Исломдан олдинги Фарғонада “хоқон” ё “тегин” бўлганми?


Сақлаш
16:36 / 16.06.2025 9 0

Илк ўрта асрларда, аниқроғи, исломдан олдинги VII–VIII юзйилликларда Суғд, Чоч, Исфижоб (Сайрам), Ўтрор, Хоразм, Бухоро, Марв, Тўхористон, Уструшона каби воҳа ҳукмдорликларидан бири бўлган Фарғона “ихшид” унвонли бошқарувчилар томонидан бошқарилгани ҳақида кўплаб ёзма манбаларда келтирилган. “Бей-ши”, “Суй-шу” ва “Тан-шу” каби илк ўрта асрларга тегишли хитой йилномаларида Фарғона бошқарувчиларининг унвони шу ёки шунга яқин кўринишда учрамаса-да, Муғ тоғи суғдий ҳужжатларида  βrγ’nk MLK’ “Фарғона подшоси” иборасининг ўрин олиши [СДГМ 1962: 80-85], араб ва форс тилли ёзма манбаларда Фарғона “ихшид”ларининг тилга олиниши исломдан олдинги водий бошқарувчиларининг этник келиб чиқиши ва улар томонидан қўлланилган унвонлар қандай бўлгани масаласини кўндаланг қўяди.

 

Турли тиллардаги ёзма манба билгилари ва танга-пуллар VII–VIII юзйилликларда Фарғона водийсида бир неча бошқарувчи сулолалар бўлгани, улар орасида келиб чиқиши Турк хоқонлигига бориб тақалувчи сулола етакчилик қилганини кўрсатади. Бироқ Фарғонадаги туркий сулола – Ашина хонадонининг тармоқларидан бирининг айнан қайси унвон билан водий бошқарувида бўлгани масаласи ҳалигача ўз ечимини топмаган. Биламизки, Евроосиё кенгликларида илк йирик салтанатга асос солган Турк хоқонлиги (552–744) бошқарувчиларининг олий унвони “хоқон” бўлиб, ундан кейинги мавқеда турувчи Ашина сулоласи вакиллари “ябғу”, “тегин” каби бошқарувчи хонадонга хос унвонлар билан ҳокимият юритишган. Ушбу унвонлардан қуйи мақомдаги “элтабар”, “тудун”, “тутуқ”, “чўр”, “тархон”, “эркин” ва яна ўнлаб атамалар хоқонлик унвонлар тизимига хос бўлиб, уларни Ашина хонадонидан бўлмаган амалдорлар ҳам қўллашга ҳақли бўлган. Шу ўринда, Фарғонадаги хоқонликлар қайси унвонлар асосида бошқарувни йўлга қўйганини аниқлаш учун эса ёзма манбалар ва танга-пул билгиларини синчиклаб текшириш керак бўлади.

 

Ўрта Осиёда Эфталийлар давлати бошқарувига чек қўйган Ашина турклари Чоч, Уструшона, Суғд ва бошқалари билан бир қаторда Фарғона водийсида ҳам ҳукмронлигини ўрнатади. Бу ҳақда ёзма манбаларда етарлича маълумот учрамаслигидан келиб чиқиб, кўпчилик изланувчилар бошланғичда хоқонлик бошқа ерларда бўлгани каби Фарғона бошқарувида ҳам катта ўзгаришлар қилмасдан, бу ердаги ерли сулола вакилларини ўз ўрнида қолдириб, улардан ўлпон олиб туриш билан чекланган, деб қарайдилар. Шу билан бирга, “Тан-шу” йилномасида “Ғарбий турк ҳукмдори Кан Мохэду (*Тўн Баҳодур) (Фарғона) ҳукмдори Кибини ўлдирди, Ашина Шуни унинг шаҳрини қўлга киритди ... унинг (Ашина Шунининг) ўғли Эбочжи (марҳум) Кибининг укасига ҳукмдор унвонини бериб, уни Хумин (Қува?) шаҳрида бошқарувга тайинлади, Эбочжи Гйэсай (Косон) шаҳрида бошқарувга ўтирди. Сян-цин даврининг бошланишида (656 й.) Эбочжи (Хитойга) элчи юбориб, совғалар тортиқ қилди” деган билгилар учраши турк хоқонлари VII юзйилликнинг илк ярмида водий бошқарувида ўзгаришлар қилганини кўрсатади [Бичурин II, 1950: 319; Малявкин 1989: 188-189; Хўжаев 2013: 27-28]. Фарғона бошқарувидаги ўзгаришлар “Тан-шу”да “Чжен-гуань даврида (627-649 йилларда) бўлди” деб кўрсатилишидан келиб чиқилса, водий бошқарувидаги алмашинув 630-640 йиллар оралиғида юз берган, деб қарашга ундайди.

