Муҳаммад Юсуф Ватанининг парвонаси эди – Ҳожи Байрам Вали университети профессори


Сақлаш
23:29 / 26.04.2022 1100 0

Адабиёт халқнинг руҳий дунёсини, ички оламини сўз орқали юзага чиқарадиган, миллатнинг маънавий қиёфасини ўзида мужассам этадиган ва уни осмонлар қадар юксалтирадиган санъат турларидан биридир. Адабиёт инсоннинг ижтимоий ҳолати, мавқеи ёхуд мартабасини бир четга суриб, етти ёшдан етмиш ёшгача ҳар кимни бир хил мақомда азиз ва муҳтарам қабул қиладиган хилқатдир.

 

Ўзбекистон замини бошқа ўлкалардан фарқли ва бебаҳо. Чунки тупроғи пок, ҳавоси мусаффо, инсонлари самимий. Бу юртда вояга етганлар учун шеър ёзиш ё тақдир, ё фарз ҳисобланади. Сўзимнинг исботи сифатида эса Лутфий ва Навоий, Бобур ва Нодира, Машраб ва Огаҳий, Чўлпон ва Ойбек, Миртемир ва Усмон Носир, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов каби ҳар бири дунёга тенг ижодкорларни келтириш мумкин. Ўзбекистон тупроғи адабиётга сеҳрли қалам соҳибларини берган ва бераверади.

 

Бу юрт фарзандларининг қалбига жасорат солган, кўнгилларини илҳом нури билан тўлдирган, шу боис ўткир сўзли шоирлар изма-из етишиб чиқади. Муҳаммад Юсуф ҳам худди шундай ижодкорлардан эди. Шеърларини ёниқ қалб билан ёзган шоир, яқинларининг айтишича, кам гапириб, кўп эшитадиган, самимий инсон эди, ҳамиша Ватанининг парвонаси эди.

 

Адабиёт доимо қоронғу кечани ёритиш” учун хизмат қилади. Ушбу мақсад йўлида кураш олиб борган, ўз юртини севиб, халқига садоқат билан хизмат қилган, она тупроғини асарларида кўнгилдан куйлаган шоирни халқи ҳам, юрти ҳам эъзозлайди. Муҳаммад Юсуф ота маконини бир фарзанд сифатида бор самимияти билан, қалбини осмонлар қадар кенг қилиб тараннум этган.

 

Эй дўстларим, дунёда Ортдан қолган из яхши”, деган Муҳаммад Юсуф она халқининг қалбида ўчмас из қолдирди. Шоирнинг ҳаётини, инончини, дунёқараши, қалби, тили ва йўлини бор бўй-басти билан шеърларида кўриш мумкин. Унинг зоҳири ҳам, ботини ҳам шеърдир.

 

Муҳаммад Юсуфнинг мисралари ўз-ўзидан яралиб қолмаган. Яратганнинг Ўзи унга ато қилган истеъдод оналарнинг севгиси ва соғинчи билан, оталарнинг заҳмати, гўзал қизларнинг кулгуси билан шаклланиб ривожланган, дилбар ва оташин бир овозга айланган. Яъники, унинг шеърлари севги ва соғинч, дард ва ҳижрон, ҳаёт ва ўлим, висол ва айрилиқ мактаби боғида очилган гулдир.

 

Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари савол бериб, жавоб излатиб ўқувчисини ўйланишга мажбур қилмайди. Чунки шоир юрагидаги тўфонлар шеърга айланиб қоғозда акс этар, ўқувчининг кўнглини очиб, дарду бахтини бўлишар эди.

 

Шеъри ўзига, ўзи эса шеърига ўхшаган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўзининг қисқа лекин самарали кечган умрида бой адабий мерос қолдирди.

 

Ватанининг озодлиги, миллатининг бахти, ўлкасининг ёруғ келажаги учун ёниб-куйган шоирнинг асарлари халқининг соф юрагида юксак мақомга эга бўлди.

 

Мен дунёни нима қилдим,

Ўзинг ёруғ жаҳоним.

Ўзим ҳоқон,

Ўзим султон,

Сен тахти Сулаймоним.

Ёлғизим, ягонам дейми,

Топинган кошонам дейми,

Ўзинг менинг улуғлардан

Улуғимсан, Ватаним...

 

Ўтган асрнинг сўнгги чорагида адабиётга илк қадамларини қўйган шоир нафис ва такрорланмас шеърлари, достонлари билан ўзбек шеърияти осмонида юлдуз каби порлай бошлади. Самимий ва гўзал ифодалари, ҳар бир мисрага сингиб кетган услуби билан халқнинг қалбида ўз ўрнини топди.

  

Мустақиллик даврида ижоди гуркираган шоир аждодларга чуқур ҳурмати, озодлик шукуҳи, келажакка ишончи туфайли ҳам миллатининг бахтиёрлигини тилга келтиришдан чарчамай ижод қилди. Ватанига чексиз севгисини, халқининг дарди ва бахтини тараннум этишдан бир нафас ҳам тўхтамаган булбулнафас шоирга эндигина 44 ёшга қадам қўйган бўлишига қарамай, 1998 йили Ўзбекистон халқ шоири унвони берилди.

 

Дунёга боқ, қадди сендек ким бор яна,

Довруғи ҳам дарди сендек ким бор яна.

Халқ бўлишга ҳадди сендек ким бор яна,

Мозийни ёд этай десанг – халқ бўл, элим.

 

Сен тебратган бешигини Соҳибқирон,

Сенинг боланг юлдузларга қўйган нарвон.

Бир майизни қирққа бўлган бир тану жон –

Кунларингга қайтай десанг – халқ бўл элим.

 

Саид Аҳмаднинг таъриф ва тавсифига кўра, Муҳаммад Юсуф покиза инсон эди. Одамларни хаёлга чўмдирадиган, кулдирадиган, йиғлатадиган, билган ва ўрганганларини миллати билан баҳам кўрадиган бир саҳоватпеша қалб соҳиби эди. Барчани дўстдек кўрар, ҳеч кимни ётсиратмас, қўлидаги борини бошқалар билан бўлишмаса, кўнгли жойига тушмас эди.

 

Муҳаммад Юсуф Шавкат Раҳмон хотирасига бағишлаган “Лолақизғалдоқ” шеърида:

 

Мендан нима қолар:

Икки мисра шеър,

Икки сандиқ китоб,

Бир уюм тупроқ”, –

 

деган эди. Бизнинг фикримизча, бу ерда бироз хато борга ўхшайди. Шоирдан бизга “бир уюм тупроқ” эмас, буюк маънавий хазина – шеърий хазина қолди. У бу шеърий хазина орқали эса бир улкан мерос қолдирди. Яъни:

 

Ватанга садоқат,

Миллатга ихлос,

Ҳаётга туганмас муҳаббат!

 

Халқининг юрагига ҳузун солиб, бу дунё билан видолашган Муҳаммад Юсуф вафотидан кейин ҳам гўё тирик тарихга айланди. Доимо миллати билан, Ватани билан биргадоимо мухлислари қалбида яшашда давом этмоқда ва этади.

 

Вали Саваш Елўк,

Анқара Ҳожи Байрам Вали университети профессори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//