Бежизга музейларни тарих, маънавият ва санъат хазинаси деб таърифлашмайди. Музей жамиятнинг ўз тарихи ва маданиятига муносабатини акс эттирувчи кўзгу ҳисобланади. Ҳар битта музей ўзининг тарихига эга. Жаҳоннинг барча машҳур музейлари маълум бир шахсларнинг коллекциялари негизида пайдо бўлган. Европа мисолида олиб қарайдиган бўлсак, XVIII асрда расмий музейлар кўплаб мамлакатлар ижтимоий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Илмий-таълим йўналишидаги биринчи инглиз музейи 1683 йилда Оксфорд университетида очилган бўлса, янги типдаги биринчи Британия музейи 1753 йилда Лондонда ташкил топган. 1793 йилда Француз инқилоби даврида очилган Лувр музейи энг йирик расмий музейга айланган. Россиядаги биринчи оммавий музей Кунсткамера (ҳозирги кунда Буюк Пётр номидаги антропология ва этнография музейи) бўлиб, 1719 йилда Петербургда очилган.
Туркистонда дастлабки музей ўлкада Чор империяси ҳукумронлик қилган даврда, 1876 йил 12 июлда Тошкентнинг янги шаҳар қисмида очилган. Шундан эътиборан, Ўрта Осиёда бош музейнинг очилгани расман тан олинган. Музей 4 та бўлим – этнография ва техника, табиат тарихи ва археология, нумизматика, қишлоқ хўжалигидан иборат бўлиб, маҳаллий суратлар ва турли коллекциялар билан бойитилган эди. 1922 йилда ушбу музей Ўрта Осиё Бош музей номини олган (ҳозирги ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи).
Музей мудирининг 1922 йил 4 январда Музей ишлари, тарихий ва санъат ёдгорликларини муҳофаза қилиш бўйича Туркистон комитети (Туркомстарис)га йўллаган хатидаги маълумотларга қараганда у қуйидаги 9 та бўлимдан иборат бўлган:
1. Этнография бўлими (экспонатлар сони 1.377 та);
2. География бўлими (экспонатлар сони 158 та);
3. Умуртқалилар зоологияси бўлими (экспонатлар сони 846 та);
4. Умуртқасизлар зоологияси бўлими (экспонатлар сони тахминан 28.000 та);
5. Геология бўлими (экспонатлар сони 2.158 та);
6. Ботаника бўлими (экспонатлар сони тахминан 600 та);
7. Нумизматика бўлими (экспонатлар сони 2.760 та);
8. Археология бўлими (экспонатлар сони 1.806 та);
9. Ҳарбий-тарихий бўлим (экспонатлар сони 224 та).
Музейга келувчиларнинг сони йилдан йилга ортиб борган. Хусусан, 1919 ва 1920 йиллардаги рақамларга назар солсак, 1919 йилда жами 77.592 нафар киши музейга келган. Шулардан, 50.799 таси европа миллатига мансуб ва 20.793 нафари маҳаллий (мусулмон) аҳоли вакиллари бўлган. 1920 йилда эса келувчилар сони 279.109 тани ташкил этиб, шундан 144.953 нафари маҳаллий аҳоли, 134.156 таси европа миллатига мансуб кишилар бўлган. Рақамлар қиёсланса, 1920 йилда келувчилар сони 301.517 нафарга ошганлиги, яна ҳам аҳамиятлиси, маҳаллий аҳоли вакилларининг келиши бошқаларга нисбатан 10.797 тага кўп бўлгани аён бўлади.
Маҳаллий аҳоли томонидан музейга бўлган катта қизиқиш, айни вақтда музейнинг Эски шаҳардан анча узоқда жойлашганлиги, қолаверса, Ўрта Осиё Бош музей экспозициясидаги матнли маълумотларнинг рус тилида эканлиги Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида ўзбек музейи ташкил этилишига сабаб бўлган.
