Ўзбекнинг бардошлилигига жипслашув, илм, журъат қўшилганида эди, бизга етадигани бўлмасди – фазилат ва қусурларимиз хусусида мулоҳазалар


Сақлаш
17:26 / 19.04.2022 1345 0

Ўзбек халқи азалдан саховат, ҳиммат, олижаноблик, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатлари билан ажралиб турган. Аммо бугун айрим юртдошларимизда бизга ёт иллатлар бош кўтаргандек... Галдаги давра суҳбатимиз иштирокчиларидан миллий фазилат ва нуқсонларимиз  ҳақида сўрадик.

 

 

Озод МЎМИН ХЎЖА,

ёзувчи:

 

– Ўзбек халқи тўғрисида фикр юритсак, юксак ижобий фазилатлари кўплигига амин бўламиз. Масалан, катталарни ҳурмат қилиш, кўришганда дарҳол салом бериш, андишалилик, бағрикенглик ва ҳалоллик. Шунингдек, нотанишларга ҳам ёрдам беришга интилиш. Лекин гуручнинг ичидаги курмак каби вакилларимиз ҳам мавжуд. Улар ота-она ва устозларидан яхши тарбия олмаганлар, билимлари давримиз учун етарли эмас, суҳбатлашиш маданиятидан бехабар ва мантиқий фикрлаш уларга бегона.

 

Айниқса, интернет оламида қандайдир “доно”нинг сўзларини илиб олиб, ўшанинг гапини тўтиқушдек такрорлашни ва асосли монелик билдирилса, нима дейишга тили айланмай, ҳақоратга ўтувчи нусхалар ҳам анча топилади. Буларнинг барчаси мулоҳаза қилиш қобилиятидан мосуволик ва етарли савод чиқармаганлик туфайлидир.

 

Кўпроқ аёлларимизга тегишли яна бир жиҳатни айтиб ўтишим керак. Гоҳо ҳайрон қоламан: нега улар имконият етарли бўлмаса-да, катта-катта қарзлар олиб, ўз қўшниларидан ўтказиб тўй қилишни севишади, кейинроқ деярли керак бўлмайдиган дабдабаларга муккаларидан кетишади? Бу ҳолатлар ёшларга бахт берадими?  

 

 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

журналист:

 

– Халқимизнинг жуда кўп яхши хислатлари бор. Қўли очиқлик, бағрикенглик, раҳмдиллик. Ўзбек қишлоқда яшайдими ёки шаҳардами – фарқи йўқ: бир-бирининг ҳолидан хабардор. Кўринмай қолса, йўқлаб боради, тўй қилса, астойдил хизматга шайланади. Мусибат кунларда ҳам қўшниси учун уч кунлаб бел боғлаб туради, дардига шерик бўлади. Етти ёт бегона ҳам тобут елкалаб кетаётганларни кўриб қолса, жамоатга қўшилиб “тўрт оёқлик чўбин от”ни кўтаради.

 

Соддалигини айтмайсизми, нима десангиз ишонаверади. Мана шу ишонувчанлик, айниқса, бизга кўп панд беради.  Ўзи зўрға кун кўраётган бўлса ҳам, ҳаммадан зўр тўй бераман деб ният қилади, оқибатда қарздан боши чиқмайди.

 

Аччиқ бўлсада айтай: халқимиз орасида ўғлига: “Ўқиб, гўр бўлармидинг”, қизига: “Ўқиб, шаҳар олиб берармидинг”, деб уларнинг қизиқишини йўққа чиқарадиган, боласини бозорларда арава судрашга, кўкат сотишга маҳкум этган ота-оналарнинг ҳам борлиги энг катта ташвишимиз.

 

Бирлашмаслик, ғийбат, кўролмаслик, ҳасад каби иллатлар ҳам бизга кўп ёпишган. Агар шу меҳнаткашлиги, бардошлилигига жипслашув, илм, салоҳият ва журъат каби жиҳатлар қўшилганда эди, бизнинг миллатимизга етадигани бўлмас эди.

 

 

Гўзал РЎЗИЕВА,

шоира:

 

– Бирор савол атрофида ўйга толаркансан, аввало тарихга юзланиш тўғрироқ бўлади. Негаки, ўтмиш билан юзлашиш, уни бугун билан солиштириш асносида замонга ҳаққонийроқ баҳо беради одам. Ва мана шу нуқтада ажабланарли, балки оғриқли ўй кечади қалбингдан: бундан атиги олтмиш-етмиш йил аввал ҳам ўзбек деса кўз олдингда кўпроқ бир сўзли, мард, ҳамиятли, ҳимматли ва бағрикенг, оғир дамда суянса бўладиган, эсланса кўнглинг тўқ бўладиган бутун инсон гавдаланарди.

 

Бугун-чи, бугун ўзбек деганда байрам ё ҳайит кунлари нархларни камида бир баробар қимматлаштирадиган дўконлар, йўл кирани “Бензин йўқ, довонда қор ёғяпти” каби баҳоналар билан от билан туянинг нархига тенглаштириб қўядиган ҳайдовчилар, электр энергиясида арзимаган узилиш бўлиб чироқ ўчса, бир-неча соатда ёниб тугайдиган шамни ҳафталик электр нархида пуллайдиган учарлар кўз олдингга келадиган бўлиб қолган. Кеча интернет тармоғида кўрганим видеотасвир эса бу каби тасаввурни янада хиралаштириб юборади.

