Лойдан яратилган одамзодга жон киритиш ифода этилган “Лазги” ёхуд Хивада ўтказилаётган халқаро рақс фестивали ҳақида


Сақлаш
15:04 / 28.04.2022 1052 0

...Муқаддас китоблардан бири: “Аввалида сўз бор эди”, деб бошланади. Биз эса аввалида оҳанг – товуш бор эди, деймиз!

 

Қадим Хоразмшоҳлар салтанатининг бошкенти – Тупроққалъа харобаларидан топилган осори-атиқалар орасида олимларни ҳайратга солгани тилла тангалар, деворий суратлар эмас, мусиқа асбоби чалаётган аёл ҳайкалчаси бўлган. Олимлар бу терракота милоддан тахминан минг йиллар муқаддам ясалган, деган хулосага келишган. Демак, “созанда”нинг ёши тақрибан уч минг йилга тенг!

 

 

Давр талотумларидан омон-эсон ўтиб, замонамизга етиб келган ҳайкалчада тасвирланган аёл қайси мусиқани ижро қилаётган экан? Унинг юз ифодалари жиддий. Шуни эътиборда тутсак, қандайдир мақом йўлидаги куй бўлиши мумкин, деган фикрга борамиз. Аммо...

 

Кўзларингизни бир лаҳза юмсангиз, қулоқларингизга олис мозий қатларидан таниш оҳанглар оқиб кела бошлайди.

 

 

Гўё юзлаб отлар туёқлари остидан чиқаётган садолар. Аввалида оғир-салдомли мусиқа – тулпорлар дупури лаҳза сайин тезлаша боради ва беихтиёр қўлу оёқларингиз ихтиёрингизга бўйин эгмай, ҳаракатга тушади. Ёнбошлаб ётган бўлсангиз, қад ростлаб ўтирасиз. Ўтирган бўлсангиз, ўрнингиздан турганингизни сезмайсиз. Оёқда бўлсангиз... йўрғалаб кетасиз.

 

Демак, “Лазги” янграяпти!

 

* * *

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, бастакор Қадамбой ака Раҳмонов айтади: “Лазги” мусиқаси ва унга мос рақс яратилганига неча аср бўлди – буни билмаймиз. Рақсда оташпарастликка хос унсурлар борлигини инобатга олсак... ўҳ-ҳў, шундаям камида тўрт минг йиллардан кам эмас.

 

 

Ўтган асрнинг биринчи ярми охирларига келиб аввал Хоразмда, кейинчалик бутун юртимиз ва дунёда “Лазги” янги кўриниши билан машҳур бўлиши сабаби қадим мусиқага афсонавий санъаткор Комилжон Отаниёзов янги матнда қўшиқ яратгани бўлди. Фақат қўшиқ яратиб қолмасдан, оҳангларга шиддат ва тезоблик ҳам бағишлади. Хон замонларида саройдаги гўяндалар гуруҳида қатнашган кекса санъаткорлар ўша вақтда Комилжон устозни “Лазги” мусиқасини аслиятдан узоқлаштирган, яъни тезлаштириб юборганликда айблаган. Қадим мусиқаларга қулоққонди бўлган кексаларнинг айтишича, “Лазги” мусиқаси ғоятда оғир-босиқ бўлган. Унда матн, яъни қўшиқ бўлмаган. Яна ривоят қилардиларки, бу рақс Аллоҳ таоло одамзодни лойдан яратганида унга жон киритиш жараёнини ўзида ифода этган. Рақснинг бошламаси ва давомида бу ҳолат яширинган.

 

Унутмаслик керак, Хоразмда қадимдан “Лазги”нинг етти тури бўлган. Кекса санъаткорлар эътироф этаётган оғир-босиқ мусиқали рақс ана шулардан бириси бўлса ажабмас!

 

* * *

Хива хонлигининг сўнги даврларида Энаш халфа отлиқ аёл жозибадор рақслари ва лапарлари билан тахт эгаларини ҳайратга солгани ҳақида тарихий битиклар гувоҳлик беради. Унинг шуҳратига ҳасад қилган кимсалар сарой йўлагидаги зинапоя ёғочларини яширинча арралаб-кесиб қўйишади. Саройга чақирилган Энаш халфа шошилиб келаётганида арраланган зина қулаб тушади ва раққоса йиқилиб, оёғини синдиради...

 

 

Оёқлар – раққоса учун жонининг озиғи. Созанда учун қўллари ва ҳар бир бармоғи каби қадрли. Энаш халфа оёғи чўлоқ бўлиб қолгач ҳам, рақс тушишни тарк этмайди ва жисмоний ҳолатига мос тарзда “Чаноқ лазги”сини ўйлаб топади. Яъни, овқат сузиладиган чаноқ – мис лаган ичида туриб рақс ижро қилади. Бунда раққосанинг бутун жисми – тўрт юз олтмиш суяклари ҳаракатга келади. Фақат майиб оёқлари бир жойда – чаноқ ичида ҳаракатсиз туради. Четдан қараганда чаноқ, йўқ, тувакда ўсган гул буралиб, эшилиб кўкка ўрлаётгандай.

 

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 сентябрдаги “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорида “Мамлакатимизнинг бой рақс санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллаган “Хоразм “Лазги” рақси” ўзига хос ижро услуби ва жозибаси билан нафақат Ўзбекистонда, балки чет давлатларда ҳам машҳурдир.