 

Фарғона бошқарувини қўлга киритган Ашина сулоласи бошқарувчилари хонадоннинг бошқа вакиллари каби хоқонликка хос юқори унвонлардан бирини – “хоқон”, “ябғу”, “тегин”ни қўллашга ҳақли эдилар. Бироқ ўша кезларда маркази Ўрхун водийси бўлган Шарқий Турк хоқонлиги (552-630; 682-744) бошқарувчилари “хоқон”, маркази Суяб (Еттисув) бўлган Ғарбий Турк хоқонлиги (568-740) бошқарувчилари эса “ябғу” ёки “ябғу-хоқон” унвонларини эгаллаганига таяниладиган бўлса, Фарғонадаги Ашина сулоласи вакиллари ҳам бошқа бир қатор жойлардаги каби “тегин” (шаҳзода) унвони билан ҳукм юритишга ҳақли бўлгани кўзга ташланади. Бироқ деярли 150 йиллик исломдан олдинги Фарғона ўтмишини ёритган изланишларда водий бошқарувчиларининг ушбу унвонга эга бўлгани ёки аксинчалиги тўғрисида тўхталиб ўтилмаган.

 

Фарғонадаги Ашина сулоласига тегишли деб қараладиган суғдий ва эски турк-рун ёзувли Фарғона тангаларида “хоқон”, “жабғу турк-хоқон” унвонларидан бошқа унвон учрамаслиги ҳам водий бошқарувида “тегин” унвони қўлланилиб-қўлланилмагани масаласини бирмунча чигаллаштиради. Сабаби, Фарғона бошқарувчиларидан фарқли ўлароқ, VII – VIII юзйилликларда Чочни бошқарган ва келиб чиқиши Ашина хонадонидан бўлган Чоч тегинлари (605-750) тангаларида “тегин” унвони бўлиб, Фарғонада ҳам шундай ҳолат учрашини тақозо қилади. Кўплаб тадқиқотчилар водийда бош унвон “ихшид” бўлгани, ундан қуйироқ мақомда эса “тутуқ”, “чўр”, “тархон” каби туркий унвонлар тургани тўғрисида тўхталиб ўтишган [Смирнова 1970: 255-256; Анарбоев 2013: 489; Бобоёров 2020: 20-44; Бобоёров 2023]. Яқин йилларда олиб борган изланишларимиз сўнгида эса водийда “тегин” унвонли ҳукмдорлар ҳам бошқарувда бўлгани англашилди.

 


 


 

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Хоразмий “Мафотиҳ ал-улум” (Х юзйиллик) асарида: “Ихшид – Фарғона ҳукмдорларининг исми (унвони), иерархия бўйича ундан кейингилари  (Cвор-тегин) деб аталади” деб ёзган бўлиб  [Bosworth, Clauson 1965: 6-7; Баходиров 2009: 114], ушбу билгидан исломдан олдинги чоғларда Фарғона бошқарувчилари унвонларидан бири “тегин” бўлгани кўриниб турибди. Қизиғи шундаки, Фарғона водийси бошқарувида бир қатор унвонлар қўлланилган бўлса-да, ал-Хоразмий томонидан айнан “тегин”нинг “ихшид”дан кейин турувчи атама эканига урғу берилиши ўша кезлардаги водий бошқарув билан боғлиқ бир қатор масалаларга ойдинлик киритади. Биринчидан, водий бошқарувида “тегин” унвонининг учраши VII юзйиллик илк ярмидан VIII юзйилликнинг сўнгги йилларигача водийда етакчи сулола ўлароқ билинган туркий сулоланинг келиб чиқиши Турк хоқонлигига, аниқроғи, Ашина хонадони бориб тақалишини кўрсатади. Иккинчидан эса хоқонлик бошқаруви чоғида Чоч тегинлари (605-750), Тўхористон ябғулари (620-750) ва Кобул Тегин-шоҳлари (640/660-844) каби Ўрта Осиё ва унга қўшни ўлкаларнинг бир қатор ерли сулолалари бошқарувида “тегин” унвони етакчилардан бири бўлганидан дарак беради.

 

Ал-Хоразмий келтириб ўтган билгини бошқа ёзма манбалар ҳам қўллаб-қувватлайди:

 

1) араб тарихчиси Ибн Ҳалликон ўз асари “Вафоёт ал-аъён ва анбау ал-замон”да IX юзйилликнинг илк ярмида Самарра (Бағдод)да ҳарбий бошлиқлардан бўлиб, келиб чиқиши Фарғона Ихшидийларидан бўлган Чуфф (Чуқ) ибн Йел-Тегин тўғрисида aṣluhu min awlād mulūk Farġāna “асли Фарғона ҳукмдорлари авлодидан” деб ёзади [Stark 2008: 223];

 

2) ривожланган ўрта асрлар Бағдод муҳитига тегишли араб тилли ёзма манбаларда Аббосийларнинг Самаррадаги туркий қўмондонларидан бири, келиб чиқиши Фарғона бошқарувчиларига тақалувчи Хоқон (ўл. 848 й.) ва унинг ўғилларидан бири – Тегин ибн Хоқон тўғрисида билгилар етиб келган [Камолиддин 2012: 21];

 

3) Аббосийлар қўшинида хизмат қилган туркий қумондонлардан Билга-чўр ал-Фарғоний (860- йй.) ва Мангу-чўр ал-Фарғоний тилга олинади [Sümer 1999: 483 492].

 

Бу каби билгилар исломдан олдинги Фарғона бошқарувида “тегин” ва “чўр” унвони қўлланилгани ва уларнинг излари анчагача сақланиб қолганини кўрсатади. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, ал-Хоразмий келтириб ўтган “Свор-тегин” атамасидаги “Свор” сўзини эски туркча “чўр” унвони билан тенглаштирса бўлади. Араб муаллифлари ушбу унвонни “сул”, “жур”, “свор”, “жвор” кўринишларида турлича ёзганликлари кузатилади [қар. Смирнова 1970: 256; Лившиц 1979: 66-67 ва б.]. Айниқса, IX юзйилликка тегишли Абу Жаъфар ат-Табарийнинг “Тарих ар-русул ва-л-мулук” (Пайғамбарлар ва ҳукмдорлар тарихи) асарида тилга олинган “Фарғона бошқарувчиси Жур” тўғрисидаги билгилар бу қарашни янада кучайтиради [Табари 1987: 185]. Бу қарашимиз ишончлилигини ушбу унвоннинг арабча )син) билан эмас,  (сод) ҳарфида берилиши ҳам кўрсатиб турибди. Араблар бошқа тиллардаги “ч” ундошини кўпинча “сод” билан ёзишган.

 

Хитой йилномалари, суғдий ҳужжатлар ва араб-форс тилидаги тарихий асарларда келтирилган билгилардан кўринадики, исломдан олдин Фарғона водийсида бир неча бошқарувчи сулола бўлиб, улар орасида Фарғона Ихшидийлари ва Ашина сулоласи етакчилик қилишган. Бироқ шу ўринда бир чигал масалага дуч келинади. Юқорида келтирилган шажарада “Йел-тегин Ихшид”нинг тилга олиниши “Фарғонанинг Ашина сулоласи бошқарувчилари “ихшид” унвонини қўллаган бўлиб, Фарғона Ихшидийлари Ашина сулоласининг ўзи эмасмикан?” деган саволни кўндаланг қўяди. Ихшид унвони Фарғонанинг эски ерли сулоласига тегишли экани, Ашина хонадонининг Фарғона тармоғи бошқарувчилари ва уларнинг яқинлари эса “тегин”, “чўр”, “тархон” унвонларига эга бўлганликлари бу масалани янада чигаллаштиради.

 

Айниқса, ал-Хоразмий келтирган юқоридаги билгидан “Ихшид” ва “Свор-Тегин” Фарғонанинг бир-биридан фарқли бошқарувчиларининг унвони эмасми, деган саволни янада кучайтиради. Бу масала келажакдаги чуқур изланишлар орқали ўз ечимини топишига урғу берган ҳолда, Фарғона Ашина сулоласи бошқарувчиларининг “ихшид” унвонини қабул қилган бўлишлари эҳтимолдан йироқ эмаслигини айтиб ўтамиз. Чамаси, она юртларидан узоқда бўлган Миср Ихшидийлари “ихшид” ёки “Ихшидий”лар атамасидан фойдаланаркан, унга Фарғона ҳукдорларининг анъанавий сулолавий оти сифатида қараб, рамзий ўлароқ қўллашда давом этишган. Бошқа томондан эса Ашина уруғи вакиллари водий бошқарувини қўлга киритгач, ушбу унвонни ўзлаштирган бўлиб, шу йўсинда “ихшид” ва “тегин” унвонларини биргаликда ишлата бошлаган бўлишлари ҳам мумкин.

 

Юқорида айтиб ўтилганидек, Ибн Ҳалликон ўзининг “Вафоёт ал-аъён ва анбау ал-замон” асарида Мисрдаги Ихшидийлар сулоласи тўлиқ шажарасини Туғуч ибн Чуқ ибн Йел-тегин Ахшид ибн Фурон [Бўрон) ибн Фури [Бўри) ибн Хоғон (Хоқон) ал-Фарғоний кўринишида келтириб ўтган бўлиб [Togan 1981: 178-179; Камолиддин 2012: 21], айрим изланувчилар ушбу шажарадаги “эл-тегин”хоқон” атамаларни эски туркча унвонлар, Туғуч, Чуқ, Бўрон, Бўри атамаларини эса туркий исмлар деб қарайдилар. Ўз даврида араб тарихчилари ҳам Миср Ихшидийларини туркий деб кўрсатган ва халифа Муътасим даври (833-842 йй.)да Бағдодга келган ихшид Туғучнинг ота-боболари Фарғона бошқарувчиларидан бўлганига таяниб, ушбу сулолани туркийлар билан, аниқроғи, Турк хоқонлиги билан боғлаган эдилар [Bosworth 2006: 11; Bosworth, Clauson 1965: 6-7; Togan 1981: 431].

 

Араб босқинидан олдин Ўрта Осиёда “тегин” фақатгина Ашина хонадонидан бўлган шаҳзодалар унвони бўлганидек, “хоқон” унвонини ҳам ушбу хонадон вакиллари қўллашга ҳақли эдилар. Демак, Фарғона араблар томонидан босиб олиниб, ерли сулола вакиллари Мисрга олиб кетилган бўлса-да, ўзларининг келиб чиқишини унутмасдан фарзандларига туркий унвонларни исм ўлароқ беришда давом этган кўринади.

       

Юқорида эслаб ўтилган фарғоналик Хоқон исмли кишининг ўғил ва набиралари: ал-Фатҳ ибн Хоқон (ваф. 862) Яҳё ибн Хоқон (ваф. 854) Бағлавур ибн Хоқон, Тегин ибн Хоқон Абу-л-‘Аббос Аҳмад ибн Хоқон ал-Фарғоний  каби бўлиб, Аббосийлар саройида юксак лавозимларни эгаллаган эди [Камолиддин 2012: 23]. Ушбу сулоладан бўлмиш Аҳмад ибн Али ибн Бейғчур (Бек-чўр) таниқли мутазилий олимларидан бири ўлароқ танилган эди [Togan 1981: 178-179, 431]. Демак, Ибн Ҳалликон келтирган шажаранинг бошида Хоғон (Хоқон) исми туриши ҳам Фарғона Ашина сулоласининг келиб чиқиши турк хоқонларига бориб тақалишини кўрсатади.

 

Фарғона водийсида “тегин” унвони қўлланилгани ва бу унвон эгалари Фарғона Ашина сулоласидан бўлганини яна бошқа далиллар ҳам қўллаб-қувватлайди. IX юзйилликда бошқарувда бўлган Ўзганд ҳукмдори “Чўр-тегин” унвонига эга бўлган [Бартольд 1963: 213]. Бу ҳолат исломдан олдинги Фарғона водийсини Ашина хонадони вакиллари бошқаргани билан очиқланади.

 

Қисқаси, ёзма ва нумизматик материаллар VII VIII юзйилликларда Фарғона водийсида бир неча катта-кичик бошқарувлар бўлса-да, улар орасида бош сулола – Ашина хонадони бўлганини кўрсатади. Ўша кезларга тегишли Фарғона тангаларининг кўпчилиги “хоқон” унвонли тангалар экани, шунингдек, 650-йиллар ўртасида Фарғона ҳукмдори ўлароқ Хитойга элчи юборган ҳукмдор – Эбочжининг ушбу хонадондан бўлиши бу қарашни кучайтиради [Бичурин 1950, II: 319].