 

Хуллас, тўрт-беш “азамат” ёши тахминан 17-18 ёшли қизга икки қоп ун орқалатиб видеога олишибди. Қиз эса, чиндан ҳам, иккита эллик килолик (!) қопни елкасида кўтариб омборга ташияпти. “Полвон қиз-да бу”, дея ҳайбаракалла қилиб видеога олганлар эса хандон отиб турганини кўриб, қоним миямга югургандек бўлди. Бизга нима бўляпти, ўзи? Кўксимни чангаллаб ўша тасвир остидаги изоҳларни ўқидим, йигитларни қоралаганлар кўп бўлса-да, “Гендер тенглик шу-да”, дея балки ростакамига, балки кесатиқ билан ёзилган фикрларни ҳам ўқидим, наҳотки гендер тенгликни шундай тушуняпмизми? Аччиқ бўлса-да, бу ҳақиқатга айланяпти. Ўзбек деса, кўкрагингни тўлдирадиган бутун туйғулар кемтиклашгандек, уни аёвсиз нимадир тинимсиз кемириб бораётгандек. Агар бу миллатнинг эртаси бизга керак бўлса, ўша кемтикликни тўлдиришимиз керак. Акс ҳолда, кеч бўлиши мумкин.

 

Маъмура ЗОҲИДОВА,

адиба:

 

– Ўзи мансуб халқдан ғурурланмаган киши бўлмаса керак. Ҳар бир ўзбек қонига сингиб кетган яхшилик, андиша, саховат, меҳрибонлик каби фазилатлар миллий ўзликни сақлаб келяпти. Тоза эътиқод ва мустаҳкам оилавий муносабатлар ўрнатилган муҳитда камол топган фарзандлар орасида қомусий билимга эга бўлиб, турли соҳада катта кашфиётлар қилган олимларнинг салмоқли қисми бизнинг миллат вакилларига тўғри келади.

 

Ўзбек одамийликдан дунёга дарс бериши мумкин. Андишалилик энг яхши фазилатимиз. Ҳаётда кўрдимки, ёши катта ёки юқори лавозимли кишиларнинг ҳам камчилигини холис тушунтириб айтсангиз, тўғри қабул қилади.

 

Ўзбек ўзида бор нарсанинг қадрига кўпда етавермайди. Ундан кўра ўзгаларга маҳлиёлик кучли. Шу даражада ҳайратга тушамизки, ўзимиздаги одатлар, тутумлар, ҳатто сўзлар бизга кулгили туюлади. Биз бошқаларнинг одатлари, хатти-ҳаракатларидан жуда тез улги оламиз.

 

Ўзбек қандай шароитда бўлмасин, боласининг ўқиб илмли бўлишини истайди. Бу истак қадим боболар қонидан ўтиб келган. Лекин фарзанднинг билим олишига рағбат кўпроқ келажакда бой-бойвачча бўлишини мақсад қилган ҳолда берилади. Натижада, афсус билан айтиш мумкинки, кейинги йилларда кўп сонли ўзбеклар том маънода эҳтиёж кишисига айланди. Лоқайдлик авж олди. Илоҳим, чинакам бойликнинг саломатлик ва илм зиёсида эканини англайдиган, дунё моддиятига ружу қўймайдиган инсонлар орамизда кўпайсин.

 

 

Шавкат ҲАМДАМОВ,

Тўра бува жоме масжиди имом-хатиби:

 

– Айни фазилатларимизни ошириб, иллатларимизни камайтирадиган муқаддас ойдамиз. Рамазон келса, жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилиб, шайтон ва жинлар кишанланади. Бу ойнинг энг катта фазилати – меҳру шафқат, саховат ва эҳсон улашишдир. Кимки бу ойда ўзини муҳофаза этиб, иймон-эътиқод билан ибодат қилса, Аллоҳ унинг барча ўтган гуноҳларини маҳфират айлар экан. Баъзида кўрамизки, Рамазон ойида ҳам ичадиган ичаверади, урадиган ураверади, чекадиган чекаверади. Лекин агар ўзимиз маънавий тарафдан собит турадиган бўлсак, бундай иллатлар бизга яқин йўламайди.

 

Имкон қадар яхшилик қилишга улгуриб қолмоқ керак. Доно халқимиз айтганидек, сувга ташланг балиқ билсин, балиқ билмаса Холиқ билсин. Агар кимгадир яхшилик қилган бўлсангиз, бир умр шу одам ортингиздан раҳмат деб юришини кутманг. Буни Яратган билсин ва мукофотини зиёдаси билан берсин.  

 

 

Сиз ҳам баҳсимизга қўшилинг. Миллий фазилатларимиз ва иллатларимиз ҳақидаги фикрларингизни қуйида қолдиришингиз мумкин.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//