“Бориб унинг этагини ўпинг, у айш-ишрат қилмайди” – Шоҳрух Мирзога ҳукмдорлар муносабати қандай бўлган?


Сақлаш
12:02 / 17.06.2025 13 0

Эшитгил, эй улуснинг подшоҳи,

 Етимларнинг бу кун пушти паноҳи.

 Саййид Аҳмад

 

Темурий ҳукмдорлар адабиёт, фан ва санъат ҳомийси бўлиш билан бирга ўзлари ҳам бадиий ижод билан шуғулланганлари тарихдан маълум.

 

Мир Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида Соҳибқирон Амир Темур Кўрагоннинг ўғли Шоҳрух Мирзо ҳам шеър ёзганини эслатиб, унинг биттагина форсий байтини келтирган.

 

Кунлардан бир кун меъмор Қавомуддин Шоҳрухга зиж, яъни осмон жисмлари тасвир этилган харита чизмасини тақдим этганида ҳукмдор шу заҳоти унга жавобан ўша ерда туғилган ушбу байтни айтиб беради:

 

Ту кори заминро неку сохтй,

Ки то осмон низ пардохтй.

 

Таржимаси:

Сен ер ишин яхши буткара олиб,

Қоқдинг қанот кўк юзига кўз солиб.

 

Изланишлар Шоҳрух қаламига мансуб бошқа байтлар ҳам борлигини кўрсатди.

 

Заки Валидий Тўғоннинг “Буюк турк ҳукмдори Шоҳрух” номли мақоласида ёзишича, Туркиядаги Али Амирий кутубхонасида Низомий “Хамса”си нусхаси сақланади. Ўша китоб ҳошиясида Шоҳрухнинг бир байти ёзилган:

 

То чанд ғаму ғусса хўрй, эй дили мискин,

Хуш бош, ки “Аллоҳу роуфун б-ибодиҳ”.

 

Таржимаси:

Мунча чекдинг ғам-алам, етар, эй йўқсил кўнгил,

Яхши билки, Аллоҳу роуфун би-ибодиҳ”.

 

(“Аллоҳу роуфун б-ибодиҳ” ояти Оллоҳ ўз бандаларига шафқатлидир, деган маънони билдиради.)

 

Шоҳрух байт ортидан шуларни қўшимча қилган:

 

“Ли мусаввада Шоҳрух бинни Амир Темур Кўрагон” (Бу қоралама (байт) Амир Темур Кўрагоннинг ўғли Шоҳрухга тегишлидир).

 

Биз Шоҳрух Мирзонинг бу келтирилган икки байтини Навоий тили билан айтганда “ҳар байти шоҳ байти, ҳар байти шоҳнома” ўрнида кўрамиз.

 

Теҳрон шаҳридаги миллий кутубхонада “Ёдгор” тўплами бўлиб, унда Ҳофиз Абрунинг бир тарих китоби сақланмоқда. Бу китоб даставвал Шоҳрух Мирзонинг шахсий кутубхонасидан ўрин олган экан. Мазкур китобнинг ўн икки имом ҳақидаги бобида бир имомнинг келиб чиқиши хусусида баҳс кетади. Тортишув аббосий халифаси Ал-Қодир Биллоҳ ҳузурида олимлар ўртасида юз беради. Шу баҳс воқеаси тасвирланган саҳифа ҳошиясига Шоҳруҳ ўз қўли билан форс ва араб тилларида шундай изоҳ ёзиб қўйган: “Ва гўяндки, дар он маҳзар ҳатта ... Муҳаммад ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ буда аст. Катабаҳу ал-абд ал-фақирул ҳақир Шоҳрух Баҳодур”. Яъни, “Ўша мажлисда Муҳаммад ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қатнашганини айтибдурлар. Буни (Оллоҳнинг) фақир ва ҳақир қули Шоҳрух Баҳодур ёзди”.

 

Бу муҳим қайд Шоҳрух Мирзо тарих фанининг икир-чикирларигача билганини кўрсатади.

 

Шоҳрух Мирзо 1377 йилнинг 21 августида Самарқандда туғилган бўлиб, 1447 йил 14 март куни вафот этган. У отасидан қолган давлатни 43 йил, Хуросон вилоятини эса 50 йил бошқарган.

 

Ҳукмдор адабиёт шайдоси бўлиб, ҳисоб ва тарих фанлари ривожига ҳомийлик қилган. У Тожи Салмоний ва Ҳофизи Абруларга тарих асарлари ёздирган. Саккокий, Лутфий, Дурбек ва Саййид Аҳмад каби туркигўй шоирларни қўллаб-қувватлаган.