 

 

ЮНЕСКО томонидан “Хоразм “Лазги” рақси” инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганлиги ҳам унинг бетакрор санъат эканлигидан далолат беради”, дея алоҳида қайд қилинган. Мазкур қарорда “Хоразм “Лазги” рақси” санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, рақс санъати орқали халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида 2020 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Хива шаҳрида 25–30 апрель кунлари “Лазги” халқаро рақс фестивали ва унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш белгиланганди.

 

 

Тарихи қадим қалъалардан ҳам қадимроқ бўлган машҳур рақс юртбошимиз ташаббуси билан том маънода янги умрини бошламоқда.

 

* * *

Ўзбекистон халқ артисти Гавҳархоним Матёқубова: “Бу рақсни ўрганиб, илк бора саҳнада – томошабинлар қаршисида ижро қилганимга олтмиш йилларча бўлди. Раҳматли устоз Комилжон Отаниёзов раҳбарлигидаги ансамблга раққоса бўлиб ишга келганимда 18 яшар қиз эдим. Устоз қатида бу рақсни бирор минг марта ижро қилгандирман. “Лазги”ни тарғиб қилиш учун вақт келиб қитъалар ошдим. Илмий-оммабоп китоб яратдим. Бугун юзлаб шогирдларим саҳнада. Уларнинг барчаси учун “Лазги” ташриф қоғозига айланган.

 

 

Шогирдларим орасида энг иқтидорлиси Дилноза Ортиқова “Лазги”га рақсга тушганида олисларда қолган ёшлигимни кўраман. Аслида, Президентимиз эътиборидан кейин яна бир бора ёшлигимга қайтдим. Неча ҳафтаки қадим Хивада ўтадиган халқаро рақс фестивали тадориги асносида шогирдларимга ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб керакли маслаҳатларни бердим. Ахир, илк бора ташкил этилаётган фестивалга дунёнинг деярли барча қитъаларидан санъаткорлар, соҳа мутахассислари келишади. Биз уларга ўлмас рақсимизни бор бўйи, бутун жозибаси билан намойиш қилишимиз керак!”

 

* * *

Халқаро рақс фестивалини ўтказишга масъул Маданият вазирлиги, Хоразм вилоят ҳокимлиги ҳамда бир қатор бошқарма ва идоралар ходимлари юртимизнинг тажрибали режиссёр, бастакор, раққосаларини таклиф қилишган

 

 

Халқаро рақс фестивали иш бошлади. Хориж давлатларидан ташриф буюрган меҳмонларга аввалида “Ичон қалъа” мажмуаси ҳудудида рақс санъати тарихига оид, шунингдек, миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналаридан иборат ранг-баранг кўргазмалар намойиш қилинди.

 

Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят раҳбари, таниқли рассом Машариф Мадаминов мамнуният билан қайд қилишича, арафада воҳалик рассомлар қадим Хива меъморий обидалари, гўзал табиатимиз, айниқса, рақс санъати жилолари акс этган тасвирий санъат асарлари яратишди.

 

 

Халқаро рақс фестивали доирасида “Ўзбек миллий рақсининг жаҳон рақс санъатидаги ўрни” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуманда қатор хорижий мамлакатлардан келган санъатшунос олимлар, мусиқашунослар, рақс усталар дунёнинг бошқа бирор халқида ўхшаши йўқ “Лазги” рақси ижроси борасида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

...Бугун қадим Хиванинг ҳар бир саҳни, ҳар бир кўчаси байрамона либосда. Кўҳна обидаларга ёндош саҳнларда миллий либослардаги раққосалар жозибадор “Лазги”ни ижро қилишмоқда. Рақс бошламасида саҳнада фақат раққосу раққосалар бўлса, ўйноқи оҳанглар авжга чиқиши билан саҳналарни томошабинлар ҳам ишғол қилишлари одатий ҳолга айланиб улгурган. Улар орасида қадим шаҳарни томоша қилиш учун дунёнинг турли бурчакларидан келган юзлаб, минглаб сайёҳларнинг борлиги қувонарли.

 

 

Бугун бетакрор оҳанглар лол этиб, беихтиёр бағрига тортган, маҳоратли раққосаларга муқаллидлик қилиб турли муқомларга ўзини солаётган сайёҳлар бу номоддий бойлигимиз – асрларки боқий рақс мусиқасини қулоқларида, сеҳрли жозибасини жисмларида олиб кетишади.

 

“Лазги” дунё кезаверади!

 

* * *

...Ўн йиллар муқаддам ҳамфикр биродаримиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, воҳалик таниқли рассом Отахон Оллаберганов куйинганди: “Лазги” рақси бўйича ҳужжатли фильм суратга олинаётган экан. Менга рақснинг эскизларини чизишни буюртма қилишди. “Лазги”нинг барча турларини қайта ва қайта кўрдим ва бирор йигирмага яқин эскизлар чиздим, аммо ҳеч қайси кўнглимга ўтирмади. Нимадир етишмаётгандай, нимадир назардан четда қолаётгандай туюлаверди. Қанча эскизларни йиритиб ташладим. Бошим қотиб қолган. “Лазги” илоҳий рақс дегувчилар ҳақдир. Илоҳдан берилмиш нарса олдида бандалари ожизмиз...”

 

Рўзимбой ҲАСАН

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси