Адабиёт
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча (10.02.2022) эълон қилинган “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ўзбек халқининг содиқ фарзанди, ўзбек адабиётининг ёрқин юлдузларидан бири, қатағон даврининг азоб-уқубатларини бошидан кечирган истеъдодли шоир ва жабрдийда инсон Усмон Носир номини ардоқлаш, унинг Россия қамоқхоналари архивида моғор босиб ётган, биз учун азиз асарларини топиб ўрганиш, нашр этиш ва хотирасини абадийлаштиришга бағишланган. Бундай қарорнинг чиқиши билан мен ижод ва илм аҳлини, қолаверса, бутун ўзбек халқини чин қалбимдан табриклайман.
Маданий мамлакатлардаги қамоқхоналарда, одатда, жиноят қилган кишиларгина ётади. Чўлпон ҳам, Фитрат ҳам, Усмон Носир ҳам совет давлатини портлатиб юборадиган бирорта қуролни ўйлаб топган эмас. Аммо совет давлати назарида ёзувчилар совет давлатининг ҳатто ғайримиллий ва ғайриинсоний сиёсатини ҳам қўллаб-қувватлайдиган асарлар ёзиши лозим эди. Жумладан, Усмон Носир ҳам. Аммо совет давлати бундай ишга рози бўлмаган, китобсевар халқ ўртасида катта ҳурмат ва шуҳрат қозонган ҳар бир ёзувчини шубҳа остига олди ва уларни турли йўллар билан йўқотишга астойдил бел боғлади.
1937 йил 31 август... Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг навбатдаги пленуми... Пленумда кўриладиган масалалар иккита. Биринчиси – “Троцкийчи-бухаринчи ва миллатчи халқ душманлари билан кураш ҳамда совет ёзувчиларининг вазифаси. Иккинчиси эса – ташкилий масалалар.
Пленум шу куни кечқурун бошланиб, эртасига – 1 сентябрь куни эрталаб давом этди. Кун тартибидаги биринчи масала бўйича Я. маъруза қилди. У 3 соат давом этган маърузасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида троцкийчи-бухаринчи ва миллатчи душманларга қарши кураш қандай кечаётганини шарҳлаб, ёзувчилар томонидан қилинган хатоларни бирма-бир кўрсатиб берди.
– Империалистик давлатларга сотилган, фашизмнинг малайига айланган... хоинларнинг фош этилгани, – деб бошлади нутқини Я. ва давом этиб деди: – фақат совет халқи эмас, балки бутун дунё меҳнаткашларини ҳам ғазаблантирди. Ўзбек ёзувчилари жамоатчилигининг ғайрати билан ҳозир фош бўлдики, Элбек, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Усмон Носир, Зиё Саид, Анқабой, Отажон Ҳошим каби ашаддий душманлар турли ниқоблар остида то сўнгги кунларгача адабий ҳаракатчилигимизга ва умуман социалистик қурилишга раҳна уришга тиришиб кўрганлар... Ашаддий миллатчи Усмон Носир рус пролетариати билан ўзбек халқининг иттифоқига қарши, коммунизмга қарши шеърлар ёзиб, ёшларни ва ўқувчиларни заҳарламоқчи бўлди...
Кейин нотиқ Ойбекка ўтиб, уни ҳам савалаб, сўнг деди:
– ...Ойбекнинг назария соҳасида ҳам зарарли фикрлари кўп. Масалан, бир мақоласида СССРдаги пролетар адабиёти эмас, балки Шарқдаги адабий мерос ўзбек совет адабиётига озиқ, манба бўлади, дейди. Ойбек Усмон Носирни оқлашга, мудофаа қилишга тиришди...
Ёзувчилар уюшмасининг шу пленуми ўтаётган кунларда Ойбек ва Абдулла Қодирийдан бошқа номи юқорида тилга олинган ёзувчи ва адабиётшуносларнинг барчаси Тошкент турмасида азоб-уқубат чекиб ётган эди...
Рауф Бойжонов хотирасидан
1938 йили бошимга катта ташвиш тушиб қамалдим. Олой бозорининг ёнида шаҳар турмаси бўлар эди. Март ойида мени ўша қамоқнинг кичкина бир хонасига олиб кириб ташлашди. Қоронғи, ифлос, оғир ҳаволи хона эди. Кейинчалик билсам, бу кичик хонада тўрт қават қилиб сўрилар ўрнатилган ва уларда 150 нафар аристон бор эди. Бу аристонлардан чиққан аччиқ ҳаво хонага кириш билан димоққа урилмай илож йўқ. Мен: “Қандай дўзахга тушиб қолдим”, деб ўйладим, албатта. Аммо орадан хийла вақт ўтгач, олисдан, қоронғиликдан: “Келинг, домла”, деган овоз эшитилди. Мен ерда ўтирган ва ётган одамлар орасидан қийнала-қийнала ўтиб, ўша овоз сари бордим. Усмон Носир экан. Усмон Носирнинг “иш”и якунланай деб қолган экан. У: “Мен бир иш қилиб қўйдим. Терговчи менга ҳадеб: “Сен бирор нарсани бўйнингга ол. Бўлмаса, шу ерда ётаверасан. Агар бўйнингга олсанг, ишингни тугатаман. Сен ё бутунлай озод бўласан, ё бироз ётиб чиқасан. Бошқа иложинг йўқ!”, деб қўймади. Шундан кейин мен терговчининг: “Маст бўлиб, трамвайда Сталинни сўкдим”, деган версиясига рози бўлдим ва имзо чекдим”, деди. Бу модда бўйича кесилишни англатар эди.
Биз 8 ой давомида бир камерада, ҳатто бир сўрида ётдик. Усмон менга ўз сўрисидан жой берди. У ухлаганда мен ўтирар, мен ухлаганимда у ўтириб турар эди. Ҳамма ёқ аристонлар билан тўла эди. Ҳатто зич бўлиб ётишнинг ҳам иложи йўқ, кимдир оёқлар ёнида қисилиб ўтириши керак бўларди...
Орадан 8 ой ўтгач, Усмон Носирни олиб кетишди...
* * *
Усмон Носир шу куни шод ва қувноқ ҳаёт кечириб юрган кунларини эслаб, қачон, қаерда, кимни хафа қилганини ўйлаб, тонг оттирди. Ўша йиғилишда бир эмас, бир неча устоз ва тенгдошларининг унга қарши нутқ сўзлаганлари сабабини англамоқчи бўлди. Ким хато қилмайди, ким бехосдан бошқани хафа қилмайди... Ахир, “туғилиш”, “ўлиш” дегандек “кечириш” деган сўз ҳам бор-ку, тилимизда! “Кечириш”... бу оддий сўз эмас, инсоннинг олижаноблигини кўрсатадиган сўз-ку!..
Хаёл уни руҳий азобнинг турли кўчаларига олиб кирди.
У бундан бир-икки ой аввал троцкийчи-бухаринчилар устидан бўлиб ўтган суд муносабати билан ёзган шеърида уларга ғазаб ва нафратнинг сўлақмондай-сўлақмондай тошларини отган эди. Энди шоирлар унинг ўзига, шоир Усмон Носирга ҳам нафрат туйғулари қайнаб-тошиб турган шеърлар ёзишади.
Наманганнинг ўзи туғилган Танҳогўр маҳалласидаги болалик дўстлари-чи? “Агар палакат босиб, уларга хат ёзмаганимда олам гулистон эди: мен уларни, улар мени эслашмаган бўлишарди. Энди улар ҳам менга лаънат тошларини отишади... Қўқон-чи?.. Тошкент-чи? У ерлардаги шоирлар ҳам тинч туришмаса керак...”
Иброҳим Назирий хотирасидан
Усмон Носир 1937 йили, мен 1938 йили қамоққа олинганмиз. Орадаги шу фарққа қарамай, Тошкент қамоқхонасида ёнма-ён хоналарда турганмиз. У 6-камера, мен 7-камерада... Усмон Носир қамоқхонада бошқа маҳбусларга қараганда кўпроқ азоб чекди. Билишимча, у қийноқ пайтларида уни азоблаётган одамларни ҳам, Сталинни ҳам болахонадор қилиб сўкаверган. Бунга ўчакишган орган ходимлари унга ҳаддан ташқари азоб беришган. У шу ернинг ўзидаёқ руҳан ва жисмонан ногирон бўлиб қолди. Бутун ичак-чавоқлари ишдан чиқди. Унинг қай тарзда Колимага етиб борганига ақлим бовар қилмайди...
* * *
Усмон Носир қамоққа тушган дастлабки кунларда ўзига нисбатан кўрсатилган зулм ва ноҳақликни қоралаб, Сталинга ариза ёзмоқчи бўлди. Унинг аризаси қамоқхонадан бир қадам ҳам нарига чиқмаслигини айтганларидан кейинми, Сталин тўғрисида шеърий роман ёза бошлади. Лекин бу достоннинг ёзилишига ҳам имкон беришмади. Турма архивида қолган аризада бундай сўзлар ёзилган эди:
“Буюк Сталин! Сенга ариза ёзишимга йўл қўйишмаяпти. Мен айбдор эмасман. Улар мени узил-кесил йўқ қилмоқчи бўлишди. Қадрдон доҳий, кечир мени. Улар мени сени сўкишга мажбур этишди. Минг марта кечирим сўрайман. Алвидо! Алвидо, Ватан! Алвидо, қадрдонларим!..
Усмон Носиров. 21/ХI 38 й.”
Усмон Носир шу куни турма коменданти Шишкинни ҳам бўралаб сўккани учун унга ҳам кечиришини сўраб ариза ёзди...
...У ҳаётининг сўнгги йилларида томошабинлар талаби билан “Юрак” шеърини баланд ва ёқимли овози билан ўқиганида зал қандиллари тантанавор куйни чалиб юборгандек бўларди. Ўша куни ҳам шундай бўлди. У севган шеърини завқ-шавқ билан ёд ўқиди:
Юрак, сенсан менинг созим,
Тилимни найга жўр этдинг.
Кўзимга ойни беркитдинг,
Юрак, сенсан ишқибозим.
Сенга тор келди бу кўкрак,
Севинчинг тошди қирғоқдан.
Тилим чарчар, ажаб, гоҳи
Сени таржима қилмоқдан...
...Итоат эт! Агар сендан
Ватан рози эмас бўлса,
Ёрил, чақмоққа айлан сен,
Ёрил! Майли тамом ўлсам!..
Усмон Носирнинг шогирдларидан бири – Шукрулло бу шеърнинг сўнгги сатрларини Усмон Носирнинг қасами деб айтган.
Шукрулло хотирасидан
Бу сатрлар буюк шоир Усмон Носирнинг қўлга қалам олиб, олдига қоғоз қўйиб, шеърга қўл уриши олдидан юрак-юрагидан ичган қасами эди.
Қачон ва қаерда бўлмасин, ҳатто шу кунларда ҳам шеърият ҳақида гап очилгудек бўлса, албатта, ёдимга Ғафур Ғулом ва Усмон Носир шеърлари қуйилиб келаверади. Жуда бўлмаганда, бир-иккитасини ёддан ўқийман. Бу шеърлар кўнгилга яқинлиги билан суҳбатингга ҳамдард бўлиб киришиб кетади.
1936–1938 йиллари Тошкент педагогика билим юртида ўқиб юрган вақтимда Усмон Носирнинг янги чиққан “Меҳрим” деган шеърлар тўплами талабалар орасида қўлдан-қўлга ўтиб, ўқимаган ўқувчи қолмаган эди. Усмон Носир китобхонлар орасида шу қадар машҳур бўлиб кетган эди. Унинг шеърлари ўша вақтда бошқаларникига ўхшамаган, гўё қора булутлар орасидан чақмоқ чаққандек шеъриятда пайдо бўлган янгилик эди.
Усмон Носир шеърларидаги янгича фикрлаш мудроқ қалбларни ларзага келтириб, уйғотган эди. Сеҳри билан ёш қалбларга нур бўлиб кирганди. Унинг шеърларида тенгдош шоирлар айтмаган ёки айтолмаган, кишини қувонтирадиган дард бор эди...
