Кийим ва либос, улар ўртасида қандай фарқ бор?


Сақлаш
13:04 / 29.04.2022 3031 0

Ўзбек халқи минг йиллар давомида шаклланиб, сайқалланиб келаётган бой маданиятга эга. Маданият ўзида моддий ва маънавий бойликларни мужассам этади. Моддий маданият  инсон ҳаёт фаолиятининг барча жабҳаларини қамраб олган ҳолда, унинг қобилиятлари ва ижодкорлигининг натижаси сифатида инсон томонидан яратилган моддий неъматларни ўзида намоён этади. Маънавий маданият эса билим, эстетик қадриятлар, хулқ-атвор нормалари, дунёқараш, ахлоқ, диний эътиқодимиз, анъаналаримизни қамраб олади. Моддий ва маънавий маданиятнинг бир кўриниши сифатида  миллий  либослар шу қадар кўп қиррали ва ноёб ҳодиса бўлиб,  у халқнинг этник тарихи ва маданиятини, ўзига хос эстетик қарашлари, диди ва анъаналарини ўзида акс эттиради. Тил маданияти, халқ оғзаки ижоди, анъана ва урф-одатлар билан бирга миллий либослар маълум бир миллатнинг  муайян ҳаёт тарзи ҳақида  эътиборли маълумотлар  беради.

 

 

Анъанавий миллий либослар ўзига хос белги, тимсол сифатида маълум бир маънога эга бўлиши мумкин. Булар  амалий, утилитар, эстетик, ёш, ижтимоий-жинс (турмушга чиққан аёл либоси)  ва у билан чамбарчас боғлиқ бўлган ахлоқий функция, шунингдек байрамона либос, маросимлар учун, касбига боғлиқ бўлган, диний  либосларни ажратиб кўрсатади (Богатырев П.Г. Вопросы теории народного искусства. М.: Искусство, 1971. 544 с.).  Либосларда инсон яшаган жой ва замон, унинг ҳаёти, турмушидаги қувончли ёхуд қайғули кунлари акс этади. Миллий либослар муайян маданиятнинг ўзига хос хусусиятларини ифодаловчи ижтимоий белги сифатида маданиятларнинг ўзаро таъсири ва мослашувчанлигини таъминлайди, ва шу билан бирга, турли даврларда турли этник гуруҳларнинг маданиятлар мулоқотини амалга оширувида воситачи бўлиб,  ушбу маданият учун муҳим бўлган  муайян ахборот ассимиляциясини ташкил қилади.

 

Кийим ва либос тушунчалари мазмун-моҳияти жиҳатдан бир-бири билан муштарак кўринса-да, ушбу тушунчалар ўртасида бирмунча фарқлар ҳам мавжуд. Кийим деганда, аввало, инсон танасининг турли қисмларини беркитиш учун зарур бўлган, уни ташқи муҳитнинг турли таъсирларидан ҳимоялайдиган буюмлар тушунилади. Кийимнинг қатор турлари мавжуд. Булар: ички кийим, устки кийим, турли узунликдаги пайпоқлар, пойабзал, бош кийимлари. Мана шу предметлар турли вазифаларни бажарувчи аксессурарлар, безаклар, соч турмаги, пардоз билан бирга либосни ташкил этади. Либос яхлит композициядир. Айнан либос инсоннинг ижтимоий келиб чиқиши, унинг ўзига хос хусусиятлари, ёши, жинси, характери ва эстетик дидини намоён этади (Liboslar tarixi.  D.Rahmatullayeva, U.Xodjayeva, F.Ataxanova// http://milliycha.uz/kr/liboslar-tarixi/).

 

 

Халқимизнинг ёрқин ва ўзига хос урф-одатлари асрлар давомида шаклланиб келган, шу билан бирга анъанавий либосларимиз ҳам узоқ даврлардан ривожланиш босқичини ўтаган. Либосларнинг таркиби ўзгарган, унга киритилган буюмлардан тортиб, уларнинг шакли, кесими, матолари ва ранглари, кийиниш услуби ўзгариб борган. Айтиш жоизки, қадимдан либослар учун матоларни асосан аёллар ишлаб чиқарганлар. Аввало жундан, кейинчалик эса бойлик рамзи ҳисобланган ипак, пахта, зиғир толаларидан матолар тўқилган.

