Сизда қандай бўлади билмадиму, мен йиғлаётган одамни кўрсам ўзим ҳам йиғлаб юбораман. Бугун эрталаб Кўкдала туманида Президент билан учрашишни кутиб турган, бўйи-басти, ёши, сочининг ва кўзининг ранги турлича, тақдирлари турфа хил, лекин орзулари бир-бирига жуда яқин бўлган болажонларни кўрганимдаёқ шу йиғи бўғзимга тиқилди. Лекин болаларнинг кайфияти зўр. “Опа, Президентга бундай десам-чи, ундай десам-чи” деб маслаҳат солиб ўтиришибди.
– Қани, ака-укаларингнинг исмини айтиб бер-чи! – сўрайман қувгина, қорамағизгина, ширин табассумли болакайдан.
– Онамнинг исми Гулбаҳор опа, отамнинг исми Ҳусан ака. Дилором опам бор, у 17 ёш. Азиза опам, улар 16 га кирганлар. Дилмурод, Шердор, Бобохон, Амаль, Элдор, Фотима ва Катя, энг кичиги Дадахон, – дейди бир-бирига гап бермай Шердор ва Элдор.
Бу болалар турли йиллар давомида Қашқадарёдаги меҳрибонлик уйида яшашган. Ҳусан Холлиев ва Гулбаҳор Хонимовалар мана шу 10 нафар болани ўз қарамоғларига олишган ва битта ҳовлида катта оила бўлиб яшашяпти. Буни ёзиш ва айтиш осон.
– Гулбаҳор опа, ўзингиз меҳрибонлик уйида ишлаган экансиз. Давлат тасарруфидаги болалар уйи ва оилавий болалар уйида фарқ нимада ўзи? Тўгараги, дарси, тартиби аниқ бўлган ўша жойда яшаш қулай эмасмиди болаларга? – деб сўрайман ўсмоқчилаб.
– Қизим, мен 38 йил болалар уйида ишладим. Давлат уйида болаларга ҳамма нарса берилади, аммо болалар келажагига халақит берадиган нимадир бор эди-да. Ўша нимадирни ахтарардим, тополмасдим. Уйга олиб келганимда тушундимки, болалар меҳрибонлик уйида тайёр шароитга кўниккан бўлади ва ташқарига чиққанда энг оддий нарсаларга уқуви бўлмайди. Улар оила муҳитида яшаcа, одамларга қўшила олади, дўкондан тортишиб картошка-пиёз ололади, тўй-маъракада бирлаша олади, ҳаётда довдираб қолмайди. Ҳозир қизларим битта оилани эплайди: Катя чучвара тугяпти, Азиза нон ёпяти, ҳамма болалар яхши ўқишяпти.
Бугун Президент учта оила билан: 10 нафар болани боқиб олган Холлиевлар, 8 нафарни қарамоғига олган Суюновлар ва 5 болани ўз фарзандлари қаторига қўшган Тўраевлар оиласи билан учрашди. Болалар Президентни кўрибоқ кўзларида ёш қалқа бошлади.
– Ҳар бир фарзандимиз ота-она – оила бағрида бўлиши учун қабул қилган қарорларимиз секин-аста ўз натижасини беряпти. Бутун республика бўйича 16 та меҳрибонлик уйидан 10 таси ёпилибди. Сизларга ўхшаган (ота-оналарга қарата) мана шундай бағрикенг, оғир юкни бўйнига олган одамларимиз кўп. Давлат болалар учун кўп нарса қилиши мумкин, қилади ҳам, лекин фарзанд тарбиясини бериш, унга меҳр бериш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Сизлар ўзингизга тирик ҳайкал яратдингиз. Бу ўзбек маънавиятининг ҳайкали, маърифат ҳайкали! Сизларга мен мана шу фарзандларимиз номидан, ўзим номимдан, халқимиз номидан миннатдорлик билдираман.
Шавкат Мирзиёев суҳбат давомида меҳрибонлик уйларини қисқартириб, фарзанд асраб олиш ниятида юрган оилаларга бериш, оилавий меҳрибонлик уйларини очиш бўйича қарор қабул қилганида кўпчилик бунга қарши бўлганини эслади. Қашқадарёдаги меҳрибонлик уйи ҳам ёпилиб, ташаббускор ота-оналар томонидан 10 та оилавий меҳрибонлик уйи ташкил қилинган.
