Товуқ
Аввалги мақолаларимиздан бирида курка (ғул-ғул товуқ) сўзи тилимизга оврўпа тилларидан ўзлашган, деган фикр билдирган эдик. Аммо товуғимиз аксинча, жаҳонгашта бўлиб кетган.
Дейлик, ғарб давлатларидан бирига сафар қилдингиз, ҳалол емак истасангиз, албатта товуққа ҳам дуч келасиз. Товуқ мусофирликда дуч келган илк туркий сўз бўлиб сизни қарши олади. Эълон ёки емакхона пештоқидаги “taouk”, “shish taouk” каби ёзувларни учратганда эса худди эски қадрдонингизни кўргандай суюнасиз. Чет элларда “ўзбек” ёки “Ўзбекистон” десангиз, одамлар “билмайман”, деб елка қисишлари мумкин, аммо “товуқ”ни билишади (ҳар ҳолда, мен хорижда “taouk” ёки “shish taouk”ни билмайдиган одамни ҳали кўрмадим).
Анча йиллар илгари Монреал метросининг бир бекатидан чиқишда “Taouk du Québec”, яъни “Квебек товуғи” деган ёзувга кўзим тушган. Бу менинг “taouk” билан хориждаги илк “учрашувим” эди, француз тилида “товуқ гўшти” – “poulet”, аммо емакхона пештоқига “Taouk du Québec” деб ёзилганлиги менга ғаройиб туюлган, кейинчалик “taouk”, “shish taouk” каби емакхоналар аслида кўп эканлигини билганман. Мен билган бундай емакхоналарнинг эгалари асосан ливанлик араблар, шу боис “taouk” ёки “shish taouk”ни баъзилар араб миллий таоми деб ҳам ўйлайди. Аммо шу емакхоналар эгалари бўлмиш ливанликлардан “taouk” – нима ўзи?” деб сўрасангиз, унинг туркий сўз эканлигини билишмайди, улар “товуқ”ни, худди биз “чучвара”, “лағмон” деганимиздек, шунчаки таом номи деб ўйлашади.
Хўш, шиш товуқ қандай қилиб ливанликларга ўтиб қолди? Маълумки, бошқа шом ўлкалари қатори Ливан ҳам тарихда дастлаб Мисрнинг турк ҳукмдорлари – мамлуклар қўли остида, кейинчалик, қарийб тўрт аср мобайнида Усмонли давлати таркибида бўлган. Шу боис Усмонли давлати ҳудудида шаклланган емак тайёрлаш анъаналари ливанликлар ошхонасига ҳам ўтган.
Шиш товуқ
Шиш товуқ – бу товуқ гўшти бурда-бурда кесилиб, ёғочдан ясалган махсус чўп, яъни шишга тортилиб оловда пишириладиган кабоб, ўзбек тилида “товуқ шашлиги” дейилса, яхшироқ тушунилади. Ҳозирда “shish taouk”, “shish kebab” нималигини кўпгина дунё халқлари, айниқса, оврўпаликлар яхши билишади.
“Шиш” – аслида қадим туркий сўз бўлиб, ҳозир ҳам турк, озарбайжон, қиримтатар қардошларимиз уни мулоқотларида қўллайдилар ва улар орқали бу сўз дунёга ёйилган. Афсуски, ўзбек тилида “шиш” унутилиб, унинг ўрнини форсча “сих” эгаллаган. Бу сўз “Девону луғотит-турк”да ҳам бор, Кошғарий бобомиз унга: “шїш – тутмоч тайёрлаш учун қўлланадиган махсус чўп”, деб изоҳ берган (ДЛТ. Индекс. 338-бет; II т. –Т. 1967. 326-бет).
XIV асрда Хоразмда яшаган адиб Сайфи Саройининг “Гулистони бит-туркий” асарида ҳам “шиш” сўзи “сих” маъносида ишлатилган: “нукарлари тутуб санчар йигирми қазни бир шишка”, маъноси “навкатлари йигирма ғозни тутуб бир шишга санчади” (Э.Фазылов. “Староузбекский язык Хорезмийские памятники XIV века”. II т. –Т. 1971. 538). Қадимги туркийда “шиш” сўзи, шунингдек, “хивич”, “новда” маъноларини ҳам билдирган.