* * *
Усмон Носир тўғрисида сўз борганда, нафақат Шукрулло, балки унинг бошқа тенгдошлари ҳам булбулигўё бўлиб кетишади. Бунинг сабаби шундаки, Усмон Носирнинг шоир бўлиб етилган пайтида ёзган қарийб ҳар бир шеъридан катта шоирнинг нафаси уфуриб турарди. Табиат Усмон Носирни ноёб истеъдод билан сийлаган эди. У бу ҳақиқатни яхши биларди. Ҳаёти миллари 25 рақамини кўрсатган пайтда 2 та достон, ўзбек адабиёти хазинасини бойитган 20 дан зиёд шеърлар ёзган, яна Пушкин ва Лермонтов достонларини ўзбек тилига қойилмақом қилиб таржима этган эди. У шу шеърлари ва таржималари билан ёш авлоднинг муҳаббатини қозонган том маънодаги катта Шоир эди.
Айблов хулосаси
Усмон Носир тақдирини белгилаган “Айблов хулосаси” 1937 йил 30 декабрда тузилиб, шу куни Ўзбекистон НКВД бошлиғи Апресян томонидан тасдиқланган. Аммо шунга қарамай, орадан қарийб бир йил ўтганидан кейин 1938 йил 3 октябрда Москвадан СССР прокуратураси вакили Шульц-Анн “Айблов хулосаси”ни имзоси билан тасдиқланганидан кейингина Усмон Носир “иш”и НКВД “учлиги” ихтиёрига узатилди.
Бу “Айблов хулосаси”да Усмон Носир қуйидаги масалалар бўйича айбдор деб топилган эди:
1. У гўё 1935 йилдан бошлаб яширин аксилинқилобий троцкийчи-миллатчилик ташкилотининг аъзоси бўлган ва шу ташкилот топшириғи билан ўз асарларида аксилинқилобий, миллатчилик руҳидаги тарғиботни олиб борган.
2. У русларни ўзбек тупроғидан ҳайдаб чиқариш борасидаги фикр ва мулоҳазаларини билдирган ҳамда Ўзбекистоннинг Совет Иттифоқидан ажралиб чиқишига катта умид билан қараган.
3. У ёш ёзувчи ва артистлар онгига аксилинқилобий миллатчилик руҳини сингдиришга уринган.
4. А.С.Пушкиннинг улуғ рус ёзувчиси сифатидаги аҳамиятини пасайтириш ниятида унинг асарлари таржимасини қасддан бузган.
Бу айблар бирор далилга асосланмаган, аммо ҳибсга олинган айрим ёзувчиларнинг қийноқ остида берган кўрсатмалари асосида шакллантирилган эди. Бу айбларнинг қора туҳматдан иборатлиги яққол кўриниб турган бўлса ҳам, улар маҳбус ёзувчилардан қийноқ остида олингани учун совет давлатининг 1937-1938 йиллардаги прокурорлари, НКВД қошидаги “учлик” аъзолари шу айблар асосида минглаб айбсиз кишиларни жаҳаннамга юборишга ҳам тайёр эдилар. Вазият шундай тус олгани сабабли бегуноҳ маҳбусларга қўйилган айбларни рад этиш фойдасиз эди.
НКВД “учлиги” Усмон Носирга 10 йиллик қамоқ жазосини беришни лозим топди ва ўзбек ёшларининг севимли шоири Усмон Носир 1939 йил 14 январда жазо муддатини ўташ учун Златоуст шаҳридаги қамоқхонага юборилди.
Сергей Розенфельд хотирасидан
Колимага борадиган сув йўли ҳали очилмаган эди. Шунинг учун бизни дастлаб Челябинск вилоятидаги Златоуст шаҳри турмасига олиб бориб ташлашган. Мен Усмон Носир билан бирга маҳбусхонанинг 3-корпусидаги 8-камерада ётганман. Усмон Носир 2-койкада, мен 4-койкада ётдик. (Орадан бир неча йил ўтиб, Усмон Носир изидан Кемерово шаҳрига бориб, у ердаги маҳбус шоирга оид ҳужжатлар билан танишганимизда Усмон Носир билан Розенфельднинг 1-корпусдаги 10-камерада ётгани, Усмон Носирга дастлаб 1-койкани беришгани, маълум вақтдан кейин эса уни 3-койкага ўтказишгани маълум бўлган.)
