Адабиёт
Хотира ва қадрлаш куни арафасида икки устозни ёдга олдим. 2019 йилда ёзилган хотира-лавҳани эътиборингизга ҳавола қилмоқдаман. Ҳар икки устозни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!
Маҳмуд Саъдий хотираси ва Асил Рашидовнинг 90 йиллик юбилейига бағишланади.
2017 йил 23 сентябрь, шанба. Соат 13:33. Асил Рашидов уйга қўнғироқ қилиб, “Эртароқ келақолинглар, Маҳмуд Саъдинов билан”, деб қолди. Бир неча кун олдин келишиб олганимиздек, бугун соат 15 да Асил аканикига бормоқчи эдик. “Ҳа, соат учда етиб борамиз олдингизга”, дедим. Шундан сўнг кийимларимни тезда алмаштириб, йўлга чиқдим. Чошгоҳ маҳалида Маҳмуд Саъдийга қўнғироқ қилиб, бугунги режамизни эслатгандим. 58-автобусда Вестминстер университетига яқинлашиб қолганимда, соат 14:50 да Асил ака яна қўнғироқ қилиб, қаерга етиб келганимизни сўради. 5 дақиқада етиб боришимни айтдим. Республика болалар кутубхонаси яқинидаги бекатда автобусдан тушган заҳотим, соат 14:53 да устоз Маҳмуд Саъдийга қўнғироқ қилдим. Қўл телефонига тушолмадим. Асил аканинг кўп қаватли уйи олдига етиб борганимда соат миллари 14:55 ни кўрсатаётган эди, устоз подъезд эшигидан чиқиб келаётган экан. Салом-алик қилдик. Тартибга қатъий риоя қиладиган инсон бўлгани учун учрашувга кечикканимиздан жаҳли чиқаётганини сезиб турардим. “Қани Маҳмуд?” деб сўради. “Ҳозир кеп қолади”, дедим иккиланиб. “Қўнғироқ қил”. Қўнғироқ қилдим, бироқ у “хизмат доирасидан ташқарида” эди. Телефонига тушолмаётганимни билдирдим. “Телефони ҳам ланж экан-да”, деди устоз.
Асил акага яқин орадаги ўриндиққа ўтириб туришини, мен Маҳмуд Саъдийни топиб келишимни, адашиб, бизни топа олмаётган бўлиши мумкинлигини айтдим. Асил ака ўриндиққа жойлашгач, Маъмуд Саъдий келиб тушадиган бекатни кузата бошладим. Бу орада қўл телефонига қайта-қайта қўнғироқ қилавердим. Телефон аппаратимга қарасам, 13 марта қўнғироқ қилибман. 14-марта қўнғироқ қилганимда соат 15:18 эди. Ниҳоят гўшакнинг нариги томонидан овоз келди: “Қаерда турибсан?” Мен турган жойимни айтдим. Айтган заҳоти устознинг ўзига ҳам кўзим тушди. Метронинг Амир Темур бекатидан чиқиб, “Ипотекабанк” томондан келаётганди. Саломлашдик. “Асил аканинг жиғибийрони чиқиб, мени койиб берди, ҳозир сизни ҳам аяб ўтирмайди, тайёр туринг”, дедим. Устоз жилмайганча “Қани, кўрамиз”, деб қўйди. Асил ака ўтирган жойга етиб келдик. Маҳмуд Саъдий салом бериб, қўлини узатди. Устоз ўтирган жойида бир оғиз ҳам гапирмай, қўлини тутди. Бир муддат жимликдан сўнг “Нега кечикиб юрибсиз?” – сўради Маҳмуд Саъдийдан. Маҳмуд Саъдий ҳам бўш келмасдан, “Сизнинг Ғайбулла Салом ҳақидаги китобингизни ўқиб тугатиб чиқдим. икки бет қолганди”, деди вазиятни юмшатиш учун. Шундан сўнг Асил ака сал юмшади. Ҳол-аҳвол сўрашгач, Асил ака Маҳмуд Саъдийга “Асил Рашидов замондошлари нигоҳида” китобини акаси Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи маросимлари ўтгандан сўнг тўлдириб, қайта нашрга беришни маслаҳатлашиш учун уни чақирганини айтди.
