Етакчи – эртакчи эмас, реал мақсадлар сари бошловчи сардордир


Сақлаш
15:57 / 22.04.2022 1025 0

Ҳар қайси давлатнинг ўз ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий йўли бор. Шунинг учун ҳам, муайян кишилик жамияти ўз мақсад-муддаоларини йўл-йўлакай амалга оширмайди, балки ўзи танлаган йўлда собит давом этиб, кўзлаган манзилига дадил интилади. Шу маънода таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар натижасида тараққиётнинг мутлақо янги босқичига ўтилди. Хусусан, кейинги 4-5 йилда ёшларга оид давлат сиёсатида ҳам тарихий, ҳам оламшумул ўзгаришлар содир бўлди. Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурининг энг биринчи ва устувор йўналиши ёшлар масаласи этиб белгиланган.

 

Чунончи, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан  ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи давлат ташкилоти бўлган Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилиши, ниҳоят, чин маънода жамиятда ёшларнинг манфаатларини ифодалайдиган ва ҳимоя қиладиган янги соғлом оқимни юзага келтирди. Ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди.

 

Шунингдек, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар онгу шуурида ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, уларни мутолаа маданияти ва китобхонликка кенг жалб этиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган “Бешта муҳим ташаббус” лойиҳаси ишга туширилди. Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ташкил этилди ва ўтган йиллар давомида жамғарма ҳисобидан катта лойиҳалар амалга оширилди. Шу билан бирга, “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” ташкил этилиши эса ёшларнинг саноат ва тадбиркорлик соҳаларидаги ташаббусларини амалга ошириш ва қўллаб-қувватлашда қўл келиши муқаррар.

 

Кези келганда, Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ҳам жойларда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини қайд этиш лозим. Аввало, Марказ томонидан Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари учун ўқув қўлланма тайёрлангани ўзига хос маънавий ҳодиса бўлди. Бундан ташқари, ҳамкор ташкилотлар билан 13 банддан иборат “Маҳаллалардаги ёшлар ўртасида маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилиб, тасдиқлангани ва ижрога йўналтирилгани – янги тизим ҳаракат йўналишини белгилайди.

 

Хўш, янги жорий этилган Маҳалла ёшлари етакчилари ўзларига катта ишонч билдирилган айни пайтда қайси ишлар билан банд? Улар мутлақо янгича йўналиш сардорлари – илк қалдирғочлар сифатида биргина ўқув қўлланма билан биз кутган янги-янги юксак марралар сари парвоз эта оладиларми? Албатта, бунинг учун шаклланган малака, синовли машғулотларда орттирилган тажриба ва ишончли кўникмалар зарур. Айнан шу мақсадда, яъни ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлаш, уларни бепарволик, лоқайдлик боқимандалик, жиноятга мойиллик каби салбий иллатлардан асраб, илм-фан, санъат ва спортга кенг жалб қилиш, уларга тадбиркорлик сир-синоатларини ўргатиш борасида Марказ март ойи иш режа лойиҳасини ишлаб чиқди ва Ёшлар ишлари агентлигига тақдим этди. Демак, рамзан, катта мақсадлар манзилларига ишончли элтувчи “темир йўллар” ётқизилди ва “поезд” йўлга тушди.

 

Энди забт этилган дастлабки умидбахш манзиллар тафсилотига тўхталсак бўлар. Масалан, пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги “Иқбол” маҳалласида ёшлар етакчилари ва маҳалла ёшлари иштирокида “Маҳалла – маънавият қўрғони” дастури доирасида туркум маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, 200 га яқин ёшлар қамраб олингани, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш борасида “Заковат” интеллектуал ўйинлар мусобақаси ҳамда туркум маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилгани ҳали ибрат намунасини бера олмасди. Шунинг учун ҳам, аввалига ёшлар етакчиларининг билим-савияларини ошириш мақсадида тумандаги ёшлар етакчилари учун интерфаол семинар-тренинглар ўтказилиши услубий тавсиялар ишлаб чиқилишида жуда қўл келди.  Айниқса, “Маҳалладаги маърифатли аёл”, “Маҳалладаги одобли қиз”, “Маҳалла келини” номинациялари миллий қадриятларимиз ва турмуш тарзимизга жуда мос воқелик сифатида эъзоз топиши, яъни анъанавийлик тусини олиши жоиз. Чунки ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашда маърифатли аёл, одобли қиз ва ибратли келинларнинг таъсир ва қамров доираси муҳим аҳамият касб этиши кундай равшан.

 

Яна бир мисол. Сирдарё вилоятида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар давомида 3125 дона турли бадиий адабиёт ҳудудлардаги умумтаълим муассасаларига етказиб берилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Ҳикматли” маҳалласида жойлашган 30-сонли умумтаълим мактабининг кутубхонасига 500 дона китоб беминнат совға қилинди.

 

Маҳалладаги ёшларни китобхонликка кенг жалб қилиш мақсадида маҳаллада “Ёш китобхон” кўрик-танлови ўтказилди. Танловда маҳалланинг 13 та кўчасидан 200 нафардан зиёд ёшлар иштирок этди. Танловда қатнашган ҳар бир йигит-қиз ўз уйига бадиий китоблар билан қайтди – оила бағрига машҳур шоир-ёзувчилар кириб борди, жамиятнинг кичик қўрғонида шуълавор зиё тараладиган бўлди. Шунингдек, ҳомийлар томонидан тақдим этилган 5 дона сўнгги русумли уяли алоқа телефонлари 5 нафар зукко китобхонга “Мушоира” шартида ғолиб бўлганлиги учун совға қилингани нафақат ғолибларнинг, бошқа қатнашчиларнинг ҳам руҳиятини кўтарди.

