Ёшлар мутолааси: ёзувчи Байрам Али “Ўлим ўпқони” асарини ўқишни тавсия қилди


Сақлаш
16:15 / 21.04.2022 1433 2

Бугунги саҳифамиз меҳмони – ёш ёзувчи Байрам Али ўзи севиб мутолаа қилган китоблар рўйхати ҳамда улар ҳақидаги мулоҳазаларини ўртоқлашди. Байрам Алининг “Болангман, дунё” ва “Куз ёмғирлари” номли насрий асарлари чоп этилган. Ҳикоялари асосида видеофильмлар ишланган. Умидли носирнинг бугунги тавсиялари китобхонларга фойдали бўлади, деган умиддамиз.

 

 

1. Луқмон Бўрихоннинг “Жазирамадаги одамлар” романи

 

Ўз даврида ўртамиёна ҳикоялар ёзган, кейинчалик ижодни ташлаб қўйган бир инсондан нега ёзмаётганини сўраганимда, у мийиғида кулиб “Дунё кўп эски, янги гап айтиш маҳол” деган жавобни берганди. Тўғри, суҳбатдошим бу гапни шунчаки ўзини оқлаш учун айтган, аммо жавоб менга ёққанди. Ахир тасаввур қилинг, чоғроққина бир кутубхонада камида минг, икки мингта китоб бўлади. Шу китоблар орасида бирор арзирли фикр, бирор янги гапни ёзилмай қолган, деб ким айта оларди? Менимча, бундай дея олиш учун инсон ё оми, ё катта санъаткор бўлмоғи лозим...

 

“Жазирамадаги одамлар” инсон ҳақида янги кайфият билан, янги бир гап айтгани учун ҳам қимматли. Асар бугунги кун одамининг онги ва хатти-ҳаракатларидаги бир қарашда кўзга ташланмайдиган иллатлар ҳамда унинг натижаси ҳақида сўз очади. Биз кунда-шунда гувоҳ бўладиган, нормал деб қабул қилишга кўникиб қолган воқеалар замирига зийраклик билан эътибор қаратишга чақиради. Лолахоннинг тақдири ва ўзлаштирилган ер мисолида инсон табиатини сунъийлаштиришга уринишнинг фожиявий оқибатларини очиб беради. Одам боласининг қон-қонига сингиб кетган сохталик, риёкорликнинг устидан кулади, аёвсиз фош қилади.

 

Ҳар битта жумласидан инсониятга нисбатан киноя силқиб турган, пишиқ-пухта ишланиб, ғоятда жозибадор ифода этилган ушбу асарни ўқир экансиз, сиз ҳеч нарса кўринганидай ва ҳеч кимнинг таниганингиздай эмаслигига амин бўласиз.

 

 

2. Темирпўлат Тиллаевнинг “Ўлим ўпқони” романи

 

Айтиб қўяй, дунё адабиётидан яхшигина хабардор бўлмасдан туриб бу асарни тушуниш мушкул. Чунки мазкур асарда Шарқ адабиёти ва замонавий дунё адабиётининг деярли барча услублари бамисоли эшилган арқондай чирмашиб кетган. Асарнинг эътирофга сазовор жиҳатларидан бири шундаки, одатда биз Ғарб адабиёти таъсирида ёзилган асарларни ўқиганимизда уни Ғарб одами ёзганга ўхшайди. Аммо “Ўлим ўпқони”да ўзбекона руҳ бор. Ровийнинг фасоҳатли сўзлари, асарнинг ифода шакли бизнинг ёдимизга гоҳ Рабғузий, гоҳ Борхес, гоҳ эса Булгаковни солса-да, ундаги ҳар битта одам ўзбек ва улар ўзбекнинг дарди, кечмишини бошдан кечиради. Шахсан ўзим ушбу асарни илк бор ўқиганимда Ватан ҳақида, миллат ҳақида шундай ҳам ёзиш мумкин экан-да, дея ҳайратланганман.

 

Шарқ асотирларининг бирида Қадр кечасида илоҳий қушни кўрган инсоннинг қўли нимага тегса, у олтинга айланиши ҳақида гап кетади. Темирпўлат Тиллаевнинг мазкур асарига эса муаллиф томонидан нимаики киритилган бўлса, у рамзга айланади. Масалан, асарнинг бошроғида етти кун ёмғир ёғди, дейилган. Сал ўтиб асар қаҳрамони Туроннинг дафтарида йўқ, етти кун эмас, етмиш кун ёмғир ёғди, дейилади ва ёмғир ўз-ўзидан рамзга айланади. Ўқирман беихтиёр муаллиф ёмғир деганда эҳтимол жаҳолатни, эҳтимол истибдодни назарда тутаётгани ҳақида хаёлларга боради...