 

Ўзбек миллий либосларининг биринчи ўзига хос хусусияти, ҳокимият ва бадавлатлик белгиси бўлмиш олтин каштачилигидир. Археологлар Тошкент вилоятидаги қазишмалар пайтида олтин кашта изларини топганлар: кийимнинг бундай безаги ипак пайдо бўлишидан олдин ҳам маълум бўлган деган фараз мавжуд. Асл матолар гулли, айрим ҳолларда геометрик безаклар билан безатилган. Бундай либослар ижтимоий мавқеънинг ёрқин белгиси бўлган. Масалан, ҳукмдор ва  саройлардаги мулозимлар олтин нақшинкор либослар кийиши урф бўлган, ушбу қимматбаҳо қийимларни ҳукмдорлар ўз мулозимларига  совға қилганлар. Лекин қадимдан оддий кишиларнинг кийими ҳам оддий бўлган. “Анъанавий ўзбек либоси асосан, устки кўйлак, иштон ва чопондан, бошга дўппи, оёққа маҳси-калиш ёки этикдан иборат бўлган. Эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари бичимининг деярли бир хиллиги уларнинг қадимийлигидан дарак беради. Бундай либослар оддий усулда, баъзан қайчисиз ва улгусиз, яхлит матодан йиртиб тикилган. Бир парча газламани иккига буклаб, елка томонга кўндалангига икки енг билан бир парча тўрт бурчак хиштак (қўлтиғига солинган) тикиб кийилаверган” ((J.S.Ergashev O.B. Mamadaliyeva M.A.Nazarova. Kostyum tarixi. O’quv qo’llanma. Namangan Muhandislik-texnologiya instituti, 2020). Эркакларнинг кўйлак-иштони, одатда, бир рангда, асосан, оқ рангда, аёлларники ранг-баранг матолардан тикилган. Аёлларнинг миллий либослари ички, устки ва кишилик кийимдан иборат бўлган. Устки кийимлар – камзул, енгил халат (мурсак, калтача), енгсиз нимчалардир. Аёлларнинг ўзига хос чопон шаклида бичиб тикилган уст кийими – мурсак илгари жуда кенг тарқалган. Улар Бухоро, Хоразм ва Қашқадарёда енги тирсаккача калта ва кенглиги билан, Самарқанд ва Тошкентда узун, енгсиз, билаккача енги бўлгани билан фарқланган. Мурсак астарли қавима қилиб тикилган, қишки мурсакка эса пахта солинган.

 

 

Бугунги кунда ҳам халқимиз катта байрамларда ва айниқса муҳим тадбирли кунларда миллий либосларни афзал кўрадилар. Масалан, куёв тўйда  олтин нақшли чопонлар, аёллар эса атласу адраслар, тилла нақшли бахмал чопонларни хуш кўрадилар. Албатта, бундай ҳашамат учун бой матолар – ипак, бахмал ишлатилади. Кийим нафақат табиий эҳтиёжни таъминловчи бир восита, шу билан бирга у амалий санъат намунаси ҳамдир. У амалий санъатнинг барча намуналари сингари гўзаллик ҳамда маълум бир мақсадга йўналтирганлик билан ажралиб туради.

 

Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда.  Буни нафақат кийинишда, юриш-туришимиздан тортиб муомаламизда, балки замонавий техникалардан фойдалана олиш, меҳнат самарадорлигини ошириш мақсадида  энг сўнгги ускуналарни ишлатишга бўлган иштиёқда сезишимиз мумкин. Замонавий кийимларда миллий анъаналар билан Европа услуби қўшилиб кетган. Миллий матолардан замонавий руҳдаги турли бичимлардаги кўйлак ва костюмлар хотин-қизлар ўртасида урф бўлган. Албатта, ўзбек аёлларини иффатли шарқ аёли тимсолида кўрсатадиган муҳим белгиларидан бири –  уларнинг миллий кийимларидир. Азал-азалдан миллийлигимиз жозибасига айланган ўзбек аёлларининг кийиниш маданияти, бошларига рўмол ўрашлари шарқ халкларига хос юксак маънавият ифодаси десак асло муболаға бўлмайди. Бугунги кунда чет эллик сайёҳлар ҳам  эгнида бизнинг миллий атлас ва адрасларни, бошларида ўзбекча дўппиларни кўриб, кўнгилларда ғурур туйғуси уйғонади.  Атлас ва адрасдан тикилган замонавий либослар Европа подиумларида ҳам жилоланиб, кўзни қамаштирганча миллий либосларимиз бутун дунёга танилмоқда ва бу жуда қувочли ҳолат.

 

 

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, кўп асрлар давомида яратилган халқ либослари моддий ва маънавий   маданиятнинг ажралмас қисмидир. Халқ ижодиёти намуналарини ўрганиш  шуни кўрсатадики, либосларда мақсадга мувофиқ тарзда функционал ва эстетик фазилатлар бирлаштирилган. Халқ санъати узоқ тарих давомида шаклланар экан, мавжуд ижод намуналарининг  энг қимматли ва ҳаёт билан оқланган зарурийлари сақланган.  Тасодифийлари инкор этилган, натижада ўзида барча зарурий хусусиятларни мужассам этган миллий либосларгина олиб  қолинган. Замонавий кийинишда шарм-ҳаё меъёрларига амал қилиб, ўзбекона кийиниш маданиятини тарғиб қилиш, шу орқали урф-одат ва қадриятларимизни сақлаш, албатта миллий маданиятимизни, миллий ўзлигимизни асрашга хизмат қилади.

 

Нодира АЛИМУҲАМЕДОВА,

“ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот

 университети катта ўқитувчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси