорода дастлабки янги усул мактабини 1900 йилнинг бошларида, маҳаллий зиёлилардан бўлган Мулла Жўрабой Пирмастий очган. Лекин бу мактаб тезда ёпилган. Мулла Жўрабой Русиядаги янги усул мактабларини кўриб келиб, Бухоронинг Пўстиндўзон (пўстин тикиш) гузарида янги усул мактабини очади.
“Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар” асарининг “Бухорода биринчи усули жадида мактаби” бўлимида ёзилишича, 1326 йил ҳижрий, шоввол ойи ўнида (милодий 1908 йил 23 октябрь, янги ҳисобда 1908 йил 5 ноябрь) Бухоро шаҳрининг Дарвозаи Саллоҳхона гузарида Мирзо Абдулвоҳид Мунзим уйида форсий (тожик) тилида биринчи махсус усули жадида мактаби очилади. Унга Абдулвоҳид Мунзим муаллим этиб тайинланади. Юқоридаги асарда айтилишича, “Бу мактабда дастлаб ўқувчилар қуйидагилар эди: Абдураҳмонбек – Абдуллабек ўғли, унинг хизматкори Абдуғани, Афзал ва Акрам – Аҳмад Махдум Ҳамдий ўғли, Муҳаммадамин – Саиджон Махдум ўғли, Абдуқайим – Абдушукур ўғли. Иди қурбонгача, икки ой муддатда ўқувчилар адади (сони) 12 тага етди”.
Янги усул мактабларида ўқитиш самарадорлигини таъминлаш учун дарслик, қўлланма ва янги адабиётлар, шунингдек, талабчан ва иқтидорли муаллимлар зарур эди. Чунки уларни китоб ва муаллимлар билан таъминлаш, ёшларнинг хорижда таълим олиш ишларига кўмаклашиш жадидларнинг асосий мақсадларидан бўлган. Ёш бухороликлар томонидан тузилган “Бухоройи шариф ширкати” муассислигида С.Айнийнинг жадид мактаблари учун ёзган “Тартил ул-Қуръон” (“Қироат китоби”), “Заруриёти диния” (“Диний китоб”) ва “Таҳсиб ус-сибён” (“Болалар тарбияси”) номли ўқиш китоблари 1909 йилда Оренбургда нашр этилади. Айний “Таҳсиб ус-сибён” дарслигини Исмоил Гаспринскийнинг “Хўжи сибён” (“Болалар муаллими”) китоби таъсири остида ёзган. Бу китоб 1917 йилда Самарқандда “Маърифат кутубхонаси” (1914 йилда ёш бухороликлар ташкил этган) томонидан иккинчи марта нашр этилади.
Амирлик ҳудудида татар муаллимлари ҳам янги усулдаги мактаб очиш ва ўқитиш ишларини жадал суръатларда олиб борганлар. С.Айнийнинг ўзи Абдулвоҳид Мунзимнинг янги усул мактаби очилгунига қадар татар мактабларида ишлаб, дарс бериш ва ўқитиш йўлларини ўрганган. Хусусан, муаллифнинг ўзи бу ҳақда “татар мактабида олти ой ишлаб, тажриба орттирдим” – дея қайд этган эди. 1907 йил Бухорода татар Низомиддин Собитов (Собитий) ўз уйида қози Мир Бадриддин қозикалон рухсати билан татар тилида янги усул мактабини очган. Низом Собитийнинг мактаби Гавкушон маҳалласидаги Холид Бурнашев ҳовлисига кўчирилгандан сўнг, кўп ўтмасдан 1909 йилда мутаассиб руҳонийлар тазйиқида Остонақулбий Қушбеги томонидан ёпилган. 1908–1910 йилларга қадар, яъни Ёш бухороликларнинг “Тарбияи атфол” (“Болалар тарбияси”) ташкилоти тузилгунга қадар Бухорода очилган жадид мактаблари, асосан татар мактаблари бўлиб, уларда татар муаллимлар дарс беришган.