 

Турк султонининг мактуби

 

Соҳибқирон қурган давлат шаъну шавкатига ҳурмат унинг ўғли Шоҳрух Баҳодур даврида баланд бўлиб қолди. Шоҳрух Мирзо давлати ғарбда Рум диёридан шарқда Хитой ҳудудигача, шимолда Сирдарё қуйилишидан жанубда Синд дарёсигача чўзилган эди. Унинг даврида Усмонли турк давлатида Амир Темур номига пул зарб этилиб, Шоҳрух номи жума намози хутбасида ўқилган.

 

Усмонли ҳукмдори Султон Мурод II (14021451 йилларда яшаган, тахаллуси Муродий) Шоҳрух Мирзога сўзсиз итоат қиларди. У Ҳиротга элчилик карвонига қўшиб 40 нафар қуролланган хос ғулом ва совға-саломлар юборган. Элчилик ҳайъати пойтахт Ҳиротда катта тантана билан кутиб олинган. Турк султонининг юборган мактуби саройда ўқиб берилгач, ундаги мақтовлар Шоҳрухни беҳад севинтирган. Мактубда шундай байтлар бор эди:

 

Дам андар дами нойи заррин дамид,

Ки айёми давлат ба шодй расид.

 

Чу Шаҳрух ба тахти саодат нишаст,

Ба иқболу давлат саодат нишаст.

 

Таржимаси:

Олтин най уфургач ёқимли куйин,

Янгради давлат куни кулгу-ўйин.

 

Олиб давлат, етиб кутган бахтига,

Ўлтирди Шоҳрух саодат тахтига.

 

Кейинги сатрларда Шоҳрухнинг илм, мулойим хулқ, адолат ва мурувват билан ўз отини дунё узра туғ қилиб кўтаргани, унинг давлати чодири фалак гумбазига етгани, ҳар икки оламни тутиб турувчи Тангри ҳукми билан у замон халифаси ва байроқдори бўлгани, Ҳинду Чин, Хитойу Хўтан ўлкаларидан чинни лаганларда совғалар келгани, “Биз сизнинг қулларингизмиз, Сиз подшоҳлар подшоҳи шаҳаншоҳимиз, бизни (ўзингизга) божу хирож ва русум тўлашдан маҳрум этманг”, деб арз қилишгани, Миср султони ҳамма вақт дуо-салом билан элчи юбориб ҳурмат изҳор этгани ҳақида сўз боради. Рум диёридан Султон Муродхон “амали Банот” (Қизлар каштаси) юлдузлар буржи каби безатилган Венециянинг ноёб матолари (кейинчалик Навоий бу матоларни “Бурса жинси Фаранг дебоси” деб таърифлаган, мазкур матолар Зайниддин Восифий китобида ҳам мақталган), шоҳона гиламлар, келишган жуссали, пўлат зирҳли, оқ танли қирқта хос ғулом, ўргатилган ёпиқли отлар совға қилиб юборди. Султон Муродхон яна ўз даврининг кучли адибига шу сўзларни ёздирди: “Шоҳрух тожу тахт эгаси, подшоҳлар подшоҳидир. Унга бу туҳфалар ғозийлар шоҳи (яъни Султон Муродхон)дан молу хирож йўлида юборилди. Буларнинг бари ҳалол-пок, ҳеч шубҳага бормасин. Оллоҳга дуо қиларкан, бизни эслаб, бизга Оллоҳ розилиги йўлдош бўлишини тиласин”. Султон Муродхон хосса аскаридан бўлмиш қирқ қуролланган ғуломни Шоҳрухга вакил қилиб Хуросон диёрига юборар экан, “бориб унинг этагини ўпинг, енгини кўзга суртинг, чунки у дунё амирларининг амири, у айш-ишрат қилмайди, бир валий каби яшайди, унинг даври тинчлик, омонлик замонидир” деб тайинлайди.

 

Алқисса, турк султонининг элчилик ҳайъати Ҳирот саройида шоҳона иззат-ҳурмат билан кутиб олиниб меҳмон қилинди. Қўноқлар темурий ҳукмдорнинг этагини ўпиб, енгини кўзларига суртдилар. Ўтиришлари учун уларга қирқта олтин курси қўйилди. Тантаналардан кейин дам олишлари учун рухсат берилади. Вақт-соати етгач ҳайъат муносиб туҳфалар билар юртига кузатилади.

 

Орадан қирқ йил ўтгач, шоир Маолий ўша унутилмас воқеаларни ўзининг “Хункорнома” достонида тараннум этди. Шоҳрух ва ўғиллари Улуғбек, Бойсунқур Мирзолар ҳақида маснавийлар битди. Достонда аввалги Усмонли султонлари ҳам, Йилдирим Боязид ҳам кўкка кўтариб мақталади. Рум диёрига юриш қилган Соҳибқирон Амир Темурга Хизр алайҳиссалом йўлдош бўлгани куйланади.

 

Толиб НОСИР

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18801
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//