Ўзбек ўрдуси қаердан бошланади? (Иккинчи мақола)


Сақлаш
15:06 / 27.08.2021 1719 0

 

(Иккинчи мақола)

 

Мўғулчами, туркчами?

 XIII асрда номаълум муаллиф томонидан ёзилган “Мўғулларнинг сирли тарихи” ёдгорлиги – Чингизхон, у асос солган империя ва мўғул тарихи ҳақидаги муҳим манбадир. Мазкур асар тилини ўрганган мутахассислар унда жуда кўп туркий сўзлар борлигини эътироф этган. Россиялик тилшунос В.И.Рассадин: “Мўғулларнинг сирли тарихи” тили ҳозирги мўғул тилидан кўра қадимги ва ўрта асрлардаги туркларнинг тилига кўпроқ яқиндир”, деб ёзади. Яъни асарда қуш, ўтчигин, кўч, мэнг, мунг, буйруқ каби юзлаб туркий сўз ва сўз бирикмалари учрайди.

Мисол учун, кешиктенлар ҳақида асарда кўп гапирилган. Кешиклар ёки кешиктенларга Чингизхон лашкар марказидаги асосий куч сифатида катта баҳо беради. Кешиктен деб хонни навбат билан қўриқлайдиган шахсий соқчиларга нисбатан айтилган. Аслида бу хизмат ҳам қадимги турк анъаналари асосида ташкил этилган бўлиб, Турк хоқонликлари даврида бундай қўриқчилар гуруҳи – “бўри” деб аталган ва уларнинг сони тўққиз минг нафаргача бўлган. “Мўғулларнинг сирли тарихи”га кўра, кешиктен хизматига асосан нўёнларнинг, ўнбоши, юзбоши, мингбошиларнинг ўғиллари, уларнинг яқинлари олинган. Чингизхон кешиктенларнинг сонини ўн минг нафар, яъни бир туманга етказади, бу хизмат лашкар маркази, ғулда хон қароргоҳи билан бақамти жойлашган ўзига хос ёшларни жангга тайёрловчи ҳарбий мактаб вазифасини ҳам ўтаган.

Энди мазкур атама этимологияси ҳақида – “кешик” аслида қадимги туркийдаги “навбат” маъносидаги “кезик” сўзи бўлиб, “Девону луғотит турк”да унга: “кӭзiк” – кез, кезаг, ишдаги навбат: “сӭнiң кӭзiгiң кӭlдi” – сенинг навбатинг келди”, деб изоҳ берилган. Ҳозир “кезик” ўрнида биз “пост” (“смена”) калимасини қўллаймиз. “Кезик”ни “навбат” маъносида ҳозир ҳам “кези келганда” (“навбати келганда”) иборасида ишлатамиз. “Мўғулларнинг сирли тарихи”даги “кундузги қўриқчи” маъносидаги “турхауд” ҳам аслида туркча “турмоқ” феълидан ясалган бўлиб, туркчаси “турқақ” бўлган.

 

Жавонғор, баронғор, ғул

 Мазкур атамаларга тарих китобларида кўп дуч келамиз. Ўрта асрларда ҳар қандай лашкар дастлаб ана шу уч катта қисмга бўлинган. Аввало бу атамалар Чингизхон томонидан жорий этилганини айтиб ўтиш жоиз. Хўш, баронғор, ғул, жавонғор нима?