 

Энг аҳамиятлиси, қиссадаги бу саноқсиз рамзлар асарнинг умумий композицияси ва ундаги ҳаёт ҳақиқатига сира путур етказмаган. Балки қиссага шу қадар моҳирлик билан сингдириб юборилганки, ўқирман асарни тушунмай ўқиган тақдирида ҳам унинг оҳанги ва тилсимли воқеалар тизимининг ўзигаёқ маҳлиё бўлиб қолиши мумкин.

 

 

3. Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни” романи

 

Одам боласининг маълум бир вақт оралиғи ёки маълум бир вазиятда ўз умрини янги нуқтаи назар билан қайтадан кўриб чиқишни истаб қоладиган одати бор. “Абадият қонуни” мана шундай руҳ, мана шу истак билан ёзилган асарлардан биридир. Фақат у биргина инсон умрининг эмас, бутун бир авлоднинг, инсониятнинг ҳаётини сарҳисоб қилади, бундан жасур-вазмин хулосалар ясайди. Асар шўролар даври тизимида ҳаётга янгича қараган асар бўлиб, энг қизиғи, ўша янгича қараш ҳали ҳам эскирмаган. У инсоннинг илоҳийлигини, биз таниган ҳар битта оддий одам ер юзига ўз миссияси билан юборилишини кўзда тутади.

 

Бирор асар ҳақида гапиришнинг энг ёмон йўли, менимча, унинг сюжети ҳақида гапириш бўлса керак. Шундай бўлса-да, мен романнинг уч асосий қаҳрамонини эслаб ўтишдан тийилолмаяпман.

 

Таниқли ёзувчи ва газета муҳаррири Бачана Рамишвили оғир юрак хуружи билан шифохонага ётқизилади. Палатада эса у роҳиб Иорам ота ва этикдўз Булика билан учрашади. Бу учта бир-бирига қарама-қарши оламнинг ҳамда материализм билан идеализмнинг, коммунизм билан насронийликнинг тўқнашуви эди. Учала қаҳрамон, жамиятнинг учта вакили дин ва дунё, олам ва одам ҳақида баҳсга киришадилар. Ушбу баҳсларнинг бир қисми ташқарида, яъни оғзаки кечса, яна бир қисми ичкарида – ботинда кечади...

 

Эҳтимол, сизда романнинг номи нима учун “Абадият қонуни” ва ўша қонун нимадан иборат экан, деган савол туғилар? Мен буни тушунишнинг энг яхши йўли сифатида асарнинг ўзини ўқиб чиқмоқни тавсия қилган бўлардим.

 

 

4. Фёдор Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” романи

 

Икки жилддан иборат ушбу муҳташам асарни қўлингизга олар экансиз, сиз ўзингизни аввало саргузаштларга бой зўр бир эртак ўқиётгандай енгил ҳис этасиз. Аммо юз бетларга яқинлашиб “одимингиз” оғир тортади. Тойинасиз, суринасиз ва кўп ўтмай калаванинг учини йўқотасиз, ўйларингиз тафаккур ва жаҳолат, эътиқод ва даҳрийлик орасида мутлақо чалкашиб кетади. Асар саҳифаларида сиз ёзувчининг “Телба”, “Жиноят ва жазо”, “Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар” каби асарларида учратган қаҳрамонларни ҳамда Ҳайёмга, Шопенгаурга хос қарашларни бошқа-бошқа кўринишларда учратсангиз сира ажаб эмас. Чунки, менинг назаримда “Ака-ука Карамазовлар” нафақат Достоевский ижодининг, балки дунё фалсафасанинг ҳам қаймоғи ҳисобланади.

 

Асарда муаллиф бетартиблик, мантиқсизлик ҳақида сўз очади. Сўз очганда ҳам бирор ижтимоий тузум ёки жамиятдаги бетартиблик эмас, айнан дунёнинг бетартиблиги ҳақида мушоҳада юритиб, тўғридан-тўғри Худо билан баҳсга киришади. Сиз шу пайтга қадар ҳис этган, аммо жиддийроқ ўйлаб кўришга ё ақл, ё жасоратингиз етмаган фикрлар устида мардона бош қотиришга чақиради. Шахсан мен Ҳайём рубоийларини ва унинг фалсафий қарашларини айнан Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” асарини ўқигач тушундим.

                                                                   

2 Изоҳлар

Ўрал Б

01:08 / 16.08.2023

Китоб ўқишга ундайдиган қисқа ва ажойиб шарҳлари учун Байрам Алига катта раҳмат.

Lovanda N

12:01 / 01.01.1970

Яхши фикрлар... Яхши гаплар... Бу ёш ёзувчининг кўп китоб ўқиганидан, ўз устида тинмай меҳнат қилганидан дарак деб биламан... Ёш ёзувчига омад ва зафарлар тилаб қоламан, ундан янги асарлар кутиб қоламан

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//