“Маънавият жамиятдаги барча ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир”


Сақлаш
23:37 / 14.04.2022 1071 0

 

Республика Маънавият ва маърифат марказида «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» ва маънавият: жамоатчилик нигоҳида» мавзусида илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди. Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ана шу анжуманда сўзга чиққан таниқли олимлар, маънавият фидойилари, жамоатчилик вакилларининг диққатга молик айрим фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

 

 

Минҳожиддин Ҳожиматов, 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари:

 

Ўзбекистон мустақил тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган янгиланишлар, кенг кўламли бунёдкорлик, халқни рози қилишга қаратилган ислоҳотлар нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда юксак эътироф этилмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётий мақсадлари асосига айланмоқда, десак муболаға бўлмайди. 

 

Давлатимиз раҳбари «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китобида таъкидлаганидек, «Янги Ўзбекистонни барпо этиш бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир».

 

Бугун айнан Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегияси сари шиори остида Ватанимиздаги янгиланишларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган, жамиятимизнинг бор билим ва салоҳиятини, куч ва имкониятини ишга солган бу эзгу ҳаракат умуммиллий аҳамият касб этмоқда. Янги Ўзбекистонни жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга, ҳар томонлама обод ва фаровон давлатга айлантириш борасидаги бу катта ҳаракатда иқтисодий омил билан биргаликда маънавий омиллар ҳам муҳим ўрин тутиши китобда алоҳида таъкидлаб ўтилган: “Маънавият инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлар мажмуасидир. Бошқача қилиб айтганда, маънавият жамиятдаги барча ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам шунча кучли бўлади.

 

 

 

 

Акмал Саидов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори:

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китоби ва ундан маънавиятчилар учун келиб чиқадиган вазифалар, соҳада нималар амалга оширилиши лозимлигини муҳокама қилиб олишимиз керак. Шу боис бугунги анжуман долзарб аҳамият касб этади.

 

Биринчи ўринда шу нарсани таъкидлар эдимки, давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китоби Президентимиз шу лавозимга киришгандан кейинги ёзган биринчи фундаментал асаридир. Бу китобда давлатимиз раҳбарининг ҳар томонлама ўйланган фикрлари, халқ билан мулоқотлари, дардлари мужассам.

 

Эътиборингизни айрим рақамларга қаратмоқчиман. Тараққиёт стратегиясининг етти йўналишида 17 та концепция, 8 та дастур, 15 та стратегия, 12 та тубдан янги кодекс, 36 та янги қонун қабул қилиниши керак. Маънавият масаласи фақат битта, яъни бешинчи йўналиш билан чекланмайди. Биринчи йўналишдан то еттинчигача, ҳаммаси маънавиятга асосланиши тақозо этилади.

 

 

 

Абдухалил Маврулов,

тарих фанлари доктори, профессор:

 

Президентимиз инсон қалбининг чегараси бор, бу чегарани асраш керак деб бежиз айтмаган. Масалан, Ўзбекистоннинг сарҳадлари 6200 километрдан ошиқ, уни қўриқлаш учун махсус хизматлар ташкил этилган. Мен юртимиз сарҳадларини алоҳида бир шахснинг қалбидаги чегаралар билан таққослагим келади. Инсон қалбининг чегараларини қўриқлаш мамлакат чегарасини қўриқлашдан оғирроқ, деган бўлардим. Сабаби, бу чегарани биз кўзимиз билан кўрмаймиз, қўлимиз билан ушламаймиз. Давлат чегараларини ҳарбийлар қўриқласа, инсон қалбини биз – маънавиятчилар асраймиз. Бизнинг вазифамиз ҳам аскарларникидан кам эмас.

 

Ўзбекистон фуқаросининг маънавий қиёфаси қандай бўлиши керак? Уни ўлчайдиган тарозиси борми? Бунинг амалиётини Маънавият ва маърифат маркази турли ҳудудларда амалга оширди. Лекин такомилига етиши учун ҳали анча тер тўкишга тўғри келади. “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида келтирилган устувор йўналишлар эса жамиятимизнинг маънавий-ахлоқий манзарасини белгилаб беради. Бу китоб ҳаммамизнинг қўлимизда турадиган дастуруламал бўлиши лозим.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//