“Беш китоб тавсияси” лойиҳасининг навбатдаги сонида ёзувчи ва адабиётшунос Улуғбек Ҳамдамнинг тавсияларини ўқишингиз мумкин. Бугунги тақдим этилаётган китоблар ичида туркий адабиёт билан бир қаторда француз, ҳинд ва рус адабиёти намуналари ҳам мавжуд. Агар мутолаа учун сара асарлар излаётган бўлсангиз, қуйидаги рўйхат сизга ёрдам беради.
1. Жалолиддин Румий. “Ичиндаги ичиндадир”
Ушбу асар машҳур мутасаввиф Мавлоно Жалолиддин Румийнинг турли мажлисларда билдирган фикрларидан таркиб топган. Сиз ушбу рисолани ўқиб, инсон ва олам, онг ва борлиқ, инкор ва исбот, хаёл ва амал сингари фалсафий тушунчаларнинг асл моҳиятини англайсиз.
2. Ҳинд эпоси. “Калила ва Димна”
Мазкур эпос “Панчатантра” ва “Хитопадеша” каби қадимги ҳинд оғзаки ижоди заминида вужудга келган, унинг ёзилган вақти маълум эмас. Асар шаҳзодаларга таълим-тарбия беришга мўлжалланган бўлиб, панд-насиҳат руҳида ёзилган. Унда ижтимоий, сиёсий, ахлоқий ва маиший масалалар, асосан, мажозий йўл билан иккита шоқол – Калила ва Димна мунозараси шаклида баён этилади. Асар ўзбек тилида бир неча бор нашр этилган.
3. Алишер Навоий. “Лисон ут-тайр”
Алишер Навоийнинг ушбу достони ўзбек мумтоз адабиёти ва ўзбек адабий тилининг муҳташам ёдгорликларидан. У форс шоири Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асари таъсирида ёзилган. Навоий асарда Худо ташқарида эмас, сенинг ўзингда деган фикрни олға суради. Шу йўсинда инсонни улуғлайди, унинг камолотга эришиш йўлини юксак шеърий маҳорат билан баён этади.
4. Альбер Камю. “Бегона”
XX аср француз адабиётининг йирик намояндаларидан бири, адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби, моҳир адиб, драматург, файласуф А.Камю ўз асарларида Иккинчи жаҳон уруши даҳшати оқибатида пайдо бўлган инсоний тақдирнинг абсурд ҳиссиётларини куйлаган. Унинг “Бегона” асари Аҳмад Аъзам томонидан ўзбек тилига моҳирона таржима қилинган.
5. Ги де Мопассан ва Чеховнинг кўплаб ҳикоялари
Француз ёзувчиси Ги де Мопассан адабиётга “Дўндиқ” новелласи билан кириб келган. Унинг 18 та ҳикоялар тўплами нашр қилинган. Адибнинг “Дайди”, “Шкаф”, “Гадой” каби новеллаларида турмуш қаърига улоқтирилган нотавонлар ҳаёти тасвирланган. Кўплаб ҳикоялари ўзбек тилига ўгирилган.
Рус ёзувчиси Антон Чехов қаламига мансуб “Семиз ва ориқ”, “Чиновникнинг ўлими”, “Буқаламун”, “Ниқоб”, “Унтер Пришибеев” сингари ҳикояларда адиб мавзуни кулги ёрдамида ёритиш, ҳажвий образ яратиш, воқеа ва ҳодисаларни лўнда тасвирлаш санъатини мукаммал эгаллаганини намойиш этади. Чеховнинг энг яхши насрий асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