 

Шу ўринда Фарғона тангаларининг деярли барча турларида хоқонликка хос тамға ўрин олганини ҳам кўзда тутиш керак бўлади:  / , ,  [Babayar 2008: 139; Бабаяров 2019: 126–130]. Деярли юз эллик йил оралиғида Чочда бостирилган Ғарбий Турк хоқонлиги тангаларидаги тамға билан ушбу тамғалар ўртасида яқин ўхшашлик борлиги эса “Фарғонада хоқонликнинг Ашина хонадони вакиллари тўғридан-тўғри ўз бошқарувини ўрнатган бўлиб, бу ерда сулоланинг Фарғона тармоғи бошқаруви юзага келган ва VIII юзйилликнинг ўрталаригача ёки IX  юзйилликнинг бошларигача сақланиб қолган эди” дейишга туртки беради.

 

Ғайбулла БОБОЁР,

тарих фанлари доктори, профессор

 

Қўлланилган адабиётлар:

Анарбаев А. Ахсикент – столица древней Ферганы. Ташкент, 2013.

Бабаяров Г. Древнетюркские монеты Чачского оазиса (VI–VIII вв. н.э.]. Ташкент, 2007.

Бабаяров Г. Фергана – как один из центров чекана монет Западно-Тюркского каганата // ИМКУ, Вып. 40. Самарканд, 2019. C. 5-13, 153-157.

Бартольд В.В. Туркестан в эпоху монгольского нашествия // Соч. Т. 1. М. 1963. 

Баходиров Р. История Востока в «Ключах наук» // Шарқшунослик.  Tошкент, 2009. № 14. С. 108–117.

Бичурин Н.Я. (Иакинф]. Собрание сведений о народах обитавших в Средней Азии в древние времена. В 3-х томах. М.-Л. том I. 1950; том II. 1950.

Бобоёров Ғ. Ғарбий Турк хоқонлиги Ашина сулоласининг Фарғонадаги тармоғи тарихига доир // O‘zbekiston tarixi. Tошкент 2019. № 3. Б. 3-15.

Бобоёров Ғ. VII–VIII асрларда Фарғонадаги бошқарувчи сулолаларнинг этник келиб чиқиши тўғрисида // O’zbekiston arxeologiyasi. 2020. № 3 (22). Б. 20-44.

Бобоёров Ғ. Фарғона – Ғарбий Турк хоқонлиги чоғида. Тошкент: Фан, 2023.

История ат-Табари. Избранные отрывки (Перевод с арабского В. И. Беляева. Дополнения к переводу О. Г. Большакова и А. Б. Халидова]. Ташкент 1987.

Малявкин А.Г. Танские хроники о государствах Центральной Азии. Новосибирск, 1989.

Камолиддин Ш.С. Новые арабские документы из Тохаристана (третья четверть VIII в. н.э.]. Текст. Перевод. Комментарии. LAP LAMBERT Academic Publishing, 2012.

Лившиц В. А. Правители Панча (Согдийцы и тюрки) // Народы Азии и Африки. Москва, 1979. №4. С. 56­69.

Смирнова О.И. Очерки из истории Согда.  М. 1970. 

CДГМ 1962 – Согдийские документы с горы Муг. Чтение, Перевод. Комментарий. Вып. II. Юридические документы и письма / Чтение, перевод и комментарии В. А. Лившица. М.: Изд­во восточной лит­ры, 1962.

Хўжаев А. Фарғона тарихига оид маълумотлар: Қадимий ва илк ўрта аср хитой манбаларидан таржималар ва уларга шарҳлар. Фарғона, 2013.

Babayar G. Fergane bölgesinde bulunan Türk-Runik yazılı Köktürk sikkeleri üzerine // Dünden Bugüne İpek Yolu: Beklentiler ve Gerçekler. İstanbul 2008.

Bosworth C.E. The Turks in the early İslam Lands up to the Mid.-11th Century / The Turks in the early İslam world / edited by C.E. Bosworth. Ashgate Variorum 2006.

Bosworth C.E. Clauson G. Al-Xwārazmī on the Peoples of Central Asia // JRAS 1965. No. 1/2. Р. 2-12.

Stark S. Die Alttürkenzeit in Mittel- und Zentralasien. Archäologische und historische Studien.  Wiesbaden‚ 2008.

Sümer F. Türk Devletlerı Tarıhınde Şahis Adları. I. İstanbul, 1999.

Togan A. Z. V. Umumi Türk Tarihine Giriş. 3. Baski. Istanbul, 1981.

https://www.zeno.ru/ #353282: Pre-Islamic Asia, Near East & North Africa Central Asia Chach  Kabarna / Jabguket

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18792
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//