Тошкент маҳбусхонасидаги қийноқ ва ҳақоратлар оқибатида Усмон Носир эс-ҳушини йўқотган эди. У уззукун койка устида ўтириб, бошқа маҳбуслар билан сўзлашмас, назоратчиларнинг башарасини кўриши биланоқ: “Йўқол, фашист!” деб қичқирар эди. Шундай пайтларда Усмоннинг назарига тушиб қолгудек бўлсак, бизни ҳам “фашистлар”, деб сўкарди.
Маҳбусхонада ҳар ким ўз пулига конфет-понфет дегандек нарсаларни сотиб олар эди. Усмон Носир конфет сотиб олиб, улар ўралган гулдор қоғозлардан шахмат доналарини ясаб, қоронғи тушгунга қадар ўзи билан ўзи шахмат ўйнар ёки маҳбусхонадан сўраб олган қоғозларга шеърлар ёзарди...
* * *
1939 йилнинг ёз ойлари яқинлашганда, маҳбусларни тиббий кўрикдан ўтказа бошладилар. Бошқа маҳбуслар қатори Усмон Носир ҳам тиббий кўрикдан ўтиб, оғир жисмоний ишларга лаёқатли деб топилди. Май ойининг сўнгги кунларида маҳбуслар тушган поезд Владивосток сари йўл олди.
Туроб Тўла хотирасидан
Усмон Носир, назаримда, ухламас, уйқунинг ўрнига ҳам шеър ёзарди. Тонг саҳарлаб бизнинг ётоқхонамизга кириб келар, қандайдир бир қофия ёки сўз излаб келганини, туни билан маза қилиб шеър ёзганини завқ-шавқ билан ҳикоя қиларди. “Туни билан бизнинг уйда базм бўлди”, дерди кулиб. Ёддан ўқиб кетарди шу туни ёзган шеърини...
...Бир куни мен уни Ҳамза театрида “Ҳамлет”да кўрдим. Саҳна санъатининг қироли Аброр Ҳидоятовнинг Ҳамлети исканжасида ўтирарди. Эрталаб “Монолог” шеъри пайдо бўлди. Китобдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ уйи бўларди. Якшанба куни эди. Эрта билан шогирдлари йиғилдик. Нонуштага ана шу шеърни ўқиб берди. Ўқимади, йиғлади, ҳиссий тўлқинлар исканжасида худди Ҳамлет сингари инграб ўқиди шеърни. Унинг нутқига тараф йўқ эди. У шеър ўқиганда атрофни мусиқа босиб кетарди, назаримда...
У шеърни ўқиб бўлиб, ерга тушган варағини худди нондай олиб, столга қўйди авайлаб, сўнг енгил табассум билан “Ўхшамаган жойи учун узр”, деди.
“Кошкийди, ўхшамаган жойига ўхшаса, бизнинг шеърларимиз”, дердик ичимизда...
* * *
Усмон Носир ва бошқа маҳбуслардан таркиб топган қуллар карвони 1939 йил 2 июлда Владивостокка, 22 июлда эса “меҳнат-тузатув лагери” деб аталган дўзахга етиб боради.
Шу кундан бошлаб Усмон Носир билан лагерь назоратчилари ўртасида зиддият бошланиб, улар лагернинг қонун ва қоидаларига итоат қилмайдиган маҳбусга нисбатан турли-туман жазо чораларини қўллай бошлайдилар. Усмон Носир ҳаётининг азоб ва уқубатдан иборат қора даври бошланади.
У ноҳақ қамалгани, лагерда эса инсон зоти кўрмаган зулм ва хўрликларни бошидан кечираётганини айтиб, Берияга, Сталинга аризалар ёза бошлайди. Ниҳоят, унинг шундай аризаларидан бири Москвага етиб боради.