 

Ширин шаҳрида эса “Мен сени севаман, она Ватаним” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, “Саломатлик учун 5000 қадам”, “Ўзбек ўғлониман” ҳарбий-ватанпарварлик  лойиҳалари яхши самара берди: 170 нафар иштирокчи ўзига янги куч топа олди. Албатта, бу рақамлар унча катта эмас. Бироқ халқимизда “Бирники – мингга, мингники – туманга (яъни чексизга)” деган пурмаъно нақл борки, унга кўра, бу ташаббуслар келгусида кенг қулоч ёйишига умид уйғотади кишида.

 

Мамлакатимизнинг водий минтақасидан мисол келтирсак, Фарғона вилоятида маънавият, мутолаа маданияти ва китобхонликни тарғиб қилиш борасида “Заковат” интеллектуал ўйинлар мусобақаси, “Қувноқлар ва зукколар”, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила”, “Хорижий тиллар билимдони”, “Мунозара”, “Battle” жамоавий, “Онлайн китобхон”, “Энг намунали зиё дўкони” кўрик-танловлар, миллий халқ ўйинлари ўтказилди, шунингдек, 29 та давра суҳбати, 68 та учрашув, 43 та семинар ташкил этилди. Тадбирларга жами 102 минг нафар ёшлар қамраб олинган бўлиб, шундан 1350 нафарини бандлиги таъминланмаган маҳалла ёшлари ташкил этди.

 

Наманган вилоятидаги 126 дан ортиқ маҳаллаларда ва 245 та таълим муассасаларида “Заковат” интеллектуал ўйинлар мусобақаси, “Қувноқлар ва зукколар”, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила”, “Хорижий тиллар билимдони” каби кўрик-танловлар ҳамда “Мунозара” интеллектуал ва миллий халқ ўйинлари ўтказилди ва режа асосида давом эттирилмоқда. 

 

Андижон вилоятида эса маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар билан ишлашда индивидуал ёндашиш ва тизимли иш ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларида жорий этилган ёшлар етакчиларининг касб-маҳоратини ошириш мақсадида Андижон шаҳар, Асака, Қўрғонтепа, Бўстон, Марҳамат, Улуғнор ва Пахтаобод туманларида “Маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни тўғри ташкил этишнинг асосий тамойиллари” мавзуида семинар-тренинглар ўтказилди. “Жаҳолатга қарши маърифат” бош ғояси остида 72 дан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинларида, жамоат ташкилотлари ва корхоналарда “Маънавиятга таҳдид – келажакка таҳдид”, “Исломда терроризмга ва диний экстремизмга ўрин йўқ”, “Ёшларда виртуал мафкуравий иммунитетни шакллантириш”, “Оммавий маданият”, “Диний экстремизмга қарши кураш”, “Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” каби долзарб мавзуларда 100 га яқин давра суҳбатлари, туркум учрашувлар, тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

 

Шунингдек, миллий ифтихор ва юксак маданиятимиз, маънавиятимиз рамзи бўлган атлас, адрас, дўппи, дутор, катта ашула, аския, ёр-ёр, алла, айтишувларни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Миллий қадриятлар қадр топган юрт” шиори остида 37 дан зиёд таълим муассасаларида, 30 дан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида миллий қадриятларга асосланган жами 70 дан зиёд маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Умумий ҳисобот натижаларига кўра, барча ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ҳамда давра суҳбатларида 73 820 нафардан зиёд ёшлар қатнашган.

 

Муқояса тарзида эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, 35 271 276 кишини ташкил этганШундан 17,5 миллион нафари аёллар, 17,7 миллион нафари эркаклар ҳисобланса-да, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этиши ҳеч кимга сир эмас. Демак, бундан буён янги жорий этилган Маҳалла ёшлари етакчилари ўзларига катта ишонч билдирилган айни тарихий жараёнларда фаолият доираларини янада кенгайтиришлари зарурлигини тезкор замоннинг ўзи талаб қилаётир. Эндиликда улар мутлақо янгича йўналиш сардорлари – илк қалдирғочлар сифатида янги-янги юксак марралар сари дадил парвоз эта олишлари учун, аввало, ўзларига, ўз кучларига ва ўз имкониятларига тўла ишонч ҳосил қилган ҳолда ҳаракатланмоғи лозим. Зеро, бунинг учун уларга барча керакли ҳақ-ҳуқуқлар тақдим этилган, қолгани эса, бизнингча, кўпроқ  ўзларига ва уларни қандай тарзда қабул қиладиган ёшлар аудиториясига боғлиқ. Энг муҳими, жамиятимизда шаклланган миллий ғоялар, ҳазрати Вақт синовидан ўтган азалий миллий қадриятларимизнинг барқарор ўзанлари собитлик ва содиқлик учун жуда ўнғай маънавий-интеллектуал муҳит ҳозирлаб қўйибди.

 

Сафар ОЛЛОЁР

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//