Темирми, Темурми ё Тимур?


Сақлаш
18:51 / 09.04.2022 1336 0

Қай бирининг ёзилиши тўғрироқ? Амир Темур деймиз ва барча манбаларда шундай ёзилган. Шу билан бирга, Темир исми ҳам кўп учрайди. Умуман, Темур/Темир/Тимур – туркий халқлар ичида энг кўп тарқалган исмлардан бири. Ҳозирги ўзбек тилида кимёвий модда, маъданни – темир деймиз. Тоштемир, Эштемир, Бектемир каби исмларда “темир” шакли қатъий ўрнашган, яъни Тоштемур демаймиз. Келинг, мулоҳаза учун бу сўзнинг ўтмишига бир назар ташлаб кўрайлик. 

 

Хоҳ маъдан, хоҳ атоқли от маъносида бўлсин темир – турклар тарихида муҳим ўрин тутади. Буни қарангки, икки буюк тарихий шахс: Чингизхон (Тимужин) ва Темур ҳам туғилишдан шу ном соҳибларидир. Темир – бу мустаҳкамлик, чидамлилик, куч-қудрат, ирода рамзи, шунингдек, қадимги турклар зеҳнияти, турмуш тарзи, мафкураларида марказий ўрин тутган бир унсурдир. 

 

Маълумки, хунлардан то кўктуркларгача бўлган даврда Чин империяси (ҳозирги Хитой) билан бақамти яшаган қадимги туркларнинг аждодлари Хитой маданияти таъсирида бўлган. Шу боис темир, кумуш, олтин каби маъданларнинг номлари, мутахассисларга кўра, ўрта чин (хитой) тилидан қадимги турк тилига ўзлашган. Қадимги турклар тупроғи – Қочў (Гаочан), Турфан ерларида яшаган туркий қабилалар темир қазиб олиш, унга ишлов беришни яхши билганлар. Бизнингча, қадимги туркларнинг жанговар бир халқ бўлишида уларнинг темирчилик ҳунарлари ҳам муҳим роль ўйнаган. Дейлик, қадимги турклар темирни ўзларига “бўйсундириб”, ундан қурол-яроғ ясашни билмаганларида, эҳтимол, Ашина қавми Турк хоқонлигига асос солмаган, турклар тарихда йирик давлатлар, империялар қура олмаган бўлардилар. Шу боис тарих китобларида Темур отлиқ тарихий шахслар кўп учрайди.

 

Тилшунос олим О.А.Мудракнинг ёзишича, “темир” сўзи этимологияси қадимги чинча “темир нарса” маъносидаги “diēt-mwɨt” калимасига бориб тақалиб, унинг туркчага ўтган эски хитойча шакли “diērmwur”дир. Ҳозирги хитой тилида эса “темир” – “tiě” (鐵) деб талаффуз этилар экан. 

 

Энг қадимги туркий обидаларда ҳам “темир” кўп учрайдиган сўзлардан биридир. Қизиғи шундаки, VIII–X асрларга оид Урхун-Энасой, Турфан, Шарқий Туркистон ҳудудларида топилган ёдгорликларда бу сўз кўпроқ “темир” шаклида ёзилган. “Древнетюркский словарь” луғатида мазкур даврга оид қадимги туркий обидалардан: “темир”, “темир асақ”, “темирчи”, “темирлиг”, “темир қапиғ” каби ўнлаб сўзлар келтирилади (ДТС. Ленинград.”Наука”.1969.551-бет).

 

X асрдан кейинги адабий ёдгорликларда эса маъдан номи ҳам, атоқли от ҳам асосан “темур” шаклида қайд этилган. Хусусан, XI асрга оид “Қутадғу билиг” ва “Девону луғотит-турк”да бу сўз – тӭмүр (“تَمُر”) шаклида учрайди. Маҳмуд Кошғарий “Девон”да, шунингдек, “тӭмүрчї”, “тӭмүрlүг”, “тӭмүргäн” каби сўзларни келтиради ва барчасида “тӭмҮр” шакли сақланган. Рабғузий ҳам бу сўзни “темур” шаклида ёзган. Эргаш Фозиловнинг “Староузбекский язык. Хорезмийские памятники XIV века” луғатида келтирилишича, XIV аср Хоразм адабий муҳитида ҳам бу сўз – “тәмүр” (“تيمور”) ҳамда “темүр” (“تَمور”) шаклларида қўлланган. Луғатда “Наҳжул-фародис” асаридан шундай мисол келтирилади: “нәтәк ким тәмурчиниң көрүки тәмүрнүң йаманларыны кетәрүр” (“Темирчининг кураги темирнинг ёмонларини кураб ташлайди”. Э.Фазылов. СУЯ. II. Т. 1971. 378-бет). 

 

Оврўпалик миссионерлар томонидан XIII-XIV асрларда тузилган, асосан қипчоқ лаҳжасини ўзида акс эттирган “Кодекс куманикус” луғатида бу сўз “temir” шаклида учрайди. Умуман, қипчоқ ва сибир лаҳжаларида мазкур сўзнинг “темир”га яқин талаффуз этилишини кўриш мумкин (татар, бошқирд: тимер; қозоқ, қорақалпоқ, нўғай: темир; тува: демир; ҳакас: timər, ёқут: timir; чуваш timər; мўғул: төмөр). Қарлуқ лаҳжаси, хусусан, уйғурча: тумур (تۆمۈر), эски ўзбек адабий тилида: темур; эски усмонли туркчасида: demur, аммо ҳозирги Туркия туркчасида: demir; озарбойжонча: dәmir; туркманча: demir ва ҳоказо.

 

Шунингдек, Темур исмини кирил ёзувида – “Тимур” (лотинда: “Timur”) шаклида ёзиш анъанаси ҳам бор. Маълумки, Темур нафақат туркийлар ичида, балки дунё бўйлаб кенг тарқалган бир исмдир. Шу боис “Тимур” шаклини бу исмнинг “байналмилаллашган” кўриниши, дейиш мумкин.

 

Шу ўринда Чингизхоннинг асл исми – Темужин ҳақида ҳам икки оғиз сўз: тарихдан маълумки, Ясугай Баҳодир татарлар бошчиси Темужин Уге устидан қозонилган ғалаба рамзи ўлароқ ўша пайтда туғилган ўғлига шу исмни берган. “Темужин” исми ҳам “темир” маъносини билдиради, дейилади, аммо нега “тему-жин”, яъни сўз охиридаги “-жин” (“-чин”) қандай маънога эга? Бизнингча, бу сўзнинг иккинчи қисми ҳам хитойча “металл” маъносидаги “jin” сўзидир.

 

Гувоҳи бўлдикки, Х асрдан то кейинги асрларгача минтақамизда, Шарқий Туркистондан то Хоразмгача бўлган ерларда, биз эски ўзбек тили деб биладиган туркий адабий тилда маъдан маъносида ҳам, атоқли от маъносида ҳам “темур” шакли қўлланилган экан. Шимолий турк тиллари гуруҳи, хусусан, қипчоқ, сибир лаҳжаларида эса кўпроқ “темир” шакли сақланган. Ҳозирги ўзбек тилини қарлуқ, қипчоқ, ўғуз ва бошқа туркий лаҳжаларни ўзида бирлаштирган, таъбир жоиз бўлса, ўрта турк тили дейиш мумкин. Шу боис тилимизда бу сўзнинг иккала шакли ҳам мавжуд ва иккиси ҳам бизга бегона эмас. 

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//