Матонат билан эгиз туғилган


Сақлаш
01:00 / 29.04.2022 1427 0

 

 

Манзура Адилбаевна Ерниязованинг номини қорақалпоғистонликлар катта ҳурмат билан тилга олишади. Сабаби оддий: ҳаётга интилиш ҳиссининг кучлилиги, жисмоний қийинчиликларни руҳий сабот-матонат билан енгиб ўта олгани, мунтазам равишда ўз устида тинимсиз ишлаб, юқори натижаларга эришгани учун.

 

Манзура Ерниязова I гуруҳ ногирони. Лекин унга нисбатан “имконияти чекланган” деган иборани ишлатиш ножоиз. Ҳа, ишонаверинг, уни тўрт мучаси соғ одамдан камқувват ёки сустроқ ҳаракатли деб бўлмайди. Чунки у бажараётган ишлар тани-жони соппа-соғ бўлса-да, лоқайдлик ботқоғига ботиб қолган, боқимандалик, ношукурлик каби иллатларни ўзига “касб” қилиб олган йигитларнинг қўлидан келмаслиги аниқ.

 

Манзура Мўйноқ туманидаги "Қарақалпақ шебери – Манзура" масъулияти чекланган жамияти раҳбари, шу билан бирга ўзи истиқомат қилаётган туманда яна 15 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган тадбиркор аёл сифатида обрў-эътибор қозонган.

 

Айримлар уни қорақалпоқларнинг “Тенгиз” кинокартинаси қаҳрамонининг прототипи, деб билишади. Мазкур фильм қаҳрамони тасодиф туфайли ногиронга айланиб қолса-да, тушкунликка тушмайди, бировлар мурувватига кўз тикиб ўтирмайди. Тиришқоқлик билан тикувчилик сир-синоатларини ўрганиб, муайян кўникма ва қулайликларга эга бўлгач, мустақил равишда тадбиркорлик фаолиятини бошлайди.

 

Шунга ўхшаш: бундан бир неча йиллар илгари Манзура ҳам фожиа оқибатида ўнг қўли ва оёғини йўқотган. Бироқ матонатли бўлишга ўзида куч топа олди. Уринди, изланди, талпинди. Мана, ҳузур-ҳаловатидан кечиб, қилган саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади. Оддийгина заифа – кимсан Манзура Ерниязова деган таниқли тадбиркорга айланди. У гарчанд Орол денгизи фожиаси оқибатида катта зарар кўрган Мўйноқда истиқомат қилса-да, асосий шиори юксак даражада: “Шароит инсонни эмас, балки инсон шароитни яратади!”. Манзура Ерниязованинг мўъжаз миллий кийим ва буюмлар тикув цехида 15 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминлангани ҳам юқоридаги сўзимизни тасдиқлайди.  

 

Манзурани ҳар доимгидек ишхонасидан топдик. Икки қўлтиқтаёққа суяниб юришига қарамай, у тикувчи қизлар ёнига бирма-бир бориб, уларга йўл-йўриқ кўрсатишдан чарчамайди.

 

– Бошимга бу кўргулик тушганида аввалига карахт ҳолатига тушдим. Яшашдан умидимни узгандим, аммо  фарзандим мени ҳаётга қайтарди, – дейди биз билан суҳбатда Манзура. – Болам учун яшашим зарурлигини ҳис қилдим. “Мен кучли аёлман, бардошлиман, ҳамма қийинчиликларни енга оламан!” деб  ўзимни ишонтирдим. “Микрокредитбанк”дан 600 минг сўм кредит олиб, унга соғин сигир олдим ва сут-қатиғини сотиб, кредитимни ёпдим. Қолган пулга тикув машинаси сотиб олдим. Худойимнинг қўллаганини қарангки, соғ пайтим қилолмаган ишимни ногиронлигимда бемалол бажара бошладим. Бир қўл билан тиккан чокларим ҳам тўғри чиқди. Бир кунда битта қуроқ кўрпача тикканимга ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Яқин қариндошларимга кўйлак тика бошладим. Мижозлар пайдо бўлиб,  ишларим ҳам, даромадим ҳам кўпайди. Отам уйимиз ёнидан кичик цех қуриб берди. Ногирон маҳалладошим Муҳаббатхонни  ёрдамга чақирдим. Иккаламиз кийим тика бошладик. Мўйноққа ўша пайтдаги БМТ ТД  вакили Айзада Нуримбетова келиб, ишимни кўриб, мени  қўллаб-қувватлаш мақсадида бир нечта тикув машиналари ҳадя этди. Кейин АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига лойиҳа топшириб, ундан 12 минг 800 доллар грант ютдим ва ишни кенгайтирдим. Ҳукуматимизнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаётганидан жуда ҳам хурсандман. Мўйноқ туманига янги иш ўринлари жудаям зарур. Айни пайтда тикилган кийимлар, кашталар, сумкалар, кармонлар, дўппиларни Нукус, Қўнғирот туманларига жўнатаман. Чунки энг кўп буюртмалар улардан тушади. Мен ўзимни ҳаётда энг омадли, бахтли ва ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган инсон, деб ҳисоблайман.  Одам ҳар қандай қийинчиликларга қарамай ҳаётидан хурсанд бўлиб юрса, унга омад доимо кулиб боқаркан! Юртбошимизнинг яқинда туманимизга ташрифидан кейин ҳукуматнинг Мўйноқда туризмни ривожлантириш бўйича қарори қабул қилинди. Бу халқимизга катта умид  ва мадад берди. Чунки сайёҳлар келиб турса касаначилик, хизмат кўрсатишнинг бошқа турлари, албатта, ривожланади.

 

Бугунги кунда Манзура Ерниязова бир нечта таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Унинг тикув цехида тайёрланган буюмлар анча харидоргир. “Мен ҳар доим ғолибман”, дейди фахр билан у. Айнан ана шу ғолиблик ҳисси уни олға ундайди. 2018 йил 26 ноябрь куни Манзуранинг ҳаётида яна бир қувончли воқеа содир бўлди. “Qaraqalpaq Sheberi Manzura”  масъулияти чекланган жамият – янги ижтимоий корхона очилди. Ушбу корхона Мўйноқ туман ҳокимлиги ва Ўзбекистондаги БМТ ТД, Мўйноқ туман хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Кеуил нури” нодавлат-нотижорат ташкилотининг ҳамкорлиги маҳсулидир. «Qaraqalpaq Sheberi Manzura»нинг таъсисчилари ногиронлиги бор инсонлар – Манзура Ерниязова ва Марат Туксанбаевлар бўлишди. Айни пайтда корхонада 21 нафар ишчи фаолият юритса, уларнинг 19 нафари аёллардир. Шулардан 11 нафарининг турли даражада ногиронлиги бор.

 

– Мўйноқ туманида бундай ижтимоий лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани қувонарли ҳол, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза  қилиш вазири Рашид Аллабергенов. – Биз Ўзбекистондаги БМТ ТДга ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирамиз. Корхона ташкилотчилари бу ерга 40 нафаргача ишчи олишни режалаштиришган. Албатта, уларнинг равнақи учун қўлимиздан келган ёрдамимизни аямаймиз.

 

 – Манзура Ерниязова ва Марат Туксанбаевлар Мўйноқда яшашади. Уларнинг иккаласи ҳам ногирон бўлишига қарамасдан фаол равишда тадбиркорлик билан шуғулланиб келишмоқда, – дейди биз билан мулоқотда “Кеуил нури» ННТ директори Айзада Нурумбетова. – Улар нафақат ўз оилаларини таъминлаб келишмоқда, балки ногиронлиги бор бошқа инсонлар учун ҳам янги иш ўринлари яратишаётир. Албатта, фақатгина топаётган даромадларига бундай корхона қуриб бўлмайди. Аммо улар ўз ғояларини амалга ошириш учун давлат ва нодавлат, халқаро ташкилотларни ана шундай ижтимоий корхоналар кераклигига ишонтира олишди.  «Кеуил нури» ННТ ғояни амалга ошириш учун ижтимоий лойиҳани тайёрлашга яқиндан ёрдам берди.

 

Кеч тушганига қарамай, цехда машиналарнинг шовқин-сурони тингани йўқ.  Зеро, ҳали олдинда амалга ошириладиган режалар, орзулар талай. Манзура Ерниязова ўз тақдиридан нолимай, олға интилади: ҳаёт денгизининг қирғоқларига сиғмай янада жўшади, ожизликни тан олмаслиги – букилмас иродаси, оркаш ғурури кучига куч қўшади ва имкониятларини янада оширади.

 

Нариман ШЫННАЗАРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Қорақалпоғистон бўлими бош мутахассиси

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//