“Душманларим мени тушунмаган дўстларимдир” – бағрикенгликнинг ҳаётимиздаги амалий ифодалари


Сақлаш
15:51 / 05.04.2022 978 0

Буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, деганлар.  Турли билимларни эгаллаган киши маънавий комиллик сари боради. Фуқаролари кенгдунёқарашли жамият миллий ғоя атрофида бирлашади. Ўзлигини англаган инсон дунёда кечаётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдиришга қодир бўлади.

 

Мустақил она юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилмоқда. Улар турли динга эътиқод қилувчиларга бўлинади. Бу ранг-баранглик мамлакатимиз маданий қатламларининг нақадар бойлигидан дарак беради. Турли халқларнинг умумий тараққиёт йўлида аҳил яшаши замон талабидир.

 

Матбуотда диний бағрикенглик, толерантлик деган атамаларга дуч келамиз. Ўзбекча қилиб айтганда, одамлар бир-бири билан муроса қилиб, кечиримли бўлиб, кўнглини кенг-мўл очиб яшаса, олам гулистон бўлади, деганидир. Улуғ мураббий Мир Алишер Навоий шундай тарбия берадилар: “Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш”. Яъни, эй дунё фуқаролари, ҳеч қачон бир-бирингиз билан ёвлашманг, доимо дўстлик, аҳилликда яшанг. Шунда ҳаётингиз фаровон, боғингиз гулистон бўлади. Мана шундай, Шарқ донишманд шоир ва адиблари китобларини ўқиган сари кўп саволларимизга жавоб топаверамиз.

 

Жалолиддин Румийнинг жуда ибратли байти бор:

 

Келдик элни жўшиб бирлаштиргали,

Ажратибмас, қўшиб сирлаштиргали.

 

Яъни, инсоният бир-бири билан жамият ҳолида аралашиб, бирлашиб яшаш учун яратилган. Ҳар қандай миллий ва диний асосда ажратиш Худога ҳам хуш келмайди.

 

Тили билан иш-амали бир бўлган Мавлоно бобо вафот этганда мусулмонлар билан бирга насроний юнонлар ҳам, яҳудий савдогарлар ҳам оғир қайғуга ботган экан.

 

Тарих китобларини варақласак, қорахоний, ғазнавий, салжуқий ва темурий сулолалар даврида жуда кўп халқлар тили, дини, мазҳаби ҳар хил бўлса ҳам тотувликда яшаганига гувоҳ бўламиз. Хусусан Хуросон давлати султони Ҳусайн Бойқаро ҳукмдорлик йилларида тинчлик, ободончилик авж олиб, маданият жадал ривож топган. Ҳиндистонда бобурийлар сулоласига асос солган темурий подшоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур маҳаллий халқларнинг дини, урф-одатига ҳурмат билан қараган. У ўғилларига ёзган мактубларида ҳиндларнинг диний қарашлари, маросимларига қарши чиқмасликни уқтиради.

 

Оиламизда китобхонлик ва тилсеварлик анъанаси бор. Раҳматли бобом арабча, форс-тожикча сўз, мақол ва маталларни изоҳлаб тушунтириб берардилар. Бувим халқ ашулаларини хиргойи қилиб, сўзга меҳр уйғотганлар. Отам ҳам тилшунос, турк, форс-тожик, рус тилларидан бадиий таржималар қилади. Оила муҳити сабаб бўлиб мен ҳам тилшунос бўлиш орзусидаман.

 

Оилада олган сабоқларим университетда ўқиш вақтимда ҳам ёрдам беради. Хожа Ҳофиз айтган эканки, икки олам саодатини топай десанг дўстларга меҳр-мурувватли, душманларга кечиримли бўл.

 

Ўзбекистон халқ шоири, замондошимиз Усмон Азим эса бир шеърида “душманларим мени тушунмаган дўстларимдир” дейди. Мана кўряпсизми, халқимиз табиатан қандай бағрикенг, кўнгли осмондек очиқ халқ. Буюк аждодларимиздан табаррук мерос бўлиб бизгача етиб келган миллий ва диний қадриятларимизни яхши ўргансак, уларга муносиб авлод бўлиш масъулиятини ҳис қиламиз. Ёшлар билимли бўлса, жамиятимиз ижтимоий-маънавий жиҳатдан юксалади.

 

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш вазифаси ҳам кўрсатиб ўтилганди. Яқинда Риштон тумани Учариқ қишлоғида Тожикистон ҳукумати ҳомийлигида қурилган “Капалак” болалар боғчаси ишга туширилди. Боғча пештоқига икки қўшни давлат раҳбарларининг суратлари ўрнатилди. Ичкарига кирсангиз, Навоий ва Жомий каби боболаримизнинг ҳикматли сўзлари ёзилганини кўрасиз.

 

Биз янги Ўзбекистоннинг маърифатли жамиятини яратиш даврига, учинчи Ренессанс даврига қадам қўймоқдамиз. Бу йўлда биз ёшлардан билим, маърифат, кенг дунёқараш, бир неча хорижий тилларни билиш талаб қилинади.

 

Моҳирахон НОСИРОВА,

Фарғона давлат университети филология

 факультети талабаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//