Миллий музей очиш масаласи 1917 йил 20-23 майда Тошкентда ўтказилган мусулмон ўқитувчиларнинг Биринчи ўлка қурултойида кўтарилган эди. Бироқ ўн еттинчи йилнинг октябрь воқеалари бу ишнинг амалга ошишини анча кейинга суриб юборди. Туркистонда биринчи ўзбек музейи Тошкентнинг эски шаҳар қисмида 1921 йилда очилган. У фақатгина табиий-тарихий бўлимдан иборат бўлиб, жами 209 та ашёси бўлган
1921 йил 2 мартда 153-сон хат билан Туркомстарис фуқаро Хайрулла Усмоновга эски шаҳарда илмий-тарихий музей ташкил қилишни юклатиб махсус мандат (ёрлиқ) берган. Унга биноан Х.Усмонов музейга мос бино топиш учун эски шаҳардаги барча муассасалар билан бевосита иш олиб бориш ваколатига эга бўлган. Ушбу ҳужжатга Туркомстарис мудири Д.Нечкин ва бўлим илмий котиби О.Абрамов имзо чеккан. Ҳозирда МДА сақланаётган мазкур ёрлиқда Х.Усмоновнинг ҳам олганлигини тасдиқлаган имзоси мавжуд
Бўлажак музей учун эски шаҳарда мос келадиган бино Исмоилбой Бешболабоевнинг уйи деб топилган. Хоуз-бобда жойлашган ушбу бинода илгари “Зингер” фирмасининг дўкони бўлган. Бино икки хонадан иборат: бири ойналари кўча томонга қараган ўлчами 7х15 м., иккинчиси деразаси ҳовлига қараган ўлчами 7х8 метр бўлган. Ушбу хоналарга қўшимча омборхона ва қоровулларга мўлжалланган кичик хона бўлган. 1921 йил 2 мартдан 15 майгача музейга Хайрулла Усмонов, ундан кейин Иброҳим Муҳаммадзода мудир этиб тайинланган.
Музейга асосан Туркистон Халқ музейи (янги шаҳардаги) ва Туркистон Бадиий музейи фондларида сақланаётган экспонатлар олиб келинган. 1921 йилнинг август ойи мобайнида музейга жами 11777 та ташрифчи келган. Шундан 103 нафари европа миллатига мансуб, қолганлари маҳаллий аҳоли бўлган
Тошкент эски шаҳар илмий-тарихий музейининг штат жадвали Халқ маориф комиссарлиги томонидан 1921 йилнинг 20 апрелида тасдиқланган. Унга кўра музейда жами 7 та ходим, хусусан музей мудири, унинг ёрдамчиси, 1-разрядли 1 нафар илмий ходим, 2-разрядли 2 нафар илмий ходим ва 2 та қоровул ишлаши кўзда тутилган.
“Туркистон” газетасининг 1923 йил 18 ноябрдаги 198-сонида берилган хабарга кўра, “Туркистон жумҳурияти томонидан Москвада бўлиб ўтган кўринишға (кўргазма – М.З.) юборилган кўпгина муҳим нарсаларни (экспонатларни) Эски Тошкант ажойибхонасиға (музейига – М.З.) қўйишға қарор берилган. Шул муносабат билан, музей касалхона қаршисида бўлғон катта бир биноға (ТашПО) ўрниға кўчирилди. Мудирликка Мажид Қодирий ўртоқ тайин қилинди”.
Туркомстарис 1924 йил 4 июнда Халқ маориф комиссари ўринбосарига Туркистон Ижроия Комитетининг пленумидаги доклади асосида Туркистонда музей иши ҳолати, тарихий ёдгорликларни сақлашдаги мавжуд муаммолар хусусида ахборот йўллайди (1174-сонли хат). Унда Туркистонда музейлар жуда катта маданий-маърифий аҳамиятга эга эканлиги таъкидланади. Музейлар, ботаника боғи ва ҳайвонот боғига 1923 йилда жами 600.000 нафар одам келганлиги, шулардан мусулмонлар (яъни маҳаллий аҳоли) 396.885 кишини ташкил этганлиги алоҳида қайд этилади. Кўпроқ уй-рўзғор ишлари билан банд бўлган, маданий ҳаётдан кам баҳра олувчи аёллар ҳам борган сари кўпроқ Туркистон музейларига ташриф буюраётганликлари айтилган.
