Юз минг cўмлик кундалик атрофидаги баҳслар – маркетологлар ҳийласи ўзбек китоб бозорларига кириб келмоқда


Сақлаш
14:54 / 13.04.2022 2059 0

Бельгия олимларининг тадқиқотига кўра, шоколад ҳиди китоб савдосига ижобий таъсир кўрсатар экан. Бу сирни билган сотувчилар китоб дўконига шоколад исли атир сепиб қўйишар ёки ташриф буюрувчиларга ликопда турган шоколаддан татишни маслаҳат беришар экан.

 

Маркетологлар китоб сотишда мана шунақа ҳийла ҳам ишлатиб туришади. Бундай усуллар ўзбек бозорига ҳам кириб келмоқда. Расталарда Абдукарим Мирзаевнинг “Ҳузур эшиги” номли кундалиги пайдо бўлгач, истеъмолчилар орасида баҳслар бошланиб кетди. Кўпчилик уни китоб деб ўйлаб сотиб олганини, харид қилишдан аввал очиб кўришга рухсат берилмаслигини билдирган. Хўш, харидорлар нимадан норози? Муаллифнинг ўзи бу ҳақида нима дейди?.. 

 

“Китобхонлар давраси” гуруҳи фойдаланувчиларидан бирининг қуйидаги фикрлари ушбу баҳсни бошлаб берди: 

 

– Абдукарим Мирзаев қаламига мансуб китоб лақабли дафтарни сотиб олдим. Очиғи, у кишининг бир нечта видеоларини кўриб, китоби ҳам сермазмун ва яхши ёзилган деб ўйлагандим. Китоб 300 бет атрофида, уни ҳам ўзим санаб чиқдим, чунки рақам қўйилмаган умуман. Бор-йўғи 30 бетга яқин жойига кичкинагина бир-икки бетли ҳикоя ва савол ёзилган, холос. Қолган 260-270 бетига ўша саволларга жавоб ёзиш керак экан. Хуллас, китобни ҳам ўзингиз ёзасиз ва пулини ҳам ўзингиз тўлайсиз, нақд 10 доллар. Икки соатга қолмай кундалик билан танишиб тугатдим. Олганимга ачиндим, очиғи. Умуман, пулига арзимайди. Жуда борса 30-40 минг сўмлик китоб.

 

 

Китобхонларнинг ярми фикр эгасини қўллаб-қувватлаган бўлса, айримлар унга қарши чиқди. Жумладан, Зиёда Тўхтасинова кундалик нархига арзирли эканини билдирди:

 

– Мен бу китоб сотувга чиққанидан сўнг Абдукарим Мирзаев билан уюштирилган видео суҳбатни тинглагандим. Айримлар эътироз қилганидек, китоб деб алдаб сотилмаган, очиқ-ойдин бу кундалик экани, олганлар уни ўзларига психолог бўлган ҳолда тўлдиришлари, оддий саволларга рўйи-рост жавоб беришлари лозимлиги айтилган. Яъни ўқиш учун эмас, ёзиш учун мўлжалланган.

Мен мактаб давримдан бери кундалик тутаман. У ёлғиз сирдошим, овунчоғим. Муаллифнинг минглаб ўқувчиларни кундалик ёзишга ундаши мақтовга лойиқ ҳолат. Нархи ҳам қиммат эмас, қалин муқовали блокнотлар 50-80 минг сўмдан кам турмайди. Бунинг ичи эса бўш эмас, ҳикоятлар, саволлар, ҳикматлар берилган. Ўзим кундаликни сотиб олдим, унинг муқоваси сифатли, зарҳал ёзувлари бор, сизга узоқ муддат хизмат қилади. Ҳозирда саволларга навбати билан жавоб ёзяпман. Қалбим тобора хотиржам тортиб, ўзимни тафтиш қилиб боряпман. 

 

Букблогер Илҳом Салимов эса баҳсларни кузатиб, асосли мулоҳазаларини алоҳида мақола тарзида эълон қилди. Биз уни қисқартирилган ҳолда улашмоқдамиз:

 

– Ижтимоий тармоқларни ушбу китобдан норозилик ифодаланган постлар босиб кетди. Яъни уни китоб деб сотиб олаётганлар, аслида тўрт-бешта гап ва ўзингиз жавоб беришингиз талаб қилинадиган бир қанча саволлардан иборат кундалик бўлиб чиққанидан норози. Абдукарим Мирзаевни оқлаётганлар эса ўзи муқовага кундалик деб ёзиб қўйибди-ку, демоқда.

Хўш, нима, сотиб олганлар аҳмоқми? Йўқ. Чунки Абдукарим Мирзаев анчадан бери видеоларида яқинда китобим чиқади, деб таъкидлаб келаётганди. Шунчаки номим ва саволларим ёзилган кундалигим чиқади, демаган. Бунга қўшимча равишда эса сотувчиларнинг инсофига қараб 90 мингдан 150 минг сўмгача пулланаётган кундаликни харид қилишдан аввал очиб кўриб варақлаш мумкин эмас. Кўрмоқчи бўлсангиз, сотиб олинг. Бу эса маркетинг, лекин ҳалол маркетинг эмас. Яъни кўпчиликка манзур видеолар муаллифи Абдукарим Мирзаевнинг ажойиб китобини оламан деб ўйлаган одам ичини очиб кўриб, оддий кундалик эканини билгач, растага қайтариб қўйиш эҳтимоли юқори. Шу боис кундаликнинг кундалик эканини яшириш учун қадоқлашган ва очиш мумкин бўлмаган ҳолда сотишяпти.