– 21-меҳрибонлик уйига биринчи бориб, шу қарорга келганимда кўпчилик қарши бўлган. Чет элдаги экспертлар ҳам бунга ишонмаган. Нима учун? Чунки улар бизда Сизларга ўхшаган фидойи фуқароларимиз борлигини билмасди. Қизларимнинг, ўғилларимнинг кўзига қараб турибманки, бу иш тўғри бўлган. Кўпмиллатли халқмиз. Турли миллат вакили бўлса ҳам уйларингизга олиб кириб, «ўзимнинг қизим, ўзимнинг ўғлим, ўзимнинг келажагим» деганингиз учун мен сизларга яна бир марта раҳмат демоқчиман. Мана шу болажонларнинг келажагини кўриш Сизларга ҳам, Худо хоҳласа, менга ҳам насиб қилсин. Сизлар болани севиш, унинг қадрига етишда намунасиз, ўзбек миллати барча миллатларга бағрикенглик ва болажонликда ибрат эканини кўрсатиб беряпсиз. Миллий гвардия хизмати ва раҳбарияти – мен ва сизлар ўртангизда кўприк. Бутун жамиятимиз сизларга елкадош бўлиши керак. Бутун жамиятимиз бугун кўзи нурга бўлган болаларимга меҳр бериши керак. Шу нарса аниқ, дунёда ҳар бир ишнинг ажри бор. Бундай ишларнинг ажри чексиз бўлади. Улуғ айём кунлари сизларга ваъда бераман, мени ва халқимизнинг эътиборидан четда қолмайсиз. Ахир болаларимиз – энг катта бойлигимиз. Айримлар ўз боласига эътибор бермайди, ўқишига, юриш-туришига бефарқ. Бунинг қадрига етиб, бошқа одамларнинг болаларини бағрингизга олганингиз учун ҳам Сизлар тарихда қоласизлар, чунки мана шу фарзандлар Сизларнинг тарихингизни яратади, улар сиз ҳақингизда ёзади, – деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев меҳрибонлик уйи болалари қаерда ўқишни истаса, бепул ўқитилишини, мавжуд қарорга ўзгартириш киритилиб, болаларни асраб олган оиланинг ўз фарзандлари учун ҳам имтиёз берилишини айтди. Президентнинг болажонларга аталган гаплари жуда таъсирли эди.
– Кўнглингиз ўксимасин, тақдир сизга ҳозир синов берди. Лекин келажакда сизларни кўп яхшиликлар кутиб турибди, тенгдошларингизга ўрнак бўладиган инсонларга айланасиз. Мен бунга ишонаман. Сизлар икки карра кўп меҳр оласиз. Бу меҳр сизларга бахт олиб келсин, cаломатлик олиб келсин. Мен сизларнинг бахтингиз, cоғлиғингиз ҳақида эшитиб юрай, ҳар сафар Қашқадарёга келганда учрашиш насиб қилсин.
Бўғзимга тиқилган йиғидан уялиб турганимда кўрдимки, менга ака-укаларини санаб берган Шердор Президентдан совға олаётиб, раҳматини айтаётганда титраб кетиб, йиғлаб гапирди ва ҳаммани йиғлатди. Йиғлаганини беркитиб бурун тортиш уят бўлмади. Президентнинг олдида ҳамма баравар йиғлаганини мен биринчи марта кўрдим.
Давлат раҳбари ва унинг атрофидаги аркони давлат кейинги манзилга вертолётда учиб кетгач, яна ҳаммамиз болалар билан гаплашишга уриндик. Болаларнинг қўлида телефон, планшет – оғзида йўқ хурсанд.
Аслида кўпчиликнинг ўз биологик отаси ёки онаси ҳаёт, бири боласидан хабар олади, бири эса йўқ. Эрталабдан бери кузатганим – бир қизнинг тарихини ўқигандим. У интервью бераётганда ҳам, расмга олишаётганда ҳам ҳеч кулмаганди. Бўйи етиб қолган бу қизнинг ўз ота-онаси вафот этган. У Президент билан учрашувдан кейин кулди. Кулимсираб юрди.
– Учта ҳаётим бор мени, – деди яна бир қиз Шаҳноза. – Бири ўзим туғилган жой (уни соғингим келмайди), кейин “детдом”имиздаги ҳаёт ва энди оиладаги ҳаётимиз. Менга ҳозирги ҳаётим кўпроқ ёқади.
– Президент “айфон” телефонлар совға қилибди-да. Тўйларингизни видеога олиб ташанглар менга ҳам, – дедим ҳазиллашиб опа-сингилларга.
– Вой ҳали вақтли-ку! Лекин-чи, мени тўртта болам бўлишини истайман, уларни ташлаб кетмайман, – деди ва жим туриб... мени маҳкам қучоқлаб олди Моҳинур...
20-30 сония бир-биримизни маҳкам қучоқлаганча йиғлашиб турдик...
Азиза ҚУРБОНОВА,
журналист
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