
Сўнгги йилларда технологик тараққиёт инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини тубдан ўзгартирмоқда. Рақамли трансформация, сунъий интеллект (АИ), автоматлаштириш ва катта ҳажмдаги маълумотлар (big data) асосида шаклланаётган янги давр нафақат кундалик фаолиятни, балки меҳнат бозорининг тузилмасини ҳам бутунлай янгилаб бормоқда. Эндиликда ишчи кучига бўлган талаб фақат анъанавий билимлар ва касбий малакалар билан эмас, балки мослашувчанлик, рақамли саводхонлик ва ижодкорлик каби янги кўникмалар билан белгиланяпти.
Сунъий интеллект ва рақамлаштириш жараёни жадаллашиб боргани сари бир қанча касблар ва иш ўринлари кескин қисқармоқда, шу билан бирга янги иш жойлари яратиляпти ва замонавий касбларга бўлган талаб меҳнат бозорида ортмоқда. «“World Economic Forum”» томонидан ўтказилган «Келажак касблари – 2025» тадқиқоти натижаларига кўра, 2030 йилгача 170 миллион янги иш ўринлари яратилиши ва 92 миллиондан ортиқ иш ўринлари қисқариши кутилмоқда. Бундан ташқари, тадқиқотга кўра, 1 миллиондан зиёд иш ўринлари кейинги 5 йилда ўзгаришсиз қолади.
Хўш, кейинги беш йил ичида қайси касбларда қисқариш ва қайси касбларда талаб ортиши кузатилади?
Талаб энг тез ўсадиган касблар:
Сунъий интеллект ва машинавий ўқитиш мутахассислари – автоматлаштириш ва сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши турли соҳаларни тубдан ўзгартирмоқда, бу эса ушбу йўналишда фаолият юритувчи мутахассисларга бўлган талабни кескин оширмоқда. Улар алгоритмларни ишлаб чиқиш, ақлли тизимларни лойиҳалаш ва автоматлаштириш жараёнларини такомиллаштиришда муҳим роль ўйнайди. Бу соҳа яқин йилларда сезиларли даражада иш ўринлари яратади.
Катта маълумотлар (Big data) бўйича мутахассислар – дунё бўйича маълумотлар ҳажми кескин ортиб бораётган бир пайтда, катта ҳажмдаги маълумотларни бошқариш, таҳлил қилиш ва улардан амалий хулосалар чиқариш бўйича мутахассислар тобора кўпроқ зарур бўлмоқда. Ҳар қандай соҳадаги компаниялар қарор қабул қилишни такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш учун Биг Дата мутахассисларига таянади.
Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар – киберҳужумлар сони ортиб бораётгани сабабли, ахборот хавфсизлигини таъминлаш долзарб масалага айланмоқда. Маълумотлар ва тармоқларни зарарли таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳар қандай ташкилот учун муҳим вазифа ҳисобланади. Шу сабабли, киберхавфсизлик соҳаси олдинги йилларда кескин ўсишга эга бўлади.
Молиявий технологиялар (ФинТеч) муҳандислари – молия соҳасининг рақамли трансформацияси туфайли ФинТеч муҳандисларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Улар рақамли тўлов тизимлари, блокчейн, криптовалюталар ва онлайн банк хизматлари учун технологиялар ишлаб чиқадилар. Рақамли молиявий хизматлардан фойдаланиш кенгайгани сари, ушбу соҳа мутахассисларига бўлган талаб ҳам ошади.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассислар – жаҳон аҳолисининг қариб бораётгани ва тиббиёт соҳасидаги ютуқлар туфайли шифокорлар, ҳамширалар ва тиббий техник ходимларга, айниқса, гериатрик ва онкологик йўналишларда юқори эҳтиёж сақланиб қолади. Бу касблар келгуси ўн йилликда инсон саломатлигини сақлашда муҳим роль ўйнайди.
UI/UX дизайнерлар – рақамли платформалар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлангани сабабли, фойдаланувчи интерфейси ва тажрибаси (UI/UX) дизайнерларига талаб ошиб бормоқда. Улар веб-сайтлар, мобил иловалар ва бошқа рақамли маҳсулотлар учун интуитив, қулай интерфейслар ишлаб чиқади ва фойдаланувчилар учун ёқимли тажриба яратишга ҳисса қўшади.
Робототехника муҳандислари – саноатнинг ишлаб чиқаришдан тортиб тиббиётгача бўлган кўплаб соҳаларида автоматлаштириш ва роботлардан фойдаланиш ортиб борар экан, робототехника бўйича муҳандисларга эҳтиёж ҳам ошади. Улар турли соҳаларда хавфсизлик ва самарадорликни оширувчи роботларни лойиҳалаш, қуриш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.
Энг тез қисқараётган касблар:
Ғазначилар (кассирлар) – ўз-ўзига хизмат кўрсатиш тизимлари, автоматлаштирилган тўлов ечимлари ва электрон тижоратнинг оммалашуви анъанавий кассир бўлган эҳтиёжни камайтирмоқда. Чакана савдодаги автоматлаштириш ишлари бу касбни босқичма-босқич аҳамиятсиз қилиб боради.
Телемаркетологлар – истеъмолчиларнинг совуқ қўнғироқларга ва автоматлаштирилган чақирувларга нисбатан салбий муносабати туфайли телемаркетинг соҳаси инқирозга учрамоқда. Сунъий интеллект ва автоматлаштириш технологияларининг ривожланиши инсон телемаркетологларни чатботлар ва мижозлар билан самарали мулоқот қилувчи автоматик тизимлар билан алмаштирмоқда.