Ёш бухороликларнинг фаол аъзоларидан бўлган Усмон Хўжанинг қариндоши Латиф Хўжа (Латиф Хўжаев) томонидан ҳам Гавкушон маҳалласида янги мактаб очилган. Шаҳар савдогарлари ҳомийлигида ишлаган ушбу мактаб 2 синфдан иборат бўлиб, синфда 3 та глобус, китоблар, парталар, доска, ўқувчиларга бериладиган дафтарлар бўлган. Битта синфда бошланғич таълим олувчилар, иккинчисида эса олти ой таълим олганлар ўқитилган. Дарсларни Усмонхўжа ва Мулла Ғулом Қодирали олиб борган.
Жадид мактаблари ичида Мукамилиддин Бурҳонов мактаби ўзининг жиҳозланиши билан ажралиб турган, унда шиша қўйилган (ойналик) деразалар, темир печкалар бўлган. Мулло Ҳомидхўжа Бозори Нав гузарида яна бир мактаб очган, унда 32 нафар ўқувчига дарслар рус тилида ўтилган. Мактабларга асосан уларнинг ташкилотчилари, айрим ҳолларда бой-бадавлат кишилар ҳомийлик қилган. Бундан ташқари, ота-оналар томонидан бериладиган ўқиш пули ҳисобидан ҳам мактаблар таъминоти йўлга қўйилган. Масалан, Мирзо Абдулвоҳид ва Айний ташкил этган жадид мактабида ўқиш пули ойига 3 сўмни ташкил этган. Эски мактабда 6–10 йил ўқилса, янги усул мактабида 4 йил ўқитилган. С.Айний таъкидлаганидек, ушбу мактаблар “ним (ярим) ислоҳ мактаблари” эди.
Усмонхўжа Пўлатхўжаев томонидан 1913 йилда очган янги усул мактаби анчагина шуҳрат топган. Ҳамидхўжа Меҳрий ҳам Ҳовузи Арбоб гузарида янги усул мактабини ташкил этган. Пойи остона гузарида Мулло Вафо номли мударрис жадид мактаби очиб, рус ва форс тилидан дарс берган. Хиёбон гузарида Мирза Исмоилнинг укаси томонидан катталар учун савод чиқариш мактаби ташкил этилиб, унда илм ихлосмандлари хат-савод, ҳисоб ва жуғрофия фанларидан сабоқ олган.
Бухоро шаҳрининг Моркуш ва Хиёбон гузарларида очилган мактабларни шаҳарнинг бой савдогарлари таъминлаб турган. Мактабларда ўртаҳол ва камбағалларнинг фарзандлари ҳам таълим олган. Шайх Абулқосим ва Шайх Мирзо Ҳабиб каби тажрибали ўқитувчилар бу мактабларда дарс берган. 1912-1913 йилларда Бухоро шаҳрида мулло Абулқосим, Мукамилиддин махсум, Ғиёс махсум Ҳусайн томонидан яширин мактаблар очилиб, уларда 100 дан ортиқ бола ўқиган.
Янги усул мактаблари нафақат Бухоро шаҳрида, балки амирликнинг кўпгина беклик ва туманларида ҳам фаолият кўрсата бошлаган. С.Айнийнинг айтишича, 1908–1912 йилларда Каркида татар болалари учун мактаб, рус тилини ўрганувчилар учун тўгараклар, кутубхоналар иш бошлаган. Қори Йўлдош Пўлатов, Фазлиддин Махзум, Ҳожи Жўрақул, Абдуфаттоҳжонлар бу жараёнда фаол иштирок этишади. Шаҳрисабз беклигида Исломқул тўқсабо ўз уйида янги мактаб очиб, Тошкент ва Самарқанддан бир неча муаллимларни ишга таклиф этган.
Ғиждувон ҳудудида Абдулҳакимхўжа ҳам янги усул мактабини очишга муваффақ бўлади. Қоракўлда амлокдор Ғулом Қодир билан Қози Икром бир неча мактаб очиб, ўзлари ва хоҳловчиларнинг болаларини ўқитган. Сулаймонхўжа томонидан газета ва китоблар келтирилиб, кутубхона ишлари ҳам йўлга қўйилган. Шофиркон, Вобкент ва Ванғозе ҳудудларида ҳам мактаблар ташкил этилган. “Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар” асарининг “1914 йиллардаги ҳоллар ва мактаблар” бўлимида ёзилишича, 1914 йилга келиб Усмонхўжанинг мактабида тахминан 200 нафар, Ҳамидхўжа Меҳрий мактабида эса 100 нафар, Мукамилиддин Махдум мактабида 50 нафар, Хиёбон гузарида жойлашган мактабда 40 нафар, Моркуш гузаридаги мактабда 150 нафар, Мулла Вафо мактабида 80 нафар ўқувчи таълим олган.