Дунё томонлари ҳақида ўтмишда турлича қарашлар бўлган. Томонлар кўпинча: олд, яъни юзланиш, топиниш томони, орқа, ўнг ва сўл томон деб белгиланган. Аксарият турк қавмлари учун қадимда (мўғулларнинг аждодлари учун ҳам) кунчиқар – олд томон, кунботар – орқа, жануб – ўнг, шимол – сўл томон ҳисобланган. Аммо қадимги хитойликлар, турклардан фарқли ўлароқ, кунчиқарни эмас, жанубни – олд томон ҳисоблаган. Шунга кўра, хитойликлар ғарбни – ўнг, шарқни – чап томон деб билишган. Кейинчалик бу қараш мўғулларга ҳам ўтган, бу ҳақда академик В.В.Бартольд шундай ёзади: “Жанубга топиниш мўғуллар ўртасида киданлар ҳукмронлиги (X–XII асрлар) даврида тарқала бошлади. Чингизхон замонига келиб бу удум мўғулларга бўйсунган барча ҳудудларда расмий тус олди”.

Шундай қилиб, Чингизхон замонида мўғуллар хитойликлар каби жанубни олд томон деб билишар ва ўтовларини жанубга қаратиб қуришар эди. Шу боисдан улар учун Шарқ – сўл томон, яъни “зүүн”, Ғарб эса – ўнг томон, яъни “баруун” эди. “Жавонғор” ва “баронғор” ана шу “зүүн” (Шарқ) ва “баруун” (Ғарб) сўзларига мўғулча “қўл” маъносидаги “гар” сўзини қўшиш билан ясалган (зүүн+гар = ўнг+қўл, баруун+гар = сўл+қўл). Яъни, “Ғарбу Шарқдан бизни душманлар ўраб олган”, деб ҳисоблаган Чингизхон ўзига тобе ҳудуд, аҳоли ва лашкарни ғарбий ва шарқий қанотлар: жавонғор ва баронғорга бўлиб чиққан. “Ғул” эса “марказ” деган маъно билдириб, қўшин марказидан хон, унинг яқинлари, кешиктенлар, хуллас, лашкарнинг асосий қисми ўрин олган. Жавонғор ва баронғор тилимизга рус тили орқали кирган “фланг” (фр.: flanc) атамасига мувофиқ келади. Боболаримиз бу атамалар ўрнида арабча: “маймана” (баронғор), “майсара” (жавонғор) ва қалб (ғул) сўзларини ҳам қўллашган.

“Мўғулларнинг сирли тарихи”да Чингизхон жавонғорга туманбоши этиб Мухалини, ғулга Наяани, баронғорга Боорчуни тайинлагани айтилади. Шунингдек, Мухалига шарқий ҳудудларни, Наяага марказий, Боорчуга ғарбий ҳудудларни идора этиш топширилади.

“Зүүн”, “баруун”, “гар” сўзлари юз фойиз мўғулча деб қаралади. Шунга қарамасдан, уларда ҳам қадимий туркий ўзаклар билан муштараклик бордай. Масалан, академик А.Н.Кононов қадимги турк тилларида “ўнг томон” маъносида: “bäriйä”, “bäriйäqi”, “bäriйan” каби сўзлар қўлланилганини ёзади, бу эса мўғулча “ўнг” ва “ғарб” маъносидаги “баруун”га жуда ўхшаш (“Ўнг” сўзи эса қадимда олд томонни билдирган. Ҳозир ҳам “кўз ўнгимда”, “нарсани ўнгариб қўймоқ”, “дастурхоннинг ўнги” каби ибораларда “ўнг” сўзининг эски – “олд” маъносида ишлатамиз.) Тофалар турклари олд томонни – “burunyarь”, орқа томонни – “soŋyarь” дейишар экан. Тилимиздаги “сўл” сўзи аслида “орқа” маъносидаги ана шу “soŋ” сўзидан ҳосил бўлган. Жўғрофий жойлашув, кўчишлар оқибатида бу атамалар чалкашиб, турли лаҳжаларда турли томонларга нисбатан ишлатила бошлаган. Тофалар туркларида zuŋyarь, А.В.Кононовга кўра, чап томонни билдиради. Энди қиёсланг: тофалар тилида: “zuŋyarь” – “сўл”, мўғулчада эса – “зүүн”, турк тилларида: “сўл”, “soŋ”. Ҳозирги мўғул тилидаги “гар” (қўл) “Мўғулларнинг сирли тарихи”да “qar” шаклида ёзилган ва бу қадимий туркийдаги “қўл” маъносидаги “қар” билан бир хилдир. Мана, Турфон битикларидан бир мисол: “qar ičintä ig kirdi” – “қўлга оғриқ кирди” (“Девону луғотит турк”да “қарї” – қўл узунлигидаги ўлчов бирлиги.) Ҳозир тилимизда шу ўзакдан ясалган “қарич” сўзи сақланиб қолган.

 

“Улус” мўғулчами?

 “Мўғулларнинг сирли тарихи”да кўп учрайдиган сўзлардан бири – улус. Асарда бу сўз “элат”, “қабила”, “эл” каби маъноларда қўлланган. Жавонғор ва баронғорда ҳар бир улуснинг аниқ ўрни бўлган. Чингизийлар бу тартибга кейинчалик, ҳатто Бобур замонида ҳам амал қилганлар. Бобур “Бобурнома”да 1502 йил воқеаларини ҳикоя қилар экан, Тошкентга “хон додаси” (бобоси) – Ғарбий Мўғулистон хони Юнусхон хонадонига борганда кўрган мўғулларнинг урф-одатлари, хусусан, кўп тартиб-қоидалар Чингизхон замонида қандай бўлса, шундайлигича сақланиб қолганлигини ёзади:

“Мўғул орасида Чингизхоннинг тузуки ҳолоғача (ҳалигача. А.Ҳ.) Чингизхон ясаб қўйгандек-ўқдур. Баронғор баронғорда, жавонғор жавонғорда, ғул ғулда, ҳар ким ота-отасидин қолған ерида-ўқ турар, баронғор била жавонғорда ҳар кимнинг эътибори кўпрактур, уч сарроқ турарлар”, – яъни Чингизхон ясолда (сафда) қайси уруғ, қабила, улусни баронғор ва жавонғорнинг қайси ўрнига тайин этган бўлса, уларнинг авлодлари, орадан уч аср ўтган бўлсада, ҳали ҳамон ота-боболари турган ўринда турар эканлар. Уларнинг ичида эътиборлироқлари баронғор ва жавонғорнинг учроқ, чеккароқ қисмидан жой олган экан.

1981 йили чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “улус” сўзи мўғулча (!) деб изоҳланган. Мўғулистонлик тарихчи Цэндмаа Энхчимэг “Бобурнома”да мўғулча сўзлар” (“Монголизмы в “Бабур-наме”) мақоласида “улус” сўзини ҳам мўғулчадан туркчага ўзлашган сўзлар қаторида санаб ўтади.

Аммо “улус” сўзини тадқиқ этган аксарият тилшунослар бу сўз, аксинча, туркийдан мўғулчага ўтганлигини исботлаб беришган. “Этимологический словарь тюркских языков” (ЭСТЯ) луғатида бу борада, жумладан, шундай дейилади: “Улус сўзининг келиб чиқиши туркча деган қараш мутлақо ишонарли, қолаверса, бу сўзнинг қадимги туркийдаги “улуш” шакли билан бирга қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ тилларида “улу” ўзагига “-т” қўшиш билан “улут” сўзи ҳам ясалади”.

Дарҳақиқат, “улус”нинг қадимий кўриниши “улуш” бўлиб, “Девону луғотит турк”да: “қишлоқ (чигилча); Баласоғун ва арғулиларда “шаҳар” демакдир”, деб изоҳланади. “Қадимги турк тиллари луғати” (“Древнетюркский словарь”)да ҳам “улус”нинг қадимий шакли “uluš” бўлганлиги ва “қишлоқ” (“селение”) маъносини билдиргани айтилади: хусусан, uluš balїq – қишлоқ ва шаҳар; uluš bodun – халқ ва ҳоказо. Бу сўз қадимги туркий ёдгорликларда кўп учрайди.