Туркомстариснинг 1924 йил 7 июнда берган 1186-сонли гувоҳномасида Тошкент эски шаҳар музейи мудири Мажид Қодировга бутун СССР музейларига кириб, экспозициялар билан танишишига ёрдам кўрсатишлари қайд қилинган. Бундан кўзланган мақсад, бошқалар тажрибасини ўрганиб эски шаҳар музейини қайта ташкил қилиш бўлган.
Бунинг сабабини Мажид Қодирийнинг ўзи қуйидагича тушунтиради: “Биз ўзбекларнинг ҳам маданиятимиз, бошқа қўшни мамлакатларга қараганда бир неча босқичларни бир қадар ўтаб 2-инчи ва 3-инчи боғларига қадам қўядурғон бўлиб қолди. Халқимиз мактаб, маориф билан бир даража суғорилиб, энди музахоналар, наботот ва ҳайвонот боғчаларидек турли илмий эҳтиёжларни ҳам сеза бошладилар. Бунинг натижасида шу чоққача тузилиб келгон типи қуруқ хона шаклини олиб келгани учун ишчи-деҳқон оммаси булардан тубли бир фойда олар-олмай, улардаги қуруққина этикет (тарифа)лар, томошо этгон чоқларида улар учун оғиз очиб оғрайишдан бошқа ҳеч нарсага хизмат қилмади.”
Мажид Қодиров томонидан музейни бутунлай янгитдан ташкил этиш, унга мос бошқа бино топиш борасида муайян ишлар амалга оширилган. 1925 йилда М.Қодирий Средкомстариснинг раиси ўринбосари этиб тайинлангандан сўнг ўрнига Исмоилов деган шахс мудир бўлган. Унинг 1925 йилда бажарилган ишларга оид йиллик ҳисоботида қайд этилишича, январь ойидан бошлаб қишлоқ хўжалиги, табиий-тарихий ва касаначилик бўлимлари кенгайтирилган Қишлоқ хўжалиги бўлимини дала экинлари, боғдорчилик, узумчилик, томорқа маҳсулотлари, тупроқ таркиби, ирригация, чорвачилик, пиллачилик ва асаларичилик бўлимларига бўлиш кўзда тутилган.
Қизиғи шундаки, Қуръони каримнинг ноёб Усмон Мусҳафи айнан мазкур музейда кўргазмага қўйилган. Бунинг учун табиий-тарихий бўлимнинг жанубий-ғарбий бурчагида алоҳида Қуръон хонаси ташкил этилган. Китоб учун мустаҳкам цементли таглик ишланган. Унга Қуръон ғилофи билан жойлаштирилиб 4 та қулфдан иборат симли панжара билан беркитилган. Хона яшил рангда бўлган ва электр чироғи билан ёритилган. Кўргазмага қўйилмаган пайтда Қуръон шу хонадаги темир сейфда сақланган. Янгиланган ўзбек музейи 1925 йил 25 декабрда тантанали равишда очилган.
Музей томонидан ташрифчиларни янада кўпроқ жалб қилиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, музей директори Исмоилов 1926 йил 15 февралда 35-сонли хат билан Средазкомстарисга музей ташрифчилари Москвадан узатиладиган радио эшиттиришларини эшитиш имкониятига эга бўлишлари учун громкоговоритель (овоз кучайтирувчи радио қурилмаси) ажратишларини сўрайди. Бу жиҳоз ўша замон электротехникасининг сўнгги ютуқларидан бири ҳисобланиб, музейга келувчиларда катта қизиқиш уйғотиши табиий эди. Унга кетадиган маблағ ҳам 400–500 рублдан кўп бўлмаган. Айнан шу куни 36-сонли хат билан Средазкомстарисга мурожаат қилиниб, директор Исмоилов Москвадаги “Главнаука” музейи томонидан Миср мумиясини (1 дона) беришмоқчи эканини билдиради. Бу ўта ноёб экспонатни 1-ўзбек музейига олишга рухсат сўрайди. Афсуски, 1926 йил 29 мартда “Главнаука” музейидан Средазкомстарисга келган 3446-сонли хат мазмунидан ушбу мумия йўқ эканлиги маълум бўлади. Балки, ўзбек музейида бундай ноёб ашёнинг бўлиши раҳбариятга маъқул келмагандир.
Келувчиларга қулай бўлиши учун ҳатто 1926 йил 9 мартда Средазкомстарисга Рамазон ойи муносабати билан жума кунидан ташқари кунларда музейни 18 дан 24 гача ишлашини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаб, мурожаат қилган. Шу ўринда Биринчи ўзбек музейи тўғрисидаги Низомнинг анча кеч, аниқроғи, 1926 йил 20 февралда Средазкомстарис ҳузуридаги доимий Кенгаш йиғилишида тасдиқланганлигини ҳам қайд этиш жоиз.
Низомга кўра музейнинг бош мақсади ўз экспозициясида ўлканинг қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалик кооперацияси ва у билан боғлиқ барча масалаларни қамраб олиши кўзда тутилган. Бунинг учун:
– гербарий, уруғлар, қишлоқ хўжалигида олиб борилган илмий тажрибалар натижасида олинган қайта ишланган маҳсулотларни ва материалларни, шунингдек, тупроқ намуналарини йиғиш ва харид қилиш ҳамда Ўрта Осиё ўлкасида етиштирувчи ва қайта ишловчи қишлоқ хўжалик саноатининг машиналари ва қуроллари ёки уларнинг моделларини жамлаши;
– маҳаллий аҳолининг кенг оммаси ўзлаштиришига қулай шаклларда диаграммалар, графиклар, харита ва моделлар тайёрлаш;
– табиий-илмий ва этнография бўлимида зоология, минерология ва умумий этнографияга оид материалларни жамлаш ва антропология бурчагини ташкил этиш;
– маҳаллий касаначилик саноати бўлимини ташкил этиш;
– дала ва боғларга ишлов беришнинг анъанавий маҳаллий ва замонавий усулларни қиёсий ўрганиш ва натижаларини эълон қилиш;
– барча материалларни томошабинлар намойиши учун экспозицияга қўйиш вазифалари юклатилган.
Музей фаолиятида илмий-маърифий йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳафтанинг муайян кунларида турли боб, фаслларга бўлиб қишлоқ хўжалиги тузилиши тўғрисида мактаб ўқувчиларига табиий фанлардан маърузалар ўтилган. Бунинг учун махсус мутахассислар жалб этилган.
Замона зайли билан бўлса керак, юқори ташкилот томонидан раҳбариятни танқид ва таъқиб қилиш ҳоллари ҳам кузатилади. Хусусан, Средазкомстарис ҳузуридаги доимий Кенгашнинг 1926 йил 30 октябрдаги йиғилишида Биринчи ўзбек музейи директорининг бевосита музейга яқин бўлган жойда истиқомат қилиши кераклиги тўғрисида масала кўтарилади. Мажлисда сўзга чиққан Т.Шенс музей биносига сизот сувлари хавф солаётганини, бу ҳолатдан эса Қўмита директор орқали эмас, балки бошқалар орқали хабар топаётганини айтиб, директорнинг зиммасига юклатилган вазифага енгил-елпи ёндашаётгани танқид қилинади. Маърузачи музей директори Янги шаҳардаги қулайликларга эга уйда эмас, Эски шаҳарда, музейга яқин жойда истиқомат қилиши кераклигини таклиф этади.
Бунга жавобан директор Исмоилов музей биносига ер ости сизот сувлар хавф солаётгани тўғрисида бир неча бор Қўмитага маълум қилганлигини, муаммони ҳал қилиш учун эса музейга яқин жойда яшашнинг умуман мантиққа тўғри келмаслигини, бирон кори ҳол бўлганда музейнинг ўзида истиқомат қилса ҳам музей биноси ва унинг экспонатларини қутқариб қолишнинг иложи бўлмаслигини қайд этади.
Умуман олганда, Тошкентнинг эски шаҳар қисмида маҳаллий аҳоли учун катта бир музейнинг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг Ўрта Осиё жумҳуриятлари орасида маълум бир маданий юксакликка етганлигини тасдиқлайди.
Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,
“Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи илмий ишлар бўйича директор ўринбосари
Адабиёт
Тил
Фалсафа
Тарих
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