“Китобхонлик ҳафталиги”да энг кўп сотилган асарлар, бонуслар ва бепул китоблар лойиҳаси


Сақлаш
15:07 / 21.04.2022 2337 0

Юртимизда “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган II Республика “Китобхонлик ҳафталиги” давом этмоқда. Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ҳамда пойтахтимиздаги "Magic city" боғида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар китобхонлар, ижодкорлар ва ноширлар билан гавжум.

 

 

Мазкур ҳафталик доирасида бир қанча адабий, маданий-маърифий, мусиқий тадбирлар, хусусан, "Очиқ осмон остидаги кутубхона" марафони, Санъат ва маданият институти талабалари, Ёш томошабинлар театри актёрлари иштирокида “Афандининг китоблар оламига саёҳати” мавзусида театр томошалари ташкиллаштирилган.  Ҳафталик давомида “Саҳна кўрган асарлар” рукнида театрлаштирилган саҳна кўринишлари, “Китобсиз келажак йўқ” шиори остида янги нашрдан чиққан энг сара адабиётларнинг бевосита ўз муаллифи иштирокида тақдимоти, “Меҳр кутубхонаси” лойиҳаси доирасида сайёр тадбирлар, ноширлар ва кутубхоначилар ҳамкорлигидаги давра суҳбатлари, турли халқаро меморандумларнинг имзоланиш маросимлари ҳамда “Энг яхши ёш китобхон” танлови барча ёш тоифасидаги китобхонларни қамраб олмоқда.

 

Oyina.uz мухбирлари "Magic city" боғида бўлиб, китобхонлар, нашриёт ходимлари ва ижодкорлар билан суҳбатлашди.

 

 

Аббос Серобов, “Академнашр” ходими:

 

Китобхонлик ҳафталиги кўтаринки руҳда ўтяпти. Китоб ярмаркаларининг истироҳат боғларида ташкил этилиши қувонарли ҳол. "Magic city"да ўтаётган китобхонлик ҳафталигида Академнашр жамоаси китобхонлар учун чегирмали нархлар, акциялар, текин китоблар ва премьера тарзида янги китобларни тақдим этмоқда.

 

Кечаги ёмғирда ҳам йигит-қизлар келиб, китобларимиздан харид қилишди. Шунингдек, дизайнерларимиз томонидан тайёрланган "Китоб ўқи, парвоз қил!" шиоридаги қанотлар тасвири туширилган баннеримиз кўпчилик китобсеварларни эътиборини тортди.

 

Китобхонлик ҳафталигида биз бонус сифатида бепул китоблар улашишни бошладик. “Академнашр”дан 50 минг сўмлик миқдорда китоб харид қилсангиз, 6 хил номдаги диний-маърифий китоблардан бирини текинга танлаб олишингиз мумкин бўлади.

 

 

Мадина Қурбонова, “Янги аср авлоди” нашриёти ходими:

 

– “Китобхонлик ҳафталиги” давомида нашриётимиз бир нечта янги китобларнинг тақдимотини ўтказмоқда. Жумладан, ёзувчи ва таржимонлар Абдуқаюм Йўлдош, Қўчқор Норқобил, Улуғбек Ҳамдам, Шерзод Ортиқов, Рустам Жабборов, Гулнора Раҳмон, Нодирабегим Иброҳимова, Комила Носирова тадбир меҳмонлари сифатида таклиф қилинган.

 

Ҳафталик давомида нашриётнинг 200 хилдан ошиқ китобларига 25%гача чегирмалар эълон қилинган. Ҳозирча энг кўп сотилган китоблар учлиги сифатида “Бақирмайдиган оналар”, “Ой ва сариқ чақа”, “Ичиндаги ичиндадир” асарларини айтишимиз мумкин. Душанбадан буён эрталабдан кечгача китобхонлар расталардан аригани йўқ, қўлимиз қўлимизга тегмай савдо қиляпмиз.    

  

 

Соҳибжамол Каттаева, “Factor books” нашриёти директори:

 

– Юртимизда китобхонликка берилган бу эътибордан бағоятда шод бўлдик. Тадбир режаси анча пухта тайёрланган – ҳам китобхонлар бундан манфаат олади, ҳам иштирокчи соҳа вакиллари. Китоб савдоси учун танланган жой ҳам жуда ўринли.

 

Ҳафталик доирасида бошқа нашриётлар билан ҳам яқиндан танишиш, тажриба алмашиш имконига эга бўлдик. Қолаверса, янги – фаолиятига энди бир йил тўлган нашриёт сифатида биздан ёши ва тажрибаси катта "устоз" нашриётлардан ўрганадиганларимиз кўплигини тушундик.

 

Шунинг билан бирга, китобхонлар ва ноширлар учун тадбирнинг тақдимот қисмлари боғнинг "Регистон" майдонида эмас, балки ёпиқ, овоз яхши эшитиладиган ва тингловчи тўлиқ диққат қиладиган бошқа жойда ўтказиш ҳам анча фойдали ва тартибли бўлар эди, деб ўйлайман. Тадбирнинг дастур асосида бориши ва аудиторияни фаол жалб этишда, шу билан бирга, каттароқ миқёсда интерактив ўйинлар, викториналарни ўтказишда ташкилотчилар томонидан бундан ҳам аълороқ ташаббуслар ўйлаб чиқилса, ўйлаймизки, барчага манзур бўлар эди.

 

 

 

Комила Носирова, таржимон:

 

– “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” ноширлар, таржимон ва ёзувчилар, шоирлар билан китобхонларнинг танишуви, мулоқоти учун ажойиб имконият деб ўйлайман. Бундай тадбирлар ноширлар ва ижодкорларнинг заҳматли меҳнатини китобхонларга тақдим этишига, янгиликларидан бохабар қилишига, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасида ўзига хос кўприк бўлишига замин яратади.

 

Ҳафталик доирасида ташкиллаштирилган китоб ярмаркалари китобхонлар учун республикамиздаги турли нашриётларда нашр этилган янги китобларни арзонлаштирилган нархларда сотиб олиш имконини беради.

 

Шахсан ўзим ҳафталик доирасида "Янги аср авлоди" нашриётида чоп этилган таржима китобим билан биринчи марта китоб тақдимотида қатнашдим. Айтишим жоизки, бундай тадбирлар ижодкорга меҳнати бесамар эмаслигига ишонч, янада кўпроқ ижод қилишга рағбат уйғотади.

 

 

Аббос Абдуқодиров, "Bookclub.uz" лойиҳаси асосчиси:

 

– "Bookclub.uz" китоб алмашиб ўқишга асосланган кутубхона бўлиб, биз ўзимизда бўлган асарларни китобхонларга бепул ўқиши учун бир ой муддатга берамиз. Кутубхонага келолмайдиганлар учун Рамазон ойида Тошкент шаҳри бўйлаб етказиб бериш хизматимиз бепул. Бошқа вилоятдаги китобхонларга эса “Фарго” почтаси орқали бепул китоб етказиб беряпмиз. Кутубхонамизда 400 дан ортиқ китоблар мавжуд бўлиб, шу вақтгача 500 дан зиёд китобхонларга минг мартадан ортиқ китоб берганмиз.  

  

Ҳозирда бўлиб ўтаётган II Республика Китобхонлик ҳафталигида "Bookclub.uz" кутубхонаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Биринчи кундаёқ 70 дан ортиқ китобларни ўқиш учун топширдик. Бепул кутубхонамизга қизиқувчи китобхонлар кўплиги ва ресурсларимиз чегараланганлиги сабабли ҳозирда кутубхонамизда китоб тақчиллиги бошланди. Уни бартараф этиш учун ҳомийлар кўмагида янги китоблар сотиб олиб, уларни ҳам бепул ўқиш учун бермоқдамиз.

 

 

Ўғилжон Тоҳирова, китобхон:

 

– Куни кеча пойтахтимизда жойлашган "Magic city" боғида ташкил қилинган китобхонлик фестивалида иштирок этдим. Китоблар, адабий учрашувлар, китоб тақдимотлари ўзгача руҳда ўтди. Авваллари китоб тақдимотида иштирок этмаганим учун бу имкониятдан жуда қувондим.

 

Хусусан, Рустам Жабборовнинг “Аёл қисматидан қиссалар” таржима китоби ҳақидаги фикрларини тинглаб мароқ олдим. Айниқса, таржимон ва ёзувчининг фарқи ҳақидаги мулоҳазалари ҳаммага бирдек манзур бўлди: “Ёзувчи мустақил асар яратаркан, худди шахсий автомобил ҳайдовчисига ўхшайди. Яъни у рулни қайси тарафга буриши, воқеликларни баён этиши ўз ихтиёрида. Таржимон эса поезд ҳайдовчисига ўхшайди. Олдиндан белгиланган йўлда юрганидек, ёзувчининг битикларини ўқувчига тўғри ва аниқ етказмоғи зарур”.

 

Ушбу тақдимотдан сўнг “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан сотувга чиқарилган севимли китобларимни чегирмали нархда харид қилдим. Бу ерда китобсевар тенгдошларим кўплигидан жуда хурсанд бўлдим.

 

 

“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида “Меҳр кутубхонаси” лойиҳаси ҳам амалга оширилди. Лойиҳа доирасида Янгиҳаёт тумани “Гулшанобод” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр тадбир ўтказилди.  Сайёр тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Ҳакимжон Шодмонов, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаева, Янгиҳаёт тумани бош отинойиси Сижоат Шарипова  иштирок этди.  Кутубхона мутахассислари томонидан маҳалладаги 11 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқарога китоб ва эсдалик совғалари улашилди.

 

Эслатиб ўтамиз, “Китобхонлик ҳафталиги” 23 апрелга қадар давом этади.

 



Нодира ИБРОҲИМОВА,

oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//