Яна ўша асарнинг “1914 йилдаги ҳоллар ва мактаблар” бўлимида айтилишича, 1914 йилда Ёш бухороликлар томонидан икки муҳим иш амалга оширилган. Буларнинг биринчиси “Маърифат кутубхонаси” ва “Баракат ширкати” очилиши. Бу ҳақда муаллиф “Бухоройи шариф” ва “Турон” газеталарининг нашр этилиши тўхтатилгач, янги адабиётга, газеталарни мутолаа қилишга ўрганган маҳаллий аҳолини турли-туман янги ўқув адабиётлар, журналлар ва газеталар билан таъминлаш, уларни рағбатлантириб бориш мақсадида “Маърифат кутубхонаси” ташкил этилди. “Баракат ширкати” халқ орасида “жадидлар ширкати” деб шуҳрат чиқарди,” дея ёзади.
С.Айний асарнинг “Мактабларнинг иккинчи марта ёпилиши” бўлимида Бухоронинг дин пешволари Амир Олимхонга янги усул мактабларини ёпиш кераклигини айтиб, шикоят мактубини йўллашганини ёзади. Аҳволнинг кундан-кун жиддийлашиб бориши, мутаассиб руҳонийларнинг қаттиқ қаршилиги оқибатида, 1914 йилга келиб Бухорода фаолият кўрсатаётган янги усул – жадид мактабларининг ёпилиши бутун Туркистонга ҳам ёйилади. Маҳаллий матбуотда Бухородаги янги усул мактабларининг ёпилиши тўғрисидаги хабарлар акс-садо бера бошлайди. Уларда мутаассиб руҳонийлар ва айрим давлат арбоблари қаттиқ танқид остига олинади. 1914 йил 5 июлда амирнинг махсус фармони билан Бухородаги барча жадид мактаблари ёпилади. Уларнинг кўзга кўринган раҳбарларидан бир қисми шаҳардан чиқариб юборилади, яна бир қисмига қаттиқ огоҳлантириш берилади. Шунингдек, тўгараклар тузиш, газета ўқиш ва уни муҳокама қилиш қатъиян ман этилади. Бухоро амирлигида тараққийпарварлик, маорифпарварлик ва ислоҳотчилик ғоялари тарқалиши, янги усул жадид мактабларининг очилиши каби масалалар юзасидан С.Айний келтирган фикр-мулоҳазаларнинг қимматли томони шундаки, унда муаллиф воқеалар ва ҳодисаларнинг жонли гувоҳи сифатида ўз тилидан айтиб ўтади.
Юқоридаги маълумотлардан кўринадики, Бухоро амирлигида тараққийпарварлик ва маърифатпарварлик ғоялари XIX асрнинг иккинчи ярмидан шакллана бошлаб, XX аср бошларига қадар давом этган. Аҳмад Донишдан мерос бўлиб ўтган бу теран ғояларни юксалтириш ва ривожлантириш Ёш бухороликларнинг асосий мақсадларидан бирига айланган. Маҳаллий халқни, ёш авлоднинг саводини чиқариш, уларнинг онгига маърифатпарварлик ғояларини сингдиришда, аввало жадид мактаблари асосий рол ўйнаган. Жадид боболаримиз Ватан равнақи йўлида муносиб хизмат қилиб, ёш авлодни илм-маърифатли қилиб тарбиялаш, жамиятга етук ва истеъдодли кадрларни тайёрлаб беришдек масъулиятли вазифани амалга оширганликлари чиндан ҳам катта эътироф ва эътиборга моликдир.
Фаррух ТЕМИРОВ,
БухДУ доценти,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори(PhD)
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