Шундан сўнг Асил ака Олой бозорининг асосий кириш дарвозаси томонга боришимиз кераклигини айтди. У жуда секин қадам ташлаётганди. “Менинг юришим шу. Таксига ўтира қолайлик”, деди сўнгра. Шу пайтда олдимизга бир “Нексия” келиб тўхтади. Ҳайдовчи семиз бир киши, ёнидаги ўғли бўлса керак. “Олой бозорининг асосий кириш эшиги рўпарасига”, дедим қанчага олиб боришини ҳам сўрамай. “Сиз орқага ўтасизми, манави кекса киши ўтирса бўларди олдинги ўриндиққа”, дегандим 13-14 ёшлардаги болага, у эшитмасликка олди. Маҳмуд Саъдий ва Асил Рашидов ўнг орқа эшикдан, мен югуриб бориб, орқа чап томондаги эшикдан машинага ўтирдик. Жойлашиб олганимиздан кейин ҳайдовчига 2000 сўм узатгандим, яна 1000 сўм беришимни сўради. Манзилимизгача бор-йўғи 400 ёки 500 метр масофа эканини айтиб ўтирмай, яна 1000 сўм бердим. Мен пулни узатаётган пайтда Асил ака чўнтагини ковлаётган эди. Ҳайдовчига пул берганимни кўриб, менга яна танбеҳ берди.
Икки дақиқа ўтар-ўтмас манзилда тушиб қолдик. Асил ака бизни Олой бозори асосий кириш дарвозасига ёндош чап тарафдаги подвалда жойлашган суратхонага олиб тушди. У ерда учовимиз расмга тушдик. “Эсдаликка-да, балки яхши чиқса, китобга ҳам киритамиз”, деди устоз. Суратга тушиб бўлганимиздан кейин Асил ака расмчига “ярим соатдан сўнг мана бу йигит келиб, суратимизни олиб кетади”, дея унга ҳар бир расм учун 2 мингдан жами 6000 сўм берди.
Подвалдан кўтарилганимиздан сўнг устоз “Мана бу томонда яхши бир ўтирадиган жой бор, яқинда Жиззахдан уч-тўртта қадрдонлар келганда ҳам шу ерда ўтиргандик”, дея йўл бошлади. Йўл-йўлакай Асил акадан: “Сиз Тошкентга биринчи бор келганда, акангиз Олой бозори яқинидаги Финкельштейн кўчасида яшашини айтгандингиз, ҳозир ўша кўчанинг номи нима бўлган”, деб сўрадим. “Ҳозир бориб ўтирадиган жойимизнинг орқа томонидаги кўча эди, номи нима деб ўзгартирилганини билмайман”, деди устоз. Ҳар икки устоз секин-секин қадам ташлаб, ўзаро гурунглашиб борар, гоҳо йўлда тўхтаб олиб, яна давом этишарди. 10 дақиқалардан сўнг емакхонага етиб бордик. Олой бозорининг ўнг томонидаги бу кафе ўзбекона безакдаги, айвонли, ойнаванд эди. Ичкарига кириб, ўтирганимиздан сўнг бир йигит менюни олдимизга қўйди. “Танланглар, мен эса мампар айтаман”, деди Асил ака. Мен ҳам Маҳмуд Саъдий танлаган таомдан буюрдим.
Дастурхон атрофида ҳар икки устознинг гурунги авжига чиқди. “1960 йилларда курсдошим билан Жиззахдаги уйингизга борганман” деган гапдан сўнг Асил аканинг кўнгли янада ёришди. Учрашган маҳалдаги кечикканимиз туфайли тундлашган кайфиятларининг яна пилиги кўтарилди.
Устозларнинг гурунги роса қизиди. Мен уларнинг 1960 йиллардан кейинги воқеалар, 1980 йиллардаги Рашидовлар оиласи учун қора булут соя солган даврлар ҳақидаги гурунгини маза қилиб эшитиб ўтирдим. Айниқса, Асил ака 1980 йиллар ўрталарида кўча-кўйда кўплаб эски танишлари уларни кўриб-кўрмасликка олиб кетиш ҳолатлари кунда-кунора учраб тургани, бироқ ўғли билан бир жойда музқаймоқ еб ўтирганида, Маҳмуд Саъдий уларнинг олдига келиб, ҳол-аҳвол сўрашиб ўтгани ҳақидаги хотираларни тилга олганида, Маҳмуд Саъдий ҳамиша, ҳар қайси замонда юзи бир, тили бир, дили бир инсон бўлиб яшаганини англадим.
Бу орада мен учаламиз тушган суратни олиб келдим.
Соат 18 га яқинлашиб қолганди. Официант йигит бир парча қоғозни олдимизга ташлаб кетди. Асил ака яна чўнтагини қармалади. Мен пластик карточкамни чиқариб, қўлимда ушлаб турдим. Буни кўрган Асил ака, “Мана бу пулни ол-да, пластигингдан тўлайвер, яқинда жиззахлик танишларим келганда ҳам шундай қилувдик”, деб қўйди. Пластик карточкадаги пулни 5–10 фоиз “ҳақ” эвазига нақдлаштириб юрганим учун бу ҳолат ҳам мени қувонтирганди.