Саёҳат агентлари – expedia, Booking.com va Airbnb каби онлайн бронь қилиш платформаларининг кенг қўлланилиши анъанавий саёҳат агентларига бўлган талабни кескин камайтирди. Баъзи махсус хизматлар ҳали мавжуд бўлсада, умумий ҳолатда саёҳат бўйича маслаҳат бериш ва буюртма қилиш хизматларига бўлган эҳтиёж сезиларли даражада камаймоқда.
Почта ходимлари – рақамли коммуникация воситалари ва электрон тижорат логистикаси ривожланиши анъанавий почта хизматларига бўлган эҳтиёжни қисқартирмоқда. Электрон почта, онлайн хабар алмашиш ва рақамли ҳисоб-китоблар мактублар ҳажмини сезиларли даражада камайтирди, бу эса почта соҳасида ишловчи ходимлар сонининг қисқаришига олиб келмоқда.
Ишлаб чиқаришдаги оддий ишчилар – ишлаб чиқаришда автоматлаштириш ва робототехника инсон меҳнатини тобора кўпроқ алмаштирмоқда. Кўплаб такрорланувчи вазифалар эндиликда машиналар томонидан бажарилаётгани сабабли, ишлаб чиқаришнинг айрим босқичларида инсон кучига эҳтиёж камаймоқда.
Босма журналистлар – рақамли ахборот воситаларининг жадал ривожланиши босма журналистика соҳасининг қисқаришига олиб келди. Истеъмолчилар ҳозирда янгилик ва маълумотлар учун онлайн платформалар, ижтимоий тармоқлар ва блогларга мурожаат қилмоқдалар, бу эса анъанавий газета ва журналларнинг ҳажмини камайтириб, босма журналистларга бўлган эҳтиёжни ҳам пасайтирмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ишчилари – қишлоқ хўжалигида автоматлаштириш жараёнлари бу соҳани кескин ўзгартирмоқда. Робототехника, сунъий интеллект асосидаги тизимлар ва автоном техникалар экин экиш, ҳосил йиғиш ва дала мониторинги каби вазифаларни тобора кўпроқ бажараётгани туфайли, ушбу соҳада қўлда бажариладиган ишларнинг ҳажми қисқармоқда.
2025 ва 2030 йиллар оралиғида меҳнат бозори технологик тараққиёт туфайли шаклланиб, сунъий интеллект, катта маълумотлар, киберхавфсизлик, молиявий технологиялар, соғлиқни сақлаш ва экологик барқарорлик соҳаларида ўсиш кузатилади. Аксинча, кассирлик, телемаркетинг ва босма журналистикадаги иш ўринлари автоматлаштириш жорий этилиши билан қисқаради. Рақобатбардош бўлиш учун ишчилар технологияни қабул қилиши, янги соҳаларни доимий равишда ўрганиши ва қайта кўникма ҳосил қилиши керак.
«Мй перфеcт ресуме» платформасида мингдан ортиқ америкалик ишчилар ўртасида ўтказилган сўровнома натижасига кўра, қатнашувчиларнинг 80% дан ортиғи яқин йиллар ичида ўз ишини йўқотиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган. Турли соҳалар ва иш ўринлари кескин қисқараётган бир пайтда қандай қилиб ўз карьерасини муваффақиятли давом эттиришга оид мақола «Forbes» журналида чоп этилди. Унга кўра, шахсий брендни шакллантириш, стратегик нетwоркинг ва даромадни диверсификация қилиш тавсия этилади.
2025 йилда касбингизни келажакка мослаш учун, меҳнат бозори қандай ўзгараётганини тушунишингиз ва ўзингизни қандай тайёрлашингиз кераклигини билишингиз муҳим. Энг аввало, айни пайтда ва келажакда талаб катта бўлган кўникмаларни эгаллаш зарур. Coursera ва “World Economic Forum” каби платформаларнинг ҳисоботларига кўра, сунъий интеллект (АИ), маълумотлар таҳлили, фойдаланувчи тажрибасини яратиш (UI/UX), танқидий фикрлаш, рақамли маркетинг ва лидерлик кўникмалари тобора муҳим бўлиб бормоқда.
Бундан ташқари, молиявий барқарорлик ва касбий ривожланиш учун сизда бир нечта вариантлар бўлиши керак. Бу, асосан, келажакдаги иқтисодий ўзгаришлар, компаниялардаги қисқартиришлар ёки ишдан бўшатишлар каби хавфларга қарши кафолатдир. Бу бир нечта доимий ишда ишлаш дегани эмас, лекин қўшимча даромад манбаларини шакллантириш, масалан, пассив даромад, оилавий кичик бизнес, фреэланcинг ёки севимли машғулотингиздан даромад олиш бўлиши мумкин.
Технологиялар ривожланиши, рақамлаштириш, сунъий интеллект, маълумотлар оқими ва бошқа омиллар таъсирида меҳнат бозори ўзгариб бормоқда. Бу жараёнларни доимий кузатиб бориш, мослашиш ва ўз кучли томонларингизни тўғри йўналтира олиш, қўшимча керакли қобилият ва кўникмаларни ривожлантириш бориш орқали меҳнат бозорида ўз ўрнингизни мустаҳкамлаш мумкин.
Машҳура Раҳмонова
Адабиёт
Ватандош
Тил
Адабиёт
Тарих
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