Шашлик
Ҳозирги ўзбек тилида “шиш” иштирокида ясалган “шашлик” сўзи ишлатилади. Ўтган асрларда Қирим татарлари, шунингдек, Дашти Қипчоқ, Ҳожи Тархон (Астрахан) ва Кавказда яшаган турк қавмлари шишга тортиб оловда пишириладиган этни – “шишлық” деб аташган. Россия Империяси бу ҳудудларни босиб олгач, туркий халқларнинг бу таоми – “шашлык” номи билан русларга ҳам ўтади, совет даврида эса шашлик собиқ иттифоқ миқёсида севимли таомлардан бири эди. Шуни ҳам айтиш керакки, совет давридан олдин мамлакатимиз ҳудудида форс-тожик тили таъсирида кўпроқ “сих”, “сих кабоб” дейиш удум бўлган. “Шишлик” рус тили орқали тилимизга “шашлик” бўлиб қайтди, дейиш мумкин.
Йоғурт
Кўпчилик туркий қавмлар ўтмишда кўчманчи бўлганлиги учун уларнинг турмушида чорва, эт-сут маҳсулотлари муҳим ўрин тутган. Шундай маҳсулотлардан бири – йоғурт – бугун нафақат туркий, балки дунёдаги барча тил ва луғатлардан байналмилал сўз сифатида ўрин олган.
“Йоғурт” сўзи “Девону луғотит-турк”да ҳам бор. Кошғарий бобомиз “Девон”да: “сувуқ” (“суюқ”) сўзини изоҳлар экан, “йоғурт”ни ҳам тилга олади: “سُوُقْ сувуқ – ҳар бир суюқ нарса, чунончи, суюлтирилган қатиқ, сузма, ширинликлар. “سُوُقْ يُغُرْتْ” сувуқ йоғурт – суюқ қатиқ” (ДЛТ. III т. –Т. 1963. 179-бет).
“Староузбекский язык Хорезмийские памятники XIV века” луғати муаллифи Эргаш Фозилов “йоғурт”га мисол тариқасида “Гулистони бит-туркий” асаридан ушбу мисолни келтиради: “кетурди бир ғариб эр ул йоғуртни”, яъни “бир нотаниш киши йоғурт келтирди” (Э.Фазылов. “СУЯ”. I т. –Т. 1966. 544).
Шунингдек, “йоғурт” сўзи XIII-XIV асрларда оврўпалик миссионерлар томонидан тузилган “Кодекс куманикус” луғатида ҳам “yogurt” шаклида қайд этилган. Қадимда бу сўз турли туркий лаҳжа ва шеваларда: йоғурт, йоурт, йувурт, жувурт, жуграт, журғат, зувурт ва ҳоказо шаклларда кенг қўлланилган.
Шавурма
Энди юқорида тилга олинган емакларни бир юпқа нонга “чевирсак” (яъни, ўрасак), шавурма пайдо бўлади. “Шавурма” – арабча, ҳатто яҳудийча сўз, дегувчилар ҳам бор. Аммо бу ном туркча “чевирма”нинг араб ва бошқа тилларда бузиб талаффуз этилиши оқибатида пайдо бўлганлигини бугун кўпчилик билади. Умуман, “-ма” қўшимчаси билан тугайдиган: қовурма, дўлма, бостирма, димлама каби барча таомларни турк халқларига оид десак, янглишмаймиз. Шу каби “-(о)ба”, “-бо” (“-ва”) билан тугайдиган: мастава (форсча: “маст” – қатиқ, “обо” – суюқ овқат), шўрва (шўр+бо), пиёва (пиёз+обо), қурутоба (“қутур” – туркий сўз) каби таом номлари эса этимологик жиҳатдан форс тилига бориб тақалади.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Avenue17
12:01 / 01.01.1970
Могу предложить Вам посетить сайт, на котором есть много статей по этому вопросу.