Адабиёт
Бугунги меҳмонимиз “Ziyouz.com” портали асосчиси, журналист, блогер Давронбек Тожиалиев ўзини ўзгартирган уч китоб ҳақида мулоҳазаларини билдириб ўтди. Давронбек Тожиалиевнинг “Китоб ҳақида китоб” номли асари муштарийлар томонидан қизиқиш билан ўқилмоқда. Қуйидаги тавсиялари ҳам сизларга фойдали бўлади, деган умиддамиз.
1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Руҳий тарбия” тўплами инсон ҳаёт тарзи, маънавий дунёсини буткул ўзгартира оладиган китоблар сирасига киради. У мўмин учун ҳаёт-мамот аҳамиятига эга “тазкиятун-нафс” – нафс, қалб ва руҳни поклаш масалаларига бағишланган.
Китоб уч жуздан иборат. Биринчи жуз – “Покланиш”да нафс поклиги ва ахлоқ софлиги учун сув билан ҳаводек зарур бўлган илм, ибодат ва амаллар ҳақида сўз юритилади. Айни чоқда, бандани йўлдан тойдирувчи энг хатарли маънавий иллатларни муолажа этиш йўллари кўрсатилади.
Иккинчи жуз – “Тикланиш”да покланган нафсни юқори мақомотларга кўтариш борасида қимматли маълумот ва тавсиялар берилади.
Учинчи жуз – “Хулқланиш”да эса асосан Аллоҳ таолонинг хулқлари билан хулқланиш ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга эргашиш шартлари, мазкур амалларнинг самараси мўмин бандада қай тарзда намоён бўлиши ҳақида сўз боради.
2. “Хислатли ҳикматлар шарҳи” – англаш ва ҳазм қилиш бирмунча қийин бўлган китоблардан. Менимча, кунига битта ҳикмат ва унинг шарҳини ўқиб, уқиб олиш кифоя қилади. Дарвоқе, мазкур китоб мутолаасидан аввал уч жилдли “Руҳий тарбия”ни ўқиган маъқул.
“Хислатли ҳикматли шарҳи” – мисрлик машҳур аллома ибн Атоуллоҳ ас-Сакандарий қаламига мансуб “Ҳикам ул-Атоийя” китобининг ўзбекча шарҳидир. Ушбу китоб муаллифнинг Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳамда бошқа исломий илмлардан олган хулосаларининг мухтасар ифодасидир. Ҳикматлар услуб ва маъно, шакл ва мазмун нуқтаи назаридан араб тилининг юқори “парда”ларида битилган. Асар ўз муаллифининг араб тили балоғати ва фасоҳатини пухта эгаллаган адиб эканига шоҳидлик беради.
Атоуллоҳ Сакандарий асари таржимасини ўқиган оддий китобхон ҳикматларнинг теран маъно қатламларини тўлиқ тушунмаслиги мумкин. Шу боис “Ҳикам ул-Атоийя” китобига бир қанча уламолар шарҳлар битганлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам ҳикматларни замон ва макон ила боғлаб, мулоҳазага ундайдиган мисоллар билан бойитган.
3. “Мажолиси Ҳакимул-умма” (“Уммат ҳакимининг мажлислари”) – Ислом оламининг машҳур олими, “Баёнул Қуръон” соҳиби, 1500 га яқин китоб ёзган ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий (1862-1943) раҳимаҳуллоҳ суҳбатлари жамланган ҳикматли китоб. Уни аллома, Покистон муфтийси Муҳаммад Шафеъ Усмоний (1897-1976) раҳимаҳуллоҳ жамлаган.
Китобдан илк парчаларни 20 йиллар аввал устоз Ёрқинжон қори Фозилов (1978-2021) раҳимаҳуллоҳ маърузаларида эшитиб жуда таъсирлангандим. Китоб илк бор ўзбек тилида 2021 йили Ёрқинжон қори Фозилов таржимасида чоп этилди.
Китоб муаллифи аллома Таҳонавийнинг мажлисларидан олган ўгиту сабоқлари қаймоғини таъсирчан тарзда баён қилган. Ҳикматга бой ажойиб ҳаётий ҳикоялар ва қиссадан ҳиссалар сизни ўйлашга, тафаккур қилишга ундайди. Мана ўша ибратли нақллардан бири!
Ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий айтади: “Бир инсонга доимий яшаш учун ҳовли ҳадя қилинди. Унинг ижарада турадиган бошқа уйи ҳам бор. Ижарадаги уйи яқин, ўзига мулк қилиб берилган ҳовли эса узоқда экан. Икки уй ҳам хароб аҳволда. Ҳалиги одамнинг пули эса битта уйни обод этишга етади, холос. Шунда ўша одам: “Узоқдаги ўз уйимни таъмир қилгандан яқиндаги ижара уйни обод қилганим яхши”, дебди. Буни эшитган ҳамма уни аҳмоқликда айблабди. Бизнинг ҳам мисолимиз шунга ўхшайди. Бизга ҳам бу дунё – ижарадаги ҳовли. Биз охиратдаги ўзимиз учун доимий манзил бўладиган уй қолиб, 70-80 йилга берилган ижара уйни обод қиляпмиз”.
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