 

Туман, туманбеги, туманбоши

 Онон дарёси бўйида 1206 йили бўлиб ўтган қурултойда Темучинга Чингизхон номи берилади. “Мўғулларнинг сирли тарихи”да, шунингдек, мазкур қурултойда Чингизхон 95 нафар нўёнга “минган”, яни “мингбоши” унвонини берганлиги айтилади. Аммо бу пайтда ҳали Чингизхон ўрдусида “туман”, яъни ўн минг лашкарни ўз ичига олган бўлинма йўқ эди. Маълумки, Чингизхон лашкари қатъий ўнлик тартибида қурилган, яъни энг кичик бўлинма ўнлик, ўнта ўнлик – юзлик, ўнта юзлик – бир мингликка бирлашиб, империя ва ўрду кенгая боргач, ўнта минглик – бир туманга бирлашган. Айтайлик, жавонғор ва баронғорнинг ҳар бири бир неча туманлардан иборат бўлиб уларни туман нўёнлари, яъни туманбошилар бошқарган.

Мўғулистонлик тарихчи Цэндмаа Энхчимэг мақоласида “туман”ни ҳам туркийдаги мўғулча сўз (монголизм) сифатида санаб ўтган. Аслида бунинг акси бўлиб, бу қадим туркий сўз “Девону луғотит турк”да ҳам: “түмäн – ҳар нарсанинг кўпи; туман минг – минг-минг, яъни бир миллион”, деб изоҳланган.

Чингизхон даврида “туман” кўпроқ ҳарбий бўёққа эга бўлган бўлса, Чиғатой ва Жучи улусларида бу сўз, шунингдек, лашкарга ўн минг навкар бера оладиган ҳудуд маъносида маъмурий-ҳудудий атама сифатида ҳам ишлатилган. Жучи улусида ҳудудлар туманларга бўлиниб, туманбошилар тайинланган. Бундай туманбошилар Олтин Ўрдага тобе Рус князликларида ҳам бўлиб, бу сўз: “Ўрдадан тайинланган амалдор” маъносида – “темник” шаклида рус тилига ўтган.

Бобур “Бобурнома”да Кобул вилоятини таърифлар экан “туман” сўзига шундай изоҳ беради: “(Кобул) Вилояти ўн тўрт тумандур. Самарқанд ва Бухоро ва яна бу навоҳида вилоятчаларниким, бир улуғ вилоят таҳтида (яъни, остида ёки таркибида. А.Ҳ.) бўлғай, туман дерлар. Ва Андижон ва Кошғар ва ул орада ўрчин ва Ҳиндистонда паргана дерлар”. Демак, Кобул, Самарқанд, Бухорода бир катта вилоят таркибида бўлган, аммо вилоятдан кичик маъмурий-ҳудудий бирликка нисбатан – туман, Андижон ва Кошғарда – ўрчин, Ҳиндистонда – паргана, дейилган экан.

Умуман, чингизийлар, темурийлар ва кейинги даврларда ҳам мавжуд бўлган туманбоши, туман оға, туманбеги лавозимлари ҳозирги ҳарбий унвонларга муқояса этилса, генералга тўғри келади. “Туман” атамаси ҳозир ҳам Турк қуролли кучларида “tümen” шаклида “дивизия”, “батальон” маъноларида қўлланилади. Масалан: “Motorize Piyade Tümeni” (“моторли пиёда дивизияси”), “Zırhlı Tümen” (“танк дивизияси”) ва ҳоказо. Шунингдек, Турк ўрдусида “туманбоши” ҳам сақланиб қолган дейиш мумкин, яъни “tümen” (“дивизия”) қўмондонининг ҳарбий унвони – “tümgeneral” (“туман генерали”) бўлиб, бу қизил армиянинг “генерал-майор” унвонига тўғри келади (Турк ўрдусидаги  генераллар таркиби: 1. mareşal – маршал; 2. Orgeneral (яъни, ўрду генерали) – армия генерали; 3. korgeneral – генерал-лейтенант; 4. tümgeneral (яъни, туман генерали) – генерал-майор; 5. tuğgeneral – бригада генерали).