Ташқарига чиққанимиздан сўнг Асил ака “Ҳув анави бурчакда қовоқли сомса сотилади, ўшандан 6 та олиб кел. Мана бу томондан эса маккайи оламиз”, дея менга пул тутқазди. Мен бориб сомса олиб келдим. Пиширилган (қайнатилган) маккажўхори тугаб кетган экан.
“Уйга мана шу томондан пиёда ўтсак бўлади”, деди Асил ака. Бу пайтда соат 18:09 бўлиб, биз Главпочтамтнинг чап томонидаги кўп қаватли уйларга яқинлашиб қолгандик. “Мана бу 4 та чинор Асил бобонинг чинори бўлади. 1970 йилларнинг бошида экканман” дея забардаст чинорларни кўрсатди устоз.
Подъездига яқинлашиб қолганимизда, “Уйга киринглар, яна бироз суҳбатлашамиз. Маҳмуджонга бир китоб ҳам бераман, фойдаланиш учун”, деб қолди. Лифтда 5-қаватга кўтарилдик. Асил аканинг хонадони эшигидаги “69” рақамини кўрган Маҳмуд Саъдий “Бизнинг автобуснинг рақами экан”, деб қўйди. Асил аканинг тартиб-таомили бўйича: туфлини ташқарида ечиб, қўлга олиб, ичкарига шиппакни кийиб кирдик. Уй кутубхонасида икки устознинг гурунги авжига чиқди. Чингиз Айтматовнинг китоблари юзасидан фикр алмашишди. Мен эса бу жараёнларни қўл телефонимда суратга олиб, у ердаги бошқа суратларга бир-бир қараб чиқдим.
Бирпасдан сўнг ошхонага ўтдик. Гурунг ўша ерда давом этди.
Соат 20 га яқинлашганда Асил ака “Чарчадим. Энди сизларга рухсат” деди. Ҳамиша рўй-рост гапирадиган одамнинг бу гапи ҳеч кимни оғринтиргани йўқ. Устоз билан хайрлашиб, пастга тушганимиздан сўнг, ҳар галгидек 5-қаватга кўз югуртирдим. Асил ака доимгидек қўл силкиб турарди.
Бекат томон юрарканмиз, Маҳмуд Саъдийдан “Асил ака койиганида кўнглингизга олмадингизми?”, деб сўрадим. Устоз жилмайганча: “1965 йилдан бери ишлайман. Шу пайтгача, 52 йилдан буён ҳеч қаерга деярли ўз вақтида бормаганман. Эркин одамман, Асил ака ўзгартира олармиди бу туришимни”, деди.
Маҳмуд Саъдийни танийдиган каттаю кичик уни айнан шу “камчилиги” билан қадрларди, ардоқларди...
Мен устозга “Асил ака ҳақидаги мақолани “Асил ака тартибга қатъий риоя қиладиган одам. Мен эса тескариси” деб бошланг”, дедим. У киши эса “Йўқ, мен эркин одамман”, деб бошлайман, деди. Кулишганча хайр-хўшлашиб, Маҳмуд Саъдий Амир Темур метроси бекати томон, мен Сергелига кетадиган 58-автобус бекати тарафга йўналдик.
Дарвоқе, сарлавҳани нега “78 ва 87 орасида” деб номлаганимни қисқача изоҳлаб берай. Маҳмуд Саъдий айни пайтда 78 ёшда бўлса, Асил Рашидов 87 ёшда. Мен эса, уларнинг орасида. Устозларнинг изини берсин!
Айтганча, жорий йил июль ойида 80 ёшини нишонлаган устозим Маҳмуд Саъдий ҳаётдан кўз юмганига бугун 20 кун бўлди. Яна бир устозим Асил Рашидов 18 кундан сўнг – 2020 йил 1 январь куни қутлуғ 90 ёшини нишонлайди. Устознинг умри узоқ бўлсин!
Асил Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги китоб 2018 йилда тўлдирилган ҳолатда қайта чоп этилди. Унга менинг устоз билан қилган суҳбатим ҳам киритилди. Маҳмуд Саъдийнинг эса... Асил Рашидов ҳақидаги мақоласи ёзилгунча, китоб нашр қилиниб бўлганди... Маҳмуд Саъдий ўзининг кўнгли тўлмагунича бирор бир мақолани ҳеч қачон айтилган муддатда ёзган эмас. Бу ҳам устознинг ўзига хос хислатларидан эди. Маҳмуд Саъдийнинг охирати обод бўлсин!
Шерали КАРВОНЛИ,
халқ таълими аълочиси
14.12.2019 йил.
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