 

Китоб дўкони сотувчиларидан бири Абдуғани Абдуллаев билан боғланиб мазкур масала юзасидан фикрларини тингладик:

 

Кўп вақтдан буён китоб ва канцелярия маҳсулотлари сотаман. Бир-икки йилдан бери онлайн савдо анча ривожланди, ҳозирда аксарият китобхонлар ўзига ёққан асарни интернет орқали уйга буюртма қилмоқда. Шубҳасиз, қўл билан ушлаб, ичини очиб кўрмагандан сўнг эътирозлар ҳам пайдо бўлиши тайин. Дўконда харидор олмоқчи бўлган китобми, кундаликми, блокнотми, очиб варақлаб, сифатини текшириб сўнг пулини тўлайди. Онлайн савдогарлар эса олдиндан тўлов қилишни сўрайди, маҳсулот ёқмаса кўпинча пули қайтариб олишмайди.

 

Мен ҳам Абдукарим Мирзаевнинг “Ҳузур эшиги” кундалигини 90 мингдан сотиб олдим, устига бироз қўйиб дўкон пештахталарига чиқардим. Гарчи қадоқланган бўлса-да, харидорларга ичини очиб кўришга рухсат бердим (аммо кўпчилик сотувчилар бунга рози бўлмайди, чунки зарҳал ёзувларга шикаст етиши мумкин), кимлардир харид қилди, кимлардир китоб деб ўйлагани учун ҳафсаласи пир бўлди. Олишни истаган, аммо нархи қиммат деб айниганлар ҳам бор. Кундалик чет элдан келтирилгани учун нархи ошиши табиий. Туркиядан олиб келинган оддий бадиий китоблар ҳам юз минг сўмдан кам турмайди. Бизда ҳали бунақа кундаликлар оммалашмаган, кўпчилик қайдлар учун блокнот сотиб олади. Шунга қарамай, дўконимиздаги “Ҳузур эшиги” кундалигининг барчаси эгасини топиб кетди, яна талаб бор. Ўзимиздаги босмахоналарда чоп этилса, икки баробар арзон тушади.   

 

 

“Ҳузур эшиги” кундалиги муаллифи, журналист Абдукарим Мирзаевдан ҳам ўзбек китобхонлари эътирозига муносабатини сўрадик.

 

– Замонавий дунёда бизни тарк этаётган нарсалардан биттаси қоғоздир. Ҳозир ёшлар бир-бирининг ёзувини никоҳдан ўтаётиб имзо чекканда кўряпти. Илгари мактублар ёзилар, шунда дастхатга қараб қандай инсонлигини ҳам билиш мумкин эди. Болалигимизда ҳаётимизда қоғознинг ўрни бор эди. Аммо замонавий технологиялар ривожланган сари қоғоз ҳаётимизни тарк этяпти. Балки “Ҳузур эшиги” биз ёзган энг сўнгги қўлёзма бўлар. Балки кейин ҳам ёзилишига туртки бўлар...

 

Кундалик тутишнинг ўзига яраша қизиқ томонлари бор. Кўпчилик буни китоб деб ўйлаяпти, йўқ, бу оддий кундалик. Ўндан ортиқ ҳикоялар, глобал дунёда инсон ўзига бериши керак бўлган айрим саволлар, буюк мутафаккирларнинг ҳикматлари, муножотлар бор. Ва албатта, ўқувчи ўз фикрларини ёзиши учун очиқ қолдирилган саҳифалар. Матнли саҳифаларни шунчаки ўқиб қўйиш ёки жавонда туриши эмас, бўш саҳифаларни албатта тўлдириш шарт. Агар берилган саволларга жавоб ёзсангиз, сўнгги нуқта қўйилгандан кейин, насиб қилса, ҳузурда бўласиз.

 

Кундаликда 19 та савол берилган, мундарижа ва рақамли бетлар йўқ, ўқувчи истаса бошидан, истаса охиридан ёки ўртасидан очиб ўзига керакли саволларга жавоб ёзишга киришиши мумкин. Бу давомий бўлади, шунинг учун 1-кундалик деб ёздик. Ҳар олти ойда биттадан чиқариб борамиз. Мен ёзувчиликка даъво қилмайман, бу шунчаки одам ўзини ислоҳ қилиши учун чиқарилган кундалик. Уни мен эмас, сиз ёзасиз. Бу саволлар оддий бўлиши мумкин, лекин жасур саволлар.

 

Китоб Ўзбекистондаги 70 га яқин дўконда 90 минг сўмдан сотувга чиқибди, Туркияда нашр қилингани учун йўл харажатлари билан қимматроқ бўлди. Қўлга чиқиб кетиб, нархи яна ошди. Мен ҳамманинг чўнтаги кўтарадиган нархда бўлишини истардим. Шунинг учун ҳозирда Ўзбекистонда нашр этишга киришилган. Бу хослар учун эмас, барча оммага мўлжалланган кундалик.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

оyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//