Мўғул тарихчиси Цэндмаа Энхчимэг ўзининг “Бобурнома”да мўғулча сўзлар” мақоласида тархон, ўрон, тўлғама каби сўзларни ҳам мўғулчадан туркчага ўтган сўзлар қаторида санаб, беҳуда уларни мўғулча ўзаклар билан боғлашга ҳаракат қилади.

Тархон – қадимги туркий обидаларда “тарқан”, “тархан”, “алп тархан” шаклларида учрайди. XI асрда яратилган “Девону луғотит турк”да эса бу сўзга шундай изоҳ берилган: “тархан – бек маъносида. Исломиятдан олдин қўлланилган исм (арғучадир)” (Россиялик туркшунос олима Анна Дыбога кўра, “tarkan” сўзи турк тилларига таҳорлар орқали ҳинд-оврўпо тилларидан ўзлашган).

“Ўрон” ҳақида биз илгари ҳам “Пароль сўзи “Бобурнома”да бор” номли мақолада тўхталган эдик. “Ўрон” – бу уруш пайтида навкарлар бир-бирларини танишлари учун ишлатиладиган махфий сўз, ҳозирги тилда айтганда, паролдир. “Бобурнома”да чиндан ҳам мўғулларнинг туманбегиси Айюб Бекчик туманидан икки мўғул ўзаро “ўронлашгани” айтилади. Цэндмаа Энхчимэг: “Ўрон – бу “олға, чақириқ” (урагшаа,уриа) маъноларига эга мўғулча сўз...”, деб ёзади. “Этимологический словарь тюркских языков” луғатида “ўран” сўзи деярли барча турк лаҳжаларида борлиги, бу сўз “қичқирмоқ” маъносидаги туркча “ўр” ўзагидан ясалган, деган фикр билдирилади. Қадимда барча турк қабилаларида ўз ўронлари бўлган.

“Древнетюркский словарь”да ҳам: “ўрон – ҳарбий лақаб, пароль”, маъносидаги туркий сўз деб изоҳланиб, XIII аср турк обидаси “Ўғузнома”дан ушбу мисол келтирилади: “kök böri bolsunғїl uran – “кўк бўри” ўрон бўлсин”.

Тўлғама – ғаним лашкарини икки томондан айланиб ўтиб, қўққисдан душманнинг орқа томонидан ҳужум қилиш ҳарбий санъати. Цэндмаа Энхчимэг мўғулча деб тахмин этган “тўлғама” атамаси ҳам – “айлантир”, “бура” маъносидаги қадимги туркий “тол” ўзагидан ясалган. “Девону луғотит турк”да мазкур ўзакдан ясалган “толғади”, “толғашди”, “толғақ” сўзлари изоҳланган.

Умуман, мўғул тили XIII асрдан бошлаб алоҳида тил сифатида шакллана бошлаган. Илк мўғул ёзуви – уйғуржин бичиг ҳам уйғур ва суғд ёзувлари асосида Чингизхон буйруғи билан уйғур котиби Тататунга томонидан яратилган. “Тўрт улус тарихи”да мўғул тили илгари турк тилларига яқин бўлганлиги айтилади. Абулғози Баҳодирхон эса “Шажарайи турк”да ҳатто “мўғул” сўзининг ўзи туркча “мунг” (қайғу) сўзидан деб ёзади.

Алқисса, Чингизхон ва ундан кейин мавжуд бўлган ҳарбий анъана ва атамаларга ташқаридан кириб келган деб ётсираб қараш тўғри эмас, зеро бу анъана ва атамалар аслида қадимги туркий илдизларга бориб тақалади.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 58
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//