“Мангу битик” адабий тўгараги истеъдодларни кашф этмоқда


Сақлаш
14:47 / 12.04.2022 926 0

Мақоламга қаҳрамон сифатида ўнлаб китоблар ёзиб, Ёзувчилар уюшмасига аллақачонлар аъзо бўлган тажрибали қаламкашни эмас, ҳали ўзи талаба эса-да, ёшлар таълим-тарбиясига масъулликни зиммасига олган ёш ходимдан танладим. Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 262-мактабда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи бўлиб ишлаётган Нодиржон Неъматов фаолияти билан танишиш мақсадида “Мангу битик” адабий тўгараги аъзолари билан мулоқот қилдим.

 

Нодиржон ҳам минглаб тарғиботчилар каби Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли қарорига асосан ўтган йили апрель ойида иш бошлаган. Қатъий педагогик дастурлар бўйича таълим бериш тамойилига асосланган ўрта мактаб, ўқитувчилар ва ўқувчилар ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчини қандай кутиб олишди? Ўтган муддат ичида бу лавозим ўзини қай даражада оқлади?

 

Албатта, қисқа муддатда бу ишни тўла-тўкис йўлга қўйиш, ижодий қобилияти бор болаларни осонгина танлаб олиш ва уларни катта йўлга кузатишнинг иложи йўқ. Шуниси қувонарлики, муз кўчди. Ўқувчилар ўртасида адабиёт тарғиботининг бундай самарали усули илк меваларини бера бошлади.

 

“Мангу битик” тўгараги аъзолари билан илк учрашувдаёқ тарғиботчи меҳнатининг самарасини пайқадим. Улардан шеър ё ҳикоя ёзишга кимлар қизиқади, деб сўраганимда ўн етти нафари қўл кўтарди. Бу бадиий ижод мухлисларининг беғубор кўзларида инжа умид шуълалари мавжланиб турарди. Ҳа, давлатимиз раҳбарининг ижодкорларни мактабга чорлагани бежиз эмас экан.

 

Мактаб раҳбари Гулноза Зоирова, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи Нодиржон Неъматов билан биргаликда бир неча синф ўқувчиларини тўплаб, очиқ мулоқот ўтказдик. Болаларнинг жуда қизиқувчанлиги, синчковлиги, теварак-атрофда кечаётган қизғин жараёнларга, адабий-бадиий мушоҳадаларга бефарқ эмаслиги қувонтиради кишини. Мазкур тўгаракка нафақат адабиётга ҳавасманд ёшлар, балки санъаткор ўқувчилар ҳам аъзо бўлиб, улар биргаликда турли байрамлар ва янги чиққан китоблар тақдимотини ўтказиш, “Заковат” ва китобхонлик танловларини ташкил қилишда фаол иштирок этишмоқда.

 

– Тўгарак аъзолари билан ҳар ҳафтада бир марта ўқувчиларнинг ёшига мос бирор китоб мутолааси асосида ўзаро фикрлашамиз, – дейди тарғиботчи Нодиржон Неъматов. – Болаларни тарбиявий жиҳатдан ижобий томонга етаклайдиган асарлар ўқишни тавсия этаман ва навбатдаги китобнинг ҳар ўқилган боби тўгарак машғулотлари давомида таҳлил қилинади. Ўқувчилар ўз мулоҳазасини билдириб, баҳсга ҳам киришадилар. Бу эса таҳлилий фикрлаш қобилияти ва нутқий маҳоратини оширишга катта ёрдам беради.

Нодиржон Неъматов 2001 йили Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. 14-умумий ўрта таълим мактабида ўқиган. “Жаҳолатга қарши маърифат” танловининг назм йўналишида вилоят босқичи ғолиби бўлган. 2019 йили “Президент асарлари билимдони” кўрик-танлови вилоят босқичида 3-ўринни олган. Айни пайтда Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 3-босқич талабаси.

 

Мактаб – қирқ синфдан иборат катта жамоа, бундай ҳайбат ичида қаҳрамоним ўз-ўзини топа олдимикан, катта ўрмоннинг қуюқ чангалзорига сайёҳлик ҳаваси ила кириб, адашиб қолган ишқибоздек “йўқолиб” қолмадимикан, деган иштибоҳ кўнглимдан ўтганди. Йўқ, аксинча, Нодиржон ўзини шу ерда топибди! “Мангу битик” тўгараги аъзолари билан суҳбатда бунга ишонч ҳосил қилдим.

 

Мактаб директори Гулноза Зоирова бу ҳақда шундай деди:

– Нодиржон дастлаб ишга келганида ёшлиги, тажрибасизлиги туфайли бирданига киришиб кета олмади. Аммо тиришқоқлиги, ҳаракатчанлиги қўл келди. Тез орада ўқувчилар кўнглига йўл топди, уларни ўз ортидан эргаштира олди. Жамоамизга янги нафас олиб кирган бу ёш мутахассисдан умидимиз катта. Келгусида бундан ҳам яхши натижаларга эришишига ишонаман.

 

Тўгарак аъзоларининг ижодий машқлари билан танишарканман, 8-синф ўқувчиси Абдураҳмон Абдухалиловнинг шеърлари, ёшига нисбатан олганда пишиқлиги, самимияти, оҳорли сатрларию илмоқли фикрлари билан диққатимни тортди.

 

Ота-онамга

 

Яширсам кўздаги ёшимни,

Оғринсам, дардимга сиз малҳам.

То ерга теккунча бошимни

Эгсам-да, хизматим бари кам!

 

Ўртанса ёш кўнглим армондан,

Меҳрингиз тўлдирар дунёни.

Соғинчим – уфқдан бошланган

Оламнинг сўнгги йўқ карвони!

 

Қаранг, қанчалик беғубор ва самимий – ҳақиқий соғинч ифодаси. Бу соф туйғулар ёш шоир қалбидаги пок инсонийлик фазилатларнинг назмий ифодалари, албатта. Энг асосийси, нафис ҳис-туйғуларини дилбар шеърият қоидаларига мослаб, қоғозга муҳрлай олган.

 

Нима ҳам дердим, севинганимни – орамизда шундай умидли талантлар етишиб чиқаётганига гувоҳ бўлганимдан масрурлигимни айтаман-да!

 

Сафар ОЛЛОЁР

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//