Эшқобил Шукурнинг номи адабиёт ихлосмандларига, сўз ва маърифат шайдоларига катта қалбли, маҳоратли уста шоир, танлаган мавзулари Ватан руҳи, элдошлар кўнгли билан туташ носир сифатида таниш. Унинг бадиий публицистикаси эса меҳр ва муҳаббат билан, инсонни инсондек кўрмоқ орзусида алағда юрган қалам соҳибининг теран ва вазмин фикрлар оқимида қоғозга тушадики, ўқувчи муаллиф овозини баайни эшитиб тургандек бўлади.
Яқинда шоирнинг иккита китоби олдинма-кетин нашрдан чиқди. Бадиятимиз, она тилимиз учун жуда зарур бу асарлар маънавий оламимизда ўзига хос воқеа бўлди.
Сўз қудратли куч. Сўздан қалқон ҳам, қилич ҳам бунёд этиш мумкин. Албатта, сўз ўз эгасига тушса, ўз ўрнини топа олса. Сўз инсонга қалбидагини изҳор этиш, айни дамда кўнглидагини яшириш имконини ҳам беради. Шу сабабли ҳам сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор, дейилган. Муаллифнинг “Аср афсоналари” (Ғафур Ғулом номидаги НМИУ), “Бобосўз изидан” (“Адабиёт” нашриёти) китобларини мутолаа қилиб, юқоридаги фикрлар хаёлдан ўтди.
“Аср афсоналари” китоби муаллифнинг турли йилларда битилган ҳикоялари, ҳаёт яратган, қилқалам носир оққа кўчирган бугунги кун ривоятлари, насримиз учун воқеа бўлгулик қиссалари ҳамда бадиаларидан иборат. Ушбу асарлар биринчи навбатда, ўзбекона ёзилгани билан ҳам қимматлидир. Гап шундаки, бугун китобхонга тиқиштирилаётган кўплаб асарларнинг руҳияти, моҳияти бизга бегона. Худди бошқа тилдан таржима қилинган-у, ўзбекча исм-шарифлар қўйиб чиқилгандек. Эшқобил Шукур насридаги ҳар бир асар руҳига соф миллий туйғулар сингиб кетган, унинг қаҳрамонлари андишаси, орияти, меҳрибонлиги, ҳатто чапанилиги ҳам жуда ўзбекча. Айни дамда адабиётнинг катта жанри бўлган наср талабларига мувофиқ тарзда, соф бадиий ечимлар билан ўқирманни ўзига тортади.
“Қайғу чимилдиғи” ҳикояси қўриқхонада сақланаётган Ника лақабли қоплон ҳақида, унинг аянчли қисмати ҳақида. Бу урғочи қоплон қошига эркак турдошини киритишади. Табиатнинг буюк эҳтиёжи бўлган жуфтлашиш ҳисси Никани беҳад ҳаяжонга солади, қувонтиради. Бироқ қўриқхонага келтирилган нар қоплон Никанинг эҳтиросларини жавобсиз қолдиради. Узоқ муддат қафасда сақланган қоплонда ейиш ва ичишдан бошқа эҳтиёж қолмаган эди. Бир тишлам гўшт учун лайча каби думини ликиллатади. Никага қайрилиб ҳам қарамайди. Уч кун шу тарзда ўтади. Ника йиғлайди, кўзёш тўкади. “Унинг катта-катта малларанг кўзларидан қайноқ ёшлар тўкиларди. Овозсиз йиғларди у. Биринчи кечаси ҳаром бўлган бахтсиз келинчак каби...” Унинг ҳолини шундай ифодалайди адиб. Тўртинчи кун тонгда фожиа рўй беради. Ника ўзини бу бағритош, бедил ва ҳиссиз оламдан халос этмоқчи бўлиб, симтўрдан сакрайди. Аммо ўтолмайди. Ханжардай панжарага қадалиб қолади. Темир тиғлар табиатнинг гўзал жонивори Никанинг бағрини ёриб ташлайди. Бу ҳолни муаллиф: “У икки дунё оралиғидан сакраб ўтаётганда ҳалокатга учради”, деб ифодалайди.
