Маргимуш, симоб, селитра дорилар қаторига киритилган – Қадимги Туронда касаллик турлари ва даволаш усуллари


Сақлаш
15:01 / 16.06.2025 16 0

Азалда ёмон турмуш шароити кўплаб жиддий касалликларни келтириб чиқарган ва бевақт ўлимга олиб келган. Энг қадимги одамнинг асосий касалликлари – овқатланишнинг бузилиши, тери, юқумли касалликлар, ов пайтида ёки жангда олинган жароҳатлар ва оёқ-қўл синиши, анкилоз (бўғимнинг букилмайдиган ва ёзилмайдиган бўлиб, қимирламай қотиб қолиши)лар, остеомиелит (одам суяги кўмик қисмининг яллиғланиши)лар, некроз (тирик организмдаги ҳужайра, тўқима бутун аъзо ёки унинг бир қисми нобуд бўлиши), периостит (суяк пардасининг яллиғланиши), бўғимлар ва умиртқанинг экзостози (қўшимча суяк ўсмаларининг пайдо бўлиши), кариес (тиш чириши), чиллашир ва бошқадир.

 

Энг қадимги одамлар табиатнинг зарарли кучлари таъсирида бўлганлар: жазирама ва совуқ, очлик ва ёмон озиқланиш, ҳар хил жароҳатлар ва ҳайвонлар етказган жароҳатлар, илонлар ва ҳашаротлар чақиши. Кийим-кечак етишмаслиги, турар жойнинг қониқарсиз шароити, ҳайвонлар ҳамла қилиши, табиий офатлар, юқумли ва паразитар (бир организмнинг бошқа организмдан яшаш ва озиқланиш учун фойдаланиши) касалликлар эпидемияси (маълум касалликларнинг маълум ҳудудда одатдагидан кўп тарқалиши) – асосий хавф-хатар омиллари бўлган.

 

Энг қадимги одам кўпинча тиш оғриғи ва тишларга таъсир қиладиган барча касалликлардан азият чеккан. Дағал ва ёмон пиширилган овқатни истеъмол қилиш натижасида тишлар таъсирланган, ташқи шакли ўзгарган. Ҳатто ёш болаларда ҳам тишларининг чайнаш юзаси эрта емирилганини кўриш мумкин. Тешиктош ғоридан топилган қиз боланинг тиш қолдиқлари бунга мисол бўла олади. Унда тиш касалликлари билан боғлиқ ҳолда, жағ ҳам зарарланган: суякларнинг ташқи пардаси яллиғланган ва тиш ҳужайралари бузилган. Тишлар ҳолати энг қадимги одамлар қанчалик тез-тез тиш оғриғидан азият чеккани ҳақида тасаввур беради. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, кўпинча ҳомиладорлик аёлларнинг тишлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатган.

 

Улар қўллаши мумкин бўлган ягона даволаш усули тишларни суғуриб олиш эди. Оғриқни йўқотиш учун кучли таъсирга эга ўсимликлар, жумладан, гиёҳванд моддалар ҳам ишлатилган.

 

Илк паталогик (назарий ва клиник тиббиёт соҳаси, касалликнинг пайдо бўлиш сабаби, кечиши ва оқибати) касалликларнинг моддий исботи питекантропларда қайд этилган. Питиконтроп қолдиқлари Шарқий Африка, жанубий-шарқий Осиё ва Ғарбий Европадан топилган. 1892 йили голланд археологи ва анатоми Э. Дюбуа Ява оролида питиконтропларнинг сон суяги билан паталогик суяк қисимларини топган. 700 минг йил олдин инсон артрит (бўғимларнинг яллиғланиши), ўсма, синишлар, туберкулёз (сил, ўпкада ўзига хос ўзгаришлар рўй бериши билан боғлиқ сурункали касаллик), умуртқа поғонаси касалликлари, тиш чириши ва бошқа касалликлар билан оғриган бўлиб, буни палиопатология фани исботлайди.

 

Палиопаталогия баъзи бир касалликлар, яъни юмшоқ тўқиманинг зарарланиши, масалан, американинг туб аҳолисидаги атеросклеротик (ёғсимон моддалар алмашинуви бузилиб, уларнинг артерия ички қаватида тўпланиши ва бириктирувчи тўқиманинг ўсиб кетиши натижасида келиб чиқадиган сурункали касаллик) пилакчалар борлигини тасдиқлайди. Авваллари тиббиёт тарихчилари ўртасида табобатнинг асосини биздан юз минг йил муқаддам яшаган неандерталлар яратганлар, деган фикр ҳукм сурарди. Лекин ашёвий далиллар шуни кўрсатадики, тиббиётнинг асосини неандерталлардан анча олдин яшаган антропоидлар яратганлар.

 

Энг қадимги одамлар заҳарли моддалардан ҳам фойдаланган. Оддий ёй ўқи билан йирик ҳайвонни (масалан, фил, мамонт, тимсоҳ ва бошқалар) ўлдириб бўлмайди. Бундай ҳолда ўқ учига заҳарли ўсимликлардан олинган суюқлик суртиб отганлар. Африка қитъасида яшовчи ҳозирги баъзи уруғлар бу мақсад учун ўзида кураре (айрим ўсимликларда учрайдиган, организмни фалаж қиладиган заҳар тури) ёки строфантин (Шарқий Африкада ов ва уруш ўқ заҳари сифатида ишлатиладиган заҳарли модда) сақловчи ўсимликдан олинган суюқликлардан фойдаланадилар. Қадимги одамлар ҳам уларни ишлатган бўлишлари мумкин.

 

Энг қадимги одамларда тиббий тажрибалар ва дорилар бўлганининг дастлабки далилларидан бири Ироқдаги Шанидар ғоридаги топилмалардир. 1960 йилларда ғорда тўққизта неандертал тансуяклари топилган ва уларнинг кўпида оғир патологиялар – касаллик ва жароҳат излари бор эди. Бундай касалликларга чалинган одамлар бир ўзлари яшай олмаганлари табиий. Демак, ушбу ҳолат неандерталлар жамоасининг ўзаро ёрдами натижасидир. Жасадлар новдалар орасига кўмилган ва гулдасталар, доривор ўсимликлар билан безатилган. Бу ўсимликларнинг барчаси бугунги кунда ҳам Ироқда ўсади. Топилган тансуяклардан энг диққатга сазовори “Шанидар оқсоқоли” бўлиб, 40-50 ёшгача бўлган мазкур неандертал одам умрининг кўп қисмини ногирон бўлиб ўтказган: ёшлигида унинг ўнг қўли елкасигача кесилган, чап кўзи кўр бўлган. У узоқ вақт бўғимларнинг яллиғланишидан азият чеккан ва фақат ўз уруғдошларининг ғамхўрлиги туфайли бундай узоқ умр кўрган бўлиши мумкин. “Кекса одам”нинг тишлари доимий чайнаш натижасида илдизигача емирилган – унинг уруғдаги машғулоти терини қайта ишлаш бўлиб, шунинг учун доимий чайнаш билан шуғулланган деб тахмин қилинади. Худди шунга ўхшаш одам қолдиқлари Франциянинг Лашапел Осен ҳудудидаги Буфя-Бонневал ғоридан топилган, унинг ёши ҳам тахминан 45 ларда бўлиб, бўғимларнинг яллиғланиши ва сон суягининг синиши оқибатида узоқ вақт ногирон аҳволда яшаган.

 

Антропологик ўрганишлар ва тансуяк қолдиқларини рентген қилиш натижасида, Тешиктошдан топилган боланинг касаллиги ҳақида маълум бир хулосаларга келинган. Жумладан, ўлимидан тахминан бир йил олдин у синостоз касаллигига йўлиққан. Синостоз – суяк парчалари сонининг кескин кўпайиши билан тавсифланади, бу баъзи рентгенологлар томонидан нотўғри равишда бажарилган патологик ҳодиса (остеохондропатия каби) деб ҳисобланган физиологик каллуснинг босқичидир. Кейинги текширувлар унинг тишларига қаратилган бўлиб, ундаги доимий тишлар одатдагидан эртароқ чиққан. Бу унинг кўп гўшт ва қаттиқ овқатларни истеъмол қилгани билан боғлиқ. Қўл-оёқ суяк қолдиқлари текширилганда, суяк илиги бўшлиғи кенглигининг пасайиши кузатилган. Неандертал боласидаги тансуяклар кўриниши замонавий болаларникига қараганда анча ўткирроқ бўлиб, бу унинг ҳаракат аъзоларининг кучлилигини кўрсатади.

 

Сурхондарё ҳудудида жойлашган Сополлитепа одамларининг тансуякларида қуйидаги касалликлар аломатлари топилган:

 

1. Ҳар хил яллиғланиш касалликлари, чунончи, гавда суяклари, пастки ва юқори жағ суяклари, ўрта қулоқ ва буруннинг қўшимча бўшлиғида яллиғланиш белгилари аниқланиб, жуда кўп одамларнинг тишлари емирилиб кетгани қайд қилинган.

 

2. Ҳар хил шикастланишлар, чунончи, бош суякларининг эзилиши ва синиши, оёқ-кўл ва умуртқа суякларининг синиши.

 

3. Мураккаб касалликлар. Баъзан битта одамнинг ўзида бир неча хил касаллик ва шикастланишларнинг биргаликда учраши қайд этилган. Масалан, бир тансуякда пастки жағ суяги кўмиги яллиғланиши билан бирга энса суяги сингани аниқланган. Ҳар хил шикастланишлар кўпинча турли яллиғланиш жараёнлари билан бирга кечган. Бош суяклари ва умуртқа поғонасида ҳужайра ва тўқималарда моддалар алмашинувининг бузилиши билан боғлиқ ўзгаришлар ҳам кўп учраган. Олимларнинг аниқлашларича, ўша замон одамларида яллиғланиш жараёнлари анча узоқ давом этган.

 

Текшириб чиқилган тансуякларда ҳам ривожланиш нуқсонлари аниқланган. Масалан, бир тансуякда думғаза умуртқалари қанотларининг бир-биридан узоқлашиб қолиши (спина бифида) аломати топилган. Бошқа бир тансуякда икки томонлама сакрализация (бел умуртқаси думғаза умуртқалари билан қўшилиб кетиши), шунингдек ўсма касаллиги аломатлари ҳам аниқланган.

 

Юқорида келтирилган мисоллардан кўринадики, аждодларимиз ҳам ҳозирги замон одамлари каби касалликлар билан оғриган. Тарихий маълумотларга кўра, ўша давр одамлари орасида касалланиш ва турли шикастланишлар анчагина кенг тарқалган. Табиийки, бу ҳол ёш ўлимнинг юқорилишига олиб келган. Сополлитепада яшаган одамларнинг жисмоний суст ривожланганлари ва улар ўртасида касаллик ҳамда ўлимнинг кўп бўлишига аёлларнинг эрта турмуш қуриши ва бола туға бошлаганлари сабаб бўлган. Бу ҳол жисмонан заиф болалар туғилиши ва оналар умрининг қисқаришига олиб келган. Олимлар Сополлитепа одамлари ўртасида касалликларнинг кенг тарқалгани ва ўлимнинг кўп бўлишига уларда тозалик маданиятининг пастлиги сабаб бўлган, деган фикрни ҳам илгари суради.

 

Фикримизча, Сополлитепа одамларининг жисмоний жиҳатдан суст ривожлангани ва улар ўртасида касаллик ҳамда ўлимнинг кўп бўлгани сабабини уларнинг ижтимоий яшаш шароитларидан излаш керак. Улар яшаш воситалари билан етарли таъминланмаган, овқатланишнинг миқдори ва сифати етарлимас, яшаш жойлари қулай бўлмаган. Шунингдек, одамлар табиат бойликларидан тўла фойдаланишга ўрганмаганди. Яшаш шароитининг оғирлиги, ҳаёт учун зарур нарсаларни топишнинг қийинлиги, тез-тез шикастланиб туриш – касаллик ва ўлимнинг кўп бўлишига сабаб бўлган.

 

Илмий таҳлилларга кўра, аждодларимиз 25 дан ортиқ ҳар хил касалликлар билан оғриган. Суяк ва бўғимларнинг дегенеративдистрофик (биологик, физиологик хусусиятларининг касалликлар ва ташқи таъсир сабаб бузилиши) касалликлари, ташқи шикаст ва  жароҳатлар ва уларнинг асоратлари, суяк ва бўғимлар сили, суяк кўмикларининг яллиғланиши, ўсма касалликлари, суякларнинг заҳм касалликлари, организмда Д витаминининг бузилиши билан боғлиқ касаллик, кифоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши) ва сколиоз (умуртқа поғонасининг ён томонга қийшайиши), периостит (суяк пардасининг яллиғланишии), остеохондроз (умуртқаларни бирлаштирувчи тоғай-пай қисмининг ўзгариши), Бехтерев касаллиги (умуртқа каналлари ва бўғимларида ҳаракатнинг чекланиши) – тансуякнинг мослашувчан ўзгариши, ҳар хил жароҳатлар асорати шулар жумласидандир. Суякда қолган асоратлар орқали қадимги одамларда учраган кўпгина касалликларни аниқлаш мумкин. Археологиянинг тиббиётга ёндош бўлимларидан бири бўлган палеобиология ўтмишдаги одамлар танининг биологик хусусиятларини ўрганади. Масалан, палеобиология усули билан қадимги одамларнинг қон гуруҳи, ирсият ва бошқа биологик хусусиятларини аниқлаш мумкин.

 

Кейинги мис ва жез даврларида қуроллар ва тиббий даволаш асбоблари мис ва жездан тайёрланади. Хусусан, жарроҳлик пичоқлари, қайчилари, найчалар, игналар, суяк кесадиган ва қирадиган исканалар жездан ясалади. Улар ёрдамида анча мураккаброқ жарроҳлик ишларини бажара бошлайдилар. Масалан, бош суягини трепанация (суяк бўшлиғига тешиб очиш) қилиш, ўзи туға олмаган аёлнинг қорнини ёриб, болани чиқариб олиш, кучли жароҳатланган аъзони (қўл ёки оёқ) кесиб ташлаш шулар жумласидандир.

 

Суяк бўшлиғини тешиб очишнинг илк кўринишлари неолит даврига бориб тақалади. Шунинг учун жез даврига келиб даволаш ишлари, айниқса, жарроҳлик кўпроқ ривож топди. Жарроҳлик даволаш усулларини ишлаб чиқишда қурол ишлатиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.

 

Амалий тиббиёт вакиллари ўз кузатишларига асосланиб, касаллик киши танига ташқи зарарли омилларнинг таъсиридан келиб чиқади, деган хулосага келадилар. Бунда биринчи ўринга турли овқатлар қўйилган. Хусусан, яроқсиз овқат истеъмол қилиш, оч қолиш ёки аксинча, бадхўрлик қилиш ва бошқалар. Бундай ҳолларда ошқозон-ичак йўлларида овқат яхши ҳазм бўлмай, уларда касаллик келиб чиқади деган хулосага келинган. Сўнг иқлим, ҳаво иссиқ-совуғи, шамоллар ва бошқа табиий омилларга урғу берилган. Юртимизда яшаган қадимги аждодларимизнинг касаллик ва унинг сабаблари ҳақидаги тушунчалари шундай эди.

 

Археологик қазишмалар вақтида топилган энг содда таначалардан ҳам касаллик аломатлари топилган – хусусан, юқумли касалликлар.

 

Табиблик касби бошқа касблар сингари оилавий характерга эга бўлган. Бу касб оила доирасида бир наслдан иккинчисига ўтиб келган. Оила бошлиғи бу соҳадаги ўз билим ва тажрибаларини болаларига ўргатган.

 

Ҳар бир табиб кўпроқ касалларни жалб қилиш учун яхши таъсир этадиган дори ва даво усулларини қўллашга ҳаракат қилган. Дорилар ва даволаш усулларини ҳар бир сулола сир сақлаган.

 

Қадимги замон тиббиёти айрим касалликлар бўйича ихтисослашган. Масалан, табиблар ўртасида ички касалликларни даволовчилардан ташқари, жарроҳлар, чиққан-синганларни даволовчилар, қон олувчилар, кўз, тери касалликлари бўйича табиблар бўлган. Жарроҳлик билан кўпроқ сартарошлар шуғулланганлар. Улар соч-соқол олишдан ташқари, хатна қилиши, зулук солиш, қон олиш, оғриган тишни суғуриш билан ҳам шуғулланганлар.

 

Бу пайтга келиб кишиларда касалликлар моҳияти ва сабаблари ҳақидаги фикрлар ҳам ўзгаради. Энг қадимги одамларда бу ҳақда турли ғаройиб тушунчалар бор эди. Кейинчалик дастлабки диний эътиқодлар пайдо бўлди ва барча ҳодисалар, жумладан соғлиқ ва касаллик ҳам дин ва худолар билан боғланади. Касалликлар Худо томонидан гуноҳкорларни жазолаш учун юборилади деб қараган одамлар. Лекин касалликлар ҳақида тажрибага асосланган илмий фикрлар ҳам мавжуд бўлган: овқат етишмаслиги, сифатсиз овқатланиш оқибатида тан заифлашиб, одам касалликка тез чалинувчан бўлиб қолишини билган.

 

Бундан ташқари, иқлим шароити ва бошқа табиий омилларга ҳам аҳамият берганлар. Бунда шамолнинг йўналиши ва унинг таъсири алоҳида таъкидланган. Табиблар қуллар ва одамларнинг оғир меҳнатдан зўриқиб йиқилиб қолишлари ва уларнинг турли касалликларга чалинишларини кўриб, касаллик сабабларидан бири оғир меҳнат эканига амин бўлган. Давлатчиликнинг илк даврларида одамлар тозалик қоидаларига риоя қилишнинг (тана, уй-жой, овқат ва сувни тоза сақлаш) аҳамияти катта эканини ҳам тушунган.

 

Кейинчалик амалий тиббиётнинг даволаш усулларида дори-дармонларнинг сони анча кўпаяди. Ўсимликлар ва ҳайвонлардан олинадиган дорилар қаторига минерал моддалар (турли металларнинг тузлари, маргимуш, симоб, селитра (сувда яхши эрийдиган минерал модда), тўтиё, новшадил, камфора (ўзига хос ҳидли, рангсиз кристалл) ва бошқалар) ҳам киритилади. Дориларнинг сони бир неча юздан ошиб кетади. Кўпроқ ични юриштирувчи (сурги) дорилар ишлатила бошланади. Табиблар ҳар қандай касалликни даволашни биринчи галда беморга ични юриштирувчи, қайт қилдирувчи дори беришдан бошлаган. Бундай даволаш усули танада тўрт хил суюқлик (қон, шиллиқ, жигар сариқ ўти ва қора ўт) миқдор ва сифат жиҳатидан мувозанатда бўлса, кишининг саломатлиги сақланади, деган тушунчага асосланган эди. Агар шу суюқликлардан бири миқдор ёки сифат жиҳатдан устун келиб қолса, мувозанат бузилиб, касаллик пайдо бўлади. Шунга кўра, дорилар касаллар тандаги суюқликни мувозанат ҳолатга келтириш мақсадида берилган. Агар қон устунлик қиляпти деган ташхис қўйилса, бемордан қон олинган. Шундан кейингина беморларга тегишли дорилар берилган. Дорилар кўпроқ касалликнинг ўзидан кўра уларнинг белгиларини йўқотишга қаратилган.

 

Қадимги Турон ҳудудида яшаган инсонлар турмуш тарзининг оғирлиги, табиий офатлар, озиқланишнинг етарли эмаслиги ва гигиена шароитининг сустлиги туфайли кўплаб касаллик ва жароҳатларга дучор бўлган. Археологик ва палеоантропологик тадқиқотлар энг қадимги даврлардаёқ инсон организмида сурункали яллиғланишлар, тиш касалликлари, суяк деформациялари, юқумли ва паразитар касалликлар ҳамда турли жароҳатлар мавжуд бўлганини кўрсатади. Неандертал жамоалари мисолида кўринадики, қадимги одамлар бемор ва ногиронларга ғамхўрлик кўрсатган, бу эса ибтидоий тиббий ёрдам ва ижтимоий бирдамликнинг илк кўринишларидан далолат беради. Дастлабки тиббиёт амалиётларида доривор ўсимликлар, тиш суғуриш, оғриқни енгиллаштирувчи моддалар ва ҳатто заҳарли ўсимликлардан фойдаланганлик ҳолатлари аниқланган.

 

Аҳроржон АБДУҒАНИЕВ,

ЎзФА Тарих интиути кичик илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18793
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//