“Дўсти кўп, душмани йўқ одам” – Ойбек ҳақида қизи Гулранг Тошмуҳаммедова хотиралари


Сақлаш
19:23 / 15.04.2022 1755 0

16 апрель – Гулранг Тошмуҳаммедова таваллуд топган кун. Ҳаёт бўлганларида 85 ёшни қарши олар эдилар. Араб адабиёти бўйича ўқитувчи, машҳур ва севимли ёзувчимиз Ойбек ҳамда олима Зарифа Саидносированинг қизи, ўзбек кино тарихида таниқли шахслар бўлган Нозим ва Элжон Аббосовнинг онаси.

 

Жаҳон таниган, севимли шоир Расул Ҳамзатовнинг чиройли ўхшатиши бор: “Фақат икки ҳолатда муштлашиш мумкин, бири аёл учун, бири Ватан учун. Бошқа ўринда фақат хўрозлар уришишади”, деган.

 

Биз эътироф этаётган аёл учун муштлашса арзийди, у – Гулранг Тошмуҳаммедовадир. Гулранг Тошмуҳаммедова атоқли ва севимли адибимиз Ойбек ва машҳур кимёгар олима, профессор Зарифа Саидносированинг қизи бўлганликлари ёки Тошкент Шарқшунослик институтида араб тилидан дарс бериб, халқимизга етук мутахассисларни тайёрлашда устоз сифатида хизматлари беқиёслиги ё жамиятда шахс сифатидаги ўринлари учунгина эътирофга лойиқ  эмаслар, балки халқимизга истеъдодли, машҳур уч фарзандни етиштириб берганлари, уйда рисоладагидек аёл, фарзандларига меҳрибон она, жиянларига амма, набираларига ибратли буви бўлганлари, мен каби тадқиқотчилар учун ёзувчи Ойбекнинг ижодий портретини тўлдиришда, унга хос янги чизгиларни кашф этишда ниҳояси йўқ, тубсиз  хазина, илмий маслаҳатчи, устозликлари учун эътирофга лойиқдирлар.

 

1937 йилнинг 16 апрелида Ойбеклар уйида қувончли воқеа рўй беради. Икки ўғилдан сўнг қиз кўришади. Ойбекнинг беадад қувончи унинг хотини Зарифа опага ёзган мактубларида акс этган:

 

“Зарифа!

Қизимиз муборак! Мен ўша ерда кутиб ўлтирган эдим. Ҳамида чиқиб, “Қиз туғилди” дегач, шошиб қолдим. Ишонмадим. Қандай тез! Уйга югурдим. Уйда дадам ўтирган экан. У ҳам ҳайратда қолди. Жуда суюнди. Ош еб, қизга исм қидириб ўтирибмиз. Аянгга даданг хабар беражак. Қизимга соғлиқ, бахт ҳар чоғ ёр бўлсин. Умри кўкламдай чечакзор бўлсин!”

 

Қувончлар оқланди. Ўғиллари қаторида қизи Гулранг ҳам отага муносиб фарзанд бўлиб етишди. Ойбек қизини сочларининг малла ранги учун “Сариқ мушукчам” деб суярди. Ўғли Суюнбекка ёзган хатларининг бирида: “Суюним, дадам фақат Гулрангни соғинибди деб ўйлама, мен сени ва Бекжон тўполончини ҳам жуда соғиндим”, деб ёзади.

 

1950 йилнинг ноябрь ойини Ойбек домла Сочида ўтказади. Устоз ишлаш ниятида Сочига бир ўзи кетган эдилар. Уларнинг Сочидан йўллаган мактубларини кўздан кечирар эканмиз, бир куннинг ўзида ҳам хотинлари Зарифа Саидносировага, ҳам севимли “сариқ мушукча”лари – қизлари Гулрангга, ҳам ўғилларига алоҳида-алоҳида хат ёзиб юборганларини кўрамиз. Мактуб сатрларидан соғинч ҳисси сизиб туради.

 

Сочидан қизлари Гулрангга йўллаган мактубларида:

 

“Ширин қизалоғим Гулранг!

Бугун хатингни олдим. Қайта-қайта ўқидим. Раҳмат. Папасиз яшамоқ мумкин эканми? Мен сени жуда соғиндим. Мен сенга анча майда тошлар териб қўйдим – денгиздан сенга совға. Сочида ҳаво ёмон эмас, бироқ, кечалари совуқ. Семирмаслик учун юраман. Санаторийда овқат мўл. Кинодан бошқа томоша йўқ. Ҳар куни бир-икки фильм кўраман. Зерикдим. 4 декабрда муддат тугайди. Москвага жўнайман. Лекин дуруст истироҳат қилолмадим, дармоним йўқ. Ичмайман ва жуда оз чекаман. Бирон нарса ёзишга ҳам мадорим йўқ. Сухумига бормоқчи эдим, яна ҳафсалам келмади. Покистон тўғрисидаги очеркларни газетадан қирқиб ол, Лидия Григорьевна (Бать – Р.И.) адресига юборинглар. Бир очерк ёзда айрим босилган эди, уни ҳам қўшмоқ керак.