Сталинга ёзилган ариза
ВКП(б) МК секретари
Иосиф Виссарионович Сталинга
шоир Носиров Усмондан
Ариза
Мен халқ душманларининг туҳматига учрадим.
1937 йил (14 июль)да ЎзССР НКВД душманларнинг туҳмати билан ҳибсга олиб, мени Сизни ҳақорат қилишда ва бадбин кайфиятдаги шеърларни ёзишда айблади. Терговчи алдов усулларини қўллаб, менинг тажрибасизлигимдан фойдаланиб, ёлғондан иборат айбномани тасдиқлатиб олишга муваффақ бўлди.
1938 йил 5 октябрда Ҳарбий коллегиянинг кўчма “учлиги” олдида мен юқорида қайд этилган ёлғондан иборат айбномани батамом рад этдим. Аммо Коллегия Ёзувчилар уюшмаси собиқ раҳбарларининг суд бошланиши олдида менга кўрсатилган туҳматдан иборат кўрсатмасига асосланиб, рад этишимга қарамай, ҳеч қандай фактик материал бўлмаса ҳам, ЎзССР ЖКнинг 67-, 64- 14-моддаларига кўра, мени 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди ва 5 йилга сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этди.
Бу қарор, бу ҳукм адолатсиздир.
Мен 1912 йилда туғилганман, болалар уйида, ВЛКСМ сафларида тарбияланганман.
Мен ўзимнинг олтита шеърий тўпламимни, тўртта шеърий асарларимни нашр этганман. Пушкин, Лермонтов ижодидан қилган таржималарим, ўз асарларим сингари, бадиий таржима асарлари орасида энг яхшилари ҳисобланади.
Маҳбусликда кечирганим уч йил ичида ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, мен битта шеърий роман, учта пьеса, қатор шеърлар тайёрладим.
Мен ижодий кучларга тўла навқирон йигитман.
Мен ҳаётга қайтишим, Улуғ Ватанимнинг тўлақонли фуқароси бўлишим керак!
Мен сиздан ёрдам сўрайман.
Имзо.
1940 й. 20 август.
Муддатни ўташ жойимнинг адреси:
Хабаровск ўлкаси, Магадан ш. 261/ 5-почта қутиси. 2-саноат корхонаси”.
Тожихон Шодиева хотирасидан
Уруш йилларида мен бир қамоқ лагерида бўлганимда маҳбус Саъдулла Турсунхўжаев қўшни лагерда эди. У бир куни менга Усмон Носирнинг оғир аҳволда эканини, ундан хабар олиш зарурлигини айтди. Турсунхўжаев лагерда сувчи бўлиб ишлагани учун қўшни лагерлардан келган кишилар билан учрашиб турар, бошқа лагерларда рўй бераётган воқеалардан бизни хабардор қилиб турарди. Бир куни лагердаги ўзбекистонлик маҳбуслар менга бир неча бурда нон, уч-тўрт дона қанд тўплаб беришди. Буларни рўмолимга тугиб олиб, қўшни лагерга бордим. Мен аёл киши бўлганим учун лагерь ташқарисига чиқишимга рухсат беришарди.
Усмон Носирни кичкина бир хонага қамаб қўйишган экан. У хаёл суриб, ўз-ўзича сўзлаб ўтирар, кўзлари жовдираб турарди. Булар унда руҳий касаллик бошланганидан дарак берарди. Мен унга: “Усмонжон, ука, дадил бўлинг, сиз ҳали ёшсиз, ўзингизни йўқотманг, яхши кунлар ҳам келар. Ватанга қайтиб борармиз”, деб тасалли беришга уриндим. У мен олиб борган нонни, қандни ер, сўзларимга эса асло парво қилмас эди. Мен навқирон ажойиб талант соҳиби шу аҳволга тушиб қолганини кўриб, эзилиб кетдим ва кечқурун лагерга қайтиб келдим...