Ўзбекона ёзиш ҳақидаги сўзларимизга айни шу ҳикоя ҳам мисолдир. Номнинг ўзиданоқ руҳ яйрайди – “Қайғу чимилдиғи”. Эшқобил Шукурга хос сўзлар. Асарни табиатда бўлади-да, дея турли ҳайвоний воқеаларга ҳам тўлдириб ташлаш мумкин эди. Аммо бунга адибнинг ички андишаси, руҳий тарозиси йўл қўймайди.
Шоирнинг иккинчи китоби эса 2018 йили ўқирманлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган “Бобосўз изидан”дир. Бу ўзига хос луғат бир баравар каттариб, она тилимизда унут бўлган 418 та сўзни жамлаган ҳолда қайта нашр этилди. Дунёда йилига ўнлаб тиллар батамом йўқ бўлиб кетаётган паллада шундай китобнинг майдонга келиши катта гап. Ўзбек тилининг нақадар серқатлам тарихи борлигини, шу тилда яшаётганимизнинг ўзи катта саодат эканини китоб мутолаасидан сўнг чуқур ҳис қиласиз. Муаллиф тилшунос эмасман, тилшуносликка даъвогар ҳам эмасман, дея бот-бот таъкидлайди. Аммо “Бобосўз изидан” китобидаги сўзларнинг ҳар бири учун ўнлаб қўлёзмалар синчиклаб текширилгани яққол сезилади. Эшқобил Шукур ҳар бир сўзга тирик инсон билан муомала қилаётган каби ёндашиб, катта заҳмат, чинакам фидойилик кўрсата олган. Бунинг учун мутахассис бўлишнинг ўзи кам. Шу халққа, шу халқ сўзлашадиган тилга катта муҳаббат ифодаси бу!
Китобнинг руҳиятига кириш учун биттагина мисол келтириб ўтсак: “Ҳамма томони океан, денгиз, дарё ёки кўл суви билан ўралган қуруқлик тилимизда “орол” сўзи билан ифодаланади. Бу сўз қадимги “Ирқ битиги”да aral шаклида қайд этилган. Ўзбек тилининг этимологик луғатида изоҳланишича, қадимги тилимизда ар деган феъл бўлган ва “айириш”, “ажратиб қўйиш” деган маъноларни англатган. “Орол” сўзи шу “ар” феълидан келиб чиққан бўлиши мумкин. Чунки орол сувдан айрилиб, ажралиб туради. Яна баъзи манбаларда эса орол сўзи “оралиқ” маъносини англатувчи “ора” сўзидан келиб чиққан бўлиши мумкин, деган фараз ҳам илгари сурилади. Маҳмуд Кошғарийда “ора” сўзи ара шаклида келган: кiши ара кiрдiм – одамлар орасига кирдим.
Китобдан ўрин олган юзлаб сўзларнинг ҳар бири мутолаа давомида ўқувчини олис мозийга элтади. Юртнинг тадрижий тарихи қандай босқичларни бошдан кечирган бўлса, она тилимиз эса бундан ҳам қадим йўлни босиб ўтганига шоҳид бўласиз. Ушбу китоб сўзлар тафтиши, элакдан ўтказилган қанчадан-қанча фикрлар хулосаси жам бўлгани билан, зар қадрини заргар билади, деганларидек, сўзни қадрловчи ҳар бир киши учун қадрлидир.
“Аср афсоналари” китобида шундай жумла бор: “Нур тушмаса, ҳатто қор ҳам қорайиб кўринади!” Шу фикр Эшқобил Шукурнинг ҳар икки китобига ҳам бирдай тегишли эканини ҳис қилдим. Кўнгил нури томган сатрларгина ўқувчини ўзига тортади. Маърифат балқиб турган бу асарлар ўқирманнинг чинакам йўлдошига айланади.
Сўз сўнгида айтиш керакки, иккала китобнинг ҳам битта нуқсони бор: адади жуда кам – 1000 та. Шундай бўлса-да, бу китобларни халқимизга тақдим этган нашриётларга, ҳомийлик қилган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ташаккур, деймиз.
Комил НИЁЗ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Жуманазар. Исанов
12:01 / 01.01.1970
Канийди бу маьнавият чашмалари барча мактаб ва укув юртлари кутубхоналарига. Барча китобсеварларга тезрок етиб борса!