Кеча ойдин. Қизимни соғиниб, тўлқинланган юрагим каби денгиз ҳам ширин ва сокин шивирлайди.

Аянгга, Бекжонга, Иса амакингга, аммангга ва Мария Васильевнага салом. Даданг Ойбек.

 Сочи. 24.11.1950”.

 

Мактубда тилга олинган майда тошлар кейинчалик Ойбекнинг қизига бағишланган шеърига кўчди:

 

Денгизга йўл бураман,

Қирғоқ бўйлаб юраман.

Сенга хил-хил тош териб,

Мудом хаёл сураман.

 

Улуғбекнинг ачаси,

Навоийнинг онаси

Тош ўйнашган, сопалак –

Қадимгининг мероси.

 

Қизим бор – кўнглимда ёз,

Куйлайди қўлимда соз.

Денгизни, қуёшни ҳам

Унга бағишласам оз.

 

Фарзандини севиш ҳар бир ота-онага хос, аммо Ойбек болаларига ўта меҳрибон бўлган. “Болалар ёшлигида бирон ерга меҳмонга боришимизга тўғри келса, уларни ўзи кўтариб борарди”, деб хотирларди Зарифа Саидносирова.

 

Зарифа опадан Ойбек домла фарзандларини қайси соҳа эгалари бўлишини истар эдилар, деб сўраганимда кутилмаган жавобни олганман: “Энг аввало яхши инсон бўлишини истар эди”.

 

Ойбек домланинг бу кун орзулари ушалган. Уларнинг болалари отага муносиб фарзанд ва ўзлари танлаган касбнинг етук мутахассиси бўлиб етишишди. Улар ташқи кўринишлари билан ҳам, табиатан ҳам Ойбек домлага жуда ўхшайдилар.

 

“...Дўсти кўп, душмани йўқ

 

Суҳбатларимиздан бирида Зарифа опадан Ойбек домлага хос бўлган қайси хислатлар фарзандларингизда қайтарилган деб сўраганимда: “Ойбек одамларни жуда яхши кўрарди. У содда, оқ кўнгил эди. Уларни ажратмас эди. Унинг учун ҳамма одам яхши, ёмони йўқ. Болалари ҳам шундай, ҳамма одамларни бирдек кўрадилар. Энг қувончлиси болаларимнинг, отаси – Ойбекка ўхшаб дўсти кўп, душмани йўқ”, – дедилар.

 

Инсоннинг қандайлиги фақат атрофдагиларнинг унга ё унинг атрофдагиларга муносабати билангина белгиланмайди, балки унинг ота-онага, ота-онанинг унга бўлган муносабатида ҳам ёрқин акс этади. Шу муносабат билан мен Зарифа Саидносирова ва Гулранг Тошмуҳамедова билан кўп гаплашганман. Бу суҳбатлардан фақат Ойбек домлага хос бўлган чизгилардаги янги рангларни кашф этибгина қолмасдан, устознинг фарзандлари, хусусан, Гулранг устозни ҳам ўргандим, уларни ўзим учун янгитдан кашф этдим.

 

Дадангизнинг машҳурлигига қандай қарар эдингиз, буни ҳис этармидингиз? Бу сизда мақтаниш ё ғурур ҳиссини уйғотармиди, деб сўраганимда, қуйидаги жавобни олдим:

 

– Дадам биз учун таниқли ёзувчи ҳам, академик, жамоат арбоби ҳам эмас, ҳамма инсонларнинг дадаси каби дада эдилар. Шўхлигимизни ҳам, эркалигимизни ҳам кўтарар эдилар, жуда болажон эдилар. Табиатларида болаларга хос ўта соддалик, ишонувчанлик кучли эди. Баъзан бизга қўшилиб шўхлик қилардилар. Эсимда, қулупнай чиқиши билан ойимлар бозордан катта тоғорани тўлдириб қулупнай сотиб олиб келардилар. Уни ликопчаларга солиб ейишга сабримиз чидамай тоғорани ўртага қўйиб олганча, даҳлизда тик турган ҳолда ким ошарга ердик. Дадам ҳам биздан орқада қолмай қулупнайни еб туриб ойимларга “Зарифа, санга қолмади”, деб мириқиб кулардилар.

 

 

Одатда, ота-оналар ҳамма болаларини бирдек яхши кўради. Шунда ҳам баъзан болаларининг ичидан биронтасини сал бўлса-да кўпроқ яхши кўриши мумкин. Бунинг сабаби бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, менинг ойимлар кенжа ўғилларини (турмуш ўртоқлари фронтда ҳалок бўлган) ота меҳрига тўймаган деб, ҳамма болаларидан кўпроқ яхши кўрар эдилар. Ойбек домла ҳам фарзандларидан биронтасини кўпроқ яхши кўрганми, деб сўрадим қизларидан.

 

Дадам ҳаммамизни бирдек яхши кўрардилар, лекин ҳар биримиз дадам мени кўпроқ яхши кўрадилар, деб ўйлардик. Сочим сарғиш бўлгани учун дадам мени Сариқ мушукчам деб эркалардилар. Бир гал Москвадан чиройли сариқ рангдаги жемпер олиб келдилар ва менга бературиб: Мана, ҳақиқий сариқ мушукча бўласан, дедилар.

 

Дадам ёнларида пул олиб юришни яхши кўрардилар. Бу одатларини яхши билганимиз учун байрамларда дада, пул беринг, у ё бу нарса оламиз, деб хархаша қилардик. Шунда дадам секин ён чўнтакларига қўлларини солиб неча сўмлик пул қўлларига чиқса шуни берардилар. Биз бўлсак, ишқилиб пулнинг каттароғи: 50 ё 100 сўмлиги чиқсин-да, деб нафас ютиб турардик. Дадам қўлларига чиққан пулга қарардилар, қўлларига 10 сўмлик ё 25 сўмлик чиққан бўлса, кичкина пул чиққанидан хурсанд бўлгандек берардилар. 100 сўмлик ё 50 сўмлик чиқиб қолгудек бўлса, қайтариб жойига солиб қўймоқчидек кўрсатардилар ўзларини. Биз бўлсак бу ўйинга ишониб қўлларидаги пулга ёпишиб олардик.

 

Уйимизга жуда кўп киши дадамлардан ёрдам, қарзга пул сўраб келишарди. Келган кишига пул берардилар. Кўпчилик ҳолларда бу пулларни қайтариб бермасликларини билсалар ҳам берардилар. Кимнингдир кўнглига ёқадиган совға ҳадя этганларидан ё кимнингдир илтимосини бажарганларидан завқланардилар, мамнунлик ҳиссини туярдилар.

 

Ойимлар гапириб берган эдилар. Мен туғилганимда дадам Торсинга бориб ёқутли маржон сотиб олган эканлар. Ва бу маржонни ойимлар баъзан тақмоқчи бўлсалар бу Гулрангники, тегма деб тақтирмас эканлар. Кейинчалик, катта бўлиб ўқишни битирганимда ойимлар бу маржонни ўзимга топширганлар.

 

Дадам харид этишни, совға қилишни яхши кўрар эдилар-у, лекин ўзлари учун ҳеч нарса сотиб олмасдилар. Умуман кийинишни ёмон кўрардилар. Иложи бўлса битта кийимда юраверардилар. Айниқса, оёқ кийимнинг янгиси билан ҳеч чиқиша олмас эдилар. Кенг, катта, эски пойафзал кийишни ёқтирардилар. Дадамга кийим, пойафзални ойимлар сотиб олардилар. Ва дадамларнинг бирон бир тантанага боришларига тўғри келса, янги кийимингизни кийинг, деб зўрлардилар. Уларни тантанабоп кийимларини кийишга фақат мен кўндира олардим. Тантана-йиғилишлардан қайтганларида бўлса ечинмасдан ёнбошлаб ётишни яхши кўрардилар.

 

Зарифа опани ишнинг кўзини биладиган, зукко, доно аёл, Ойбек домлани эса жуда кўнгилчан, раҳмдил инсон сифатида эслашади. Айниқса, меҳмондўстликларини, уйга келган кимсани, ким бўлишидан қатъи назар, бир пиёла чойсиз узатмасликларини кўп гапиришади. Қизларидан бу хислатларнинг қайси бирини кўпроқ олгансиз, деб сўраганимда қуйдагича жавоб бердилар:

 

Ҳақиқатан ҳам, дадам ўта раҳмдил ва ўта кўнгилчан одам эдилар. Тез-тез дадаларини эслаб, кўзларига ёш олардилар ва ҳаммаси ўтди-кетди деб хўрсиниб қўярдилар.

 

Шаҳарнинг қайси даҳасида яшашимизга тўғри келмасин маҳалладагиларга эътибор билан қарардилар. Бирон бир айтилган ош, тўй ё таъзияли жойларга бормасдан қолмасдилар.

 

Аммо ойимлар ҳам раҳмдилликда дадамдан қолишмас эдилар. Унинг устига ўта масъулиятли эдилар, ёлғон гапирган одамни жинлари суймасди.

 

Бир йили маҳалламиздаги Қори аканинг уйлари ёнган, шунда ойим билан дадам югуриб чиқиб ўтни ўчиришган. Ўтни бир марта ўчиришга муваффақ бўлишган, лекин бироздан кейин ўт яна авжига олиб ёнган. У кезларда ўт ўчирувчилар йўқ эканми, эсимда йўқ, ҳар қалай дадам ва ойим эрта тонггача ўт ўчиришгани эсимда.

 

“Мени кечиргин...”

 

Кичиклигимда нима бўлди-ю, дадам билан бир масалада тортишиб қолдик. Кечаси ухлаб ётувдим, дадам тепамга келиб елкамдан туртиб, Мени кечиргин, дедилар секингина. Ўртада бўлиб ўтган араз аллақачон эсимдан чиқиб кетган эди. Бу воқеани ҳар эслаганимда юрагим эзилиб кетади. Юз берган аразда, албатта, мен ноҳақ бўлсам керак, лекин дадамнинг эрталабгача кутишга сабрлари чидамаган...

 

Дадам уйга меҳмон келишини яхши кўрардилар. Менинг ўртоқларим ҳам тез-тез келиб туришарди. Дадам уларга ҳар гал Қачон эрга тегасан? Қайлиғинг борми? деб бир хил савол бериб кулдирардилар.

 

 

Акаларим Омон ва Бекжон билан тез-тез тортишиб, талашиб, уришиб турардик. Айниқса, мен уларга тегажоғлик қилардимда, сўнг диванда ёнбошлаб ётган дадамнинг орқаларига беркиниб олардим. Акаларим мени тутволиб уриш учун югуриб келишарди, лекин дадам уларни бош томонларидан келишса қўллари билан ҳайдаб, паст томондан келишса оёқлари билан ҳайдаб менга яқинлаштирмасдилар. Бу воқеаларни эслар эканман, дадамнинг бизларга нисбатан бўлган оталик меҳрларини янада чуқурроқ ҳис этаман.

 

Эсимда, биринчи ўғлимга оғир оёқ кезларим, туғуруқхонага кетишим олдидан дадам нима дейишларини билмай, ёрдам беролмасликларидан саросималаниб, Ҳаммаси яхши бўлади, ҳаммаси яхши бўлади, деб фақат шу сўзларнигина такрорлардилар. Менинг бўлса дадамга эркалигим ҳеч қолмаганидан қаттан биласиз деганман. Ҳозир эслаб куламан. Фарзандли бўлганимдан кейин дадам мендан тез-тез хабар олиб турдилар. Кунлардан бирида мендан хабар олгани келган дадам ўғлимнинг тагликларини юваётганимни кўриб: Эрмак, эрмак, дедилар. Ҳозир ўйласам бу дадамнинг менга ачинганларидан ўзларича юпатганлари экан.

 

Шарқ факультетида ўқиган кезларим пахта тергани олиб чиқишарди. Дадам мени пахтага кўргани борар эдилар. Йўл ёқасида қора Зим тўхтаганидан дадам келганларини билардим. Бир гал Тошмуҳаммад Саримсоқов билан бирга кўргани чиқишган. Дадам иккалалари дўст эдилар. Дадам мени кўргани чиққанларида ё умуман уйдан менга посилка бериб юборишганда бутун группамизга етадиган егулик жўнатардилар.

 

Ўқишни битириш олди амалиётга Ироққа борадиган бўлдим. Дадам хурсанд бўлдилар. Кузатгани чиқдилар. Учишимизга саноқли сониялар қолганда, Балки, бормассан?, дедилар. Кейинчалик дадамларнинг бу гапларини эслар эканман, мен билан айрилиш дадам учун нечоғлик оғир кечганини ҳис этганман.

 

Дадам серфарзанд оилаларни яхши кўрардилар. Лекин шунда ҳам мени аяганларидан бўлса керак, келинлар еттитадан туғсин, қизларга бештаси ҳам етади, дер эдилар. Дадамларнинг ўта болажонликлари, нима десак йўқ дея олмасликларидан ҳам билиниб турарди. Бир куни дадамни мен билан кинога боришга кўндирдим. Ишчилар шаҳарчасида Шуҳрат номли кинотеатр бўларди. Бордик. Кинотеатр қаровсиз, ташландиқ аҳволда, томидан чакка ўтмоқда эди. Шу шароитда кино кўрдик, лекин дадамнинг сабрлари охиригача етмай, кинонинг ярмидан чиқиб кетдилар.

 

Ойбек домла нимага қизиқар эдилар, нималарни яхши кўрардилар, ёқтирмаган нарсалари ҳам бўлармиди, деган саволимга:

 

Дадамнинг яхши кўрган машғулотларидан бири беданалар сайрашини тинглаш эди, умуман қушларни, ҳайвонларни, ов қилишни  яхши кўрардилар. Улардаги овга, қуш, ҳайвонларга бўлган муҳаббат кўпроқ акам Бекжонга ўтган. Китобга бўлган севгилари ҳаммамизга юққан.

 

Эсимда, Қаршидан божалари Бекмурод ака сўйгани жайрон олиб келган эдилар, лекин кўзимиз қиймай сўймаганмиз. Боққанмиз. У узоқ йиллар биз билан яшаган.

 

Дадам бир муддат чойхонага бориб беданаларнинг уришишини томоша қилишни одат қилиб олдилар. Лекин бу ойимларга маъқул келмай, дадамнинг бу одатларини ташлатдирдилар.

 

Дадамнинг ўзларига хос хислатларидан яна бири байрамларни яхши кўрардилар. Байрамда Қани кетдик, аммани кўргани дер эдилар ва ҳаммамизни олдиларига солиб қариндошларни кўргани олиб борардилар. Дадам ҳақидаги хотираларимнинг адоғи бўлмаса керак. Йиллар ўтган сайин дадам, ойим, акам Омон бизни, биз эса уларни нечоғлик яхши кўрганимизни янада чуқурроқ ҳис этаман. Мен шу ёшда ҳам, улар ёнимда бўлишмаса ҳам, улар олдида чуқур масъулият сезиб яшайман.

 

Зарифа опа нафақахўр деган сўзни жуда ёмон кўганлар. Шунинг учун бўлса керак, умрларининг охиригача ишлаганлар. Меҳнат дафтарчалари вафот этганларидан сўнг ёпилган. Қизларининг меҳнатга муносабатларини сўраганимда, шундай жавоб бердилар:

 

Бу масалада ҳам ҳаммамиз ойим билан дадамларга ўхшасак керак, деб ўйлайман. Ишимизни, касбимизни севамиз.

 

 

Гулранг опанинг бу хотираларини мен ипга маржон тергандек кўп йиллар давомида тердим. Ҳар гал гаплашганимиздан сўнг жуда маъюс тортардим. Сабаби, шундай улуғ одамларнинг қизи бўлиш ҳам шарафли, ҳам масъулиятли эканини юрак-юракдан ҳис этардим. Зарифа опа менга ҳам меҳр бериб улгурдилар. Шу боис уларни баъзан жуда-жуда соғинаман. Шунда Гулранг опанинг ўзлари Зарифа опага ўхшаб ҳам она, ҳам буви, ҳам иш жойларида ходима бўлсалар-да, улар учун бу йўқотишга кўникиш осон бўлмаганини чуқур англайман.

 

1937 йилнинг 16 апрелида Ойбек домла билан Зарифа опа қиз кўришганидан жуда хурсанд бўлишган. Орадан йиллар ўтиб, дунёга келиши билан Ойбек домлани хурсанд қилган қизлари Гулранг устоз, йиллар давомида бизни, яқинларини, дўстларини, ота-оналари Ойбек домла ва Зарифа Саидносированинг мухлисларини, тадқиқотчиларни, талабаларни, жамоатчиликни, бирга ишлаган Шарқшунослик институти ходимлари ва илм аҳлини меҳнатлари, меҳнаткашликлари билан кўп йиллар давомида баҳраманд қилиб келдилар.

 

Минг афсуски, Гулранг устоз бугун орамизда йўқликларига 10 йил бўлди.  Орадан ўн йил ўтиб ҳам Шарқшунослик институтининг доценти Гулранг Тошмуҳаммедованинг меҳнатлари, талабаларга берган билимларини мамнуният билан хотирлаймиз, эътироф этамиз. Демак, таниқли ёзувчимиз Ойбек ва Зарифа Саидносирова, уларнинг қизлари устоз Гулранг Тошмуҳаммедова ҳаёт, улар яшашда давом этмоқдалар.

 

Раъно ИБРОҲИМОВА,

филология фанлари доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10546
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//