Ёлғонсиз асарлар намойиши – Азамат Ҳотамовнинг шахсий кўргазмасидан репортаж


Сақлаш
14:04 / 20.04.2022 992 0

Шу кунларда Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида эркинлик ва ижод нафаси ҳукмрон. Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида таниқли ҳайкалтарош ва график рассом Азамат Ҳотамовнинг шахсий кўргазмаси ҳам ўтказилмоқда.

 

 

Кўргазмада кўзимиз кўниккан силлиқ сипойи, баланддан-баланд ёки қайсидир машҳур шахс сиймоси акс этган ҳайкаллар эмас, балки асовлик, теранлик ва эркинлик уфуриб турган асарларни кўриш мумкин.

 

 

 

«Тўмарис», «Анҳор бўйида», «Қариялар», «Хаёл», «Оила», «Тўйга», «Майрамхон» ҳайкаллари томошабинни воқеликка бошқача қарашга ундайди. Мана шу асарлар марказий кўчаларимиз, хиёбонларимизга ўрнатилса, ўзбек шаҳарсозлигида янги бир йўналиш очилган бўларди, бизнингча.

 

 

 

 

Кўргазмада Азамат Ҳотамов чизган сувратлар ҳам намойиш этилмоқда. Картиналарнинг баъзиларида замонавийлик ва анъанавийлик қоришуви кишини ўзига тортса, айримларида эса график чизгиларнинг ўйноқилиги ҳайратга солади.

 

 

 

Сувратлар орасида «Онамга» асари яққол ажралиб турибди. Ноиложлик сабаб «Меҳрибонлик уйи»да қолдирилган болакайнинг онаси ҳақидаги тасаввурлари, орзулари, армонлари, сўровлари, оғриқлари ифода этилган.

 

 

– Азамат Ҳотамов ижодида аёл (она) ва тулпорлар образи бирламчи ўрин эгаллайди. Рассомнинг сувратларида онаси ҳақидаги хотиралар, асаблари титраб турган пластик чизиқлар (ечимлар) ва Шарқ миниатюрасидаги тескари перспектив композициялардан илҳомланиш белгилари яққол кўзга ташланади. Баъзи картиналари абстракт-экспрессионистлик кайфиятга, яъни Жексон Поллоcк каби бетартиб сочилган ранглар композицияларига ҳамоҳангдир. Бир сўз билан айтганда, Азамат Ҳотамов ижодий эркинлик, ижодкорга хос руҳий озодлик куйчиси, – дейди санъатшунос Самандар Эгамбердиев.

 

 

 

Чиндан ҳам, рассомнинг сувратларида чизгилар, ҳолатлар, ранглар шу қадар эркинки, бу эркинлик олдида соатлаб қолишингиз мумкин. Ижодкор ўзини чекламайди, ёлғон гапирмайди, қолипларни тан олмайди. Азамат Ҳотамовнинг ушбу кўргазмаси ва бутун ижоди ёлғонсиз асарлардан иборат...

 

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА

oyina.uz

 

Абдуманнон МУҲАММАД (фото)

 

 

 

Ҳайкалтарош ва график рассом Азамат Ҳотамов 1952 йили Сурхондарё вилояти Шеробод шаҳрида туғилган. Аввалига Тошкент педагогика билим юртининг физика-математика факультетини тамомлаб, мактабда дарс бериб юради. Санъатга кучли иштиёқи уни И.Е.Репин номидаги рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва меъморлик институтига етаклайди. Ленинградда педагог В.Б. Пинчук раҳбарлигида таҳсил олади.

 

1983 йили Тошкентга қайтиб, ижодга шўнғиб кетади. 1984 йили Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинади. Ўзбекистон Бадиий академиясининг кумуш (2002) ва олтин (2012) медаллари билан тақдирланган. “Azamat va Azamatlar” ёш ҳайкалтарошлар гуруҳи билан маҳорат дарслари олиб боради.

 

Азамат Ҳотамов XIX аср охири – XX бошидаги Европа ҳайкалтарошлиги анъаналарини ўзлаштириб, миллий руҳ сингдирган ҳолда эмоционал, ўзига хос пластик композициялар яратиб келмоқда. Қатор асарлари Ўзбекистон музейлари ва хориждаги шахсий коллекцияларда сақланади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси