Интернет пайдо бўлиши билан ҳаётнинг жуда кўп аспектлари, кундалик маиший турмушдан тортиб бизнес ва менежмент, юридик ва консуллик хизматлари ва ҳатто давлат бошқарувигача бирин-кетин виртуал дунёга кўчди. Олис масофадан туриб нафақат эшитиш, балки кўриш орқали виртуал мулоқотни оммалаштирди. Бугун ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб кетди.
Айни пайтда дунёда 1 млрд аудиторияга эга “Instagram”дан Ўзбекистонда 1 586 500 киши фойдаланади. Жами 2 млрд 476 млн 590 минг аъзоси бор “Facebook” эса мамлакатимизда 686 400 кишини бирлаштирган. Жаҳонда 200 млн инсонни жамлаган “Telegram” бизда 18 млн кишига хизмат кўрсатмоқда. Ҳар қандай янгиликнинг мусбат ва манфий тарафлари бўлганидек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам кун тартибига чиқди.
Ахборот ва технологик тараққиёт ортидан пайдо бўлган хавф-хатарларнинг энг асосийлари ахборот қуроллари, IT соҳасидаги жиноятлар, сиёсий курашда ахборий хуружлардан фойдаланиш ҳисобланади. Тинчлик даврида ахборот қуролларини қўллаш орқали бирор мамлакатда сиёсий инқироз, ҳатто мавжуд сиёсий тузумга қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқариш мумкин. Ахборот қуроллари инсон онги ва руҳиятига таъсир қилибгина қолмай, айни пайтда жамиятнинг ахборот ва техник таркибий қисмини ўзгартириб юборади. Бунга мисол сифатида бошқарув тизимларини ўчириб қўя оладиган, маълумотларни сохталаштира оладиган компютер вируслари, мантиқий бомбалар ва ҳоказоларни келтириш мумкин.
Иккинчи хавф ахборот соҳасидаги ижтимоий жиноятлар ҳисобланиб, айрим шахс ёки жамиятга, давлатга қарши қаратилган бўлади. Ушбу турдаги жиноятларга электрон пуллар билан фирибгарлик, компьютер безорилиги киради. Уларнинг олдини олиш миллий хавфсизлик сиёсатининг асосий вазифаларидан бирига айланмоқда. Бу, айниқса, кейинги пайтларда кибертерроризм ва халқаро компьютер жиноятлари хуружи кучайиши билан изоҳланади.
Ахборотлашган жамиятга интилиш янги турдаги хавф ва таҳдидларни келтириб чиқараётганига гувоҳ бўлар эканмиз, бундай вазиятда жамиятнинг ўзидан халқаро, миллий, жамоат ва шахсий хавфсизлик муаммоларига масъуллик талаб этилади. Аввало, ахборот қуролларини ишлаб чиқариш ва тарқатишни назорат этиш, кибертерроризм ва халқаро компьютер жиноятларига қарши курашда барча фаолиятларни мувофиқлаштириш; интеллектуал мулк ва очиқ тарқатиладиган материалларга муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устидан назоратни амалга ошира оладиган халқаро ҳуқуқий келишувларни ишлаб чиқиш керак бўлади. Интернет тармоғида одамларнинг жисмоний-руҳий ва маънавий саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи одобсиз ва ҳақоратли оммавий маълумотлар, нотўғри реклама, сохта битимлар ва материаллар тарқалишини назорат қилишнинг энг мақбул йўлларини ишлаб чиқиш тоқозо этилади.
Ижтимоий тармоқларда популизм, жамоат онгини манипуляция қилиш, троллар фабрикаси, фейк (ёлғон) хабарлар, инсон шаъни ва қадр-қимматини, ташкилотларнинг ишчанлик обрўсини туширувчи маълумотларни тарқатиш, интернет-буллинг каби ўйинлар тинимсиз давом этаётган экан, буларнинг ҳар бири замирида қандайдир манфаат туради. Таассуфки, ишончли ва объектив ахборотга қараганда ёлғон хабар ҳамиша тез тарқалади. Бу эса турли-туман миш-мишлар, уйдирмалар, агрессияни келтириб чиқаради, давлат органлари, бизнесга ишончсизлик пайдо қилади. Буюк Британия сиёсатчиси Уинстон Черчилль айтганидек: “Ҳақиқат шиппагини кийгунча ёлғон дунёнинг ярмини айланиб чиқишга улгуради”.
Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда ўз фикрини очиқ баён қилишга, янги ташаббус ва таклифларини билдиришга тайёр фуқаролар билан бирга тролларнинг тез-тез майдонга чиқаётгани ташвишланарли. Улар сохта ном ортига яшириниб, ғаразли постлар ёки жамоатчилик онгини бошқаришга уринувчи очиқ ёлғонларни тармоққа жойлайди. Изоҳларда эса одамларни обрўсизлантиришга, адоватни авж олдиришга ҳаракат қилишади. Бу маълум бир давлатда тартибсизлик ва ғалаёнларга, молиявий зарар кўришга олиб келади. Мисол учун, Замбияда аҳолининг 80 фоизини электр энергияси билан таъминловчи “ZESCO” давлат компаниясининг Хитойга сотилиши ҳақидаги ёлғон хабар интернетда тарқалгач, минглаб одамлар кўчага чиқишди. Фейк ортидан юзага келган митинглар компания акцияларининг арзонлашиб кетишига сабаб бўлди.
Баъзида арзимаган ҳазил ҳам оғир ҳалокатларга олиб келади. Бундан икки йил аввал Ҳиндистонда “самосуд” ортидан ўнлаб кишилар вафот этганидан кўпчилик хабардор. Нотаниш кимсалар “WhatsApp” мессенжери орқали оддий одамларни қотил ва зўравон сифатида кўрсатувчи хабарлар тарқатган эди.
Кузатишлар ахборот оламида Ўзбекистонга қаратилган ахборот хуружлари, мустақиллик шароитида ривожланиб келаётган мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий тузумини емиришга, иқтисодий барқарор ривожланишини барбод қилишга, ёшлар онгига “оммавий маданият”ни сингдиришга уринаётган кучлар ҳам анчагина эканини кўрсатмоқда.
Ижтимоий тармоқларда ўзларини АҚШ, Литва, Туркия, Россия ёки юртимизнинг турли вилоятларида яшаётгандек тақдим қиладиган (лекин бирортаси ҳам ишонарли маълумот эмас) айрим кимсалар ахборот хуружи билан шуғулланиб келаётгани маълум бўлмоқда. Ачинарлиси, муаллифининг савияси пастлиги ва дунёқараши торлигидан далолат бериб турувчи, саводсизларча ёзилган постлар нафақат ўқилмоқда, балки уларни маъқуллайдиган изоҳлар ҳам қолдирилмоқда. Фикр билдираётганларнинг аксарияти ёшлар. Чунки ҳаётда кўр нарсани кўрган тажрибали кишилар, зиёли қатламни бундай фитналар билан йўлдан уриш мушкул.
Жамиятимизда замон билан ҳамнафас йигит-қизлар билан бир қаторда ким нима деса, шунга эргашиб кетаверадиган, лекин ўзининг борлигини ижтимоий тармоқлар орқали билдириб қўйгиси келадиган ғўр тенгдошларимиз ҳам кўплиги кишини таассуфга солади. Назаримизда, уларда ҳаётий тажриба, мустақил фикр, энг асосийси, билим етишмайди. Дунёқараши тўла шаклланиб улгурмаган. Шу ўринда оиладаги тарбия нуқсонлари, мактабдаги таълим кемтиклари яққол кўзга ташланиб қолади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ёшларни ёт ғоялардан асрашнинг энг мақбул йўли уларга эътиборни янада кучайтириш, илм-фан, маданият-санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва, энг муҳими, жамиятга ҳамда ўзига фойдали бўлган юмуш билан банд этишдир.
Зоирхўжа ЎЛМАСХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети мустақил тадқиқотчиси
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