Камгап зобит, олима аёл, миллат тарбиячиси, безовта одам – бугунги ўзбек ёзувчилари кимларни замон қаҳрамони деб билмоқда?


Сақлаш
00:52 / 23.04.2022 1402 1

Ҳамма даврда ҳам жамият ўз идеалларини яратишга интилган. Биз ўтмишнинг қаҳрамонлари ҳақида асосан бадиий асарлар орқали биламиз. Бугун ёзувчилар асарларида қандай инсонлар образини гавдалантиришга ҳаракат қилмоқда? Кимларни замона қаҳрамони сифатида кўряпти? Oyina.uz мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида ўзбек насрининг таниқли вакилларини саволга тутди.

 

 

Абдуқаюм Йўлдошев:

 

– Албатта, баҳайбат чўкичининг бир зарби ила юксак тоғларни қўпориб ташлаб, ташналикдан нолон аҳли фуқарога оби ҳаёт олиб келадиган филмонанд қаҳрамонлар фақат чўпчакларда учрайди. Кунлик режани саккиз юз-минг фоизга бажариб ташлайдиган аллақандай тошўяр стахановлару кетмонда (!) канал қазувчилар ҳам ҳозирги кунда кишига эриш туюлади. Бугунги замон қаҳрамонлари сал... нима десак экан, оддийроқдек, шу заминда, орамизда яшайдигандек, биз билан бир ҳаводан нафас оладигандек.

 

Илло, ҳаммамизга аён ҳақиқат шуки, умумийлик – хусусийликлар йиғиндисидир. Бас, шундай экан, тан олайлик, бугунги кун қаҳрамони ўз ўрнида, ўз вазифасини, ўз бурчини виждонан адо этадиган, иймон ва инсоф, виждон ва диёнат йўриғидан оғишмайдиган ҳар битта Инсондир. Кўпайсин бундай қаҳрамонлар!

 

Аслида ҳар бир катта-кичик битигимиз бугунимизнинг ана шундай, эҳтимолки, табиатан хоксор, аслида эса бениҳоя буюк қаҳрамонларимизга нисбатан эҳтиром ва... соғинч боис ҳам дунёга келгандир.

 

Биргина мисол билан кифояланай. Беш-олти йил бўлиб қолди, олий авиация ҳарбий билим юртида хизмат сафарида бўлишга тўғри келиб қолди. Раҳбарият бир офицерни тавсия қилди. Ўтакетган камтарин зобит экан денг. Гапирмайди. Саволларимизга жавоб ҳам қисқагина: “Ҳа... йўқ...” Бўлмаса “Жасорат” медали билан тақдирланган... Ниҳоят тун яримлаб қолганда офицер ёрилди. Аён бўлдики, бу киши бир операция пайтида ўз жонини хатарга қўйиб, учиш мумкин бўлмаган шароитда вертолётда қўшимча кучни керакли жойга етказиб борган ва бу билан ўнлаб аскарларимизнинг ҳаётини сақлаб қолган экан. Тап-тайёр қаҳрамон, шундай эмасми?!

 

Шу камтарин офицерни бош қаҳрамон қилиб олиб сценарий ёздик, кейин фильм бўлди. Барибир кўнглимдаги гапларнинг ҳаммасини қоғозга туширолмаганим сабабми, “Осмон оғуши” деган қисса туғилди. Ғафур Ғулом номидаги нашриётда “Замонамиз қаҳрамони” рукнида китоб бўлиб чиқди...

 

 

Луқмон Бўрихон:     

 

Замона қаҳрамони ҳақида сўз бораркан, оддий ва жўн, асрлар оша донишмандлар бот-бот такрорлаб келаётган фалсафий нуқтаи назарга қўшиламан ва бундан бошқача бўлиши мумкин эмас, деган қарорга келаман.

 

Ҳаётдан нолимайдиган, борига шукр, йўғига сабр қиладиган одам замона қаҳрамонидир. Талотўпларга аралашмайдиган, дунё талашмайдиган, бор имконидан фойдаланадиган, йўғига чиранмайдиган одам замона қаҳрамонидир.

 

Умрнинг ҳар лаҳзасидан ҳикмат, лаззат топиб яшайдиган, сўнгги йўл қабристон орқали ўтишини асло унутмайдиган ва шунга доимо тараддуд кўриб юрадиган одам замона қаҳрамонидир.

 

Қайғую қувончга пинак бузмайдиган, ҳовлиқмайдиган, “ин ҳам гузаред” деб қўядиган одам замона қаҳрамонидир. Охир-оқибат дунёга кулги бўлишидан аввал дунёнинг устидан қаҳ-қаҳ уриб кулиб кетадиган одам замона қаҳрамонидир.

 

Ҳамма асарларимда ҳам ўзим истаган замона қаҳрамонини тасвирлашга ҳаракат қилганман. Лекин асл қаҳрамонимни ушбу сўров бўйича ёзганим каби тасаввур этаман. Бу борада ҳам бир кўламлироқ битик режалаштириб қўйганман. Худо хоҳласа, қоғозга тушар.

 

 

Рисолат Ҳайдарова:

 

Замона қаҳрамони деганда даврнинг бор фазилати ёки иллатини ўзида жамлаган, ўша давр қиёфасини тажассум қилган киши тушуниларди.

 

Ҳолбуки, менинг назаримда, ёзувчи ўз замонасидаги жамиятда қай бир сифатлар устун бўлишини исташи нуқтаи назаридан ҳам замонаси қаҳрамонини яратади.

 

Мен ўзбек адабиётида яратилувчи замона қаҳрамонини маърифатли инсон образи сифатида кўраман. У шарқона томирларида мустаҳкам ўрнашган, лекин жаҳоннинг илғор тамойилларидан хабардор зиёли инсон.

 

“Мағрура” қиссамда мана шундай кишилар образини яратишга интилдим. Бош қаҳрамоним – Мағрура ўзбек мумтоз адабиётини тадқиқ этаётган ёш олима, форс, араб, инглиз ва рус тилларини яхши билади, жаҳон замонавий мусиқа санъатини севади, жон деб ошхонада куймаланади, университетдаги талабалари кўнглида китобга ва адабиётга муҳаббат уйғотишга интилади. Яхши кўрган машғулоти – отасининг кутубхонасини титкилаш. Севади, жавобсиз муҳаббатдан азобланади, хиёнатдан куяди. Лекин ҳаётдан безмайди, ҳаётни қийинчиликлари билан ҳам, айрилиқ ва азоблари билан ҳам севади. “Мағрура”даги олима аёл Назирахон ҳам олима, талабалик пайти оила қурган, бир умр турмуш ўртоғи билан бирга илм сўқмоқларидан юриб ўтган, севган кишиси билан биргаликда йиллар давомида оила қўрғонини қурган аёл. У Мағрурачалик муҳаббатдан куймаган, ўз тенгини тополмай қийналмаган. У ҳам замонамиз қаҳрамони.

 

“Карантин” қиссамнинг бош қаҳрамони – Малика эса эллик ёшларда, оилали, раҳбар лавозимларида ишлаётган билимли ва маърифатли аёл. Бугунги кунимиздаги баъзи аёлларга ўхшаб оила бахтини хизмати ёки лавозими, шуҳрати йўлида қурбон қилиб юбормаган. Ўз қадрини билади, обрў ва ҳурматга, нуфузига фақат ўз билими ва иқтидори билан эришган.

 

Иккала қаҳрамоним ҳам аёллик бахтини биринчи ўринга қўйишини истадим. Балки бу сўзим ғалати кўринар. Лекин замона қаҳрамони қанчалик юксак сифатлар эгаси бўлмасин, аввало инсон ва бахтга интилиб яшайди. Менимча, шундай бўлиши керак.

 

 

Жасур Кенгбоев:

 

Мен учун замон қаҳрамони – безовта одам. Бундай одам мудом нимадандир оғринади, юраги ғаш тортади, кўнгли тўлмайди. Нималаргадир қайғуради, муаммоларни ечгиси, ўзи ё ўзгалар ҳаётини ўнглагиси, кам-кўстини тўғрилагиси, энг муҳими, инсон кўнглидаги чигалликларга йўл топгиси келади. Хуллас, жонсарагу жонҳалак.

 

Замонамиз қаҳрамони деганда аниқ касб ё соҳадаги одамларни санамаганим сабаби шуки, юраги доим безовта уриб, жонсараклик қилмас экан, ҳеч жабҳада замон қаҳрамонини яратиб бўлмайди. Менинг ҳикояларим қаҳрамонлари оддий, ўзим тасвирлагандай, безовтагина одамлар. Уларнинг елкасига замон қаҳрамонидек оғир юкни ортиб бўлмайди-ёв. Бунинг учун ҳали дурустроқ, салмоқлироқ ва залворлироқ бирор нима ёзиш керакки, бу юкни кўтараман деб қаҳрамонлари майиб бўлиб қолмасин, деб ўйлайман. Тасвирламоққа уринишларим, интилишларим – бошқа гап. Айтишга арзирли бўлганида, ҳафсала билан баён этарман.

 

 

Рахшона Аҳмедова:

 

Бугунги дунё бошқа: замон шиддати тез, одамларни ҳайрон қолдириш қийин, қаҳрамон танлаш ҳам. Чунки ҳайратланмай қўйганимизга анча бўлган. Назаримда, замона қаҳрамонларини дунё шовқини ичра ўзини йўқотиб қўймаётган, нима бўлганда ҳам мустақил фикрини айтаётган, оқимга қарши сузаётган, ўз дарди дунёсидан ортиб, ўзгалар учун яшаётган ва энг муҳими, инсонийлигини сақлаб қола билганлар орасидан ахтариш керак. Ана шуларни бугун ўрнак қилса арзийди. 

 

Мен кўпроқ, сизу бизга ўхшаган, ўзини ахтараётган, хато-камчиликлари бисёр, орзу-армонлари кўп оддий инсонлар сиймосини гавдалантиришга ҳаракат қилганман. Энг асосийси, асардаги образларнинг юраги уриб турсин. Масалан, “Орзу ва денгиз” ҳикоясидаги Амангелди ота билан Айжан хола. Сув тўлқинлари чекинди, қум барҳанларигина қолди. Қишда жуда совуқ, ёзда жуда иссиқ. Туз бўронлари ичида яшаб келаётган бу чол-кампир ўғли билан бирга шаҳарга кўчиб кетса бўларди. Йўқ, она юртини борича севиб, ўлгунича Оролнинг қайтишини кутдилар.

 

Ёки бўлмаса, “Ҳақиқат шамоли”даги Нодир, ҳамма қатори қарсак чалиб ўтирса ёки қўшилиб мақтаса, баҳолаш мезони келганида юзхотирлик қилса, арзимас нарсани кўкка кўтаришларига индамай кўз юмса... Ҳозир ҳамма шундай қиляпти-ку. Йўқ, у принципларидан кечмади, сўзидан қайтмади, манфаат учун паст кетмади, тирикчилик важидан шеърларини сотгани учун ўзини кечирмади...

 

Ёки “Соябон остида”ги аёллар нега замонамиз қаҳрамонлари бўлолмайди?! Ахир бугунги талотўп замонда ўзидан кечиб, оиласи учун, болалари учун яшаб ўтаётган бу аёллар ҳаёти ёзишга арзимайдими? Бизга бошқача бўлиши мумкин эмасдек туюлади, лекин сер солиб қарасангиз, бугунги дунёда эгоизм инсониятни ўраб-чирмаб бораётганини кўрасиз. Бугун ўз хоҳиш-истаклари билангина яшаётганлар кўпаймоқда...

 

 

Холиёр Сафаров:

 

– Барча даврларда замон қаҳрамони ўқитувчилар бўлган, деб биламан. Негаки, улар олдидаги масъулият қиёмат қадар буюкдир! Улар ёшлар тарбиячиси, таъбир жоиз бўлса, миллат тарбиячиси. Бугун кимки юксак мартабага эришган ва эришаётган бўлса, Устоз туфайли!

 

Бугун биз чет тилларни биладиган, ахборот технологияларини яхши тушунадиган мутахассисларни кўкка кўтаряпмиз. Ахир уларни ҳам шу мақомга етиштирган ўқитувчилар эмасми?

 

Шу маънода бугун ўқитувчиларнинг мақомини юксалтириш, уларга эътиромни мумтоз шаклга олиб чиқиш жоиз деб биламан! Боиси, янги Ўзбекистон ғояси ҳам, учинчи Ренессанс орзуси ҳам комил устозлар ва тиришқоқ шогирдлари билан амалга ошади!

 

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

oyina.uz

1 Изоҳ

G'anisher Haqnazarov

12:01 / 01.01.1970

Ajoyib! Yaxshi maqola bo‘libdi, rahmat!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//