Усмон Носирни оқлаш истаги
Усмон Носирнинг Сталин номига ёзган аризаси 1940 йил 28 декабрда Москвадаги тегишли идорага бориб тушди. Бундан олдин 1939 йил 22 ноябрда эса шоирнинг онаси Холамбиби Масодиқованинг 1939 йил 7 ноябрда СССР бош прокурори номига ёзган аризаси СССР прокуратурасига етиб борган эди. Москва Усмон Носир ишини қайта кўриш масаласини Ўрта Осиё Ҳарбий округи прокуратурасига топширди. Шу прокуратуранинг топшириғига биноан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон, Ойбек, Яшин, Шайхзода, Уйғун ва Абдулла Қаҳҳордан иборат гуруҳи Усмон Носир шеърлари ва таржималарини ўрганиб, улар айрим нуқсонлардан холи эмас, аммо бу ҳол Усмон Носирни Пушкин ва Лермонтов асарларини қасддан бузиб таржима қилган, дейишга асос бермайди, деган хулосага келдилар ва ҳарбий округга шу мазмундаги жавоб хатини йўлладилар. Ҳарбий округ прокуратураси бу хат билан қаноатланмай, Усмон Носирни таниган-билган кишилардан бир нечасини бирма-бир терговга чақириб, уларнинг Усмон Носирга ва унинг қамалганига бўлган муносабатларини синчковлик билан ўрганди. Яна шу ташкилотнинг ташаббуси билан Усмон Носирнинг гўё пессимистик шеърлари босилган “Меҳрим” тўплами ҳамда гўё Пушкин ва Лермонтовнинг бузиб таржима қилинган достонларини ўрганиш учун махсус комиссия тузилди. Бу комиссияга “Қизил Ўзбекистон” газетасининг ўша вақтдаги муҳаррири С.Ражабов, рус тилшунос олими А.К.Боровков ва Тошкент педагогика институти кафедраси мудири, шоир Мақсуд Шайхзода киритилди. Комиссия масалани жиддий ўрганиб, 1944 йил август ойининг сўнгги кунларида Усмон Носирга қўйилган айблар уни озодликдан маҳрум этишга асос бермайди, деган тўғри ва одилона хулосага келди. Аммо бу хулоса билан тегишли ташкилотлар танишиб чиққанлари ва маъқуллаганларидан кейингина Москвага юбориш мумкин эди. Хуллас, катта қийинчилик билан тайёрланган “Хулоса” 1944 йил 30 ноябргача кимларнингдир столи тортмасида сарғайиб ётди. Ва, ниҳоят, Ўрта Осиё Ҳарбий округи ҳарбий прокурори ёрдамчиси, юстиция майори Захаров 1944 йил 15 декабрда унга “муборак” имзосини чекди.
Узоқ Шарқдан 1941 йил 10 октябрда Кемерово вилоятининг Суслово қишлоғидаги лагерга оғир хаста ҳолда келган ва қарийб сўнгги кунларига қадар лагерь лазаретини тарк этмаган Усмон Носир 1944 йил 9 мартда бу бевафо дунё билан бир умрга видолашиб кетган эди.
Наим КАРИМОВ,
академик
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси,
2022 йил 18 февраль.
“Мунаввар ижод ва фожиали тақдир” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
2 Изоҳлар
Гулхае
12:01 / 01.01.1970
Усмон Носир шубхасиз Аллох берган юксак кобилият сохиби, ешлиги, тажрибасизлигидан фойдаланиб нохак айблашган, бундай талантлар бир бир чикиб колади, хозир чикмаяпти масалан, Усмон Носирнинг хаети ва ижодини ешларимиз янада купрок урганиши, унинг номига Наманган шахридан тил адабиет институти очиш, у тахсил олган Самарканд шахридан унинг номига зиелилар истирохат боги яратиш ва бошка куплю ишларни амалга ошириш лозим деб хисоблайман.
Anvarjon Shermuratov
12:01 / 01.01.1970
Dilim qorongu va qalbim go'yoki qonga to‘ldi! Shundayin zabardast shoir, avvalo Xazrati inson ne ne azoblar, xo‘rliklar komida-domida azoblangan ekanlar...! Ha, oxiratlari obod bo'lsin, Ozi rahmatiga olsin Usmon Nosir adibimizni! Men shifokorman, insonning ruhiyati va jismi qanchalik azoblanishini xis qila olaman....